“Андижон турмаси” шаҳар четига кўчирилади
Турма ўрнида замонавий кўнгилочар савдо ва сервис маркази барпо этилади.

Президент Андижон шаҳри бўйича муҳим бир ташаббусни айтди. Шаҳар марказида “Андижон турмаси” номи билан танилган 3-сон тергов ҳибсхонаси жойлашган. 100 йил олдин қурилган бундай “совуқ” бинонинг марказда бўлиши нотўғри экани қайд этилди.
Шу боис бу объект шаҳар чеккасига кўчирилиши, ўрнида замонавий кўнгилочар савдо ва сервис маркази барпо этилиши белгиланди.
Андижон шаҳрини вилоятнинг 8 та ҳудуди билан боғловчи жамоат транспорти мавжуд эмаслиги оқибатида кунига 80 минг аҳоли вилоят марказига 20 мингга яқин енгил транспортда келишга мажбур.
Тиғиз пайтда Андижон шаҳридаги тирбандлик 7-8 баллга чиқиб кетмоқда. Ваҳоланки, 1 та кичик автобус кунига камида 400 нафар аҳолига хизмат кўрсатиб, 25 та енгил машинани ўрнини босади.
Мутасаддиларга тадбиркорлар билан учрашиб, янги маршрутлар ва вилоят шароитига мос автобус русумларини аниқлаб, таклиф бериш топширилди.
Аввал Андижон вилоятига 1 трлн сўм берилиши маълум бўлганди.