AIPAC ўргимчаги: лобби халқдан кучли бўлган воқелик
Дастлаб ёш яҳудий давлатини қўллаб-қувватлаш учун тузилган ташкилот АҚШ Конгрессини, ҳатто миллий иқтисодиёт ва ички-ташқи сиёсатни ҳам назорат қилиб келиши айтилади.

Яҳудий лоббиси АҚШ сиёсатини, ҳукумат қарорларини қаттиқ назорат қилиши ҳақида кўпчилик эшитган. Яҳудий лоббисининг таъсири, Исроил ва дунёдаги сионистлар манфаати борасида гап кетганида, айниқса очиқ кўринади. Бу лоббичилик ҳаракати асосан AIPAC (Америка-Исроил жамоатчилик алоқалари қўмитаси) кўринишида фаолият юритади. Унинг фаолияти турли шубҳа гумонлар фонида давом этиб келади.
AIPAC нима билан шуғулланади?
AIPAC 1954 йилда АҚШдаги яҳудий ташкилотлари раҳбарлари томонидан ташкил этилган бўлиб, унинг асосий мақсади — ёш яҳудий давлати бўлган Исроилга Америка Қўшма Штатлари ҳукумати томонидан сиёсий қўллаб-қувватлашни таъминлаш эди. Шу пайтдан бошлаб, AIPAC АҚШ ва Исроил ўртасидаги иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий муносабатларни мустаҳкамлашга доимий равишда фаол ҳисса қўшиб келмоқда.
Фаолиятини Конгрессдаги кўплаб лоббилардан бири сифатида бошлаган AIPAC, вақт ўтиши билан Вашингтондаги марказий қароргоҳи ва АҚШ бўйлаб маҳаллий ваколатхоналарига эга бўлган нуфузли ташкилотга айланди. AIPAC аъзолари фақат Конгрессда эмас, балки жамиятнинг турли қатламлари орасида ҳам фаол иш юритишади. Улар АҚШ ва Исроил ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича тадбирларга иложи борича кўпроқ америка фуқароларини жалб этишга ҳаракат қилишади.
AIPAC бир неча бор танқидларга учраган — айниқса, у Исроилни қўллаб-қувватлаётган барча америкалик яҳудийларнинг фикрини тўлиқ ифода этмаслик ва фақатгина Исроилдаги ўнг қанот сиёсатчиларнинг, сионистларнинг нуқтаи назарини ҳимоя қилишда айбланади.
AIPAC фаолиятига бағишланган энг машҳур танқидий асарлардан бири — Чикаго университети профессори Жон Миршеймер ва Ҳарвард университети профессори Стефан Валтнинг «Исроил лоббиси ва АҚШ ташқи сиёсати» номли китобидир. Ушбу китобда муаллифлар AIPAC’ни «Исроил манфаатларини ҳимоя қилувчи лоббининг энг кучли ва энг машҳур бўлаги» деб атаб, уни АҚШ ташқи сиёсатининг йўналишини бузиб кўрсатаётган ташкилот сифатида баҳолайдилар.
Баъзи экспертларнинг фикрича, AIPAC ўтган ўн йилликларда АҚШ Конгрессини, ҳатто миллий иқтисодиётни ва ички-ташқи сиёсатни ҳам назорат қилиб келмоқда. У Конгрессга сайланмоқчи бўлган номзодларни қўллаб-қувватлайди, уларнинг сайлов харажатларини қоплайди — албатта, агар улар Исроил манфаатларини ҳимоя қилса. Агар танқид қилса — жазолайди.
2021 йил охирида AIPAC сайлов жараёнларида янада фаол бўлиш учун ўзининг сиёсий ҳаракатлар қўмитаси (AIPAC PAC) ва «United Democracy Project» номли суперқўмитани ташкил этди. Шунингдек, баъзи манбаларга кўра, AIPAC АҚШ Федерал захира тизимига ҳам маълум даражада босим ўтказа олади.
AIPAC одатда икки йўл билан таъсир қилади:
1. Сайловларга таъсир — овозларни сотиб олади, жамоатчилик фикрини ўзгартиришга уринади. Ҳокимиятдаги лавозимларга фақат «ўз одамлари»ни қўйишга ҳаракат қилади.
2. Қонунларгава юқори даражадаги қарорларга таъсир — конгрессменлар, сенаторлар ва губернаторларни молиявий жиҳатдан «сотиб олади».
Америка халқи зиммасидаги “Исроил солиғи”
Вашингтон, 2025 йил август. Жазирама ёз ҳамон авжида. Капитолий тепалигида яна муҳокамалар қизимоқда — лекин бу гал инфляция ёки Украинага ёрдам ҳақида эмас. Кун тартибида — Исроил. Бу масаланинг соясида турган бир куч бор — уни ҳеч ким сайламаган, лекин унга ўнлаб сайланганлар бўйсунади. Бу инсон эмас. Бу — AIPAC.
Америка-Исроил жамоатчилик алоқалари қўмитаси — унинг номини ҳамма америкаликлар билмаслиги мумкин, лекин ҳар бир сенатор унинг таъсирини яхши билади. Бу оддий лобби эмас. Бу — қудратли сиёсий куч.
Бу шундай кучки, у минглаб волонтёрга эга бўлган номзодни сайловларда енгиб, уни "тўғри овоз берадиган" бошқа номзод билан алмаштира олади. Сиёсатни шахмат тахтасига айлантиради, у ердаги тошлар эса конгрессменлар тимсолида бўлади.
Халқ "йўқ" дейди, сиёсатчилар эса жим
2025 йил баҳорида Gallup тегишли ижтимоий сўров натижаларини эълон қилди. Уларга кўра, АҚШда демократлар орасида Исроилга бўлган қўллаб-қувватлаш тарихдаги энг паст кўрсаткичга тушган. Фақат 12% америкалик демократлар АҚШ Исроил манфаатларини Яқин Шарқда биринчи ўринга қўйиши керак, деб ҳисоблайди. Ёшлар орасида бу кўрсаткич янада пастроқ.
Шу билан бирга, АҚШ президенти Исроилга миллиардлаб долларлик ҳарбий ёрдам беришни давом эттирмоқда. Нега? Жавоб - халқ хоҳишида эмас. Жавоб — кўздан яширин офисларда, ўзини ошкор қилмасликка уринувчи костюмли ва қудратли одамлар қўлида.
Исроил ғалабаларини АҚШ ҳисобидан тўловчи жамият
2024 йилги сайловда AIPAC ўзининг United Democracy Project Super PAC орқали 12 миллион доллардан ортиқ маблағ сарфлади. Нима учун? Демократияни мағлуб қилиш учун! Бу пуллар Жамаал Баумэн, Корри Буш, Саммер Ли каби прогрессив номзодларга қарши ишлатилди. Чунки улар Ғазога инсонпарварлик ёрдами жўнатиш, бомбардимонларни тўхтатиш, хорижий лоббилар устидан назоратни кучайтириш режалари билан сайлов майдонига кириб келишган эди.
Бу оддий пул эмас. Бу — сайловчиларнинг вакили бўлишга интилганларга берилган зарба. Баумэн ютқазди. Буш ҳам. Ли — омон қолди. Аммо қайси тўлов эвазига?
Қўзғолончилар майдонда
AIPAC рақибларини турлича аташади: “The Squad”, “чап либерал радикаллар”, “Исроил душманлари”, антисемитлар. Лекин аслида — улар тизим ичидаги ҳақиқат овозлари, яҳудий лоббисига қарши чиқишга журъат қила олган инсонлардир.
2024 йил март ойида янги коалиция пайдо бўлди — "Reject AIPAC". 20 дан ортиқ прогрессив ташкилотлар "Бас!" деб айтиш учун шу ғоя атрофида жипслашди. Улар AIPAC’ни тамаки лоббиси, қурол лоббиси ва нефть компаниялари билан қиёслайди. Сабаби, унинг «яҳудий» эканлиги эмас. Сабаби, у — демократик куч эмас.
«Биз яҳудийларга қарши эмасмиз. Биз коррупцияга қаршимиз», — дея баёнот берди Жессика Рамирес AIPAC биноси олдида ўтказилган митингда. «Сиёсат ким кўпроқ тўласа — шунга тегишли бўлмаслиги керак. Хусусан, қон эвазига, миллионлар эвазига бўлмаслиги керак», деди Рамирес.
Дональд Трамп ва кутилмаган бурилиш
Ажабланарли ҳолат: ҳатто ўнг қанот орасида ҳам шубҳалар пайдо бўлмоқда. MMA жангчиси ва MAGA (Make America great again), яъни Трамп лагери тарафдори Шон Стрикленд шундай дейди:
«Агар менга AIPAC томонидан сотиб олинган номзод билан ростгўй демократ орасида танлов қилиш керак бўлса — мен демократни танлайман». Бу демократияга муҳаббат эмас. Бу — ҳавас. Ахир биз “Аввало Америка” деймиз, лекин бизга хорижий лоббистлар буйруқ беряпти!
Ҳажвия ёки фожиа?
AIPAC ҳар йили АҚШ конгрессменларини Исроилга олиб боради. Яҳудий эркаклар диний бош кийими – кипа кийиб Кнессетда суратга тушишлар, Йиғи деворига бош уриб, бўса олишлар, табассумлар, қўл сиқишлар, қўллаб-қувватлаш ҳақида ваъдалар фонида кечади бу ташрифлар. Лекин бу суратлар фонида — Ғазодаги гуманитар фожиа, геноцид, ҳуқуқ фаолларининг умидсиз фарёдлари сезилмай қолади.
АҚШнинг янги сайланган президентлари, губернатор ва конгрессменлари ва ҳатто Нью Йорк мэри ҳам илк сафарини Исроилга бағишлаши ва сионистларга ўз садоқати ва муҳаббатини намоён этиши шарт. Акс ҳолда сиёсий фаолиятига нуқта қўйилади. Товламачилик, туҳматлар ва ҳатто қотилликлар воситасида!
«Бу — дипломатия эмас. Бу — иккиюзламалик», — дейди Детройтлик ёш журналист Адам Ҳусейн. — «Улар камера олдида кулишади. Фаластинда эса одамлар Исроил армияси ташлаган бомба ҳамда ракеаталардан, ўқ ёмғири ва очликдан ҳалок бўлишяпти».
Тарозининг икки палласи
AIPAC ҳамон қудратли. Лекин жамоатчилик фикри, сиёсий муҳит ва сайлов технологиялари ўзгармоқда. Айниқса шу кунларда Исроил армияси ва бош вазири Бенянмин Нетаняҳунинг зулмкор сиёсати ва шафқатсиз геноциди кўпчилик сиёсатчиларни ўйлантириб қўймоқда. Бир томонда — миллиардлар, таниш-билишлар, алоқалар, сотиб олинган сиёсатчилар. Иккинчи томонда эса — ёрқин овозлар, ёшлар, сабр косаси тўлиб бораётган жамият.
Шу жараёнлар ортидан бир савол туғилади: АҚШ демократияси қачонгача AIPAC диктатурасига сабр қила олади?
Абулфайз Сайидасқаров