platina.uz
Бизнес

Харажати қушдек, даромади туядек – Қизилтепада бройлер парвариши ривожланмоқда

Лойиҳани янада кенгайтириш ва замонавийлаштириш мақсадида “Микрокредитбанк” АТБ томонидан 1,2 млрд сўм миқдорида кредит ажратилган.

Харажати қушдек, даромади туядек – Қизилтепада бройлер парвариши ривожланмоқда

Бугун юртимизда тадбиркорлик, айниқса, қишлоқ хўжалигининг паррандачилик йўналишига қизиқиш ортиб бормоқда. Бу соҳанинг нафақат сердаромад, балки аҳоли бандлигини таъминлашдаги ўрни ҳам катта. Навоий вилояти Қизилтепа туманида фаолият юритаётган “ҚИЗИЛТЕПА-ПАРРАНДА-КЛАСТЕРИ” МЧЖ бундай саъй-ҳаракатларга ёрқин мисол бўла олади.

Корхона ҳозирда Қизилтепа тумани Ғойибон МФЙ ҳудудида жойлашган бўлиб, бир вақтнинг ўзида 20 000 бош бройлер жўжани парваришлаш имкониятига эга. Аҳолини сифатли гўшт маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида корхона кооперация усулида хонадонларга парранда тарқатиш ва етиштирилган паррандаларни қабул қилиш тизимини йўлга қўйган.

Қувонарлиси, корхона кооперация усулида Бухоро вилоятининг Ғиждувон ва Когон туманлари, Самарқанд вилоятининг Пахтачи, Нарпай ва Каттақўрғон туманларидаги 100 дан ортиқ хонадонлар билан шартнома асосида ҳамкорлик қилмоқда.

Бу нафақат аҳолига қўшимча даромад манбаи, балки маҳаллий бозорни парранда гўшти билан таъминлашда муҳим омил бўлмоқда, десак адашмаймиз.

Лойиҳани янада кенгайтириш ва замонавийлаштириш мақсадида “Микрокредитбанк” АТБ томонидан 1 миллиард 200 миллион сўм миқдорида кредит маблағи ажратилган эди.

Ажратилган маблағ ҳисобидан:

  • Етиштирилган маҳсулотни сақлаш учун музлатгичли омборхона қурилди.
  • Тайёр маҳсулотларни бозорларга тез ва хавфсиз етказиш мақсадида ИСУЗУ юк автомашинаси сотиб олинди.

Таъкидлаш керакки, кейинги 2 йилда “Микрокредитбанк” АТБ томонидан 330 та хўжаликка 1,2 трлн сўм (шундан, ПҚ-5146-сон қарорига асосан 763 млрд сўм ҳамда банк ўз маблағлари ҳисобидан 459 млрд сўм) кредит ажратилиб, 173 та корхона соғломлаштирилди.

Жумладан, жорий йилнинг январ-июн ойларида 20 та лойиҳага 190,1 млрд сўм кредитлар ажратилди.

Ушбу кредитларнинг 102,5 млрд сўми янгидан ташкил этилган лойиҳаларга ва 87,6 млрд сўми кам қувватда ишлаётган паррандачилик хўжаликларига йўналтирилди.

Бундай лойиҳалар нафақат иқтисодий, балки ижтимоий жиҳатдан ҳам муҳим аҳамият касб этади. Чунки тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали аҳолининг турмуш даражаси ошмоқда, озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланмоқда ва энг муҳими – ҳалол меҳнат ҳисобига барқарор турмуш пойдевори яратилмоқда.

Банк Ахборот хизмати

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid