Саф тайёргарлиги бўйича танлов якунланди
Тадбирнинг республика босқичи синовларида иштирок этган 11 та жамоанинг саф қоидаларини ўзлаштиргани баҳоланди.

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тизимида “Саф тайёргарлиги бўйича энг илғор бўлинма” кўрик танловининг республика босқичи бўлиб ўтди ва ғолиблар аниқланди
Қуролли Кучлар куч тузилмалари ичида илк маротаба Миллий гвардия тизимида “Саф тайёргарлиги бўйича энг илғор бўлинма” кўрик-танлови 3 босқичда, яъни ҳарбий қисмлар, минтақавий ва республика босқичи кўринишида бўлиб ўтди.
Мазкур кўрик-танлов Миллий гвардия бўлинмаларининг саф тайёргарлигидан амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш, соғлом рақобатни ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашиш, шахсий таркибнинг қурол билан махсус саф усулларини бажаришда ўзига нисбатан ишончни ошириш мақсадида йилда икки бор: Ватан ҳимоячилари куни арафасида ҳамда Мустақиллик байрами олдидан ўтказилади.
Тошкентдаги Жамоат хавсизлиги университети базасида бўлиб ўтган ушбу тадбирнинг республика босқичи синовларида иштирок этган 11 та жамоанинг саф қоидаларини ўзлаштиргани баҳоланди. Мусобақа жараёнларида якка тартибда қурол ва қуролсиз саф усулларини намойиш этиш; саф қўшиғини тантанали айтиб ўтиш, жанговар ҳайқириқ ҳамда қурол билан кўргазмали махсус саф усуллари каби шартлар амалда бажарилди.
Кўрик-танловнинг республика босқичи ғолиблари иштирокидаги тантанали маросим Ички ишлар вазирлигига қарашли “ЖАР” спорт мажмуасида бўлиб ўтди.
Унда Миллий гвардия қўмондонлиги, Мудофа, Ички ишлар вазирликлари, Божхона қўмитаси, Ёшлар ишлари Агентлиги ва ҳарбий таълим муассасалари мутасадди раҳбарлари ҳамда курсант ва тингловчилари, шунингдек жасорат мактаби ўқувчилари ҳамда маҳаллий ёшлар иштирок этишди.

Тадбирга ташриф буюрган меҳмонлар эътиборига гвардиячилар томонидан тайёрланган амалий кўргазмали чиқишлар ҳавола этилди. Ҳарбий оркестр чиқишлари, янги саф низомидаги янгиликлар, қизлар жамоасининг қурол билан саф ҳаракатлари ва Фахрий қоровул батальони жамоасининг намунали саф чиқишлари барчада катта таассурот қолдирди.
Якунда ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унга кўра, 3-ўрин – Миллий гвардия Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ва Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармалари жамоаларига насиб этган бўлса, 2-ўринни – Жамоат хавфсизлиги университети жамоаси қўлга киритди, фахрли 1-ўринни — “Шер” жамоаси эгаллади.
Ғолиблар диплом ва пул мукофотлари билан рағбатлантирилди.