platina.uz
Мақола

Руҳият қирралари: Даннинг-Крюгер эффекти

Энг умидсиз одам – билмайди ва билмаслигини ҳам билмайди – у аҳмоқ, ундан сақланинг. Бу эффект таъсиридаги одамлар айнан мана шу тоифага мансуб бўлишади.

Руҳият қирралари: Даннинг-Крюгер эффекти
Фотоколлаж: Platina.uz

Дунёда энг билимдон, ҳамма нарсадан бохабар, ҳамма соҳада маслаҳат бера оладиган касб эгалари кимлар, биласизми? Булар – таксичилар ва сартарошлар! Ҳар ҳолда уларнинг айримлари билан суҳбатлашсангиз, шундай таассурот уйғонади.

Улар мамлакатни қандай бошқариш, футбол ўйнаш, эртага доллар кўтарилиши ёки пасайиши ёки дунёдаги уруш ва низоларга қандай ечим топиш ҳақида ҳамма нарсани “билишади”. Қатъий хулосалар қилишади, кескин фикрлар билдиришади.

Лекин ҳақиқий сиёсатчилар, мураббийлар ва иқтисодчилар эса кўплаб эҳтимолларни инобатга олган ҳолда эҳтиёткорона баёнотлар беришади ва қуйидагича фикр юритишади: “Агар мана бу омиллар ишласа, шундай натижа бўлиши мумкин. Лекин бу аниқ эмас, чунки фавқулодда яна нимадир содир бўлиб қолиши мумкин…”

Ёки тажрибали шифокор ҳузурига келган беморда қандай хасталик бўлиши мумкинлигини дарров тахмин қилса ҳам, барибир беморга ўнлаб тестлар топширишни тайинлайди. Гарчи айни шу касалликка кўп марта дуч келган бўлса-да, бундай беморларни кўп марта даволаган бўлса-да, ўз гумонини яна бир бор илмий жиҳатдан тасдиқлашга уринади. Чунки ҳаётда ҳар хил вазият ва ўхшаш симптомли касалликлар бўлиши мумкин, балки бу фанда ҳали ўрганилмаган хасталикдир, қолаверса, ҳамма одамнинг организми ҳар хил.

Интернетдаги изоҳчилар эса ҳар қандай беморга битта сиптомини эшитгандаёқ, дарҳол ташхис қўйишади ва даволаш усулини тавсия қилишади: “унинг укасининг қўшнисининг амакисида ҳам шундай белгилар бўлган, фалон номли касал эди ва у айтганидек даволангач, яхши бўлиб кетган” эмиш!

Ёки инфобизнесчилар, яъни инфолўттибозлар, шунингдек, турли блогерларни ҳам бу мавзуга мисол қилиш мумкин. Улар бирор соҳа (ёки ҳамма соҳада) чуқур билимга эга, бу борада ўз фикрини айта оладигандек кўринишга уринишади. Агар улар шунчаки товламачилик қилиб, ўзларининг асл ҳолатларини зимдан англаб етишса, бошқа гап. Лекин бундай тоифаларнинг аксарияти шу билимларни ростан билишига ўзи ҳам ишонади. Билмаслигини ўзи-да билмайди яъни.

Бундай ҳолат психологияда когнитив бузилиш деб тавсифланади, у муаммони юзаки тушунадиган одамларни ўзларини ушбу соҳада мутахассис деб ҳисоблашига сабаб бўлади. Ҳақиқий мутахассислар ўз билимларига шубҳа билан қарайдилар ва ўз маҳоратларини етарлича баҳоламайдилар.

Шу боис реал ҳаётда инсоннинг билими қанча кўп бўлса, у шунча камтарроқдир. Ўзини бошқалардан билимсиз ва нодон ҳисоблайди. Қадимги юнон файласуфи Суқрот айтган экан: “Қанча кўп билганим сари, ҳеч нарсани билмаслигимни англаяпман”.

Гарчи бу соҳага алоқаси кам бўлса-да, яна бир мисол: ҳар томонлама етук йигитлар қизлар билан танишишга қийналишади. Ўзларига паст баҳо беришади, ийманишади. “Мен чиройли ва ақлли изларга муносиб эмасман, мени менсимайди”, деб хавотир олишади.

Бироқ на ҳусни, на ақли, на ижтимоий мавқеи уларга тенглаша олмайдиган йигитлар ўта гўзал ва деяри мукаммал қизлар билан қўлтиқлашиб юришганини кўрасиз. Чунки бундайлар ўзларига ҳаддан зиёд юқори баҳо беришади, тортинишмайди, ўзларига ишонч реалдагидан ҳам юқорироқ бўлади. Ўзгача тавсиф берадиган бўлсак – қанча кам билсанг, шунча ишончлироқ бўласан, ишончлироқ гапирасан.

Инсон руҳиятидаги бу каби когнитив бузилишларни америкалик ижтимоий психологлар – Дэвид Даннинг (1960 йилда туғилган) ва Жастин Крюгер илк марта чуқур илмий ўрганиб чиққан бўлиб, мазкур эффект уларнинг шарафига Даннинг-Крюгер эффекти деб аталган. Бу икки олим илк марта 1999 йилда ушбу гипотезани илгари суришган.

Эффектнинг моҳияти

Даннинг-Крюгер эффекти – бу гипотетик эффект бўлиб, унга кўра маълум бир мавзу бўйича етарли билим ва малакага эга бўлмаган одамлар ўзларини ўша соҳанинг мутахассиси деб ҳисоблайдилар. Улар хато хулосалар чиқаради ва нотўғри қарорлар қабул қилади, лекин билим ва кўникма етишмаслиги туфайли ўз хатоларини англай олмайди. Бошқача айтганда, билимсизлик инсоннинг ўз салоҳияти чегарасини тўғри баҳолашига халақит беради ва ҳатто унга таниш бўлмаган соҳаларда ёки биринчи марта бажараётган ҳаракатларда ҳам ўз қобилиятининг даражаси ҳақида ортиқча ишонч пайдо қилади. Яъни бундай одамлар билмасликларини ўзлари ҳам билишмайди, биламан деб ўйлашади!

Бу гипотезага кўра, аксинча, юқори малакага эга одамлар ўз қобилиятларини кам баҳолашга мойил бўлиб, ўз кучига ишончсизликдан азият чекишади, бошқаларни эса ўзларидан кўра билимли деб ҳисоблашади. Шу боис, кам малакали одамлар ўз салоҳияти ҳақида юқори фикрда бўлади, малакали инсонлар эса (ва улар кўпинча атрофдагилар ҳам уларни шунчалик паст баҳолаяпти деб ўйлашади) ўз қобилиятини камситади. Шунингдек, юқори малакали шахслар ўзлари учун осон вазифаларни бошқалар учун ҳам осон деб хато тахмин қилишади. Бунда “билим касофати” деб аталадиган феномен кўзга ташланади.

Билим касофати (инглизча – curse of knowledge) – инсон тафаккуридаги когнитив хато турларидан бири. Бу атама шундай психологик феноменни англатадики, яхши хабардор бўлган инсонлар учун маълум бир масалани камроқ маълумотга эга одамларга тушунтириш жуда қийин кечади.

Бир тажрибада қатнашчиларнинг бир гуруҳи машҳур қўшиқлардан бирининг оҳангини столга тақиллатиб кўрсатишган, бошқа гуруҳ эса уни таниб олиши керак эди. Тақиллатувчи гуруҳ фикрича, камида 50 фоиз тингловчи қўшиқни топиши керак эди, аммо аслида фақат 2,5 фоиз тингловчи тўғри жавоб берган.

Шу каби ҳолат топишмоқли ўйинларда ҳам кузатилади: ишора қилувчи одам жамоадошлари унинг пантомима орқали етказаётган сўзини англаб ета олмаётганига ишонгиси келмайди.

Баъзи психологларнинг фикрича, “билим лаънати” таълим жараёнида ҳам жиддий қийинчиликларни келтириб чиқариши мумкин. Масалан ўқитувчининг ёши ва билими қанча юқори бўлса, у ёш ва билимсиз талабаларнинг ҳолатини тушунмайди, “улар ҳамма нарсани тушуна олади”, деб ўйлайди. (Ёки аксинча, улар ҳеч нарсани тушунмайди, деб ўйлайди). Чунки ўзининг шу ёшидаги вазияти эсидан чиқиб кетган бўлади.

Бундай одамларда педагогик кўникма ҳам ёмон бўлади. Чунки ўқувчи, тингловчи ва суҳбадошларини ҳам ўзарига ўхшаб кенг дунёқарашли ва билимли деб ўйлашади. Бирор мавзуни тушунтира олишмайди – ҳаммани ўзларига ўхшаб зукко, тез тушуниб олади, деб ўйлашади.

Бу каби инсонлар мазкур эффектни англаб етишгач, икки хил йўл тутишади. Биринчи тоифа – одамларга эътироз билдирмай қўяди, мунозара қилмайди, талашиб-тортишмайди. “Ер – тўртбурчак” десангиз ҳам, мийиғида кулиб қўяди.

Бошқа бир тоифа эса бироз такаббурроқ бўлади. Америкалик адиб Дэниел Киз (1927-2014) қаламига мансуб “Алжернон учун гуллар” илмий-фантастик қиссаси қаҳрамони Чарли севган қизининг отаси билан суҳбатда ўзини шундай тутади: Ота ундан қандай илмий мавзуда тадқиқот олиб бораётганини сўрайди. Қаҳрамон “нима десам экан...” дея чайналиб, бироз ўйланиб қолади. Шунда ота кулиб, “тушунтириш қийинми”, деб сўрайди. “Йўқ, – дейди қаҳрамон, – тушунтириш осон, лекин сизнинг тушунишингиз қийин”.

Тадқиқотлар тарихи

1999 йили америкалик психологлар Дэвид Даннинг ва Жастин Крюгер “Қобилиятсиз ва бундан бехабар: нега ўз қобилиятсизлигини тан олишдаги қийинчиликлар ўзини ортиқча баҳолашга олиб келади” номли мақолани чоп этишди.

Тадқиқотчилар жамоаси талабалар орасида ҳазилни тушуниш қобилияти, мантиқий фикрлаш ва грамматика бўйича тестлар ўтказди. Қатнашчиларга натижаларини кўрсатишдан аввал, Даннинг ва Крюгер улардан ўз ишларини фоизда баҳолашларини сўрашди. Барча уч тестда энг паст натижаларни (тахминан 15%) кўрсатган талабалар ўзларини 50% юқори баҳоладилар. Шу билан бирга, энг юқори балл олганлар эса ўзларини кам баҳолаган эдилар.

Қобилиятсиз одамлар ўз қобилиятсизлигини англай оладими? Бу саволга жавоб топиш учун олимлар энг паст балл тўплаган иштирокчиларни қайта чақирдилар. Уларга бошқа талабаларнинг тестларини баҳолаш ва шундан кейин ўз дастлабки натижаларини қайта баҳолаш таклиф этилди. Бироқ улар нафақат ўз қобилиятсизликларини тан олмадилар, балки ўзларини янада юқорироқ баҳоладилар. Бу иштирокчилар фақат тест мавзулари бўйича ўқув курсларидан ўтганларидан сўнггина ўз баллларини ҳаққоний баҳолай бошладилар.

Бироқ илмий жамоатчилик орасида бу эффектнинг ҳақиқий куч-қуввати, оқибатлари ва илгари таклиф этилган психологик изоҳининг қанчалик тўғри экани ҳақида ягона фикр йўқ. Замонавий тадқиқотлар шундан далолат берадики, Даннинг ва Крюгер олган натижаларни шунчаки статистик эффект орқали ҳам изоҳлаш мумкин.

Даннинг ва Крюгер ўрганган ҳаётий мисоллар

Даннинг ва Крюгер ўз тадқиқотларини Питтсбургда содир бўлган реал воқеа билан тушунтиришади.

1995 йил 6 январ куни Клифтон Эрл Жонсон ва Макартур Уилер юзларини ниқоб билан тўсмасдан Пенсилваниядаги икки банкни тунашган. Табиийки, улар кузатув камераларига “тушиб” қолишган. Жонсон бир неча кундан сўнг, Уилер эса уч ойдан кейин кузатув камераси ёзувлари ёрдамида қўлга олинган.

Уилерга бу видеоёувни кўрсатишганида, у ҳайратда қолди. Унинг айтишича, шериги Жонсон унга “лимон шарбати юзга суртилса, камералар учун “кўринмас” бўлиб қоласан”, деган. Бу фикрини “лимон шарбати билан қоғозга ёзсанг, матн кўринмас бўлиб қолади” дея изоҳлаган.

Уилер аввалига бу фикрга шубҳа билан қараган. Лекин лимон шарбатини юзига суриб, Polaroid’да селфи сурат олган ва тасвирда ўзини кўрмаган. Аксига олиб, айни ўша пайтда камера ёки тасмадаги муаммо боис унинг юзи кўринмай қолган. Лекин у ўз кўринмаслигига дарров ишонган ва бу эътиқод уни тўғри қамоққа олиб борган.

Айнан шу воқеа Даннинг ва Крюгерни тадқиқот ўтказишга илҳомлантирди. Улар Уилер наинки ақлсиз иш қилган, балки ўзида ақл етишмаслигини ҳам англай олмаган, деган гипотезани илгари суришди.

Психологлар ўрганган иккинчи мисол ҳаётий бўлмаса-да, эътиборга молик. 2016 йилда суратга олинган “Примадонна” филмидаги Мэрил Стрип ўйнаган қаҳрамон – Ню-Йоркда яшовчи Флоренс Фостер Женкинс исмли миллионер аёл мусиқа учун зарур эшитиш ёки овоз қобилиятига эга бўлмайди. Бироқ опера хонандаси бўлишга қатъий қарор қилади. У айнан мусиқа ҳисси йўқлиги боис машҳурликка эришади. Аммо у ўзини беназир овоз соҳиби, қобилиятли опера хонандаси ва вокалист деб ҳисоблаган.

Даннинг-Крюгер эффекти оммавий маданиятга ҳам кириб келган. У кўпинча умумий интеллект нуқтаи назаридан тушунтирилади, ҳолбуки у муайян соҳадаги билимларга тегишлидир. Ижтимоий тармоқларда #DunningKruger хештеги кўпинча кимнингдир ақл даражасини камситиш мақсадида ишлатилади.

Қандай қилиб Даннинг-Крюгер эффектига қарши курашиш мумкин?

Албатта, бу эффект таъсирига тушмаслик учун нима қилиш керак, деган савол туғилади. Яъни билимсизлигини билмайдиган сохта “билимдон” бўлиб қолмаслик ёхуд бундай шахсларнинг таъсирига тушиб қолмаслик учун қандай йўл тутиш лозим?

Мазкур эффектни кашф этган Дэвид Даннинг бу борада бир неча қимматли тавсиялар берган:

1. Шубҳа билан қаранг.

Бирор нарса ишонарли ва кундек равшан туюлса-да, у ҳар доим ҳам ҳақиқат бўлмаслиги мумкин. “Биз ҳар сафар бир хулосага келсак, у тўғридек туюлади. Аслида эса кўп нарсаларни миямизнинг ўзи тўқиб чиқаради. Шу нарсани унутмасангиз, ўз фикрларингиз ёки бошқаларнинг фикрларини шубҳа остига қўйиш ва бошқалар тўғри бўлиши мумкинлигини ўйлаб кўриш учун бир фурсат пайдо бўлади”, – дейди профессор Даннинг VOX нашрига берган интервюсида. Яъни ҳар доим ўзингни ёки бошқа инсонларни мутлақ ҳақиқат, деб ҳисоблама.

Ёхуд Шарқ жамиятида амалдор ёки кекса одам “автоматик равишда” юксак ақл ва билим соҳиби деб ҳисобланиши ҳам бу эффект амалга ошиши учун қулай муҳит яратади. Бундай қатламнинг айримлари бу ишончни суиистеъмол қилишади.

Масалан, 90-йилларда, динга тақиқ ва тўсиқлар вақтинча олиб ташланган пайтда, халқ диний билимларга ташна бўлган. Бироқ бу соҳада билим соҳиблари ва китоблар, умуман тўғри маълумот етишмаган. Яъни халқ эски миллий урф-одатлар ёки зардуштийлардан қолган анъаналарни ҳам Ислом динига мансуб, деб ўйлаб юрган даврлар эди. Ўшанда одамлар “кексалар билади” деган умидда, аввалига кексалардан диний масалаларда фатво сўрашган. Лекин ўша кексалар ҳам, табиийки, совет замонида, динсизлик ва диний билимсизлик даврида улғайган одамлар эди. Ҳатто айримлари собиқ атеист ва коммунистлар эди. Бироқ улар “йўқ, билмайман”, дейишга орлари йўл қўймаган ёки билмасликларини ўзлари ҳам билишмаган. Маҳтал бўлиб турган ёшлар олдида “паст кетмаслик” учун, хаёлларига келган гапларни айтиб, “фатво” бериб юбораверишган ва кўпчиликни чалғитиб қўйишган.

Шунинг учун, ҳар бир инсон ўз фикрлари устидан кузатувчи ва назоратчи мақомида туришни ўрганиши керак. Чунки психолог айтганидек, “Даннинг-Крюгер “клуби”нинг биринчи қоидаси – сен бу “клуб”нинг аъзоси эканингни билмаслигингдир”.

2. Ижтимоий алоқаларни ривожлантиринг

Кўплаб муаммолар ёки саволлар айнан шунда келиб чиқадики, биз ечимларни фақат ўзимизнинг фикримизга таяниб топишга уринамиз. “Бошқалар билан маслаҳатлашиш, фикр алмашиш орқали янги маълумотларни биламиз, турли нуқтаи-назарларни эшитамиз. Бу жуда фойдали бўлиши мумкин”, – деб ҳисоблайди Дэвид Даннинг.

Олимнинг фикрича, кўплаб муаммоларнинг ўзаги шундаки, биз барча ишни ўзимиз ҳал қилмоқчи бўламиз. Бу эса бизга турли нуқтаи назарларни эшитиш имконини бермайди. Ижтимоий ҳаёт – фойдали манба. Қайси маълумот қаерда керак бўлиб қолишини олдиндан билмайсиз.

3. Ўзингиздаги ишонч устидан назорат ўрнатинг

Айрим вазиятларда инсоннинг ўз ақли ва билимига ишончи катта бўлиши жуда муҳим. Масалан, бир одам ўз резюмесини корхоналарга юборишга қўрқади, иккинчиси эса юборишдан тортинмайди. Биринчиси ҳеч қандай имкониятга эга бўлмайди, иккинчиси эса пировардида тортинчоқ, аммо билимли одамдан кўра кўпроқ муваффақиятга эришади.

Аммо баъзида бу ишонч тўсқинлик ҳам қилади. “Керакли пайтда эҳтиёткорликни фаоллаштириш, зарур бўлганида ишончни қўллаш жуда муҳим. Бу сизга ёки сизнинг раҳбарлигингиз остидаги инсонларга катта фойда келтиради”, – дейди психолог.

Умуман олганда,бу эффект таъсиридаги когнитив хатонинг асосий муаммоси шундаки, уларни сезиш жуда қийин. Миямиз ечим топишни осонлаштириш учун “тузоқлар” тузади. Натижада биз бу тузоқларга ўралашиб қолиб, ўз ҳаётимизга ўзимиз зарар етказамиз.

Инсон ақли ва билими чекланганини қабул қилинг

Одам кенг эрудицияли бўлиш мумкин, аммо жаҳондаги барча билимларни ҳеч қачон тўлиқ эгаллаб бўлмайди. Мия фақат битта, кун эса атиги 24 соатдан иборат. Билмаслик сизни тўхтатиб қўймасин.

Биласизми, қандай одамлар кўпроқ алданади, фирибгарлар ва товламачилар тузоғига осон тушади? Ўзини ўта ақлли ва пухта деб ўйлайдиган одамлар!

Улар ўз билимсизликларини ва тажрибасизликларини ўзлари билишмайди ва ўзларига юксак ишонч боис, “мен ақллиман, ҳамма нарсани биламан ва тушунаман, мени ҳеч ким алдай олмайди” деб ўйлашгани боис, кўпинча нотўғри хулосалар чиқаришади, нотўғри қарорлар қабул қилиб, нотўғри ҳатти-ҳаракатлар қилишади. Бошқалар билан маслаҳатлашмайди ёки маслаҳат берса-да, менсимасдан қулоқ солишмайди, “ўзимники тўғри, ундан кўра ақллироқман” деб ўйлашади. Натижада осонгина фирибгарлик қурбони бўлишади.

Нега фирибгарлик қурбонлари орасида кексаларнинг кўп учрашини ҳам шу эффект билан тушунтириш мумкин. Аслида, улар ёшлардан кўра тажрибалироқ ва билимлироқ бўлишади, ҳаётда кўплаб ҳолат ва воқеаларга гувоҳ бўлишган ёки улар ҳақида эшитишган-ку! Нега осон алданишади? Тўғри, уларда ақл ва фикр юритиш тезлиги соғлиқ ёмонлашгани ва қариш таъсирида пасайган бўлиши мумкин, лекин алданиб қолиш учун бу асосий сабаб эмас. Асосий сабаб – ўзбилармонлик, “мен ҳамма нарсани ҳаммадан кўра яхшироқ биламан” деган қатъий, аммо нотўғри хулоса ва ишонч! Замон ва билимлар шиддат билан ўзгариб бораётган замонга мослаша олмаслик, “қотиб” қолиш! Билимларни “янгилашни” истамаслик!

Камроқ билсанг – қаттиқроқ ишонасан

1999 йили ўз гипотезасини синовдан ўтказиш учун олимлар Корнелл университети талабалари орасида тўрт босқичли тадқиқот ўтказишди. Улар талабаларни ҳазил-мутойибага мойиллик, мантиқий фикрлаш ва грамматика бўйича синовдан ўтказишди. Кейин эса улардан ўз қобилиятларини мустақил баҳолашларини сўрашди.

Тадқиқот натижаларига кўра, тестларда энг кам балл тўплаганлар, одатда, ўз натижаларининг ёмонлигини ҳатто тасаввур ҳам қилмаган ва ўзларини муваффақиятли деб ҳисоблашган. Энг қизиғи шундаки, уларга бошқаларнинг жавоблари билан ўз жавобларини солиштириш имконияти берилганида ҳам, асл натижалар уларнинг фикрига таъсир қилмаган. Улар ўз-ўзига берилган баҳони ўзгартирмаган ва юқори малакали эканликлари ҳақидаги хаёлда қолаверишган.

Бу ҳолат муаммога яхши тушунадиган, билимли талабаларда кузатилмаган. Яна бир эътиборли жиҳати, қачонки билимсиз талабаларни ўқита бошлаганларидан кейин – уларнинг ўзини баҳолаши аста-секин реал ҳолатга яқинлаша бошлаган. Яъни малакалари ошиши маромида улар ўз қобилиятига аниқроқ ва реалроқ баҳо бера бошлаганар. Энди аввалгидек ўзларини ўта ақлли ва қобилиятли деб ҳсиоблашмаган.

Тақдирнинг ҳазили шундаки, 2000 йили Даннинг ва Крюгер ўз кашфиёти учун Нобел мукофотининг акси – Шнобел мукофотига сазовор бўлишди. Чунки уларнинг ўзи ҳам ўзлари тадқиқ этган эффект таъсирига тушиб қолишган деб ҳисоблашди. Яъни улар ўзлари биламан деб ўйлаган гипотеза йўлида статистика қурбони бўлишган деб ҳисоблашди.

Тўртинчи тоифа одамлари

Хулоса ўрнида XI асрдаги яҳудий файласуфи ва шоири Шломо ибн Габиролнинг сўзларини эсга олиш мумкин. У ўз асарида одамларни 4 тоифага бўлади ва улар билан қандай муомала қилиш кераклигини кўрсатади:

1. Биринчи тоифадаги одам билади ва билишини ҳам билади – у доно, ундан маслаҳат сўранг.

2. Айримлар эса билади, лекин билишини билмайди – унга ёрдам беринг.

3. Бошқа бир тоифадаги одам билмайди, лекин билмаслигини билади – унга таълим беринг.

4. Энг умидсиз одам – билмайди ва билмаслигини ҳам билмайди – у аҳмоқ, ундан сақланинг.

Даннинг-Крюгер эффекти таъсиридаги одамлар айнан мана шу – тўртинчи тоифага мансуб бўлишади.

Абулфайз Сайидасқаров

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid