platina.uz
Жамият

2 нафар ички ишлар ходими катта пора билан ушланди

Улардан бири олдин ҳам ИИБ ходими бўлиб ишлаб, кейин бўшатилган, аммо негадир яна хизматга қайта тикланган.

2 нафар ички ишлар ходими катта пора билан ушланди

ДХХ Call-марказига мурожаат қилган Тошкент вилоятида яшовчи фуқародан вилоят ички ишлар ходимининг ўз хизмат ваколатини суиистеъмол қилган ҳолда коррупцион жиноятларни содир этиб келаётгани хусусида маълумотлар олинди.

Мурожаатга кўра, ИИБ ходими Жиноят кодексининг 210, 131, 135, 206, 207, 165-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда терговда бўлган собиқ ички ишлар ходимига суд идораларидаги танишлари орқали енгилроқ жазо тайинланишида ёрдам бериш эвазига унинг яқин қариндошларидан 20 минг АҚШ доллари талаб қилган. 16 май куни ДХХ ва ИИВ тезкор бошқармалари ҳамкорлигида ўтказилган фаол тадбир давомида, ИИБ ходими 1995 йилда туғилган фуқаро “А.Б.”дан 20 минг АҚШ долларини олган вақтида жиноят устида ушланди.

Яна бир ҳолатда 17 май куни ДХХ томонидан Бош прокуратура хузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти ҳамда ИИВ тезкор бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган фаол тадбирда Тошкент вилояти Янгийўл тумани ички ишлар ходими Жиноят кодексининг 103 ва 112-моддалари билан айбланиб, 8 йил 5 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган маҳкумга жазо муддатини Тошкент шаҳар суди мансабдор шахслари имконияти орқали тафтиш инстанциясида камайтириб беришни ваъда қилиб, маҳкумни таниши “Н.Н.”дан 24 минг АҚШ доллари миқдорида пора олаётган вақтида жиноят устида ушланди.

Тадбир жараёнида унинг ёнидан адвокатлик ва ҳакамлик суди судяси гувоҳномалари ҳамда ИИВнинг лавозимга тайинлаш тўғрисидаги буйруғи нусхаси топилди.

Таъкидлаш керакки, ушбу ходим 2014 йилга қадар ички ишлар идораларида ишлаб, 2022 йилдан эса адвокатлик фаолияти билан шуғулланиб келган. Жорий йилнинг апрел ойида унга яна бир бор имконият берилиб, ички ишлар идораларига қайтадан тикланган. Афсуски, ишга тикланганига 2 ой бўлмаган бу ходим коррупцион ҳаракатларни такроран содир этган.

Ҳар икки ҳолат юзасидан тақдим этилган материаллар асосида Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми ва 28, 211-моддаси 3-қисми билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid