Таълимнинг сиртқи шаклига қабул тугатилади
Кундузги таълимдан бошқа муқобил таълим шакллари бўйича қабул квоталари эса ошириб борилади.

Янги ташкил этиладиган таълим ташкилотлари фаолияти икки босқичда йўлга қўйилади.
Президент фармонига кўра, 2025 йил 1 июлдан янги ташкил этиладиган таълим ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйиш 2 босқичда амалга оширилади:
- 1-босқичда фаолиятни бошлаш учун ўрта махсус, касбий, олий ва олий таълимдан кейинги таълим ташкилотлари ўрнатилган тартибда лицензияланади, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш таълим ташкилотлари хабардор қилиш тартибида ташкил этилади;
- 2-босқичда таълим ташкилотларининг кадрлар тайёрлаш йўлга қўйиладиган таълим дастурлари махсус давлат аккредитациясидан ўтказилади. Бунда:
- махсус давлат аккредитациясидан ўтмаган таълим дастурлари бўйича таълим олувчиларни ўқишга қабул қилишга йўл қўйилмайди;
- махсус давлат аккредитациясидан ўтмасдан қабул жараёнини амалга ошириш лицензия талаб ва шартларини қўпол равишда бузиш деб баҳоланади ва таълим ташкилотига берилган лицензиянинг бекор қилинишига асос бўлади.
2025/2026 ўқув йилидан таълимнинг сиртқи шаклига қабул тугатилади ҳамда кундузги таълимдан бошқа муқобил таълим шакллари бўйича қабул квоталари ошириб борилади.
Шунингдек, 2025/2026 ўқув йилидан:
- олий таълим ташкилотларининг муқобил таълим шакллари бўйича умумий қабул квотасини кундузги таълим шакли қабул натижасининг 50 фоизидан оширишга йўл қўйилмайди;
- магистратура босқичида муқобил таълим шакллари асосида илмий-педагогик кадрларни тайёрлашга рухсат берилади;
- олий таълим ташкилотларида муқобил таълимнинг кредит-модул тизимига асосланган мақбуллаштирилган кундузги таълим шакли (part-time education) бўйича ўқитиш йўлга қўйилади;
- муқобил таълим шаклларига талабаларни белгиланган меъёрдан ортиқча қабул қилиш лицензия талаб ва шартларини қўпол равишда бузиш деб баҳоланади ҳамда лицензияни бекор қилиш учун асос ҳисобланади.
Шунингдек, ҳар бир таълим ташкилоти таркибида ички таълим сифати аудитини амалга оширишга масъул ички таълим сифати назорати бўлимлари ташкил этилади.