Кўкдаладаги заправкада портлаш ва ёнғин рўй берди
Ҳодиса оқибатида бир киши тан жароҳати олган. Гулистон марказида ҳам ёнғин содир бўлди.

Кўкдаладаги заправкада ёнғин рўй берди.
5 август куни Қашқадарё вилояти, Кўкдала тумани, “Олтиндала” МФЙда жойлашган автомобилларга газ қуйиш шохобчаси ҳудудида пропан суюлтирилган газ ташувчи автоцистернадан пропан сақлаш резервуарга ёқилғи тўкиш вақтида чақнаш содир бўлиб, ёнғин келиб чиққан.
Шунга кўра, 5 та ёнғин-қутқарув экипажлари воқеа жойига етиб бориб, ёнғин қуршаб олинган ва ўчирилган.
Ёнғин натижасида 1 та автоцистерна ва 10 куб пропан суюлтирилган газ сақлаш резервуари ёниб зарарланган.
Ҳодиса оқибатида автоцистерна ҳайдовчиси енгил куйиш тан жароҳати олган.
Воқеа жойига вилоят ва туман ФВБ раҳбарлари етиб борган.
Шунингдек, Гулистон шаҳри, “Шодлик” МФЙ, Ўзбекистон шоҳ кўчасида жойлашган объектлар бирида ёнғин содир бўлаётганлиги тўғрисида хабар келиб тушган.
Шунга кўра, 5 та ёнғин-қутқарув экипажлари воқеа жойига етиб боришган ҳамда ёнғин қуршаб олиниб, ҳозирда ёнғин ўчирилган.
Ёнғин оқибатида тан жароҳати олганлар тўғрисида мурожаатлар келиб тушмаган.
Эслатиб ўтамиз, июл ойида ҳам Кўкдалада газ тўлдириш шохобчаси портлаган ва 4 киши ҳалок бўлганди.