“Микрокредитбанк” маҳаллаларга салкам 2 трлн сўм кредит ажратди
Аҳоли турмуш даражасини ошириш ва камбағалликни камайтириш бўйича эса жами 3,6 трлн сўмлик кредитлар берилди.

Аҳоли турмуш даражасини ошириш ва камбағалликни камайтириш борасида президент 2024 йил 16 декабрдаги видеоселектор йиғилишида банклар олдига бир қатор вазифалар қўйди. Ушбу топшириқларни амалга ошириш мақсадида “Микрокредитбанк” махсус чора-тадбирлар дастурини қабул қилди.
Бугун банк ахборот хизмати раҳбари Сарвар Очилов ушбу дастур доирасида амалга оширилаётган асосий ишлар ҳақида қисқача маълумот бериб ўтди.
Биринчи йўналиш – маҳаллабай ишлаш тизими
Банк таркибида махсус департамент, ҳудудларда “маҳалла сектори” ташкил этилди. 1121 та маҳаллага 332 нафар “маҳалла банкири” ва ҳар бир маҳалларда ёрдамчи агент бириктирилди. Улар орқали аҳоли эҳтиёжларини ўрганиш ва мақсадли молиявий хизматларни етказиш тизими йўлга қўйилди.
Иккинчи йўналиш – кредитлаш орқали фаол қўллаб-қувватлаш
Жорий йилнинг ўтган 4 ойида банк томонидан жами 3,6 трлн сўм кредит ажратилди. Бунинг 1,8 трлн сўми бевосита маҳаллалардаги аҳоли ва тадбиркорларга тўғридан-тўғри етказилди. “Оилавий тадбиркорлик”, “Бизнесга биринчи қадам”, “Маҳалла лойиҳаси” каби дастурлар бу жараённинг асосий таянчига айланди.
Учинчи йўналиш – иш ўринлари яратиш
Бу борада январ-апрел ойларида банк кўмагида қарийб 122 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланди, шундан 76 минг нафари тадбиркорликка жалб этилди. Хусусан, 18 мингдан ортиқ микролойиҳа амалга оширилиб, 38 мингга яқин янги иш ўрни яратилди.
Тўртинчи йўналиш – банк мижозлари билан ўтказилган учрашувлар
Ҳисобот даврида банк мижози бўлган 17 минг нафар тадбиркор билан 1100 маротаба учрашувлар ўтказилди. Учрашувларда кўтарилган мурожаатларнинг 5 мингдан ортиғи ижобий ҳал қилиниши натижасида 6 мингга яқин янги иш ўрни яратилди.
Бешинчи йўналиш – ижтимоий ташаббуслар
Бухоро вилоятида камбағал оилаларга 900 млн сўмга яқин ҳомийлик маблағлари ҳисобидан хонадонларни таъмирлаш, чорва моллари, қўй ва паррандалар, томорқасида экин экиши учун уруғ ва агротехникага, тикув машина, иссиқхона, мактаб ҳудудида спорт майдончаси (воркаут,) гўзаллик салонлари ташкил этилди. Бундан ташқари, 53 та маҳалладаги 380 та камбағал оилага 10 минг дона мевали кўчатлар тарқатилди.
Олтинчи йўналиш – туризмни ривожлантириш
Яқинда фойдаланишга топширилган Хоразм вилояти Хива шаҳридаги “Арда Хива” туристик мажмуаларида банк томонидан меҳмонхона, савдо мажмуалари барпо этилди. Лойиҳаларни амалга ошириш учун танлов асосида пудратчи корхоналар жалб этилиб, 185 млрд сўм инвестиция киртилди.
Бугунги кунда “Арда Хива” лойиҳасида қурилиш ишлари якунига етказилиб, фойдаланишга топширилди, натижада 300 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди.
Шунингдек, 2024 йил 29 ноябрдаги ПҚ-410-сонли қарорига асосан, Хива шаҳридаги “Тўрт Шоввоз” маданий мерос объектига туташ 6,2 гектар ер майдонида Ҳунармандлар марказини барпо этиш белгиланган. Мазкур лойиҳани молиялаштириш мақсадида MKB Kasana Invest Group МЧЖ устав капиталига яна 435 млрд сўм инвестиция киритиш белгиланган.
Еттинчи йўналиш – намунавий лойиҳалар доирасида аҳолига ижарага берилган 1741 гектар ерда “Бир контур – бир маҳсулот” асосида деҳқончилик учун 159 та лойиҳага 2,2 млрд сўм имтиёзли кредитлар орқали юқори даромадли, экспортбоп маҳсулотлар етиштирилмоқда. Шунингдек, “Супер лойиҳа”лар доирасида “етиштириш – қайта ишлаш – сотиш” занжири яратилади.