Фарғонада қоидаларни менсимайдиган "Малибу" аниқланди
Унинг ҳайдовчиси вилоят ЙҲХБ бошлиғининг рафиқаси экани айтилмоқда.

Фарғона вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан қоидабузарликлари бекор қилинган Malibu машинаси вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғи подполковник Акмал Аҳмедовнинг турмуш ўртоғига тегишли бўлгани айтилмоқда.
Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилоятида Malibu машинаси содир этган юздан ортиқ қоидабузарликлар асоссиз бекор қилинган. Бу каби хабарлар тарқалгач, вилоят ИИБ ЙҲХБ муносабат билдириб, ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказилгани ва Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошқармасининг 5 нафар ходимига нисбатан интизомий жазо тайинланганини билдирган.
Шунингдек, муносабатда Malibu машинасида содир этилган барча қоидабузарликлар бўйича жарималар ундирилгани айтилган. Маълум бўлишича, 2024-2025 йилларда ушбу машина томонидан содир этилган жами 61 та қоидабузарлик бўйича жарималар бекор қилинган.
Тармоқларда тарқалган видеода Malibu бир нечта ҳолатда светофорнинг қизил чироғида ҳам ҳаракатланганини кўриш мумкин. Бундан ташқари, хабарларда ушбу автомобил 100 дан ортиқ қоида бузгани, лекин қоидабузарлик ҳақидаги қарорлар "охирги зарурат юзасидан содир этилгани сабабли" ўчиртирилгани айтилган.