platina.uz
Мақола

Кўринмас фронт жангчилари: Моссаднинг “Мусо операцияси”

Моссад агентлари бу курорт ҳудудида худди актёрлардек яшаган: кундузлари эркин кулишар, туристларга илтифот ва иззат билан хизмат қилишар, тунда эса асл қиёфасига – ҳаёт ва мамот ўртасида кўприк вазифасини ўтаётган совуққон Моссад агентлари қиёфасига қайтишар эди.

Кўринмас фронт жангчилари: Моссаднинг “Мусо операцияси”
Фотоколлаж: Platina.uz

1980-йиллар бошида Ҳабашистон (Эфиопия) осмонидаги қора булутлар янада қуюқлашди. Қўзғолонлар, фуқаролик уруши ва хавфли сиёсий зиддиятлар нафақат ҳокимиятни, балки бутун мамлакат тақдирини ларзага солар эди. Энг кўп азият чекканлардан бири бу – тарих қатламларида унутилиб қолиб кетган Африкадаги қадимий яҳудий диаспораси – фалаша яҳудийлари эди (улар шунингдек, “Бета Исроил” жамоаси ёки “фалаша” деб ҳам аталади). Фалашаларнинг илдизлари қадимий Исроилга бориб тақалса-да, замонавий дунё уларни унутиб қўйгандек эди.

Улар овқатсиз, сувсиз қолишганди. Қора замин қуриб, болалар шунчалик чанқаган эдики, овқат ўрнига худодан ёмғир сўраб илтижо қилишар эди. 1983-1984 йилларда Ҳабашистондаги фуқаролик уруши ва 1983 йил қурғоқчилиги ортидан келган очарчилик туфайли минглаб ҳабашистонлик яҳудийлар Ҳабашистоннинг шимолига ва Суданнинг жанубига пиёда қочишди. Бироқ улар таъқиб ва ўлим хавфидан омон қолишни умид қилган Судан давлати ҳам хавфсиз эмас эди.

1983 йили Ҳабашистон Суданга қарши “Қизил юлдуз” операциясини ўтказди. Бу операциянинг асосий мақсади ҳабашистонлик фуқаролар, жумладан, фалаша яҳудийларининг Суданга қочишининг олдини олиш эди.

Ҳабашистондан Суданга узун ва хатарли йўл фалашалар учун нажот сингари кўринса-да, бу мамлакатда ҳам тенгсизлик ва тазйиқ уларни кутарди. Бу ерда улар хавфсиз ҳаётга эмас, яшаш шароити оғир лагерлар, миллатчилик ва сиёсий беқарорликка дуч келишди. Қумлоқ лагерларда, шох-шабба остида яшаган фалаша яҳудийлари “қанийди яна Мусо келсаю, худди яҳудийларни Миср фиръавни чангалидан қутқариб, Фаластинга олиб кетгани каби бизни ҳам қутқарса эди”, деб жимгина дуо қилишар эди.

Қутқарув режаси: Моссад ва “Мусо операцияси”

Дунё сукут сақлар экан, Исроил ушбу сукунатни бузишга мажбур бўлди. Тел-Авивдаги тор йўлакларда, махфий идораларда, қалин деворлар орасида махсус муҳокамалар бошланди. Моссад раҳбарлари катта ишга – бир халқни тарихий илдизларига қайтариш, уларни ўлим чангалидан тортиб олишга қўл уришга аҳд қилишди. Шу тариқа “Мусо операцияси” (иврит тилида – מִבְצָע מֹשֶׁה‎ – “Мивца Моше”) ишлаб чиқилди.

Бу операцияга қўйилган ном тасодифий эмас эди. Мусо пайғамбар яҳудийларни фиръавн қуллигидан қутқаргани каби улар ҳам Ҳабашистон яҳудийларини қулликдан ва тутқунликдан озод қилишлари керак эди. Аммо бу сафар қаҳрамонларнинг қўлларида Мусо тутган мўъжизали ҳасса эмас, балки радиация, ихтиёрларида эса хуфия агентлар, самолёт ва кемалар бор эди...

1975 йилда Исроил бош раввинлиги ҳабашистонлик яҳудийларни яҳудий миллатига мансуб деб тан олди, 1977 йилда эса уларнинг репатриациясига рухсат бериш ҳақида қарор қабул қилинди.

Ҳабашистондан Судандаги йиғилиш нуқталарига олиб борадиган йўл тоғлар ва чўллар орқали ўтар ва бир неча ҳафтадан 3 ойгача давом этар эди. “Очлик, оғир сафар, йўлбошчилар томонидан талончилик, маҳаллий ҳокимиятлар зўравонлиги” оқибатида тахминан 4 минг ҳабашистонлик яҳудий ҳалок бўлди.

1984 йил ёзида вазият кескин ёмонлашди. Эритреялик исёнчиларнинг муваффақиятидан сўнг, Ҳабашистон махсус хизматлари фалаша яҳудийларини “муваффақиятсизликда ва эритреялик сепаратистлар билан ҳамкорликда” айблаб, уларни оммавий равишда қатл этишни бошладилар. “Ҳабашистонлик яҳудийлар оммавий равишда мамлакатдан қоча бошлади. Бу вақтга келиб, Исроилда Хартум – Тел-Авив ҳаво йўли орқали уларни эвакуация қилиш учун етарли авиация кучлари қолмаган эди.

Шу боис, Моссад ва Исроил ҳарбий-денгиз кучлари ёрдамида – улар махфий равишда Судан ва Ҳабашистонга етиб келишди – фалаша яҳудийларини гуруҳларга бўлиб Қизил денгиздаги Судан соҳилига олиб чиқиш ва кейинроқ денгиз йўли орқали кемаларда эвакуация қилиш ҳақида қарор қабул қилинди. Операциянинг денгиз қисми 1984 йил 21 ноябрда бошланди.

...Аруса – Суданнинг Қизил денгиз бўйидаги ташландиқ қишлоқ. Бу ерда Моссад агентлари “дайвинг курорти” номида база очишади. Маҳаллий ҳокимият ҳам, четдан қараган одам ҳам бу ерга хорижий сайёҳлар келиб, сув остидаги ҳаётни кузатади, деб ўйлашар эди. Аслида эса бу ерда тун қоронғусида лагерлардан келтирилган фалаша яҳудийлари сув ости саёҳатига эмас, Исроилда уларни кутаётган янги ҳаёт сари сафарга жўнатилар эди.

Моссад агентлари бу курорт ҳудудида худди актёрлардек яшаган: кундузлари эркин кулишар, туристларга илтифот ва иззат билан хизмат қилишар, тунда эса асл қиёфасига – ҳаёт ва мамот ўртасида кўприк вазифасини ўтаётган совуққон Моссад агентлари қиёфасига қайтишар эди. Фалаша яҳудийлари кемаларга юк каби жим ва чиптасиз чиқарилар, тун чодири остида, ой нурида милтираётган тўлқинлар устида уларнинг янги тақдири ёзилар эди.

Операция миқёси ва натижалари

1984 йилнинг ноябри – ҳудди кинофилмларджа тасвирланадиган тарзда драматик тус олган 8 ҳафта бошланади. Очиқ осмон, денгиз соҳили ва тун пардаси ҳимоясида янги муҳожирларни жўнатиш тезлаштирилди. Бу вақт ичида тахминан 14 000 фалаша яҳудийлари қутқарилди. Улар орасидаги қарийб 1500 нафар болаларнинг тийрак кўзлари энди дунёга янги ишонч ва умид билан боқар, кексаларнинг ажинларида эса тарихнинг яна бир янги, аммо ўта муҳим қатлами чуқур из бўлиб муҳрланар эди.

Ҳар бир кема, ҳар бир рейс – бу нафaқат логистик, балки маънавий жасорат ҳам эди. Аммо ҳар қандай афсонада тўсиқлар бўлади. Операция ҳақидаги хабарлар оммавий ахборот воситалари орқали тарқалиб кетади.

Натижада араб мамлакатлари Судандан ҳаво қатновларини тўхтатишни талаб қила бошлади. Шундан кейин совет иттифоқи ва Нимейри бошчилигидаги Судан ҳукумати Исроилнинг ноқонуний ва рухсатсиз жосуслик амалиётини танқид қилиб кескин баёнотлар билан чиқишди ва 1985 йил 5 январда мазкур операция тўхтатилди. Қолган 800 нафар репатриант 1985 йил январ ойида АҚШ вице-президенти катта Жорж Буш ёрдамида, МРБ ишлаб чиққан ва амалга ошган “Йехошуа” операцияси доирасида Исроилга олиб келинди.

Кўплаб оилалар яна 7 йил давомида бир-бирлари билан топиша олмади. Исроил томонидан “Соломон” операцияси ўтказилганидан кейингина улар қайта бирлашиш имконига эга бўлдилар. Бу операция давомида 1991 йил 24 май кунидан бошлаб 36 соат ичида ҳаво орқали Ҳабашистондан 14 мингдан ортиқ репатриант эвакуация қилинди. Улар денгиз йўллари орқали олиб чиқиб кетилди.

Тарихдаги ўрни ва маънавий аҳамияти

“Мусо” – бу шунчаки Моссаднинг махфий операцияси эмас. Бу инсон ҳаётининг қадри, миллатга чуқур ҳурмат ва инсонпарварликнинг юксак намунаси сифатида баҳоланди. У бутун дунёга бир ҳақиқатни кўрсатди: ҳатто собиқ истилочиларининг оёғини ўпишни ва таъзим қилишни тўхтата олмаётган, зеҳниятидаги қуллик тафаккуридан қутула олмаётган бошқа аянчли халқлардан фарқли ўлароқ, яҳудийлар ўз миллатдошлари ва диндошларини ҳеч қачон фалокат қаршисида ёлғиз ва ҳимоясиз ташлаб қўйишмайди! Ҳатто бутун дунё қарши турса-да, ўз мақсадларига эришмай қўймайди.

Исроил учун бу фақат геосиёсий ютуқ эмас, балки янги сиёсий-руҳий янгиланиш бўлди. Фалаша яҳудийлари бугунги кунда мамлакатнинг ажралмас қисмига, тарихнинг тирик шоҳидларига айланган. Улар ўзларининг ҳикоялари билан бугунги ёшларга шундай сабоқ беришади: “Худди тун ортидан албатта кун келганидек, умид ва дуо ортидан албатта нажот келади!”

Хулоса: кўринмас фронтдаги қаҳрамонлар

“Мусо операцияси” – бу тарихнинг тилсиз қаҳрамонларига ёзилган мадҳия. У ерда автомат эмас, ақл ва маккорлик жанг қилди; зўравонлик эмас, стратегик фикр ва тиришқоқлик устунлик қилди. Бугунги кунда Исроилдаги ҳабашистон яҳудийлар диаспораси айнан шу операция туфайли тинч ва қўрқувсиз яшаб келмоқда. Ва энг муҳими – бу операция фақат жосуслар ҳақида эмас, балки инсонийликка бағишланган қисса бўлиб тарихга ёзилди.

2007 йилда Қуддусдаги Ҳерцл тоғида Ҳабашистондан Суданга олиб кетиш жараёнида Исроилга етиб боришга уринаётган пайтда ҳалок бўлган 4 минг нафар ҳабашистонлик яҳудий хотирасига бағишлаб ёдгорлик ўрнатилди.

“Мусо операцияси”ни ўрганиб шундай хулосага келиш мумкин: энг муҳим жанглар баъзан фронт чизиғида эмас, балки ўз миллати ва динига садоқат ҳамда жасорат билан йўғрилган, бироқ бегона кўзларга кўринмайдиган сўқмоқларда кечади.

Абулфайз Сайидасқаров

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid