platina.uz
Бизнес

Қувада гилос сайли бўлиб ўтди

"Микрокредитбанк" 4 минг нафарга яқин аҳоли ва қишлоқ хўжалиги субъектларига 50 млрд сўмдан ортиқ имтиёзли кредит ажратиб, мевали боғлар ташкил этишга ёрдам берди. 

Қувада гилос сайли бўлиб ўтди

2025 йил 28 май куни Фарғона вилояти Қува туманида "Гилос сайли" фестивали ўтказилди. Тадбир "Микрокредитбанк" АТБ ҳамда "Қува-Агро Стар" МЧЖ томонидан ташкил этилди. Унда банк раҳбарияти, вилоят ва туман ҳокимлиги мутасаддилари, боғбонлар, тадбиркорлар, сайёҳлар, ОАВ ҳамда аҳоли вакиллари иштирок этди.

Банк ахборот хизмати хабар беришича, тадбирда мевали боғ яратиш истиқболлари, юртимизда етиштирилган меваларнинг хорижга экспорт қилиш имкониятлари, эришилган натижалар, галдаги вазифалар муҳокама қилинди.

Мазкур фестивал доирасида агросаноат соҳасини ривожлантириш, экспорт салоҳиятини ошириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар юзасидан семинар ташкил этилди.

Шунингдек, "Гилос сайли" доирасида "Микрокредитбанк" АТБ мутасаддилари томонидан сўнгги ойларда Қува туманида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар тақдимот қилинди ва бу ҳақда батафсил маълумот берилди.

Таъкидланишича, жорий йилнинг 30 январида бўлиб ўтган йиғилишда Президент томонидан тижорат банкларига аниқ ҳудудлар бириктирилиб, улар орқали аграр соҳани қўллаб-қувватлаш топширилган эди.

"Микрокредитбанк"ка Қува тумани бириктирилди. Шунга мувофиқ, Қува туманида "Қува-Агро Стар" МЧЖ, Фарғона туманида эса «Фарғона-Агро Стар» лойиҳа офиси ташкил қилинди.

Мазкур тузилмалар орқали:

  • аграр соҳада ўқув-семинарлар ташкил этилди (жумладан, туркиялик мутахассис ва маҳаллий агрономлар иштирокида 10 та семинар);

  • Белоруссиядан халқаро эксперт жалб этилди;

  • аҳоли томорқалари ва ижара ерлари хатловдан ўтказилди;

  • 8 та, умумий қиймати 11,2 млрд сўмлик (8 млрд сўми кредит) лойиҳалар шакллантирилиб, «Боғдорчилик» кредит маҳсулоти асосида молиялаштирилди;

  • Қува ва бошқа туманларда музлаткичлар, қадоқлаш ва консервалаш инфратузилмалари қурилиши бошланди.

Банк томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 4 минг нафарга яқин аҳоли ва қишлоқ хўжалиги субъектларига 50 млрд сўмдан ортиқ имтиёзли кредит ажратилиб, мевали боғлар ташкил этишга ёрдам берилди.

Бу ишлар ҳудудда экспорт салоҳиятини оширишда ҳам ўз самарасини кўрсатмоқда. Мисол учун, 2025 йил 27 май ҳолатига кўра, республика бўйича гилос — 13 минг тонна 23,5 млн долларлик, ўрик — 8 минг тонна 6,5 млн долларлик, қуритилган ўрик (туршак) — 6,2 минг тонна, 9,2 млн долларлик маҳсулот экспорт қилинди.

Шунингдек, жорий йилнинг феврал-май ойларида Қува, Ўзбекистон ва Бешариқ туманлари ҳамда Қувасой шаҳридаги 236 та хонадонга 11 минг дона мевали дарахт кўчатлари етказиб берилди ва экилди.

Хулоса қилиб айтганда, Қува туманида амалга оширилаётган ислоҳотлар қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, экспорт салоҳиятини ошириш ва аҳоли фаровонлигини таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда.

Тавсия этамиз

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid