Очилмаган сирлар: Пасха оролидаги ғалати ҳайкаллар
Бу фақат сирли ҳайкаллар эмас, балки цивилизациядан узилган, бироқ ўзининг илмий, ижтимоий ва техник имкониятларини ривожлантира олган бир халқ тарихи.

Агар сиз гаджетларда нимадир ёзаётган бўлсангиз, эҳтимол, қуйидаги эмоджидан фойдалангансиз:

Айтганча, бу эмоджи 2023 йили Интернетда энг кўп ишлатилган 20 та эмоджи сафига кирган (13-ўрин).

Бу эмоджи Пасха оролидаги услублаштирилган бут ҳайкал кўринишида. Уни одатда саёҳатлар ҳақидаги суҳбатларда қўллашади. Бироқ баъзида одамлар бу белгини аҳмоқлик ёки шафқатсизлик рамзи сифатида талқин қиладилар. Аслида эса бу эмоджи ноаниқлик ёки енгил танқидни англатади. Баъзан эса у "тошдек юз" ёки "покер юз" (poker face) кайфиятини ифодалайди.
Пасха оролининг моаи бутлари 2006 йилда катта экранларга чиққан “Музейдаги тун” Ҳолливуд филмидаги антропоморфизм усулбида тасвирланган “Дам-дам” персонажи орқали кенг оммалашган ва катта эҳтимол билан эмоджиларга кўчиб ўтган.

Қизиқ жиҳати, бу эмоджи ҳақиқий тарихий-географик прототипга эга.
Пасха оролидаги сирли ҳайкаллар
Тинч океанининг жануби-шарқий қисмида жойлашган Пасха ороли – дунёдаги энг олис жойлашган қуруқлик қисмларидан бири ҳисобланади. Оролнинг майдони катта эмас: уни пиёда бир кунда айланиб чиқиш мумкин.

Орол флораси камбағал, ҳайвон турлари ҳам жуда хилма-хил эмас, аҳолиси эса 5000 нафардан ошмайди. Шунга қарамай, у бутун дунёга ўзининг ғаройиб ёдгорликлари – ердан гўёки ўсиб чиққан улкан тош бошли ҳайкал бутлари, яъни моаилар билан машҳур.

Майдони жами 163 кв км бўлган бу кичик Полинезия оролида 1000 дан ортиқ монолит ҳайкал бор, уларнинг узунлиги 3-5 метрдан 10-12 метргача етади. Барчаси XI-XVI асрларда, яъни европаликлар оролга биринчи марта келганидан анча олдин, маҳаллий аҳоли томонидан ясалган.
Сирли “моаи”лар ким ёки нима?
Пасха ороли ҳайкаллари – бу жаҳлли қиёфадаги тош бутлар бўлиб, уларнинг моҳияти борасида олимлар илк кашфиётларидан буён тортишиб келишади. “Моаи” – “бут”, “санам” деган маънони англатади. Ҳар бир бут вулқон тошидан, ўхшаш андозада ясалган: тўғри ва узун бурун, пастга чўзилиб турган қулоқлар, танасида қўллар битта чизиқ билан ифода қилинган, чеҳраси эса ўта жиддий. Айримлари астрономик аниқликда ўрнатилган – масалан, баҳор ёки куз кун-тун тенглиги пайти қуёш ботадиган нуқтага қаратиб ўрнатилган.
Моаи ҳайкалларининг ўртача бўйи 3-5 метрни ташкил этади, айримлари эса 10-12 метргача етиб, 10 тоннадан ортиқ вазнга эга. Ҳар томондан цивилизациядан узилган бу маҳаллий аҳоли нега ва қандай қилиб оролнинг шундоқ ҳам чекланган ресурсларини бундай улкан монолитлар ясаш ва уларни километрлаб масофаларга ташиш учун сарфлагани олимлар учун узоқ вақт муаммо бўлиб келган. Бироқ бу масала кейинги йилларда секин-аста ойдинлаша бошлади.

Маҳаллий аҳоли ҳаёти ва турмуши
Рапануи ёки рапануичилар – Пасха оролининг маҳаллий аҳолиси ҳисобланади. Дунёдан узилган бу кичик қуруқлик бўлагида ўз алоҳида цивилизацияси бўлган – улар ронго-ронго деб аталувчи ёзувга эга эдилар. Бу ёзувни лингвистлар ҳанузгача тўлиқ ўқишга муваффақ бўлишгани йўқ.

Эҳтимол дастлабки кўчманчилар ҳозирги Полинезия ҳудудидан келган ва ўзлари билан бирга ўсимлик уруғларини ҳам олиб келишган. Бу омил кейинчалик рапануичиларнинг деҳқончилигида ҳал қилувчи рол ўйнаган, чунки тахминан милодий IX асрга келиб, ўрмонлар майдони кескин камайган ва вулқон тупроғида эса кўп нарса ўсмас эди. Аборигенлар асосан тошбақа, полинезия каламуши, моллюскалар ва балиқлар билан озиқланишган – ҳатто балиқ овлаш учун сайқалланган тошдан махсус илмоқлар ҳам ясаганлар. Бу эса орол аҳолиси анча тараққий этганини кўрсатади.


Ов, деҳқончилик ва севимли бошлиқ учун меҳнат қилиш орол аҳолисининг асосий машғулоти бўлган. Вақт ўтиши билан улар икки гуруҳга бўлиниб кетишди: бир қисми амалан бепул ишчи кучи сифатида фойдаланилган, иккинчиси эса ўзини зодагон деб эълон қилган ва буни калтак орқали “тенглик” тарафдорларига “тушунтириб қўйишган”. Зодагонлар табақаси гўзаллик рамзи сифатида қулоқ юпқаларини узун қилиб чўзган – шунинг учун уларни “узунқулоқлар” деб аташган. Моаи ҳайкалларини барпо этиш ташаббуси ҳам айнан уларга тегишли бўлган, “қисқақулоқлар” эса вулқон яқинидаги карьерларда ҳайкалларни ўйганлар.

Тайёр ҳайкал худди оғир шкафни кўчиргандек, уёқдан буёққа чайқатиб, тебратиб ҳаракатлантирилган ва ҳайкал махсус ғиштсимон тўсиқлар билан барпо қилинган йўллардан “осонгина юрган”. Бунда ҳеч қандай сеҳр-жоду ёки руҳонийлар аралашуви керак бўлмаган. Кейинроқ оролдаги тинчлик бузилди ва ҳайкалларни ясаш тўхтади: айримлари карьерларда тайёр бўлмай қолди.
“Цивилизация неъматлари”
Пасха ороли 1722 йили расман очилган. Голландиялик саёҳатчи адмирал Якоб Роггевен эрталаб, Пасха байрамида, кемасида туриб, олисда қуруқликни кўриб қолади. У оролга Масиҳий байрами – Пасха номини қўяди.
Қўлида қурол билан “дўстона муносабат”ни кўрсатган ҳолда оролга тушган голландлар тош ҳайкалларни кўриб ҳайратга тушган. Кейинги тақдир эса оролни қатор “цивилизация” неъматлари билан таъминлади: Испаниянинг ҳудудий даъвоси, қулчилик, колонизаторлар оролдагиларга юқтирган чечак эпидемияси, мажбуран насроний динига киритиш, Чили томонидан босиб олиниш ва баъзи моаиларни Европа музейларига олиб кетиш – шулар жумласидандир.
Айнан Чилининг босиб олиши оролликлар учун энг оғир зарба бўлди – улар ўз маданий меросларидан айрила бошлади. Аксарият рапануичилар ҳалок бўлди, аммо уларнинг бир қисми авлод қолдира олди. Ҳозирги кунда оролда ҳам чилиликлар, ҳам рапануиларнинг авлодлари яшамоқда.
Пасха оролининг ҳайкаллари инсон зеҳни ва муҳандислик тафаккури ёдгорлиги бўлиб, бугунги кунда ҳам асосий туристик диққатга сазовор объект ҳисобланади. Дунёнинг турли жойларидан сайёҳлар келиб, бу ҳайкалларни ўз кўзи билан кўришни ва уларни ҳозирги илмий нуқтаи назардан изоҳлашга уриниб кўришни хоҳлашади.
Бутлар нима мақсадга хизмат қилган?
Олимлар кўп йиллар давомида тош бутлар – моаиларни ясашнинг мақсади ҳақида турли тахминлар билдиришган, бироқ яқин-яқингача уларнинг ҳеч бири илмий тасдиқланмаган ёки рад этилмаган.
Кейинроқ Жо Анна Ван Тилберг бошчилигидаги америкалик археологлар жамоаси шундай хулосага келишди: моаиларни барпо этишдан мақсад – маҳаллий тупроқ ҳосилдорлигини ошириш бўлган.

Қадимги рапануичилар моаиларни шунчаки маданий ёки диний тимсол сифатида эмас, балки деҳқончиликни яхшилаш мақсадида ясаган. Олимлар моаи ҳайкаллари тайёрланган базалт тош таркибини ўрганиб, ушбу назарияни тасдиқлашга муваффақ бўлдилар.
Қандай қилиб?
Жамоага геоархеолог ва тупроқшунос Сара Шервуд ҳам ёрдам берган. Улар вулқон – Рано Раракунинг шарқий қисмида жойлашган карьердаги иккита бутни пухта ўрганишди.
Маълум бўлишича, оролдаги барча моаиларнинг 95 фоизи айнан шу ердан олинган, гарчи вулқон орол юзасининг 1 фоизига ҳам тўғри келмаса-да.
“Кимёвий таҳлил натижаларини олганимда кўзларимга ишонмадим, – дейди Шервуд. – У ерда калций ва фосфор миқдори жуда юқори эди. Бу моддалар деҳқончиликда жуда муҳим ва ҳосилдорлик учун зарур ҳисобланади”.
Шу сабабли олимлар вулқоннинг каттагина қисми нафақат тош манбаи, балки ерларнинг ҳосилдорлигини ошириш учун жуда муҳим омил бўлганини тасдиқладилар.

Ҳамон сирли, бироқ тушунишга яқин
Пасха оролидаги моаи ҳайкаллари асрлар давомида инсониятни ҳайратга солиб келган. Бу гигант тош бутлар нафақат тарихий ва маданий мерос сифатида, балки инсоннинг атроф-муҳитга мослашув қобилиятининг рамзи ўлароқ қадрланади. Илмий тадқиқотлар натижасида аниқланишича, рапануй халқининг бу ҳайкалларни яратишдан мақсади фақат диний ёки эстетик эмас – балки амалий, иқтисодий жиҳатдан ҳам аҳамиятли бўлган.
Чунки базалт тошлари билан бойитилган ерлар деҳқончилик учун айниқса мос келган ва буни замонавий геохимия ҳам тасдиқлади. Демак, моаи ҳайкаллари қадимги инсониятнинг табиатни кузатиш, уни ўрганиш ва ундан оқилона фойдаланишда қандай даражада илғор бўлганини намоён этмоқда. Мазкур тош бутларни ясаш ва ўрнатишдан мақсад ҳақидаги ҳақиқатга яқинроқ тахмин шу бўлса керак.
Пасха ороли – бу фақат сирли ҳайкаллар эмас. Бу – цивилизациядан узилган, бироқ ўзининг илмий, ижтимоий ва техник имкониятларини ривожлантира олган бир халқ тарихи. Рапануилар ҳаёти, уларнинг ёзуви, деҳқончилиги ва иерархик жамияти шунчаки археологик манзара эмас – балки инсониятнинг камтар, бироқ унутилмас саҳифасидир.
Бугунги кундаги тадқиқотларнинг гувоҳлик беришича, ҳар қандай сир – ёритилиши мумкин бўлган ҳодисадир. Пасха ороли ва унинг моаи ҳайкаллари ҳамон ўрганиш ва илмий изланиш учун очиқ бўлган жонли ҳамда табиий саҳифа сифатида қолаверади.
Абулфайз Сайидасқаров