platina.uz

Пигмалион эффекти – кутилмалар келажакни қандай ўзгартиради?

“Мен ҳеч кимман, одамларга ёқмайман, ишларим барибир натижа бермайди”, дея ўз кучига ишонмай юрадиган одамларда ростан ҳам натижа шундай бўлади. Бундай одам гўёки ўзи истамаган ҳолда келажак учун салбий натижани мақсад қилиб қўяди ва унга эришади.

Мақола
Кеча, 12:09
Пигмалион эффекти – кутилмалар келажакни қандай ўзгартиради?
Фотоколлаж: Platina.uz

Ҳаётимизда ғалати, тушунтириш қийин бўлган ҳодисалар кўп учрайди. Масалан, ёш болага доим “сен ҳеч балога ярамайсан, катта бўлсанг, бирор муваффақиятга эришмайсан” дейилаверса, у ростан ҳам катта бўлгач, “итнинг кейинги оёғига” айланиши мумкин.

Ёки автомобилда дўконга чиқяпсиз. “Борсам, дўкон олдида автомбилни қўйиш учун бўш жой қолмагандир. Анча овора бўламан”, десангиз, ростан бу “башорат” амалга ошади – жой йўқ бўлади. Лекин “бугун албатта фалон ниятимга эришаман” деб йўлга чиқсангиз, у ижобат бўлади.

Буни ўзбек халқида “инжиқ одамнинг иши ҳам инжиқ бўлади” дейишади баъзан. Айтайлик, музлатгич сотиб олмоқчисиз. “Олсам-у, бузуқ чиқса-чи ёки 1 ой ўтар-ўтмас бузилиб қолса-чи”, дея олдиндан кўнгли хира бўлган одамнинг бу хавотири ижобат бўлади кўпинча. Ҳаётдан ҳамма нарсадан кир қидираверадиган, ёмон шубҳа-гумонли одам ҳам айни хавотир олган ва қўрққан нарсасига албатта дуч келади, ош еса ҳам олдидан тош чиқаверади. “Кенгга – кенг дунё, торга – тор дунё” деб халқимиз бежиз айтмаган. Юраги кенг, майда-чуйдаларга аҳамият бермайдиган одамнинг иши доим юришади, муаммолар ва кўнгилхираликларга деярли дуч келмайди...

Бундай психологик эффект номини Пигмалион ёхуд Розентал эффекти деб аташади. Шунингдек, ўз-ўзини рўбга чиқарадиган (оқлайдиган) башорат (фол) ҳам дейишади.

Буни туш йўйишда ҳам кузатиш мумкин. Масалан, бир одам тушида қора қарға кўрса-ю, таъбирини сўраса ва унга “қарға яхшиликка эмас, бирор фалокат рўй берса керак”, дейишса, унинг юраги хижил бўлиб, паришонхотир бўлиб, ростан ҳам бирор фалокатга йўлиқиши мумкин. Аммо унга “қарға – узоқ умр кўрадиган қуш, демак умринг узоқ бўларкан” дейишса, у кўнгли кўтарилиб юради, ҳамма ишларида яхши натижа олади.

Бу нима – ажойиб ички сезгими ёки олий кучлардан ишорами, ёки илм-фан нуқтаи назаридан тушунтириб бўладиган ҳодисами?

Пигмалион эффектининг моҳияти

Пигмалион эффекти – бу шундай психологик феноменки, у кишининг бошқа бир шахс ҳақидаги нотўғри қарашлари натижасида вужудга келади. Бир инсон бошқа инсондан маълум бир тарзда хулқ-атвор кутади ва айнан ўша натижа рўёбга чиқиши учун ўзини шундай тутади.

Бошқача айтганда, бу – “Розентал эффекти” ёки “ўз-ўзини оқлайдиган башорат” деб ҳам аталади.

Пигмалион эффекти – бу шундай ҳолатки, инсон қандайдир натижани (ижобий ёки салбий) кутса ва у содир бўлса – бу унинг олдиндан билиб қўйгани учун эмас, балки айнан ўша натижа рўёбга чиқиши учун ўзи қандайдир ҳаракатлар қилгани сабабли рўй беради.

Инсон ўз кутилмаларини амалга ошириш учун онгсиз равишда ҳаракат қилади ва натижада воқеаларни айнан шу йўналишга буриб юборади.

Бу феномен кўп йиллардан бери психолог олимларни қизиқтириб келади. Инсон ўз ҳаракатларини вазиятга мослаштириб, натижани олдиндан “билади” деб ўйлайди.

Буни кундалик ҳаётимизда одамларнинг ўзларига паст баҳо беришларида ҳам кўриш мумкин. “Мен ҳеч кимман, одамларга ёқмайман, ишларим барибир натижа бермайди”, дея ўз кучига ишонмай юрадиган одамларда ростан ҳам натижа шундай бўлади. Бундай одам гўёки ўзи истамаган ҳолда келажак учун салбий натижани мақсад қилиб қўяди ва унга эришади.

Атама тарихидан

Пигмалион эффектининг номи қадимги юнон шоири Овидийнинг "Метаморфозлар" шеърининг 10-бобида тасвирланган, худди шу номдаги қадимги юнон қаҳрамони афсонасидан олинган. Пигмалион ўзининг ягона ва ҳақиқий муҳаббати – санъат эканига ишонган ҳайкалтарош бўлган. Бир куни у гўзал қизнинг ҳайкалини ясаган ва унга ўзи ошиқ бўлиб қолган.

Пигмалион ва у ясаган ҳайкал.

Европада бу эффектни биринчи Роберт Розентал аниқлаган ва тавсифлаб бергани учун уни “Розентал эффекти” деб ҳам аташади.

Маълумки, 1965 йилда АҚШда психолог Роберт Розентал (1933-2023) ҳамкасби Ленор Жэкобсон билан бирга қизиқарли тажриба ўтказади. Улар ўқув йили бошида бир неча болани таваккал танлаб олиб, ўқитувчиларга у болаларнинг IQ даражаси юқори эканини айтдилар. Аслида эса мазкур болалар тасодифан танланган бўлиб, улар бошқалардан фарқ қилмасди.

Тажриба ўтказилган синф.

Ўқув йили тугагач, бу болаларни қайта имтиҳон қилишади ва ҳақиқатан ҳам улар юқори натижалар кўрсатишгани маълум бўлди. Нега бундай бўлди?

Чунки ўқитувчилар “автоматик равишда” уларни устун деб ҳисоблаб, уларга нисбатан илҳомлантирувчи, ижобий муносабатда бўлишган. Айнан шу болаларга кўпроқ эътибор беришган, муаммоларига ижодий ёндашишган. Улардан юқори натижа кутишган – ва онгсиз равишда уларни муваффақият сари етаклашган.

Розентал ва Якобсон бу феноменни қадимги юнон афсонасидаги Пигмалион номли ҳайкалтарош шарафига “Пигмалион эффекти” деб аташган. Улар ўтказган тажриба эса “Синфдаги Пигмалион” деб номланган.

Роьберт Розентал ва Ленор Жэкобсон.

Пигмалион эффекти қандай ишлайди?

Пигмалион эффекти қуйидагича кечади:

1. Инсон муайян вазиятда муайян натижа бўлишига ишонади (масалан, салбий).

2. У ўзини онгсиз равишда шундай тутадики, воқеа айнан шу натижа билан якун топади.

3. Воқеанинг натижасига таъсир этувчи одамларнинг ҳаракатларини у бир томонлама, муросасиз баҳолайди.

4. Натижада унинг кутилмалари рўёбга чиқади ва у “Қаранг, бари мен айтгандек бўлди!”, дейди.

Аввалига бундай натижани кўрсатувчи ҳеч қандай асос бўлмаслиги мумкин эди. Аммо инсоннинг ўзи ўзининг онгсиз ҳаракатлари билан воқеалар ривожини айни шу йўлга йўналтирди, Ва “кутилмаси” амалга ошгач, келажагини олдиндан башорат қилдим, деб ўйлаб қолади.

Шу боис қўрқмасдан шундай хулоса чиқарсак бўлади: кутилмалар – ҳақиқатни ўзгартириши мумкин.

Ўз-ўзини оқлайдиган башоратнинг болаларда рўёбга чиқиши

Агар ота-оналар ёки ўқитувчилар болани “сен ақллисан”, “яхши ўқийсан” деб мақташса, у ростдан ҳам яхши ўқий бошлайди. Аммо агар болани “сен тўнкасан”, “ҳеч нарса чиқмайди”, деб ҳисоблашса, у ўқишда муваффақиятга эриша олмайди.

Болалар катталарнинг сўзларига жуда сезгир бўлишади. Шу боис, уларни нафақат ўқишда, балки бутун ҳаётда ҳам муваффақият ёки мағлубият сари “дастурлаш” мумкин. Кўп ҳолларда, болалар катта бўлганларида ҳам ота-онаси томонидан юкланган салбий “дастур”ни амалга оширишда давом этишади.

Розентал эффектини намоён қилувчи бошқа тадқиқотлар:

1. “Сичқон мотивацияси” тажрибаси – одамлар қандай натижа кутишса, сичқонлар ҳам шунга яраша ҳаракат қилган.

Яъни, ўтказилган тажрибада икки гуруҳга ажратилган сичқонлардан бир гуруҳи “интеллектуал”, ақлли деб, иккинчи гуруҳи эса оддий таърифланган. Илмий ходимларга шундай дейишган: “Бу сичқонлар ақллироқ, муваффақиятлироқ бўлади”. Аслида эса икки гуруҳдаги сичқонлар бир хил эди. Аммо ходимлар "ақлли" деб айтилган сичқонларга яхши муносабатда, меҳрибонроқ бўлишган,уларга ишонч билан қарашган. Натижада, айнан шу гуруҳдаги сичқонлар турли ақлий вазифаларни тезроқ бажара олган.

Бу тажриба одамлардаги кутилмалар ҳайвонларнинг ҳам, инсонларнинг ҳам хатти-ҳаракатига таъсир қилиши мумкинлигини кўрсатади

2. “Дастурланган ёқимлилик” тажрибаси – одамлар кимни яхши деб билсалар, у шунга мос равишда ўзини тутади.

Яъни, бу тажрибада талаба ёки ходим гуруҳлари иштирок этган. Масалан, илмий раҳбар ёки устоз гуруҳдаги баъзи одамлар ҳақида олдиндан шундай хулоса беради: “Бу шахс жуда иқтидорли, яхши мулоқотчи, етакчилик салоҳияти бор”. Аслида у шахс бошқалардан умуман фарқ қилмайди. Лекин гуруҳ аъзолари унга шу таърифга мос муносабатда бўлишади: унга кўпроқ эътибор қаратишади, кўпроқ гаплашишади, маслаҳат сўрашади, фикрига қулоқ тутишади, унинг гапларини диққат билан эшитиб, жиддий қабул қилишади. Бу муносабат орқали у шахс ҳақиқатдан ҳам фаолроқ, ўзига ишончлироқ, “ёқимлироқ” шахсга айланади. Бу ҳолат ички илҳом ва ижтимоий қайта алоқалар асосида ривожланади. Ташқи муҳитдаги кутилмалар инсоннинг ўзини қандай тутишига таъсир қилади.

Буни санъат ва спорт юлдузлари мисолида ҳам кўриш мумкин. Бу юлдузлар аввалига фақат бир соҳада мутахассис бўлишган. Фаласафий мушоҳада юритишмаган. Бироқ мухлислар уларни идеал ва мукаммал одам деб тасаввур қилиб, шунга хос муомала қилишавергач, улар шу муносабат ва “башоратга” муносиб одам бўлишга интилишади. Кейин вақт ўтиб қарасангиз, улар ростан ҳам ҳар томонлама ривожланган шахс эканликларини намоён қилишади. Ёки мухлисларга шундай бўлиб туюлишади.

Масалан, боксчи бўлса-да, ҳаётда ўта ақлли ва инсоний қарорлар қабул қилган ва суҳбат ҳамда интервюларида ўта ақлли ва фалсафий фикрлари билан ном қолдирган Муҳаммад Али ҳам шундай “ўзини рўёбга чиқарган”.

Буни турли тарихий етакчилар мисолида кўриш мумкин. Агар бирор шахсни сиёсий элитага чиқариб қўйиб, “биз сенга ишонамиз, бизни тўғри йўлга бошла” десангиз, кўпинча у бундай ишончни оқлайди. Аввалига шоумен бўлиб, кейин етук лидерларга айланган Украинанинг амалдаги президенти Владимир Зеленский ва АҚШнинг 40-президенти Роналд Рейган бунга мисол бўлади.

3. Исроил армиясидаги тажриба – ҳарбийлар ҳақидаги фикрлар уларнинг натижаларига таъсир қилган.

Яъни, Исроил армиясида курсантлар (тингловчи, яъни тайёргарлик ўтаётган ҳарбийлар) тажрибага жалб қилинган. Илмий раҳбарлар инструкторларга (ўқитувчи сержантларга) “Бу курсантлар орасида айримлари ўта иқтидорли, етакчилик қобилиятига эга”, дейишган.

Аслида эса ҳамма курсантлар деярли бир хил даражада бўлган. Аммо инструкторлар ўзларига айтиб қўйилган “иқтидорлилар”га кўпроқ эътибор беришган, ишонч билан ёндашишган, қўшимча мотивация беришган.

Тажриба охирида айнан шу “иқтидорли деб ҳисобланган” курсантлар яхшироқ натижалар кўрсатган, фаол ва ишончли бўлиб шаклланган.

Шу асосда раҳбарларни ўқитишда ҳам бу эффект ҳисобга олинади: ходим ёки шогирд ҳақидаги ишонч – унинг келажакда қандай инсон бўлиб шаклланишини белгилаб беради.

4. “Розенхан” тажрибаси – бу Дэвид Розенхан (1929-2012) томонидан 1973 йилда ўтказилган тажриба бўлиб, “Соғлом ақл жиннихонада” (On Being Sane in Insane Places) номли тадқиқот асосида фанга маълум. Гарчи бу тажриба бошқа бир психологик эффектни тушунтириш учун амалга оширилган бўлса-да, унинг натижаси Пигмалоин эффектини тушунишга ёрдам беради.

Хуллас, шифокор Розенхан ва унинг ҳамкорлари – ҳаммаси ақли соғлом инсонлар – ўзларини “ҳақиқий бемор” сифатида турли психиатрия касалхоналарига жўнатишади. Улар текширувчи шифокорга фақат битта шикоятни айтишади: “мен овозлар эшитяпман”, дейишади холос. Қолган ҳамма жавоблари тўғри, ўз ҳаёти ҳақида рост гапиришади.

Натижада, бу олимларнинг ҳаммаси шизофрения ёки бошқа оғир руҳий касалликлар билан ташхисланади ва баъзилари бир неча ҳафта руҳий хасталиклар шифохонасида қолишга мажбур бўлади. Қизиғи шундаки, шифокорлар уларни ҳақиқий бемор деб ўйлашади, аммо шифохонадаги баъзи ҳақиқий беморлар эса “сиз шифокор ёки журналистга ўхшайсиз”, деб уларни фош қила бошлайди.

Дэвид Розенхан.

Кейинги босқичда Розенхан ўз тажрибасини оммага фош қилади. Бундан ҳайратланган бир касалхона жамоаси унга шундай дейди: “Келинг, яна бир синаб кўринг. Бу сафар биз албатта соғломларни таний оламиз.”

Розенхан рози бўлади, лекин аслида ҳеч кимни жўнатмайди. Шунга қарамай, касалхона ходимлари кейинги ҳафталарда янги ва ҳақиқий (!) беморлар орасида 40 дан ортиқ “шубҳали” соғлом инсон бор деб хабар беришади.

Бу тажриба руҳий соҳага кучли таъсир қилган, ташхисга нисбатан ишончсизлик ва инсонни стереотиплар орқали баҳолаш хавфини очиб берган.

“Муқаддас Елизавета” психиатрия шифохонасии, Вашингтон – Розенхан тажрибалари ўтказилган муассасалардан бири (ҳозир бино ташландиқ ҳолатда).

Бир психиат олим бошқа ҳамкасбларининг пациентларга қанчалик тўғри ташхис қўйишини аниқламоқчи бўлади. Шу мақсадда ҳамкасблари танимайдиган психиатр шифокорларни улар олдига “бемор” сифатида жўнатишади. Синалаётган ҳамкасбларига эса “бугун сизнинг олдингизга ҳақиқий руҳий касаллар блоришади” деб шипшитиб қўйишади.

Розенхан тажрибаси Пигмалион эффектининг тескарисига ўхшайди, яъни бу тажрибада негатив кутилма (одам ёмон, касал, нотўғри) – ўзини оқлаган. Бу ҳолатга баъзан "ноцебо эффект" – салбий кутишларнинг инсонга салбий таъсири, деб ҳам айтилади.

Розентал эффектининг ўзига хос жиҳатлари

Роберт Розентал ушбу феноменни ўрганар экан, қуйидаги муҳим хулосаларга келди:

  • инсон қай даражада натижага ишонса, у шунча таъсир кўрсатади;
  • экспериментчи ва иштирокчи таниш бўлса, эффект кучлироқ намоён бўлади;
  • инсон бир фикрга ишонса, у фақат унинг фойдасига далил излайди, қарши фикрларни эътиборсиз қолдиради;
  • аёллар ушбу эффектга кўпроқ мойил бўлишади.

Розентал шундай хулосага келган: “пигмалион эффекти” турли психологик тадқиқотлар натижасига таъсир кўрсатади. Тажрибанинг ўзига, баҳолаш жараёнига ва натижаларни қайд этишга ҳам таъсир этади. Тадқиқотчи баъзан натижаларнинг ўртача қийматини олишга ёки умумлаштиришга уринади ёхуд ўз назариясига мос келмаган маълумотларни четга улоқтиради.

Агар олим ушбу эффект мавжудлигини билса, унинг таъсиридан қочишга ҳаракат қилади – бу эса бошқа йўналишда янглишувларга олиб келиши мумкин.

Масалан, бирор тадқиқотчи смартфонда ўйин ўйнашнинг зарари ҳақида тадқиқот ўтказаётган бўлса ва у Пигмалион эффекти таъсирига тушиб қолса, фақат ўз ишончига мос келадиган, яъни бундай ўйинлар зарарини кўрсатувчи далилларни йиғади. Қолган далилларни, гарчи улар мантиқан ва илм-фан жиҳатидан кучлироқ, аҳамиятлироқ бўлса-да, эътиборсиз қолдиради.

Ёки бирор инсон бирор машҳур шахсни ёмон кўрса, гўё у гувоҳ бўлаётган ва эшитаётган маълумотларнинг барчаси шу машҳурнинг ёмонлигини исботлаётгандек туюлади.

Ёки бўлмасам, қайнона келинини ёмон кўрса, у нима иш қилса, ҳаттоки буюрилмаса-да чой дамлаб келиб, массаж қилиб қўйса ҳам қайнонага ёқмайди, шундан-да бир ёмонлик қидиради. “Бирор айби бордирки, менга лаганбардорлик қиляпти” деган хаёлга боради ва баттар ёмон кўриб қолади. Буни халқимизда “ўтирса – ўпоқ, турса -сўпоқ” деб таърифлашади.

Ёки айрим одамлар бошқаларнинг барча ҳаракатлари ва сўзларидан фақат салбий маъно-мақсад излашади ва “топишади” ҳам, яъни доим ёмон гумонда бўлишади. Шу боис ислом динида “яхши гумонда бўлинг” деб буюрилган.

Пигмалион эффектидан қандай фойдаланиш мумкин?

Бу эффект моҳиятини тўғри англаш – инсон ҳаётига ижобий таъсир кўрсатиши мумкин. Энг муҳими – “ўзини рўёбга чиқарувчи башорат” ҳам ижобий, ҳам салбий натижаларга олиб келиши мумкин.

Агар инсон бирор иши албатта муваффақиятли бўлади, деб ишонса, у бунга эришиш учун бор кучини ишга солади. Аммо агар у олдинданоқ “бу иш барибир “ўхшамайди” деб ишонса, у ҳолда етарлича ҳаракат қилмаслиги эҳтимолдан холи эмас.

Инсоннинг ички ишончи – ижобий ёки салбий – унинг хулқ-атворини ва қарорларини шакллантиради. Шу сабабли яхши натижага эришмоқчи бўлсангиз, аввало бунга астойдил ишонишингиз ва ўз кутилмангизни ижобий йўналишда шакллантиришингиз керак.

Пигмалоин эффекти борасидаги муҳокамани қуйидаги бир ривоят якунлай олади:

Қадим замонларда бир қишлоқда яшовчилар орасида бир авлиё киши бўлган экан. У дуо қилса, дуоси ўтар экан. Бир йили ўта қаттиқ қурғоқчилик шу қавмни қийин аҳволга солиб қўйибди. Ойлаб ёмғир ёғмабди. Қишлоқ аҳли ўша авлиёдан “худодан бизга ёмғир сўраб беринг”, дейишибди. Авлиё ҳаммани йиғиб, саҳрога олиб чиқибди. “Биргаликда ёмғир сўраб, илтижо қиламиз” дебди.

Саҳрода ҳамма йиғилиб, маросим бошлашини кутиб ўтиришса, авлиёнинг кўзи бир ёш болага тушибди. Иссиқ кучли бўлгани учун ҳамма саҳрога битта кўйлак кийиб келишган бўлса-да, ўша ёш бола бошига жундан тўқилган қалин ёмғирпўш ташлаб олган эмиш. Авлиё боладан “шу иссиқда нега жун ёмғирпўш кўтариб келдинг” деб сўрабди. Шунда бола жавоб берган экан. “Худодан ёмғир сўрасак, ёмғир шаррос қуйиб юборади-ку, ивиб қолмай деб ёмғирпўш олиб келдим-да!”

Шунда авлиё йиғлаб, қавмига айтган экан: “Агар ҳаммангизда ишонч ва эътиқод, ихлос ва иймон шу боладаги каби кучли бўлганида, Худодан сўрайдиган дуоларингиз албатта ижобат бўлишига аввало ўзингиз қатъий ишонганингизда, саҳрога чиқишимизга ҳам ҳожат қолмас эди”.

Абулфайз Сайидасқаров

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+