Фарғонада 1 майдан ичимлик суви нархлари оширилади
Аҳоли учун мўлжалланган сувнинг бир куб метри 3448 сўмга етади.

Халқ депутатлари Фарғона вилояти кенгаши қарори билан ҳудудда ичимлик ва оқава сув нархлари оширилмоқда.
Янги нархлар 2025 йил 1 майдан амал қилади.
Унга кўра, аҳоли учун ичимлик суви (бир куб метр) 3448 сўмга етади (ҚҚС билан). 2023 йилда бу нарх 2128 сўмни ташкил этган. Бюджет ташкилотлари учун бу нарз 6944 сўмни ташкил этади. (2023 йилда бу миқдор 3350 сўмни ташкил этган). Оқава сув аҳоли учун 728 сўмга, бюджет ташкилотлари учун 1736 сўмни ташкил этади.

"Бугунги кунда давлат дастурлари асосида вилоятда сувлашмаган аҳоли яшаш пунктларини ичимлик суви ва канализация хизматлари билан таъминлаш, қуриб битказилган ичимлик ва оқова сув иншоатлари ва тармоқлари, жамият балансига кирим қилиниши натижасида қўшимча йиллик амортизация (эскириш) харажати 48.2 млрд сўмга ортиши, мутаносиб равишда жамиятнинг ишчи-ходимларига тўланаётган иш ҳақи миқдори ҳам ошиб, иш ҳақи харажатларини 2023 йилга нисбат 48% га яқин ўсиши натижасида йиллик иш ҳақи фонди 120,0 млрд сўмга ортиши ва Ҳукумат кафолати остида олинган кредитларни қайтариш харажатлари йиллик 9,6 млрд.сўмга ортиши, электр энергия харажатлари 2024 йилда 89,6 млрд сўмни ташкил қилган бўлса, жорий йил 1 майдан электр энергия тарифининг ортиши натижасида 96.9 млрд.сўм харажат қўшимча қўшилиши натижасида сув таъминоти ва оқова сув ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган сув таъминоти ва оқова сув хизматлари учун тартибга солинадиган нархлар (тарифлар)ни қайта кўриб чиқиш талаб этилмоқда", дейилади қарорда.