platina.uz
Мақола

Очилмаган сирлар: ойдаги сир-синоатлар

1972 йилда Ойга қўнган астронавтлар ўзга сайёраликларга дуч келган, улар ерликларга “бу жой банд, бошқа келманглар” деган эмиш. Албатта, булар аниқ илмий далиллар билан исботланмаган, интернетда “айланиб” юрган узуқ-юлуқ тахминлар холос. Бунинг устига совет космик дастурлари олган маълумотларнинг каттагина қисми ҳамон махфий қолаётгани ҳам ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилади. 

Очилмаган сирлар: ойдаги сир-синоатлар
Фотоколлаж: Platina.uz

Ой… Инсониятнинг неча минг йиллик ҳаётида бу сирли само объектининг роли жуда катта бўлган. Ойга қараб тақвим яратишган, ойга қараб хаёл суришган, ойга қараб экин-тикин қилишган. Ҳатто айрим руҳий касалликлар тўлин ой пайтида қўзғаб қолиши ва авжига чиқиши кўп бора кузатилган.

Ой – инсоният учун шунчаки Ернинг табиий йўлдоши эмас. У қадимий цивилизацияларда илоҳ, тақдир тимсоли, аёллик рамзи, ҳатто одам яшайдиган сирли олам сифатида ҳам тасвирланган.

Мусулмонлар эса Рамазон ойи келиши олдидан Ой чиқишини интиқиб кутишади. Ҳатто Усмонийлар империяси ҳам ўз рамзи сифатида янги ойни танлаган. Сабаби, Маҳмуд Иккинчи янги ой чиққанида Византия империяси пойтахти Константинополни забт этгани боис, Ой тасвирини тимсол ўлароқ танлаган эмиш. Нима бўлганда ҳам, ўшандан буён усмонийларнинг байроқларида, кейинчалик эса аксарият ислом давлатлари байроқлари ҳамда масжидлар гумбазида янги чиққан ой тимсоли тасвирланадиган бўлди. Аслида Исломнинг илк даврларида Ой сурати дин рамзи бўлмаган.

Илм-фан тараққиёт қилган ҳозирги даврда ҳам Ойга оид кўплаб саволлар жавобсиз қолмоқда. НАСАнинг собиқ маслаҳатчиси Ричард Хогланд “Ойга қараганингизда, табиатнинг оддий бир жисмини эмас, балки жавобсиз қолган саволлар чулғанган муаммони кўрасиз” деганда нақадар ҳақ...

Ойга боқиб, кўп саволлар хаёлимиздан кетмайди: нега айнан Ой шунчалик жумбоқли, сирли ва эҳтимол, сунъий тузилмага ўхшайди? Нега Ойда атмосфера йўқ? Нега Ой Ерга нисбатан синхрон айланади – яъни доимо бир юзи билан қараб туради? Ва энг муҳими: нега НАСА 1969-1972 йиллардаги миссиялардан кейин унга қайта экспедиция уюштирмади?..

Масофаси узоқ, бироқ дилларга яқин маъво

Ой – Ернинг ягона табиий йўлдоши. Ой – Қуёшга энг яқин жойлашган табиий йўлдош ҳисобланади, чунки Қуёшга яқин бўлган икки сайёра – Меркурий ва Венерада йўлдошлар йўқ. Ой осмонда Қуёшдан кейинги энг ёруғ ва кўзга кўринган иккинчи объект. Шунингдек, у Қуёш тизимидаги сайёраларнинг табиий йўлдошлари орасида йириклиги жиҳатидан бешинчиси ҳисобланади. Ер билан Ой марказлари ўртасидаги ўртача масофа – 384 467 км (0,00257 астрономик бирлик, тахминан Ер диаметрининг 30 баравари).

Ой билан Ер ўртасидаги аниқ мутаносиблик – табиатда кам учрайдиган, аниқроғи, умуман учрамайдиган “тасодиф”. Ой – Ерга нисбатан тахминан 400 марта кичик, лекин айнан 400 марта яқин. Шу туфайли Қуёш тутилиши вақтида Ой Қуёшни тўлиқ тўсади. Ердан қараганда, Ой ҳам, Қуёш ҳам бир хил катталикда кўринади. Бу математик мукаммаллик табиий эмас, сунъий кўринади. Ёки аксинча, жуда ҳам табииймикин?

Совет ва АҚШ зондлари топган маълумотлар ҳам саволлар туғдиради: ичи бўш тоғлар, чуқурлигига нисбатан паст кратерлар, симметрик ҳалқалар, ҳамда бир хил тартибда жойлашган тешиклар ҳали тўлиқ изоҳланмаган. Ҳатто Михаил Васин ва Александр Шербаков 1970 йилда "Ой сунъий объект бўлиши мумкин" деб баёнот берган эди. Ушбу фикрдан нафақат фантастика, балки олдиндан режалаштирилган мукаммал “лойиҳа”нинг ҳиди келади.

НАСА миссияларининг сирлари

НАСАнинг "Аполлон" дастури 1969-1972 йилларда Ойга олти марта астронавт юборди. Ойга жўнатилган ҳар бир миссияда диққатга сазовор ҳолатлар кузатилган бўлиб, уларнинг ҳаммасига ҳам жавоблар топилган, дейиш қийин.

Масалан, 1969 йилда “Аполлон 11” миссияси Ойдаги Тинчлик денгизи ҳудудига қўнди. Нил Армстронгнинг Ойга илк қадам қўйиши, “Бу инсон учун кичик қадам, аммо инсоният учун улкан сакраш”, дегани тарихга муҳрланди.

Шу йили “Аполлон 12” миссияси Шарқий Океанга қўнганида Ой сиртининг “жаранглаш” эффектига гувоҳ бўлишди. Бу товуш 55 дақиқа давом этган. Бу ҳодиса Ойнинг “ичи бўш” эканини тахмин қилишга сабаб бўлди. НАСА муҳитида бу ҳамон мунозарали масала сифатида сақланиб қолмоқда.

1971 йилда Фра Маурога қўнган “Аполлон 14” қаттиқ кратерларни тадқиқ қилди. 1972 йилда амалга оширилган “Аполлон 17” миссияси энг охиргиси бўлди. Негадир шундан кейин Ойга бошқа миссия жўнатилмади.

Нега? Молиявий сабабданми? Ёки техник муаммолар туфайлими? Сиёсий танглик юз бердими? Ёки янада чуқурроқ, ошкор қилинмаган хавф пайқаб қолинганми? Бу саволларга ҳамон жавоб йўқ.

Ахир 1972 йилдан бери инсоният ўта юксак тараққиётга эришди. Бироқ на АҚШ, на Россия ва на Хитой Ойга одамларни жўнатишни истамайди. Турли зондлар ва дистанцион мобил аппаратлар билан чекланишади. Ҳатто Илон Маск ҳам Марсни ўрганиш ва ўзлаштиришга бел боғлаган. Эҳтимол улар биз билишимиз керак бўлмаган нарсалардан хабардор бўлса-чи?!

Айрим назарияларга кўра, 1972 йилда Ойга қўнган астронавтлар ўзга сайёраликларга дуч келган, улар ерликларга “бу жой банд, бошқа келманглар” деган эмиш.

Ойни Луноходлар ёрдамида тадқиқ этган совет мутахассислари ҳам Луноход йўлини каттакон қисқичбақага ўхшаш мавжудот тўсгани ва лотин тилида “бу ерга бошқа келманглар” деган сигнал жўнатган эмиш. Албатта, булар аниқ илмий далиллар билан исботланмаган, интернетда “айланиб” юрган узуқ-юлуқ тахминлар холос. Бунинг устига совет космик дастурлари олган маълумотларнинг каттагина қисми ҳамон махфий қолаётгани ҳам ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилади.

Муқобил назариялар: уфологлар ва бошқа қарашлар

Уфологлар назариясига кўра, Ой Ернинг табиий эмас, сунъий йўлдоши бўлиб, қадимги цивилизация томонидан Ерни кузатиш ёки назорат қилиш учун ўрнатилган эмиш. НАСА архивидаги баъзи суратлар – нотўғри соялар, иккиламчи ёруғлик манбалари, турли бурчакда акс этган объектлар – ушбу фикрларга “далил” сифатида келтирилади.

Ой юзаси ҳозирга келиб деярли суткасига 24 соат кузатилади. Катта расадхоналар, ҳаваскор астрономлар, турли радиоантенналар шу билан машғул. Шундай кузатувлар натижасида олинган суратларда Ой сиртида қандайдир ёруғ нуқталарнинг учиб юргани, гоҳида ҳавода муаллақ қотиб қолиб, кейин яна учиб, Ой сиртидаги тешикларга кириб кетгани акс этган.

Бу тасвирларни интернетда кўплаб кўриш мумкин. Бу тасвирлар ҳали фотошоп ва сунъий интеллект бўлмаган даврларда олинган. Улар қандай жисмлар? Мақсадлари нима? Нега Ойга қўнган астронавтлар уларга дуч келмаган?..

Янада мароқлиси – “мегаструктура” назарияси бўлиб, унга кўра, Ой – қуёш панеллари, сигнал ретранслятор антеннаси ёки бошқарув маркази бўлган улкан сунъий объект ҳисобланади. Бу назария илмий асосдан йироқ эса-да, жамоатчилик онгида ўз мухлисларини топа олган.

Мукаммал ва... тушунарсиз ойна

Ой Қуёш нурини ойна каби қайтариб, Ерни тунда ёритади. Бироқ, физик оптика қонунларига кўра, шарсимон объект нурни қайтарса, ўртаси ўта ёруғ кўриниб, четларидан қайтган нурларнинг тушиш ва қайтиш бурчаги фарқли бўлгани учун, Ой четлари хирароқ кўриниши керак. Бироқ Ойни кузатсангиз, унинг бутун юзаси бир хил ёрқин тусда кўринади. Қизиқ жиҳати, самодаги бошқа йўлдош ва сайёраларнинг сирти Ой каби ойнадек нур қайтармайди. Бироқ айнан Ой сиртидаги тупроқ шундай хусусиятга эга. Бу ҳам тасодифми? Ёки табиийликми?..

Жумбоқли гравитация

Ойнинг тортишиш кучи шунчалик нозик мувозанатлашганки, у ер сиртидаги океанлар сувини ўзига тортиши боис, тўлқинлар тебраниб, кўтарилиб ва пасайиб туради. Бироқ... Қуёшнинг Ерга таъсир қилувчи тортишиш (магнит) кучи Ойникидан 200 марта кучлироқ! Лекин негадир айнан Ойнинг кучи денгизларга таъсир қилади!

Буни албатта илм-фан тушунтиришга уринади. Масалан, Ойнинг сиртидаги ҳар хил ҳудудлар ҳар хил тортишиш кучига эга. Думалоқ магнит шарни тасаввур қилинг. Аслида унинг барча юзаси бир хил тортиши керак. Бироқ Ойда бу қонуният ҳам ишламайди. Олимлар буни Ой ичида катта бўшлиқлар борлиги ёки худди торт ичидаги майизлар каби оғир металли катта ҳажмли бирикмалар борлиги билан изоҳлашади.

Сирли кратерлар

Яна бир жумбоқли жиҳат ҳам бор. Маълумки, ой юзида кўплаб кратерлар – метеоритлар ва баъзан астроидларнинг урилиши натижасида ҳосил бўлган чуқурликлар мавжуд. Мантиқ бўйича, тепадан 90 градусда тик тушган жисм бенуқсон доира шаклида чуқурлик қолдириши керак. Қия бурчакда тушган жисмлар эса бир тарафи чўзинчоқ, овал из қолдириши лозим. Ой минглаб йиллар давомида ҳар хил бурчакда тушган осмон жисмларидан “жабр” кўриб келади. Бироқ... Ойдаги кратерлар диаметри ва чуқурлиги бўйича фарқ қилса ҳам, уларнинг ҳаммаси бир текис доира шаклида! Ундан-да ғалати жиҳати – айрим кратерлар симметрик тарзда, бир-биридан бир хил узоқликда, бир қатор бўлиб жойлашган. Гўёки атайлаб, ўлчаб, маълум бир чизма асосида чуқурлар ясалганга ўхшайди!

Яна ҳам қизиқ жойи, Ойга тушган метеоритлар қолдирган изларнинг айримлари 200 километр диаметр катталикда бўлса-да, чуқурлиги атиги 4 километр холос! Агар шундай кенг из қолдирадиган жисм Ер юзига қулаб тушса, камида 50 км чуқурлик ҳосил қилади. Яна тағин Ерда ҳаво – атмосфера бор, у қаршилик кўрсатиб, бегона жисм тезлигини ва ҳажмини (ёндириб) камайтиради. Ойда эса қаршилик қила оладиган атмосфера ҳам йўқ. Лекин Ойга урилган жисм уни қаттиқ теша олмайди.

Яна бир сирли жиҳат – бу “Ой денгизлари” деб аталувчи ҳодиса. Улар Ой юзидаги улкан миқёсдаги музлаган лава майдонларидан иборат бўлиб, гўёки осмондан тушган метеорит Ойга урилганида, йўлдош ичидаги суюқлик ташқарига худди вулқон лаваси каби оқиб чиқиб, қотиб қолганга ўхшайди. Бу жараён эҳтимол метеорит тушиши натижасида содир бўлган бўлиши мумкин. Албатта, бу каби ҳодиса Ер сайёраси учун табиий – Ернинг қаъри қайноқ, Ер пўстлоғи “йиртилса”, ичидаги қайноқ лава вулқон бўлиб отилиб, атрофга ёйилиб қотиб қолади.

Бироқ, Ойнинг ўлчамига қараб, унинг азалдан совуқ, “ўлик” жисм бўлганини тахмин қилиш мумкин. Лава қаердан оқиб чиққан?

Бундан ташқари, Ойдаги денгизларнинг 80 фоизидан ортиғи айнан унинг ўнг томонида жойлашгани ҳам сирлигича қолмоқда. Ахир осмондан тушадиган жисмлар жой танлаб тушмаса керак?!

Сунъий ва мукаммал шар

Ойнинг шакли ҳам табиий кўринмайди. Маълумки, осмон жисмлари мукаммал тарзда думалоқ эмас. Бир файласуфнинг айтишича, табиат тўғри чизиқлар ва тўғри бурчакларни ёқтирмайди. Тўғри чизиқдек дарё, тўғри учбурчак тоғни учратиб бўлмайди. Ҳатто Ер ҳам думалоқ тарвуз эмас, бироз чўзиқроқ кўкча қовун шаклида.

Лекин....Ой идеал тарзда шар шаклида! Худдики одамлар ясаб, фазога чиқариб қўйгандек тасаввур уйғотади.

Ойнинг ҳажми ҳам ғалати. Одатда, ҳаттоки Қуёш тизимидаги Ердан бошқа сайёраларнинг атрофида айланувчи табиий йўлдошлари ўз сайёрасидан бир неча 10 марта кичкина бўлади. Лекин Ой – Ер диаметринииг тўртдан бир (25 фоиз) қисмига тенг. Бундай баҳайбат йўлдошнинг тортишиш кучи жуда катта бўлиши ва охир-оқибат Ерга қулаб тушиши керак эди. Лекин Ой ҳамон бир маромда, ўз орбитасини 1 миллиметр ҳам ўзгартирмаган ҳолда айланишда давом этмоқда. Буни олимлар Ойнинг ҳажми катта бўлса-да, нотабиий равишда вазни енгиллиги билан (эҳтимол ичи бўшлиги учун!) изоҳлашади.

Қолаверса, агар Ой фазодан учиб келиб, Ер ёнидан ўтаётганида Ер уни ўз тортишиш кучи орқали “арқонлаб олган” десак, бундай оғир жисмни тўхтатиб қолишга шунчаки Ернинг “кучи” етмаган бўлар эди. Шу боис, олимларнинг тахминича, Ер бундан 4,5 миллиард йил аввал Тейей деган протосайёра билан тўқнашиб кетган ва узилиб-отилиб кетган бир бўлак жисм Ойга айланган эмиш. Лекин деярли ўзининг ярмича келадиган жисмга “хўжайинлик” қилиш Ерга насиб этгани барибир тушунарсиз...

Сирлар, сирлар, сирлар...

Умуман олганда, ҳайратда қолдирувчи қонунийлик ва тасодифлар кўп.

Масалан, юқорида айтилганидек, Ой тутилганида Қуёш дискини тўлиқ қоплайди. Кўриниш бурчаги тенг, чунки Ер, Ой, Қуёш ўқи ҳам нотабиий равишда, бир вақтда “ўта” мос равишда тўғри келиб қолади.

Шунингдек, Ер билан Қуёш орасидаги масофа Қуёш диаметрига нисбатан 108 марта катта. Қуёш диаметри эса Ер диаметрига нисбатан тахминан 108 марта катта. Ердан Ойгача бўлган масофа ҳам Ой диаметрига нисбатан 108 марта катта. Ер ҳажми 1 080 000 миллион км³, Ойнинг радиуси эса 1 080 мил (1 737,4 км) ни ташкил этади.

Рақамнинг такрорланишини қаранг: 108, 108, 108... Бу ҳам тасодиф эканига ишониш қийин.

Илмий фикрлар: тахмин ёки далил

Илмий жамоатчиликнинг кўпчилиги юқоридаги назарияларни "нонсенс" деб баҳолайди. НАСАнинг собиқ муҳандисларидан бири Фаррух Челак бундай дейди:

“Ойнинг тузилиши ва ҳаракатлари табиий жараёнлар билан тўлиқ тушунтирилади. Сирлар йўқ – фақат ҳали тушунтириб берилмаган жиҳатлар бор холос”.

Шу нуқтада бир саволга қайта-қайта дуч келамиз: илм-фан Ой борасидаги саволларимизга жавоб бера оляптими ёки фақат таскин бериш, онгимиздаги мавҳумликни шунчаки тўлдириш учун хизмат қиляптими? Бу ҳамон очиқ савол бўлиб қолмоқда.

Америкалик астроном Карл Саган айтганидек, “савол бериш – илмнинг бошланишидир. Агар сиз қониқарсиз жавоб билан қониқсангиз, демак, сиз билим эмас, шунчаки таскин истагансиз.”

Абулфайз Сайидасқаров

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid