Франция ва Жазоир муносабатлари ўта кескинлашди
Ҳар иккала давлат 12 нафардан расмийларни ўз ҳудудидан чиқариб юборган.

Франция ва Жазоир ўртасидаги дипломатик алоқалар кескинлашмоқда.
15 апрел куни Франция Жазоирнинг 12 нафар дипломатик расмийларини мамлакат ҳудудидан чиқариб юборди. Бу эса, ўз навбатида, Жазоирнинг бир кун аввал 12 нафар Франция расмийларини мамлакатдан чиқариб юборганига жавобан амалга оширилди.
Жазоирнинг бундай қарорига нима сабаб бўлди? Бунга Франция прокуратураси томонидан уч нафар жазоирликка нисбатан жиноий иш очилиши сабаб бўлган. Улар орасида Жазоирнинг Франциядаги ваколатхонаси ходими ҳам бор.
Улар Жазоир ҳукуматининг танқидчиси, блогер Амир Бухорсни 2024 йил апрел ойида Париж атрофида ўғирлаб кетганликда гумон қилинмоқда.
Маълумки, илгари Жазоир давлати Франциянинг Африкадаги колонияларидан бири бўлган ва маҳаллий аҳолида Францияга нисбатан салбий фикр шаклланган.
Шунингдек, Франция ва Жазоир ўртасидаги муносабатлар 2024 йил ёзида яна таранглашган эди.
Бунга Франциянинг Ғарбий Саҳрои Кабир учун бўлган низода Марокашни қўллаб-қувватлагани сабаб бўлди.
Марокаш ушбу ҳудуд тарихан уларга тегишли эканини ва 1975 йилда босиб олинганини илгари сурган. Жазоир эса Полисарио фронтининг мустақиллигини қўллаб-қувватлайди.
2024 йил июл ойида Жазоир ўз элчисини Франциядан чақириб олган эди. Сиёсатшунос Ҳасни Абидийнинг айтишича, Жазоир Франциянинг бу ҳаракатини хиёнат сифатида қабул қилган. Жазоир, шунингдек, Франциянинг БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси бўлганлиги сабабли, унинг халқаро майдондаги сўзининг оғирлигини ҳисобга олиб, норозилик билдирган.
Ушбу икки давлат ўртасидаги сўнгги келишмовчилик Амир Бухорс атрофида юзага келди. Амир Бухорс — Жазоир ҳукуматининг танқидчиси бўлиб, мамлакат президенти Абделмажид Теббунг бошқарувини кескин танқид қилгани билан танилган.
2016 йилдан бери Францияда яшаб келади ва 2023 йилда Франция ҳукумати томонидан ҳимояга олинган. ТикТок платформасида "Амир ДЗ" номи билан машҳур бўлган блогернинг 1,1 миллиондан ортиқ обуначиси бор.
Le Figaro газетасининг хабарига кўра, 2015 йилдан 2019 йилгача у Жазоир судлари томонидан фирибгарлик, таҳдид ва туҳмат айбловлари билан айбланган.
Жазоир 2021 йилда уни экстрадитсия қилиш бўйича Францияга мурожаат қилган, бироқ Франция суди бу талабни рад этган.
France 24 нашрининг маълумотларига кўра, 2024 йил апрель ойида Амир Бухорс ўғирлаб кетилган ва бир кундан сўнг озод қилинган. Бухорснинг адвокати бу ҳодиса Жазоир ҳукумати томонидан уюштирилганини таъкидлаган.
Жазоир ташқи ишлар вазири бу даъволарни рад этиб, уларни “тоқат қилиб бўлмас найранг” деб атаган.
Робин Фришнинг фикрича, Жазоирнинг бу масалага жиддий ёндашаётганининг сабаби — Бухорс ижтимоий тармоқлар орқали мамлакат фуқаролари онгига таъсир ўтказаётганидир. “Ижтимоий тармоқларда чегара йўқ, Бухорс ёзган барча хабарлар жазоирликлар томонидан ўқилмоқда,” — дейди у.
Франция–Жазоир алоқалари ёзувчи Буалем Сансал сабабли ҳам кескинлашган. Сансал — Ислом дини ва Жазоир ҳукуматининг танқидчиси бўлиб, асл жазоирлик бўлса-да, Франция фуқароси ҳисобланади. У 2024 йил ноябрь ойида Жазоир ҳудудида ҳибсга олинган.
Бунга сабаб — у Youtube каналида Жазоирнинг айрим ҳудудлари тарихан Марокашга тегишли экани ҳақида фикр билдирган. 80 ёшли ёзувчи беш йилга озодликдан маҳрум этилган. Президент Эммануэл Макрон эса Сансалнинг ҳибсга олиниши бўйича очиқчасига танқид билдирган ва уни озод қилишга чақирган.
Макрон ҳозирда Жазоирга нисбатан ноқулай вазиятда қолмоқда ва Франциядаги ўнг сиёсий кучлар уни Жазоирга нисбатан янада қатъий чоралар кўришга даъват этмоқда, дея хабар беради Робин Фриш.
Жазоирдаги ижтимоий ва иқтисодий вазият ҳам жиддий. German and Trade Investment платформасининг маълумотларига кўра, саводсизлик даражаси 19 фоиз, ишсизлик даражаси эса 12 фоизни ташкил этади. Айниқса, бу ҳолат ёшларга кучли таъсир қилган. Сўнгги йилларда кўплаб ёшлар давлатга қарши чиққан ва “Ҳирак” деб номланган ҳаракатга қўшилган.