platina.uz

"Ўзавтосаноат"нинг биринчи чоракдаги фойдаси кескин камайди

Компаниянинг жами активлари 7,1 триллион сўмни ташкил этиб, ҳисобот даври бошидан буён 7 миллиард сўмга камайган. 

Иқтисод
Кеча, 15:28
"Ўзавтосаноат"нинг биринчи чоракдаги фойдаси кескин камайди

Корпоратив маълумотларга кўра, "Ўзавтосаноат" АЖ 2025 йилнинг биринчи чорагини ниҳоятда паст кўрсаткичлар билан якунлади.

Компания дастлабки уч ойликни атиги 178,3 млн сўм соф фойда билан якунлаган. Бу ўтган йил мос давридаги 18,8 млрд сўмлик соф фойда билан солиштирганда 99 фоиз ёки 105 баробарга камроқдир.

Компаниянинг жами активлари 7,1 триллион сўмни ташкил этиб, ҳисобот даври бошидан буён 7 миллиард сўмга камайган.

Асосий фаолиятдан олинган даромад ҳам икки баробарга пасайиб, 12,1 миллиард сўмни ташкил қилди. Солиқ тўловлари бўйича ҳам пасайиш кузатилди.

Акциядорлик жамияти биринчи чоракда 512,7 млн сўмлик даромад солиғи тўлаган бўлиб, бу ўтган йилнинг мос давридагига нисбатан 84,6 фоизга кам.

Маълумот ўрнида, Ўзавтосаноат АЖ Ўзбекистондаги автомобил саноатининг етакчи иштирокчисидир. Компания “Жиззах Автомобиль Заводи” МЧЖ (Volkswagen ишлаб чиқарувчиси), UZAUTO MOTORS АЖ ва BYD UZBEKISTAN FACTORY МЧЖ каби йирик корхоналарнинг таъсисчиси ҳисобланади.

2025 йил 1 майдан бошлаб, янги электромобиллар учун утилизация йиғими тўрт бараварга оширилади.

Ҳукумат қарорига кўра, ишлаб чиқарилганига уч йилгача бўлган электромобиллар учун йиғим базавий ҳисоблаш миқдорининг 120 баравари этиб белгиланган (ҳозирда 30 баравар). Ишлаб чиқарилганига уч йилдан ортиқ бўлган электромобиллар учун эса бу кўрсаткич БҲМнинг 210 бараварига етказилади (ҳозирги 90 бараварга нисбатан).

Мазкур тартиб кучга кириши натижасида, йил бошидан бери кескин камайган автомобил импорти янада қисқариши мумкин.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+