platina.uz
Таҳлил

Жаҳон уруш билан овора пайтда Хитой сиёсий харитани қайта чизмоқда

Бутун дунё Эрон-Исроил ўртасидаги зиддият ва бошқа можароларга чалғиб турган пайтда бир воқеа юз бердики, у шов-шув қилинмади, унга катта эътибор қаратилмади.

Жаҳон уруш билан овора пайтда Хитой сиёсий харитани қайта чизмоқда
Фотоколлаж: Platina.uz

Ҳозир бутун жаҳон Эрон ва Исроил ўртасида тобора кучайиб бораётган зиддият ва бошқа ҳудудлардаги янги можароларга чалғиб турган пайтда бир воқеа юз бердики, у шов-шув қилинмади, унга катта эътибор қаратилмади. Қозоғистонда “Хитой-Марказий Осиё” иккинчи саммити бўлиб ўтди.

Мазкур анжуманда ХХР раиси Си Цзинпин, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон президенти Сардор Бердимуҳамедов ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Сиан саммити ўтказилган пайтдан бери Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликнинг барча соҳалари бўйича якунларни сарҳисоб қилди, келгуси тараққиёт истиқболларини белгилади ва якдиллик билан “Хитой–Марказий Осиё руҳи”ни илгари суриш ҳақида қарор қабул қилди. Улар абадий яқин қўшничилик ва дўстлик тамойилларига содиқ эканликларини тасдиқлаб, Хитой ва Марказий Осиёнинг ягона тақдир ҳамжамиятини ривожлантиришда доимий янги ютуқларга эришиш учун биргаликда ҳаракат қилишга тайёр эканликларини билдиришди.

Бироқ унинг аҳамияти бутун бир минтақанинг сиёсий ва иқтисодий қиёфасини ўзгартириб юбора оладиган даража катта экани англаб етилмади.

Ҳар ҳолда озарбайжон сиёсатшуносларидан бири, публицист, тарихчи ва Озарбайжоннинг CBC телеканали журналисти Теймур Атаевнинг мақоласини ўқиб шундай таассурот туғилади.

Атаевнинг ёзишича, жаҳон матбуотидаги уруш сарлавҳалари соясида қолган ушбу анжуман, эҳтимол, 2025 йилнинг энг муҳим геосиёсий лаҳзаларидан бири бўлади. У шундай аниқ мужда йўлламоқда: Хитой нафақат Марказий Осиё билан алоқаларини чуқурлаштирмоқда, балки минтақадаги таъсир харитасини ҳам ўзгартирмоқда. Буни Ғарб эътиборсиз қолдира олмайди.

Глобал тартиб-ҳуқуқ тизими синовдан ўтаётган бир пайтда, Марказий Осиё Шарқ ва Ғарб ўртасидаги муҳим геосиёсий боғловчи ҳалқага айланмоқда. Илгари ушбу ҳудудга асосан Россия таъсири призмасида қаралса, эндиликда у тобора кўпроқ Пекиннинг кўпқутбли дунё концепцияси билан уйғунлашмоқда. Ва Хитой шунчаки мулоқот қилмаяпти – у бу минтақани узоқ муддатли стратегик интеграцияга тайёрлаяпти.

Президент Си Цзинпин саммитдаги нутқида Хитой ва Марказий Осиёнинг беш давлати ўртасида “ўзаро ҳурмат, ишонч ва юқори сифатли ривожланиш” асосида “умумий руҳ” шаклланаётганини алоҳида таъкидлади. Бу шунчаки популизм эмас. “Абадий дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома” имзолангани, бу руҳни нафақат сиёсий, балки инфратузилма, таълим, технология ва энергетика соҳаларида ҳам институционаллаштириш ниятидан дарак беради.

Энг муҳими, Хитой қашшоқликни қисқартириш, таълим ва чўлланишга қарши кураш бўйича учта янги минтақавий ҳамкорлик марказини ташкил этишини эълон қилди. Бу рамзий қадам эмас. Бу – Хитой таъсирини Марказий Осиё давлатларининг кундалик бошқарув муаммоларига – иқлимга мослашишдан тортиб инсон капиталигача – чуқур сингдириш ҳаракатидир. Бу – ёрдам эмас, стратегик давлатчилик сиёсатидир.

Саммит доирасидаги икки томонлама учрашувларда ҳам муҳим ечимлар муҳокама қилинди. Си Цзинпин ҳар бир шерикка алоҳида таклифлар берди: Туркманистон билан ресурсларга боғлиқ бўлмаган савдони кенгайтириш, Тожикистон билан инфратузилма лойиҳаларини жадаллаштириш, Қирғизистон билан сунъий интеллект ва яшил энергия соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштириш, Ўзбекистон президенти Мирзиёев билан минтақавий беқарорлик, хусусан, Исроилнинг Эронга берган зарбалари юзасидан хавотир изҳор қилинди. Бу шунчаки расмий мулоқот эмас – бу Хитойнинг минтақавий консолидацияси стратегиясининг йирик мозаик ифодасидир.

Шунингдек, саноат кооперацияси, яшил ресурсларга инвестиция ва “Бир камар – бир йўл” ташаббуси бўйича қатор ҳужжатлар имзоланди. Си Цзинпиннинг Марказий Осиё давлатларининг суверенитети ва хавфсизлигига қаратилган қўллаб-қувватлови ҳам Ғарб ва Россияга йўлланган муайян сигнал бўлди: эндиликда Пекин – минтақавий мустақиллик кафолатчиси ҳисобланади!

Хитой “юмшоқ куч” элементларини ҳам унутмаяпти. Конфуций институтлари ва анъанавий Хитой тиббиёти марказларининг фаолиятини кучайтиришга даъват этилгани – бу келажак авлодларга таъсир кўрсатиш, таълим, ахборот ва жамоатчилик фикрини шакллантириш борасида узоқ муддатли стратегияни кўрсатади.

Энди бу минтақа шунчаки геосиёсий тахта эмас, у ўз тақдирини ўзи белгилаётган, шерикларини ўзи танлаётган ва келажагини шакллантираётган сиёсий актёрга айланмоқда. Хитой учун эса Марказий Осиё – четдаги ҳудуд эмас, балки унинг янги дипломатик модели учун инвестицияларга, кўп томонлама ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка асосланган синов майдонига айланмоқда.

Ғарб сиёсатчилари бунга эътибор қаратиши лозим. Улар хавфсизликдаги тезкор кризисларга қараб турган бир пайтда, Хитой – жимгина, бир маромда – ҳарбий базалар ёки санкцияларсиз, балки боғланиш, таълим ва узоқ муддатли интеграция орқали таъсир доирасини кенгайтирмоқда. Хитой ва Марказий Осиё ўртасидаги иккинчи саммит – бу нафақат сигнал, балки тайёр режа. Ва у ишлаяпти. Бу жараённи эътиборсиз қолдириш – стратегик хато бўлади, деб ёзган журналист.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid