Очилмаган сирлар: Вуду қўғирчоғи ва жодугарлик
Қўғирчоққа синчиклаб тикилган аёл яна бир нарсага кўзи тушиб, қалтираб кетди: қўғирчоқнинг оёқлари қайрилиб, кичкина игначалар тиқиб ташланган эди...

...Бир неча ҳафтадан бери Шоҳжаҳоннинг иши ўнгидан келмайди. Кайфияти доим расво, лекин сабабини билмайди. Ишга ҳам, оилага ҳам ҳафсаласи қолмаган. Бошлаган ишлари ўлда-жўлда қолиб кетади. Жаҳлдор ва жиззаки бўлиб қолган. Аввалги қувноқ ва ғайратли Шоҳжаҳонни ўзгартириб, бошқа одам билан алмаштириб қўйишган гўё.
Бу ҳам камлик қилгандек, сўнгги пайтларда Шоҳжаҳоннинг оёғи оғрий бошлади. Докторларга кўринса, деярли камчилик топишмади, ҳаммаси жойида дейишди. Бироқ Шоҳжаҳоннинг руҳий ва жисмоний аҳволи кун сайин оғирлаша борди. Охири юролмай қолди. У энди уззу-кун тўшакда чўзилиб ётар, кайфияти расво, яшашга ҳам қизиқиши қолмаган гўё.
Хотини нима бўлаётганини тушунмас, эрига қандай ёрдам беришни билмасди. Бир куни ҳовлини супураётиб, дарвозаларни ювиб қўйишга уннади. Дарвоза сиртидаги темир гулли нақшларни артаётиб, улар орасидан бир парча мато парчаси чиқиб турганига кўзи тушди. Олиб ташлаш учун тортган эди, ғалати бир тугунча қўлига илашиб чиқди. Аёл қизиқиб тугунчани очди. Уни кўриб ғалати бўлиб кетди...
Тугунча ичида шамдан ясалиб, матодан кўйлакча кийдирилган кичкина қўғирчоқча ётарди. Юз қисмига эрининг қандайдир ҳужжатдан юлиб олинган фотосурати ёпиштирилган. Қўғирчоққа синчиклаб тикилган аёл яна бир нарсага кўзи тушиб, қалтираб кетди: қўғирчоқнинг оёқлари қайрилиб, кичкина игначалар тиқиб ташланган эди...

Изтироблар ичида туғилган Вуду
Бундай иссиқ-совуқ ёки қора сеҳргарлик учун ясалган қўғирчоқларни “Вуду қўғирчоғи” деб аташади. Аслида Вуду – диний- фалсафий таълимот. Вуду сеҳргарлиги унинг бағрида пайдо бўлган кичик шохобча холос. Унинг пайдо бўлиш тарихи ҳам қайғули.
Вуду – азоб ва қийноқлар бағрида туғилган. Унинг илдизлари Ғарбий ва Марказий Африка заминларига – аждодлар руҳларига ва табиат қувватига ишонувчи қабилавий эътиқод ва анъаналарга бориб тақалади.

Оқ танлилар бу ерга қул овлаш мақсадида ҳужум қилиб туришган. Тутилган қора танли одамлар кемаларнинг қоронғи трюмларига тиқилиб, Атлантика уммони орқали – Ҳаити ороли, Луизиана ва Куба плантацияларига ишлашга олиб кетиларди. Собиқ африкаликлар ерда мустамлакачилар қамчиси остида ўз эътиқодларини католик динига алмаштиришди: африка руҳлари насроний авлиёлар қиёфасини олди, қадимий африкача дуолар эса насроний литанияларга сингиб кетди.

Кариб денгизи оролларига 1503 йилдан бошлаб олиб келинган қуллар орасида католик динини ёйиш жараёнида анъанавий африка эътиқодлари аста-секин квази-динга айланди, у қисман монотеистик динларнинг эътиқодларини ҳам ўзига сингдирди. Чунки айрим африка халқлари (айниқса шимолий ва шарқийлари) Америкага қул қилиб олиб кетилишидан олдин ҳам Ислом ва насронийлик дини таъсирида бўлишган.
Янги диний эътиқод тарқалган ҳудудлар – Куба, Ямайка, Бразилия, Доминикан Республикаси, АҚШнинг Орлеан ва Луизиана штатлари ва айниқса Ҳаити ороли эди. Аввал католик черкови кўчириб келинганлар анъанавий мистик диний урф-одатларига қарши қаттиқ кураш олиб бориб, уларни католик эътиқодини қабул қилишга мажбурлаган. Аммо бу ҳаракатлар кутилган натижани бермади.
Шундай қилиб, “Ҳаити Вудуси” – омон қолиш ва қаршилик кўрсатиш дини пайдо бўлди. 1791 йилда қуллар қўзғолон кўтарганида улар лоа(руҳлар)га мурожаат қилиб, золимларни ағдаришда ёрдам сўрашди. Шундан сўнг европаликлар учун вуду нафақат “ёввойилик”, балки қўзғолон ва эркинликдан қўрқиш рамзига айланди.

Қисқача айтганда, Вуду – африка аборигенларининг анъанавий анимистик эътиқодларига асосланган сеҳр ва жодугарлик тизими. Африкадаги мустамлакачилик даврида бу умумлаштирилган атама кенг қўлланила бошлади. Айтганча, “Вуду” сўзи фон тилидаги Vodun – “руҳ” сўзидан келиб чиққан.
Маросимлар ва “нариги дунё”
Ҳақиқий ҳаётда Вуду – бу руҳлар билан мулоқот тизими. “Лоа” деб аталувчи руҳлар – яхшиси ҳам, ёмони ҳам – қурбонликлар ва совғалар талаб қилади. Коҳинлар (оуган) ва шаманлар(мамбо)лар мураккаб маросимлар ўтказишади – рақсга тушиб, қўшиқлар куйлаб увиллашади, товуқларнинг бошини узиб, қонини оқиздириб, ўз илоҳларига қурбонлик келтиришади. Аслида буларнинг барчаси ёмонлик учун эмас, балки руҳлар билан келишув ва барқарор муносабатлар ўрнатиш учун қилади.
Бироқ Вудунинг қоронғи томони ҳам бор. Зарар етказиш учун ўтказиладиган маросимлар – сеҳр-жоду, касаллик юбориш ёки ҳатто душманни ўлдириш усуллари ҳам мавжуд. Бундай сеҳргарлар “бокор” деб аталади ва улар душмандан қасос олиш ёки унинг иродасини синдириб, ўз манфаатига хизмат қилдириш ёки “севдириш учун сеҳр билан шуғулланишади. Айнан шу фаолият “Қора вуду сеҳри” ҳақидаги афсонани пайдо қилган.
Вудунинг оммалашуви
Африка халқларининг эътиқоди ва маданияти ҳақидаги дастлабки маълумотлар айнан насроний миссионерлар ва мустамлакачилар томонидан ёзиб олинган. Улар бутун африка маданиятига даҳшатли ва ёмонлик қиёфасини беришган. Бу эса кейинчалик қул савдосининг ахлоқий муаммоларини енгиллаштирган. Айрим насроний руҳонийлари ҳатто қулларнинг руҳи йўқ, улар учун дўзах ва жаннат йўқ, уларни ишлатиш ва ўлдириш мумкин, дея фатво бериб юборишган. Кейинчалик пайдо бўлган стереотиплар бекордан-бекор чиққан эмас, улар маърифат даврида ҳам сақланиб қолган ва илмий институтларда айни шундай тарзда талқин қилинган.
Маориф даври ва ундан кейинги Француз инқилоби черковнинг либерализм билан курашида ўз позициясини йўқотишига олиб келди ва уни айбловчи субъектдан айбланувчи объектга айлантирди. Шунинг ортидан африка анъанавий эътиқодларини вудуга айлантиришнинг янги босқичи бошланди.
Бу жараён Мари Лаво номи билан боғлиқ. У Луизианада Вудуни оммабоп ва манфаатли эътиқодга айлантирган. Лаво католик бўлгани учун Ғарбий Африка мистик-диний урф-одатлари билан насроний таълимот ўртасида кўп умумий жиҳатлар борлигини пайқаган бўлса керак. У икки динни шундай уйғунлаштирдики, ҳосил бўлган синкретик диний култ ҳатто одатда “бефойда фантазиялар”га аҳамият бермайдиган оқ танлилар ҳам қизиқиб қолишди.
Лаво вуду маросимларини рақслар ва карнаваллар билан катта шоуларга айлантиргани учун унинг томошаларига маҳаллий элита вакиллари тез-тез келадиган бўлган. Кўп ўтмай, унинг бой ва нуфузли мижозлари пайдо бўлган, улар “олий кучлар” ёрдамига муҳтож эдилар. Олий кучлар уларга ёрдам беришига чин юракдан ишонишар эди. Лаво шунингдек, вуду динининг “Луизиана вудуси” деб аталувчи йўналишининг асосчиси ҳисобланади. У ўзига хос очиқ ва ҳашаматли маросимлари билан ажралиб туради. Лавонинг саъй-ҳаракатлари Янги Орлеанни вудунинг норасмий пойтахтига айлантирди. Бу шаҳар ҳанузгача сайёҳларни сеҳргарлик мавзуси билан ўзига жалб этиб келади.
Вуду амалиёти
Анъанага кўра, вуду сеҳргарининг сирли қуввати турли руҳлар – элементаллардан олинади. Улар билан алоқада бўлиш ва қувват олиш учун сеҳргар уларга қурбонликлар қилади. Аммо, одатда, руҳлар ўзлари ким билан ишлашни ўзлари танлашади. Агар руҳ сеҳргарнинг авлодини танласа, у ўз қувватини ўғли-қизига ўлмасидан олдин етказиб қўяди. Агар у етказишга улгурмаса, у қийналиб ўлиб, бу ҳақда унинг қишлоғи тезда хабардор бўлади. Чунки унинг ўлимига турли сирли ҳодисалар, масалан, уйига ёруғлик уруши (чақмоқ) сабаб бўлиши мумкин.
(Шу ўринда юртимизда айрим кинначи ва фолбинларнинг “қўл бериши” – ўз “қобилияти”, жинлари ёки боболари (руҳларни) ўз болалари ёки шогирдларига мерос қолдириб ўлиши ҳам ёдга тушади. Аммо айтиш керак, бундай касб эгаларининг умр охири ва ўлими кўпинча хорлик ва шармандалик билан якунланади).
Сеҳргар қувватини буюмларга ўтказиши мумкин ва у буюмлар сеҳрли хусусиятларга эга бўлади, сеҳргарнинг мақсадига қараб ёрдам (шифо) ёки зарар беришга қаратилади. Европаликлар маҳаллий аҳолининг шундай “сирли хусусиятли буюмлар”га бўлган ишончини кўриб, уларни “фетиш” деб аташган.
Симпатик сеҳр ва Вуду қўғирчоғи
Вуду амалиёти симпатик сеҳрга асосланган. Бу фақат вудуистлар эмас, машҳур ўрта аср табиби ва алкимёгари Парацелс ҳам фойдаланган услуб.
Симпатик сеҳр – бу ўхшашлик ёки физик алоқа асосида буюмлар ўртасида сеҳрли боғланиш пайдо бўлади деган ғояга қурилган ишонч. Бу ибтидоий жамият давридан бери амал қилиб келган. Бу назарияга кўра, инсон (микрокосм) ва коинот (макрокосм) ўзаро боғлиқ. Инсон танасининг айрим моддалари (қон, соч, тирноқ) ажралиб чиққандан кейин ҳам тана билан кўринмас боғланишни сақлаб туради.
(Бекорга “ўзбекчилик”да катталар “тирноқ-сочни ҳар жойга ташлама, йиғиб, кўмиб қўй” демас экан. Айрим эътиқодлар бўйича, жинлар ва “иссиқ-совуқчи”лар буларни олиб кетиб, сеҳр учун фойдаланишар эмиш).
Шу моддаларга таъсир қилиш орқали қора сеҳргар қурбон сифатида танланган инсон ҳаётига таъсир кўрсатиши, уни ўз ихтиёрига бўйсундириш, касал қилиш ёки ҳатто ўлдириши мумкин эмиш.
Шунингдек, айрим моддалар ва буюмлар сеҳргар қўйган энергетик зарядни ўзида сақлай олади, деб. Масалан: кристалллар, тузлар, шакар, шам ёки мум (шунинг учун Вуду қўғирчоғи мумдан ясалади). Зарядни буюмга инволтация йўли билан ўтказиш мумкин. Сеҳргар ипни буюмга ўраб уни зарядлайди. Кейин уни сеҳр объекти бўлган жойга, масалан, уйнинг остонаси остига яшириб қўяди.
Шу тариқа энг машҳур “қўрқинчли” образ – Вуду қўғирчоғи саҳнага чиқади. Оммавий маданиятда у доимо қийноқ ва ўлдириш воситаси. Аммо аслида қўғирчоқлар шифо бериш учун ҳам ишлатилади: гўёки хасталик бемор танасидан суғириб олиниб, қўғирчоққа ўтказилади. Айрим коҳинлар бу “ифлосланган” қўғирчоқни ёқиб юборишади ёки кўмиб ташлашади. Айрим жодугарлар эса хасталик ўтказилган бу қўғирчоқни бошқаларга совға қилишади, уйларига ташлаб қўйишади, болаларига беришади ёки сайёҳларга сотишади. Гўёки бу қўғирчоқни олган инсон ундаги хасталикни ёки жинларни ҳам қабул қилиб олади ва хаста ёки жинни одам батамом тузалиб кетади.
Лекин Вуду қўғирчоғи асосан қора сеҳр учун ишлатилади. Жабрланувчининг ўхшаши қилиб қўғирчоқ ясалади. Унинг юз ўрнига сурати ёпиштирилади. Жабрланувчининг биологик намуналари (тупук, сийдик, чиқиндилар, тирноқлар, сочлар ва ҳ.к.) солинади. Кейин қўғирчоқнинг бирор аъзолари синдирилади ёки игналар қадалади. Натижада жабрланувчининг ҳам шу аъзолари синади ёки хасталаниб оғрийди, гўёки.
Вуду қўғирчоғи ва шунга ўхшаш маросимлар бошқа халқлар ва маданиятларда, масалан, муҳаббат сеҳрида (“иссиқ-совуқ” қилишда) ҳам ишлатилади. Бу ҳақда кейинги мақолаларимизда ўқишингиз мумкин.
Афсона ва ҳақиқат чегараси
Шундай бўлса-да, африканча сеҳргарлик амалиётлари орасида энг машҳур ва машҳур бўлгани – айнан вуду билан боғлиқ қора сеҳрдир. Ҳарвард тиббиёт мактаби доктори Уолтер Кеннон ўзининг “Вудудан ўлим” номли мақоласида таъкидлашича, 1587 йилдан бошлаб қора сеҳр орқали ўлим ҳолатлари кузатилган ва гувоҳлар томонидан батафсил ўрганилган. У ҳолатларнинг аксариятида қурбонлар жуда тезда ҳалок бўлган, худди “у инсондан ҳаёт кучи сув каби оқиб чиққандай» бўлган.
Бу феноменнинг мантиқий тушунтирилиши – маҳаллий аҳоли орасида сеҳрга ишониш даражасининг юқорилиги билан боғлиқ. Одам ўзини қарғиш қилинган деб билса, руҳан заифлашади ва танадаги барча тизимлар синовга дуч келади. Бунга исбот сифатида, ўзини сеҳр қурбони деб билган беморларни плацебо усули билан муваффақиятли даволаш ҳолатлари келтирилган.
Аммо аборигенлар бунга бошқача қарайди. Масалан, ванякуса халқининг эътиқодига кўра, қора куч баъзи инсонлар қорнида яшайдиган питонга ўхшаш шаклдаги жонзотдир. У ирсий табиатга эга, лекин баъзан уни бошқаларга ҳам ўтказиш мумкин. Азанде қабиласи вакиллари эса бу куч жигарнинг четида ўсадиган игнасимон шаклга эга деб ҳисоблашади.
Африканинг кўп халқлари ишонишича, ҳар бир сеҳргарнинг “энергетик сояси” мавжуд бўлиб, у одамларнинг тушига кириб, уларнинг ҳаёт кучини ўғирлайди. Баъзан у бунга шериклари билан киришади. Қора сеҳр орқали етказилиши мумкин бўлган зарар турли кўринишларда бўлиши мумкин, аммо асосий мақсад доим бир – ҳаёт кучини сўриб олиш!
Жанубий Камерундаги пангве ва коси халқлари, масалан, одам ўлгач, унинг жасадини текшириб, унинг ўлимига сеҳр сабаб бўлган-бўлмаганини аниқлашни одат қилишган.
Бугунги кунда Вуду – тирик анъана. Ҳаитида миллионлаб одамлар уни очиқча амалга оширишади. АҚШда Луизиана Вудуси билан шуғулланувчи ибодатхоналар бор. Ҳатто Европада ҳам жангарилар ва вуду жамоалари пайдо бўлмоқда. Ҳар ерда асосий баҳс битта: маданият билан хурофот, эътиқод билан сеҳр ўртасидаги чегара қаерда?
Бугунги Вуду
1957 йилда шифокор Франсуа Дювалье Ҳаити президенти этиб сайланди. У Мичиган университетида икки ойлик амалиёт ўтаган эди. Дювалье ўзини вуду сеҳргари деб эълон қилди – бу орқали у халқ орасида обрў орттириш ва ўз шахсиятига нисбатан мистик қўрқув уйғотмоқчи бўлди. Аслида эса у ҳурматни давлат террорининг ёрдамида қўлга киритган.
Диктаторлик ваколатларига эга бўлган Дювалье вудуга аввалги мақомини қайтарди ва уни ҳокимият легитимлиги учун ижтимоий таянч сифатида шакллантиришга замин яратди. Франсуа вафотидан кейин унинг ишини ўғли Жан-Клод Дювалье давом эттирди. 2003 йилда эса Вуду Ҳаитининг расмий дини сифатида эътироф этилди.
Вуду таълимоти шу каби йўлни ўз ватани Африкада ҳам босиб ўтди. 1991 йилда Бенинда Нисефор Согло президент этиб сайланди. Кўп ўтмай у оғир касалликка чалиниб, фалаж бўлди. У Вуду сеҳргари томонидан шифо топган деб ҳисобланади. Миннатдорлик рамзи сифатида Согло Вудуни Бенинда насронийлик ва ислом билан баробар расмий дин деб эълон қилди.
2006-2016 йилларда президент бўлган Томас Яи Бони ҳам вуду коҳинлари ёрдамида сайловчилар эҳтиромини қозонган.
2008 йилда Франциянинг собиқ президенти Николя Саркозининг адвокати унинг “қўғирчоғи”га зарар етказиш бўйича йўриқнома илова қилингани учун ушбу Вуду қўғирчоқларини сотувдан олиб ташлашни талаб қилган.

АҚШда президентлик сайловлари арафасида, табиийки, Доналд Трамп қиёфасидаги вуду қўғирчоқлари пайдо бўлди.

Руандада эса маҳаллий футбол мусобақаларида ўз севимли жамоасини “сеҳр орқали” ғалаба қилдириш тақиқланганига бир йил бўлди.

Россияда Антон Симаков исмли вуду устаси 2014 йилда журналистлар ҳузурида товуқнинг бошини кесиб, унинг қони билан черков пардаларини “табаррук” қилгани учун жиннихонага тиқиб қўйилди. 2020 йили эса кўп йиллик алгоколизм асоратларидан вафот этди.
Шу тариқа Вуду оммавий маданият элементига айланиб бормоқда. Энди ҳар қандай одам душманининг қўғирчоғини ясаб, унга игна қадаб, ўз уйида истаган маросимни ўтказиши мумкин. Бу учун махсус бозорларга боришнинг ўзи кифоя: у ерда жодугарлик учун зарур бўлган барча нарсалар – ўсимликлардан тортиб, ҳайвон бошигача сотилади.
ХУЛОСА: тубсизликка назар
Вуду – бу инсон руҳиятининг ойнаси. У шафқатсиз, қасоскор, қўрқинчли бўлиши мумкин. Лекин унинг қаърида шифо топиш, аждодлар билан мулоқот қилиш ва маъно излаш истаги ҳам яшайди.
Вудудан қўрқиш – бу инсоннинг ўз ички соясидан қўрқишидир. Чунки Вудудаги жоду ва сеҳр – бу қарғиш ва лаънат эмас, балки инсон тақдирини идора қилишга бўлган ҳаракатнинг нақадар узоққа бориши мумкинлигини кўрсатувчи далил холос. Шу боис Вудуни қўрқинчли сир дейиш бироз нотўғри. Зеро инсоннинг энг қўрқинчли сирлари – бу ўзи ҳақидаги сирларидир...
Абулфайз Сайидасқаров