Veolia Energy иссиқ сув нархини яна оширмоқчи
Ҳам тарифлар ошиши тўхтамаяпти, ҳам субсидияларнинг кети узилмаяпти.

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши мажлисида пойтахтлик депутатлар Veolia Energy томонидан яна оширилиши кутилаёган тарифларни кўриб чиқишган.
Veolia Energy режасига кўра, 1 октябрдан аҳоли учун иссиқлик таъминоти ва иссиқ сув 15 фоизга, юридик шахслар учун 40 фоизга, бюджет ташкилотлари учун эса 19 фоизга ошиши кутиляпти.
Тарифлар ўтган йили 2 марта, жами 32,25 фоизга оширилган эди. Аммо шунга қарамай, тизимни субсидиялаш ҳам тўхтамаяпти. Бу йил иссиқлик таъминоти хизмати учун зарарларни қоплашга 2,7 трлн сўмдан ортиқ маблағ ажратилган, яъни шаҳар бюджети харажатларининг 28%и.
"Солиштириш учун, 2024 йилда бу мақсадларга 1,97 трлн сўм йўналтирилганди. Тарифлар ўтган йили 2 марта (32,25%га), бу йил яна 2 марта (камида 32,25%га) оширилишига қарамай, субсидиялар камайиш ё барқарорлашиш ўрнига, 37%га кўпайган", деб ёзмоқда блогер Отабек Бакиров.
Иқтисодчи блогер Отабек Бакиров ҳам тарифларни ошириб, ҳам субсидияни "еб ётган бузуқ" тизимни танқид остига олган.
"Кўраяпсизки, тарифлар ҳам ошаяпти (32,25%га ва яна камида 15%га), субсидиялаш ҳам ошмоқда (37%га). Бу қанақа бузуқ тизим? Истеъмолчи ҳам чўнтагидан, ҳам солиғидан (субсидия бу бизнинг солиқларимиз) тўлаши қачонгача давом этади? Янада чуқурроқ қаралса, буям ҳали ҳаммасимас, ҳали бошқа дастурлар ва захиралар ҳисобидан очиқ кўринмаётган кросс-молиялаштириш қанча яна?
Наҳотки, ўзбек парламентида (қуйи палата ва сенатида) биронта депутат ё сенатор йўқ, Иқтисодиёт ва молия вазирлигидан асосланган ва чуқур ҳисоб-китоб сўрашга? Veolia Energy Tashkent ўзи нима учун чақирилганди? Таннархларни шишириб беришгами? Буни ўзимизнинг маҳаллий ўғрилар ҳам қойиллатиб эплаётганди-ку. Veolia Energy Tashkent келиб, ўзи нимани қойиллатди. Ҳисоб-китоблар шаффофлигидаги энг элементар ва зарурий қадам – иссиқ сув ва иситиш ҳисобини ажратмади-ку ҳеч қурса?".