Сўров: Ўзбекистонда ҳар тўртинчи одам тўй қилишда қарз олмоқда
Аксарият респондентлар тўй харажатларини шахсий жамғармалари ҳисобидан эмас, бошқа манбалар орқали қоплаганликларини билдирган.

Ўзбекистонда ҳар тўртинчи тўй эгаси қарз эвазига маросимни ўтказмоқда. Бу ҳақда “Юксалиш” ҳаракати томонидан ўтказилган сўровнома натижаларида маълум қилинган.
2025 йил 19 июндан 3 июлгача “Юксалиш” ҳаракати томонидан аҳоли ўртасида “Ўзбекистонда тўйлар” мавзусида сўровнома ўтказилди.
Сўровнома мақсади — асосий тенденцияларни аниқлаш, юқори тўй харажатларига сабаб бўлаётган омилларни белгилаш, мавжуд анъаналарга бўлган жамоатчилик кайфиятини баҳолаш ҳамда амалий тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
Кўпчилик оилаларнинг даромад даражаси билан тўй учун қилинаётган ёки режалаштирилган харажатлар ўртасида сезиларли тафовут кузатилмоқда.
Респондентларнинг оила бюджети бўйича ўртача ойлик даромад тақсимоти қуйидагича кўринишда:
Даромадлар: Респондентларнинг катта қисми — 81,24% (айниқса, вилоятларда яшовчилар) — ўз оиласининг ўртача ойлик даромадини 5 миллион сўмдан 12 миллион сўмгача деб кўрсатган.
“Тўйга тахминан қанча пул сарфлагансиз (ёки сарфлашни режалаштиряпсиз)?” деган саволга эса респондентлар қуйидаги жавобларни берган:
• 30 миллион сўмгача — 31,28%
• 50 миллион сўмгача — 23,98%
• 70 миллион сўмгача — 15,72%
• 100 миллион сўмгача — 15,88%
• 100 миллион сўмдан ортиқ — 9,62%
Харажатлар: режалаштирилган ёки амалда сарфланган маблағлар кўпинча (умумий респондентларнинг 65,2%) 50 миллион сўмдан 100 миллион сўмгача ёки ундан ҳам кўпроқни ташкил қилади. Бу кўрсаткич кўплаб оилалар учун бир йиллик даромадга тенг ёки ундан ҳам юқори бўлиши мумкин.
Молиялаштириш манбалари:
Шунга мос равишда, аксарият респондентлар тўй харажатларини шахсий жамғармалари ҳисобидан эмас, бошқа манбалар орқали қоплаганликларини билдирган. Асосий молиявий манбалар қуйидагилар бўлган:
• “Ўзим ва яқинларим ёрдамида” — бу жавобни 55,17% респондент танлаган. Бу натижа тўй харажатларининг жамоавий молиялаштирилаётганини кўрсатади — яъни, оғирлик фақат келин-куёв эмас, балки уларнинг ота-оналари ва қариндошларига ҳам тушади.
• “Қарз олганман / оламан” — деган жавобни 25,1% респондент берган. Бу эса аҳоли ўртасида тўй туфайли юзага келган қарздорлик даражасининг юқорилигини англатади.
• “Даромадим етарли” — деб ҳисоблаганлар 14,11%.
• Жавоб бермаганлар — 5,62%.
Бу рақамлар шуни кўрсатадики, тўй — кўплаб оилалар учун улкан молиявий юк, уларнинг мавжуд даромадларига мутлақо мос келмайди ва қарзга ботиради, бу эса янги турмуш бошлаётган оилалар ёки уларнинг ота-оналари учун молиявий барқарорликка жиддий хавф туғдиради.
“Тўйга катта харажат қилишга нима сабаб бўлади?” деган саволда респондентларга бир нечта вариантни танлаш имконияти берилган бўлиб, улар кўпинча шахсий истаклардан кўра ташқи омилларни кўрсатган.
• “Жамият босими / элга тўй беришим керак деган мажбурият” — 46,11% респондент айнан шу жавобни танлаган.
Бу энг етакчи сабаб бўлиб, тўй жамият назарида баҳоланадиган оммавий тадбир сифатида қаралиши маданиятимизда чуқур илдиз отганини кўрсатади. "Уят"дан қўрқиш ва "юзимиз ерга қарамасин" деган истак оилаларни ўз имкониятларидан ортиқча харажатларга мажбур қилмоқда.
• “Ёшларнинг орзу-ҳаваси” — 31,36% респондентлар бу вариантни танлаган.
• “Ота-онанинг орзу-ҳаваси” — 29,03%. Бу иккинчи муҳим омил ҳисобланади. Кўпинча катта авлод ҳашаматли тўй ўтказишда қатъий туриб олади, бу орқали улар ўз амбитсияларини рўёбга чиқариб, қариндошлар ҳамда жамият олдидаги “бурчини” адо этаётганини ҳис қилади.
• “Қуда томоннинг талаби” — 16,6% респондент бу ҳолатни муҳим деб ҳисоблаган. Бу икки оиланинг кимўзарга ҳаракат қилишга ундовчи омил сифатида таърифланган.
Шундай қилиб, юқори тўй харажатлари кўпроқ ёшларнинг шахсий танловидан эмас, балки катта ижтимоий босим ва ота-оналар ҳамда жамият кутган умидлар натижасида юзага келаётган ҳолатдир.
Қуйидаги ўзгаришлар кўпроқ қўллаб-қувватланган:
• “Меҳмонлар сони ва маросим кўламини қисқартириш” — бу таклифни 35,69% респондент илгари сурган.
• “Тўйдан кейинги айрим маросимларни камайтириш” — деб ҳисоблаганлар 31,44%.
• “Тўйдан олдинги айрим маросимларни қисқартириш” — бу фикрни 37,61% респондент қўллаб-қувватлаган.
Энг кам қўллаб-қувватланган позиция эса:
• “Ҳеч қандай ўзгариш керак эмас” — бу фикрни атиги 7,14% респондент билдирган.
Бу рақамлар аҳолининг аксар қисми тўй маросимларини соддалаштиришга тайёрлигини ва жамиятда ўзгаришларга ижтимоий буюртма шаклланаётганини тасдиқлайди.