platina.uz
Таҳлил

Марказий Осиё қурғоқчилик ва ёғингарчиликка тезроқ мослашиши керак

Минтақада иқлим ўзгаришидан жиддий жабр кўраётган қишлоқ хўжалиги ва сув таъминоти катта хавф остида қолиши кутиляпти.

Марказий Осиё қурғоқчилик ва ёғингарчиликка тезроқ мослашиши керак
Фотоколлаж: Platina.uz

Экология ва иқлим ёмонлашуви авваллари фақат тор доира мутахасисларини безовта қилган бўлса, айни кунларда аномал иссиқ-совуқлар, сув етишмаслиги муаммолари ўткирлашиб, барча аҳоли бу масалага жиддий қарашга мажбур бўляпти. Экин майдонлари сифатининг ёмонлашуви, шўрхаклашув, чўлланиш ва табиий офатларнинг кўпайиши эса инсониятнинг табиатда тур сифатида сақланиб қолишига таҳдид соляпти.

Барқарор тараққиёт – ҳаёт-мамот масаласи

Бугун юзага келган вазиятда БМТнинг барқарор ривожланиш талаблари янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Саноат тараққиёти ва кўпроқ иқтисодий ютуқлар ва молиявий даромад ортидан қувиб, ўз келажагимизни, яъни авлодларимиз ҳаётини хавф остига қўйишимиз мумкинлигини англаб ета бошладик.

Шу боис, Ўзбекистон президенти Марказий Осиё – Хитой иккинчи саммитидаги нутқида Ер юзида, хусусан, Марказий Осиё минтақасида иқлим ўзгариши муаммоларига эътибор қаратгани ҳам мантиқий узвийликка эга. Зеро минтақа мамлакатларининг барқарор тараққиётига жиддий таҳдидлардан бири – бу иқлим ўзгаришлари оқибатларидир. Давлатимиз раҳбари чўлланишга қарши курашиш, деградацияга учраган ерларни қайта тиклаш, қурғоқчил ва чўл ҳудудларда биоэкологик барқарорликни ошириш соҳасида мулоқот ва шериклик учун бизнинг форматда Экологик алянсни тузишни таклиф этди.

Экологик алянсдан кутилаётган натижалар

Экологик алянсни тузиш таклифи Ўзбекистоннинг “яшил” ривожланиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлиши кутилмоқда. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар чўлланишга қарши курашиш, деградацияга учраган ерларни “соғломлаштириш”, қурғоқчил ва чўл ҳудудларда биоэкологик барқарорликни ошириш соҳасида мулоқот ва шериклик учун бундай алянс минтақа давлатларининг экологик муаммоларни ҳал этишдаги саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга, илғор тажрибаларни алмашишга ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилади.

Хитойнинг “яшил” ривожланишдаги муваффақият омиллари

Бирор-бир ўзгариш ясаш учун “Американи қайта очмасдан”, тайёр ва синовдан ўтган моделларни қўллаш анча самарали бўлиши табиий. “Яшил” ривожланиш соҳасида эса Хитой моделини қабул қилиш мақбул кўрилмоқда. Чунки бу мамлакат сўнгги йилларда бу борада катта ютуқларга эришди.

Хитой ҳукумати “яшил” ривожланишни миллий сиёсат даражасига кўтарди ва бу борада аниқ мақсад ва вазифаларни белгилаб олди. Бу ерда “яшил” технологиялар, қайта тикланувчи энергия манбалари ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасига катта сармоя киритилмоқда. “Яшил” технологиялар соҳасида илмий тадқиқотлар ва ишланмаларни қўллаб-қувватлаш орқали инновацияларни рағбатлантираётгани ҳам соҳада муваффақиятларга эришиш имконини беряпти. Шу билан бирга, Хитойда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида қонунчилик базаси такомиллаштирилди ва экологик талабларни бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилди. “Яшил” ривожланиш соҳасида бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан фаол ҳамкорлик қилинаётгани ҳам ўз самарасини бермоқда.

Хитойнинг илғор тажрибасини Ўзбекистонда, керак бўлса, бутун минтақада ҳаётга кенг татбиқ этиш экологик хатарларни камайтириш, “яшил” кун тартиби ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги чора-тадбирлар самарадорлигини сезиларли даражада ошириш имконини беради. Бу жараёнда 2030 йилгача мўлжалланган “Яшил” ривожланиш дастурини қабул қилиш ва уни амалга оширишга имкон қадар тезроқ киришиш ўта муҳим вазифага айланди.

Ҳарорат йил сайин кўтарилиб боради

Бир нарсани унутмаслик керакки, зарур чораларни кўрмасдан, минтақамиздаги иқлим ўзгариши ва сув танқислиги билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишнинг деярли имкони йўқ. Зеро, Марказий Осиёда ҳарорат йилдан йилга кўтарилиб боряпти.

Жаҳон метеорология ташкилоти “2025-2029 йиллар учун иқлим истиқболи” узоқ муддатли прогнозини эълон қилди. Ушбу ҳисоботга кўра, Марказий Осиёда ҳарорат дунёнинг бошқа жойларига солиштирганда ҳам кучлироқ тарзда кўтарилиб бормоқда. Минтақа мамлакатлари зудлик билан қурғоқчилик, музликларнинг шиддат билан эриши ва беқарор ёғингарчиликлар шароитига мослашишлари лозим, акс ҳолда сув таъминоти, қишлоқ хўжалиги ва энергетика билан боғлиқ таҳдидлар янада кучаяди.

2024 йил тарихдаги энг иссиқ йил сифатида қайд этилди – ҳарорат +1.55°C га кўтарилди. Шунингдек, жорий йил март ойида Марказий Осиёни кутилмаган иссиқлик тўлқини қоплади. Иқлим ўзгариши ва экстремал об-ҳаво ҳодисаларини ўрганадиган олимлар иттифоқи World Weather Attribution тадқиқотига кўра, март ойи давомида ҳаво ҳарорати саноат давригача бўлган ўртача кўрсаткичдан 10 даража юқори бўлган. Гуруҳнинг таъкидлашича, иқлим ўзгариши иссиқлик тўлқинини тахминан 4 даражага оширган. Бу эса минтақада аллақачон иқлим ўзгаришидан жиддий жабр кўраётган қишлоқ хўжалиги ва сув таъминотини хавф остига қўйиши мумкинлигидан огоҳлантириш билдирилган эди.

Жаҳон метеорология ташкилотига кўра, 2025-2029 йиллар давомида ҳар бир йил 1991-2020 йиллар нормасидан иссиқроқ бўлиши мумкин. Глобал ҳарорат баъзи йилларда саноатгача бўлган даврга нисбатан солиштирганда +1.5°C дан кўтарилиб кетиш эҳтимоли бор.

Сув манбалари хавф остида

Ҳароратнинг ортиб бориши фақат яшаш ва хўжалик фаолияти учун муаммо туғдирмайди, у сув танқислигига ҳам сабаб бўлади. Масалан, иқлим исишининг кучайиши туфайли минтақадаги энг йирик сув захираси – Тожикистондаги Федченко музлигининг 40 фоизи, Қирғизистондаги асрий музликларнинг 30 фоизи бевақт эриб кетган. Айни ҳолат Қирғизистон ва Тожикистон каби иқтисодиёти гидроэлектростанцияларга боғлиқ мамлакатлар учун катта муаммо туғдиради. Одатда май-сентябр ойларида минтақанинг аксар ҳудудида ёғингарчилик кузатилмайди, бундан буёғига эса Жаҳон метеорология ташкилоти ёз ойларидаги вазиятнинг нормадан юқори бўлиш эҳтимоли 82 фоизни ташкил этиши мумкинлигидан огоҳлантиряпти. Бу эса ёзда ёғингарчилик, кейин эса қурғоқчилик рўй беради деганидир.

Ёлғиз отнинг чанги чиқмас...

Марказий Осиё иқлим ўзгаришининг таъсирини энг кўп ҳис қилаётган ҳудудлардан бири ҳисобланади. БМТ маълумотларига кўра, сув тақчиллиги ушбу минтақа иқтисодий ривожланишига тўсиқ бўляпти.

Орол денгизининг қуриши, музликларнинг эриши, сув танқислиги, чўлланиш ва экстремал ҳаво ҳодисаларининг кўпайиши минтақанинг барқарор ривожланишига жиддий таҳдид солмоқда. Бу муаммолар иқтисодиёт, ижтимоий ҳаёт ва экологияга салбий таъсир кўрсатиб, Марказий Осиё давлатларидан зудлик билан чоралар кўришни талаб этади. Бу вазиятда фақат бир давлатнинг интилишлари бефойда бўлиши аниқ. Чунки табиатимиз ва атмосферамизда чегара йўқ.

Шу сабабли, Марказий Осиё давлатлари иқлим ўзгаришининг таъсирини камайтириш ва барқарор ривожланишни таъминлаш учун биргаликда қатор чораларни кўриши керак.

Бироқ олдинда қилиниши зарур бўлган ишлар жуда кўп. Сувдан самарали фойдаланиш, сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш, суғориш тизимларини модернизация қилиш ва сув хўжалигини бошқаришнинг инновацион усулларини қўллаш зарур. Шунингдек, трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш бўйича минтақавий ҳамкорликни кучайтириш лозим.

Чўлланишга қарши курашиш учун дарахт экиш, ерларни тиклаш, ўрмонларни кўпайтириш ва ердан фойдаланишнинг барқарор усулларини жорий этиш мақсадга мувофиқ. Энергия самарадорлигини ошириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш орқали иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш мумкин. Бу қуёш, шамол, гидроэнергия ва биомассадан фойдаланишни рағбатлантиришни ўз ичига олади. Қишлоқ хўжалигида иқлимга мослашувчан усулларни қўллаш, кам сув талаб қиладиган экинларни етиштириш, ерларни муҳофаза қилиш ва органик деҳқончиликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва сотишнинг самарали тизимларини яратишга эҳтиёж сезилмоқда.

Аҳолини иқлим ўзгаришининг оқибатларига тайёрлаш, экстремал ҳаво ҳодисаларига қарши курашиш, сув тошқинларидан ҳимояланиш ва қурғоқчиликка қарши чоралар кўриш энг устувор вазифалардан ҳисобланади.

Келажак умидбахш эмас

БМТнинг Саҳролашишга қарши конвенциясига кўра, чўл ва ярим чўл минтақалардаги аҳвол ҳозиргидек давом этса, 2030 йилга бориб, дунёда 24 миллиондан 700 миллионгача одам ўз уй-жойларини ташлаб, бошқа яшайдиган жой излашга мажбур бўлишади.

Марказий Осиёда ҳам бундай муаммо кучайса, ҳозирда гавжум ва фаровон ҳудудлар бўшаб қолади. Одамлар экологик миграцияга мажбур бўлади. Қулайроқ ва иқлими юмшоқ, сув танқис бўлмаган ҳудудларга кўчиб ўта бошлайди. Аммо ҳали бунга бироз вақт бор. Демак, бироз имконимиз бор. Асосий вазифамиз шу имкониятни қўлдан бой бермаслик бўлади. Зеро ҳозир “довга” фақат бугунимиз эмас, келажагимиз ҳам тикилган. Инсониятнинг омон қолиш орзуси тикилган...

Абулфайз Сайидасқаров

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid