Ўзбекистонда ўртача иш ҳақи салкам 6 млн сўмга етди
Статистика қўмитасига кўра, Тошкентда бу кўрсаткич 9 млн 889 мингни ташкил этмоқда.

Миллий статистика қўмитаси Ўзбекистонда ўртача иш ҳақи кўрсаткичини тақдим этди.
Ўзбекистонда 2025 йил январ-март ойларида ўртача ойлик иш ҳақи 5 млн 796,1 минг сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18 фоизга ўсган.
Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, ҳудудлар кесимида ўртача энг баланд ойлик иш ҳақлари Тошкент шаҳрида (9 млн 889,1 минг сўм) кузатилган.
Шунингдек, кейинги ўринларда Навоий (7 млн 330,9 минг сўм, ўсиш – 112,6 фоиз) ҳамда Тошкент (5 млн 435,6 минг сўм, ўсиш –114,3 фоиз) вилоятлари қайд этилган.
Ҳисобот даврида энг кам ҳисобланган ўртача ойлик иш ҳақлари эса Қашқадарё (4 млн 79,8 минг сўм, ўсиш –113,7 фоиз), Фарғона (4 млн 203 минг сўм, ўсиш – 113,7 фоиз) ва Сурхондарё (4 млн 209,1 минг сўм, ўсиш – 119,1 фоиз) вилоятларида кузатилган.
Солиштириш учун: Ўзбекистонда 2024 йилда охирида ўртача иш ҳақи 5 млн 357 мингни ташкил этган (пойтахтда 9 млн 72 минг сўм).