3 ёшли болани босиб кетган аёлга қўлланилган жазо ҳаққонийми?
Олий суднинг тушунтириш беришича, аёлнинг пенсионер экани ва қилмишидан пушаймонлиги инобатга олинган.

Марғилон шаҳрида кўчада ўйнаб ўтирган 3 ёшли болани автомобилда босиб ўтиб кетган аёлга оид жиноят иши бўйича суд ҳукми эълон қилинган.
Судланувчи Д.А. 1970 йил 26 январда Марғилон шаҳрида туғилган, муқаддам судланмаган, маълум бўлганидек, у шу йил пенсияга чиққан.
Гап нимада?
10 май куни шаҳарнинг Зухро кўчасида субланувчи Д.А. Lacetti автомобилини бошқариб кетаётиб, 2022 йилда туғилган А.А.ни босиб кетган. Ҳодиса оқибатида бола тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган.
Жиноят ишлари бўйича Марғилон шаҳри судида аёл юрган вақтида ҳеч қандай боланинг овози эшитилмагани ва машинада бирор нима босиб ўтганини сезмаганини айтган. Аёлнинг сўзларига кўра, у беш йил аввал ҳайдовчилик курсини тамомлаган ва гувоҳнома олган.
Суд ҳукми билан аёл Жиноят кодексининг 117-моддаси (хавф остида қолдириш) 1-қисми ва 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилиб, унга 2 йил муддатга барча турдаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда, яшаш жойидан чиқишни бутунлай чеклашдан иборат 2 йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Жиноят кодексининг 117-моддаси 1-қисмига кўра ҳаёти ёки соғлиғи хавф остида қолган ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш имкониятидан маҳрум бўлган шахсга ёрдам кўрсатмаслик, башарти, айбдор бундай аҳволдаги шахсга ёрдам бериши шарт ва бундай имкониятга эга бўлса ёхуд айбдорнинг ўзи жабрланувчини хавфли аҳволга солиб қўйган ва бу ҳол баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига олиб келса, 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисмига кўра транспорт воситасини бошқарувчи шахс томонидан транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Олий суд изоҳи
Олий суд ҳукм бўйича изоҳ берди. Унга кўра, Жиноят кодексининг 45-1 (мажбурий жамоат ишлари) ва 46 (аҳлоқ тузатиш ишлари) моддалари талабларига мувофиқ мажбурий жамоат ишлари ҳамда ахлоқ тузатиш ишлари пенсия ёшига етганларга нисбатан қўлланилмайди.
Шу билан бирга Жиноят кодексининг 50-моддаси (озодликдан маҳрум қилиш) 10-қисмида ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят содир этганлик, эҳтиётсизлик оқибатида жиноят содир этганлик ва қасддан унча оғир бўлмаган жиноят содир этганлик учун озодликдан маҳрум этиш тариқасидаги жазо ёшга доир пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга нисбатан тайинланмаслиги белгилаб қўйилган.
"Шу боис, суд судланувчи Д.А.нинг пенсияда экани, муқаддам судланмагани ва қилмишидан пушаймонлигини эътиборга олиб жазо тайинлаган", дейилади изоҳда.
Шунингдек, суд ҳукми билан Д.А.дан жабрланувчининг қонуний вакили фойдасига 2 350 000 сўм миқдорида моддий зарар, 25 000 000 сўм миқдорида маънавий зарар ундирилиши белгиланган.
Таҳририятдан: модомики бутун бошли болани босиб кетиб, на бирор шовқин, на боланинг овозини эшитган экан, пенсиядаги аёлнинг машина бошқариши жуда хавфли. Шу маънода унинг ҳайдовчилик ҳуқуқи 2 йилга маҳрум қилингани ва бутунлай кўчага чиқмаслиги бир ҳисобдан тўғри жазо ҳамдир.