platina.uz
Бизнес

“Микрокредитбанк” маҳалла ичига кириб бормоқда

Банкирлар ва маҳалла агентларининг ҳамкорлиги аҳолини ишли қилишда янада ёрдам беряпти.

“Микрокредитбанк” маҳалла ичига кириб бормоқда

“Микрокредитбанк” АТБ томонидан 10-11 июл кунлари Хоразм вилоятидаги Арда Хива мажмуасида “Банкир ва маҳалла: бир мақсад, бир йўл” номли тимбилдинг дастури ташкил этилди.

Мазкур тимбилдинг Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Бухоро вилоятларидаги маҳалла банкирлари ҳамда маҳалла агентлари учун нафақат ўқув семинари, балки бир-бирлари билан мулоқот ўрнатиш, тажриба алмашиш ва иш фаолиятида янгиликлар, янги янги лойиҳалар таклиф этишида кўмаклашишни мақсад қилди.

150 нафарга яқин маҳалла банкири ва маҳалла агентларини бир жойга жамлаган тaдбирда банк бошқаруви раиси ўринбосари Шахло Ибрагимова, Бош офиснинг тегишли таркибий бўлинмалари раҳбарлари иштирок этишди.

Икки кунлик дастур доирасида очиқ мулоқотлар, фойдали муҳокамалар, стратегик тақдимотлар, ижодий ўйинлар ва амалиётлар ўтказилди.

Дастлабки кун иштирокчилар учун “@mkb_mahallabankiri_bot” янгиликлари, аҳоли билан мулоқотда учраётган муаммолар ва таклифлар муҳокамаси, “ГАПИМ БОР” – аноним савол ва таклифлар қутиси, “Mission Mahalla” кейс-ўйини ва “1 ғоя – 1 натижа” форматидаги питч сессиялар ўтказилди.

Шунингдек, тадбир давомида иштирокчилар ўртасида “Аҳолидан энг кўп тушадиган 3 та савол” мавзусида интерактив сўровнома ташкил этилди. Иштирокчилар ўз тажрибаларига асосланиб, аҳоли томонидан кундалик мулоқотларда энг кўп бериладиган саволларни стикерлар ёрдамида A3 форматдаги баннерда белгилаб боришди. Бу жараён орқали мижозларнинг реал эҳтиёжлари ва уларни қизиқтирувчи масалалар умумлаштирилди ҳамда кейинги тарғибот материаллари учун амалий маълумотлар йиғилди.

Тадбир давомида ижтимоий тармоқларда фаолликни ошириш мақсадида #BirMaqsadBirYo‘l хештеги билан Instagram Challenge ташкил этилди.

Тадбирнинг биринчи кунида биринчи ярим йилликда яхши кўрсаткичларга эришган 3та ҳудуддаги 3 нафар энг фаол маҳалла банкири ва энг фаол маҳалла агентлари тақдирланди. Шунингдек, тимбилдинг давомида фаол иштирок этган қатнашчиларга ҳам эсдалик совғалари тақдим этилди.

Тимбилдингнинг иккинчи кунида маҳалла банкирлари ва маҳалла агентлари Боғот туманидаги энг чекка маҳаллалардан бири Тўпчи маҳалласига боришди. Иштирокчилар бу ерда маҳалла банкири Одамбой Йўлдошев ва маҳалла агенти Акбар Ҳакимовнинг амалга оширган ишлари билан яқиндан танишиш, тажриба ўрганиш ва фикр алмашиш имконига эга бўлишди.

Маълумот ўрнида, банкнинг 95 та ҳудудий бўлинмасига бириктирилган 1121 та маҳаллада фаолият олиб бориш учун 332 нафар “Маҳалла банкири” штати очилиб, малакали мутахассислар билан бутланди.

Шунингдек, маҳалла банкирига кўмалашиш учун ҳар бир маҳаллага биттадан, жами 1121 нафар ёрдамчи агент шартнома асосида ёлланди. Шундан 666 нафарини аёллар, 455 нафарини эркаклар ташкил этади.

2025 йилда банкка бириктирилган маҳаллалардаги аҳоли ва тадбиркорларга 679,4 млрд сўмлик кредитлар ажратилди. Аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича жорий йилнинг январ-июн ойида 180 903 нафар аҳоли бандлиги таъминланди. Шундан 56 623 нафари доимий ишга жойлаштирилди ва 124 280 нафари тадбиркорликка жалб қилинди.

Маҳалла агентлари жорий йилнинг январ-июн ойида 12 мингта пластик карта, 50 нафар аҳолидан 5,8 млрд сўм омонат, 1344 нафар аҳолига 160,6 млрд сўм кредитлар ажратилишига кўмаклашди.

Тўпчи маҳалласида 2025 йил 1-ярим йилликда жами 10 та хонадонга 344 млн сўмлик лойиҳа пакетлари етказиб берилган ва 22 нафар фуқаро банд қилинган. Бундан ташқари, маҳаллада умумий қиймати 1156,0 млн сўм бўлган 25 та микролойиҳага 563,0 млн сўм кредит маблағи ажратилиши натижасида 50 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланган.

Мисол учун, Тўпчи маҳалласи Қаҳрамонлар кўчаси 19-уйда яшовчи Элёрбек Қуранбаев хонадонига жами 60 млн сўм кредит ажратилиши натижасида 3 бош чорва моллари, 0,5 сотих иссиқхона ва 70 та парранда (жўжа) етказиб берилди ҳамда 3 та лойиҳа пакети яратилди. Бунинг натижасида хонадон аъзоларининг 2 нафари иш билан таъминланди. Айни дамда ойлик даромади 12 млн сўмдан 20 млн сўмга етаётгани эса қорақалпоғистонлик ва бухоролик маҳалла банкирлари ҳамда маҳалла агентларида катта қизиқиш уйғотди.

Шу куни яна иштирокчилар ушбу маҳалланинг Янги Ўзбекистон кўчасида ташкил этилган 13 та енгил типдаги контейнерлар фаолияти билан яқиндан танишди. Мазкур контейнерлар аҳолига, қўшни маҳалладагиларга ҳам барча турдаги хизматларни тақдим этади.

Мазкур маҳалладаги 13 та енгил типдаги контейнерлар ва мини-футбол майдончаси ташкил қилиниши учун жами 517 млн сўм кредит ажратиб берилиши натижасида 25 нафар ишсиз аёл иш билан банд қилинди.

Шунингдек, “Нодира текстил 95” МЧЖга тикувчилик фаолияти билан шуғулланиш учун 100 млн сўм кредит ажратиб берилди. Тадбиркор тикувчилик фаолиятини йўлга қўйиши натижасида 10 нафар ишсиз аёлни иш билан таъминлади ва ойига 15 млн сўмдан даромад олиб келмоқда.

Маҳаллага уюштирилган тажриба алмашиш жараёнларидан сўнг маҳалла банкирлари ва маҳалла агентлари учун Хива шаҳри ва Ичан қалъа мажмуасига саёҳат ташкил этилди. Саёҳат давомида Хоразм тарихига оид қизиқарли маълумотларга эга бўлишди ва тажриба алмашиш ҳамда ўрганган янгиликларини ўз ҳудудларида амалиётга татбиқ этиш бўйича келишиб олишди.

Тадбирнинг асосий мақсади маҳалла банкирлари ва агентлари ўртасида жамоавий руҳни кучайтириш, ички мулоқотни яхшилаш, фойдали ташаббусларни жорий этиш ва хизмат маданиятини янада юксалтиришдан иборат бўлди.

Банк Ахборот хизмати

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid