platina.uz

“Микрокредитбанк” тадбиркорлар учун факторинг модулини ишлаб чиқди

2024 йил давомида тадбиркорлик субъектларига 42,2 миллиард сўм миқдорида, жорий йилнинг ўтган даврида эса 41 миллиард сўмдан ортиқ молиявий хизматлар тақдим этилди.

Бизнес
2 кун аввал, 10:36
“Микрокредитбанк” тадбиркорлар учун факторинг модулини ишлаб чиқди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 8 апрелда қабул қилинган “Факторинг хизматлари бозорини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, кичик ва ўрта бизнес субектлари фаолиятининг узлуксизлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Микрокредитбанк” тизимида ҳам қатор янгиликлар жорий этилди.

Жумладан, кичик ва ўрта бизнес субектлари учун “Факторинг хизмат кўрсатиш модули” ишлаб чиқилди. Мазкур модул 6 ойгача бўлган муддатда, хизмат муддатига қараб 2 фоиздан 12 фоизгача дисконт ставкаси билан факторинг хизматларини кўрсатиш имконини беради.

Бундан ташқари, экспорт ва импорт операциялари учун чет эл валютасида факторинг хизматлари модули жорий қилинди. Ушбу хизмат тури кичик ва ўрта бизнес субъектларига 6 ойгача бўлган муддатда, АҚШ доллари ва еврода муддатига қараб 1,3 фоиздан 7,8 фоизгача дисконт ставкада молиявий қўллаб-қувватлаш имкониятини тақдим этмоқда.

Яқинда банк томонидан паррандачилик соҳаси учун махсус “Парранда факторинг” модули йўлга қўйилди. Бу модул Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 январдаги ПҚ-34-сонли қарорининг 2.б-банди ижроси доирасида ажратилган 50 миллиард сўм маблағ ҳисобидан паррандачиликнинг гўшт ва тухум йўналишларини кооперация асосида ривожлантириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган. Мазкур модул орқали “Микрокредитбанк”да 6 ойгача бўлган муддатда, муддатига қараб 1 фоиздан 7 фоизгача дисконт билан имтиёзли молиявий хизматлар тақдим этилмоқда.

Натижаларга кўра, 2024 йил давомида тадбиркорлик субъектларига 42,2 миллиард сўм миқдорида, жорий йилнинг ўтган даврида эса 41 миллиард сўмдан ортиқ молиявий хизматлар тақдим этилди.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, “Микрокредитбанк” томонидан жорий қилинган факторинг хизматлари модуллари кичик ва ўрта бизнес субъектлари учун янги молиявий имкониятларни яратди. Бу эса тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, экспорт салоҳиятини ошириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасида муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Банк ахборот хизмати

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+