platina.uz
Сиёсат

Мустақиллик – абадий неъмат эмас

Турли миллатлар ўз озодлик кунини турлича нишонлаб келади. Аммо Британия, Германияда бундай байрам йўқ. Россия эса азалдан босқинчи ва истилочи бўлиб келган.

Мустақиллик – абадий неъмат эмас
Фотоколлаж: Platina.uz

Мустақиллик куни – бу шунчаки тақвимдаги дам олиш санаси эмас. Бу – миллат ўз эркин ва мустақил бўлиш ҳуқуқини эслайдиган кун. Бу – халқнинг бегоналар ҳукмронлигидан қутулиб, ўз юрти ва тақдирининг ҳақиқий эгаси эканини ҳис қилган дастлабки кунни ёдга олиш санасидир.

Бундай байрамлар тарихдаги буюк инқилоблар ва мустамлака империялар парчаланиши билан боғлиқ. Биринчи бўлиб бундай байрамни АҚШ 1776 йил 4 июлдан буён кенг миқёсда нишонлай бошлади. Шу вақтдан бошлаб ўнлаб давлатлар бу тажрибани қабул қилди ва эркинликка эришилган кунни давлатчилик рамзига айлантирди.

Америка халқи учун бу – Америкадаги ўн уч колония Буюк Британия қироллигидан ажралиб чиқиб, Мустақиллик декларациясини имзолаган кун. Ҳиндлар учун – 1947 йилда мамлакат икки юз йиллик Британия мустамлакасидан халос бўлган вақт. Ўзбеклар учун – 1991 йил 1 сентябр, янги мустақил давлат байроғи илк бор ҳилпираган, истилочи Россия империясининг вориси бўлмиш мустабид советлар ҳукмронлигидан озод бўлинган тарихий кун.

Тарих ва ранг-баранглик

Ҳар бир давлатнинг эркинлик учун ўз кураш тарихи бор. Полша юз йил муддатга Европа харитасидан ўчиб кетган, аммо Биринчи жаҳон уруши ниҳоясига етгач, 1918 йилда ўз давлатчилигини қайта тиклади. Африкада эса 1960 йил "мустақиллик йили" сифатида тарихга кирди: бир йил ичида 17 давлат, жумладан, Нигерия ва Сенегал эркинликка эришди.

Шарқий Европада эса 1989 йил август ойида миллионлаб инсонлар Вилнюсдан то Таллингача 600 км узунликда, СССРдан озодлик талаб қилиб "Балтика йўли" деб аталган тирик занжирни тузишди. Орадан бор-йўғи икки йил ўтиб, бу халқлар ўз Мустақиллик кунларини расман нишонлашни бошлади.

Баъзи ҳолларда байрамнинг табиати бошқача бўлган. Масалан, Норвегия 17 май куни Даниядан ажралиб чиқиш эмас, Конституция қабул қилинган кунни нишонлайди. Ҳар бир мамлакатда бу куннинг тарихи ўзига хос, бироқ унинг марказида доим битта нарса туради: халқ "Биз тақдиримизни ўзимиз ҳал қиламиз" деган қарорга келган кун нишонланади.

Россия эса кўпгина Марказий Осиё, Олтой, Жанубий Кавказ ва Шимолий Европа халқлари учун истилочи мамлакат сифатида мустақиллик кунини нишонламайди. Унга яқин байрам – 1990 йил 12 июн куни РСФСР давлат суверенитети декларацияси қабул қилинган кун – "Россия куни" деб аталади. Бу байрам 1992 йилда расман жорий этилган.

Бироқ рус миллатчилари учун бу кун байрам эмас, балки мотам куни – чунки бу сана Россиянинг ўз колонияларидан ажралиб қолганини эсга солади. Байрам ҳақида асосан расмий тадбирлар – давлат мукофотлари тақдимотида эслатилади.

Россия расмийларининг ўзи ҳам бу кунни кенг нишонлашга интилмайди. Масалан, 9 май – Ғалаба куни нисбатан кенгроқ нишонланади, гарчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари деярли қолмаган бўлса ҳам. Россияда 12 июнда қабул қилинган декларация ҳали амалдаги авлод хотирасида, лекин бу сана халқ орасида унчалик катта қувончли ҳиссиёт уйғотмайди.

Рамзлар ва анъаналар

Мустақиллик кунларининг асосий рамзлари ҳамон ўзгармас: байроқ, мадҳия, парадлар, мушакбозликлар. Лекин улар ортида ҳар бир миллатга хос анъаналар мужассам.

АҚШда Мустақиллик байрами тимсоллари – мушакбозлик, кўчани тўлдириб театрал намойишлар ва барбекю тайёрлаш. Францияда 14 июл куни Елисей майдонида ҳарбий парад. Ҳиндистонда Деҳлида Қизил қалъа олдида байроқ кўтариш маросими. Ўзбекистонда – Тошкентда оммавий концертлар ва юришлар билан нишонланади. 1 сентябр арафасида Тошкентда юқори даражали раҳбарлар ва меҳмонлар иштирокида катта концерт бўлиб ўтади, президент халқни табриклаб, нутқ сўзлайди. Вилоятларда эса спорт мусобақалари ва миллий таомлар фестиваллари уюштирилади.

Айрим мамлакатларда ўзига хос анъаналар бор. Масалан, Мексикада 15 сентябр куни кечқурун президент Миллий сарой балконига чиқиб, "Грито де Долорес" – эркинлик нидосини айтади. Бу нидо эркинлик кураши бошланган пайтда руҳоний Мигел Идалго айтган сўзлардан иборат. Африкадаги давлат – Ганада эса Мустақиллик кунида мактаб ўқувчилари байромона формада пойтахт Аккра кўчаларида марш билан ўтишади – бу мамлакат келажагида таълим аҳамиятини кўрсатади.

Ҳар бир давлат ўз анъаналарини шакллантиради, лекин уларнинг асосида доимо бирлик ғояси туради. Мустақиллик куни – давлат фақатгина халқнинг умумий иродаси билан мавжуд бўла олишини эслатади.

Сиёсий ва ижтимоий маъно

Ҳукумат учун бу байрам – миллат бирлигини намойиш этиш имконияти. Сиёсатчилар уни ватанпарварликни мустаҳкамлаш, баъзан эса муаммолардан халқ эътиборини чалғитиш воситаси сифатида қўллайди.

Бироқ Мустақиллик куни ҳамма жойда ҳам бир хил қабул қилинмайди. Илгариги мустамлака мамлакатларида бу кун нафақат ғалабани, балки қурбонлар, қон, бўлинган ҳудудлар хотирасини ҳам эсга солади. Баъзан бу кунда норозилик акциялари бўлиб ўтади. Масалан, Ҳонконгда 1 июл – ҳудуд Хитойга топширилган кун – кўпинча митинглар фонида ўтади.

Қизиғи шундаки, ҳамма мамлакатда ҳам Мустақиллик куни йўқ. Масалан, Буюк Британия ҳеч қачон давлатчилигини йўқотмагани учун мустақиллик кунини нишонламайди. Германия эса 3 октябрда “мустақиллик” эмас, балки бирлашиш кунини нишонлайди. Бу 1989 йилда Берлин девори қулаганини эсга солади. Бу мамлакатларда мустамлакадан қутулиш эмас, балки анъаналарни сақлаш ёки давлат бирлигини ёдга олиш мафкураси устувор.

Замонавий таҳдидлар ва янги шакллар

Бугун Мустақиллик куни – бу шунчаки парад ва байроқлар эмас. Ижтимоий тармоқлар бу кунни оммавий флешмобга айлантирмоқда: байроқ билан селфи, ҳештеглар, концертлардан жонли эфирлар шулар жумласидан. Диаспоралар учун эса – минглаб километр узоқда бўлсалар-да, Ватан ҳақида эслатиб қўйиш услуби бўлиб хизмат қилади. Лекин таҳдидлар ҳам бор: айрим ёшлар бу байрамга фақат дам олиш куни сифатида қарамоқда.

Мустақиллик куни – миллийми ё глобал байрам?

Бу кун миллий тақвим доирасидан ташқарига чиқмоқда, десак тўғри бўладими? Маълум маънода – ҳа. Бу бутун дунёда тушунилиши мумкин бўлган эркинлик учун курашнинг универсал рамзидир. Бироқ у ҳамон миллий аҳамиятга эга, чунки ҳар бир мамлакат бу кунга ўз тарихини жо этиб келмоқда.

Мустақиллик куни – ўтмиш билан келажак кесишадиган байрам. Унда ҳам кураш хотираси, ҳам ғалаба шодиёнаси, ҳам тараққиётга умид бор. Айримлар учун – бу аждодлар берган қурбонликлар ва фидойилик учун миннатдорлик, бошқалар учун – ҳашаматли парадлар ва мушак отишларни англатади.

Мустақиллик куни тарихи – бу кураш ва умид тарихи. Бу байрам турли халқларда турлича моҳият ва шаклда нишонланса-да, хулосаси битта: эркинликка ва мустақил давлатчиликка осонликча эришилмайди, у абадий неъмат эмас ва уни доимо муҳофаза қилиш зарур.

Абулфайз Сайидасқаров

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid