platina.uz

Хитой Покистон иқтисодиётини қандай хароб қилган?

Покистон дунёдаги энг йирик пахта ишлаб чиқарувчилардан бири ҳисобланади. Лекин тадбиркорларда бу пахтани йиғиш учун комбайнларга бензин қуйиш учун пул йўқ. 

Таҳлил
15 апрель, 19:30
Хитой Покистон иқтисодиётини қандай хароб қилган?

Табиатда турли жонзотларнинг ўзаро симбиоз ҳолатда – бир бирига фойда келтириб, баҳамжиҳат, бир-бирига кўмаклашиб яшаши кўп учрайди. Масалан, Африкадаги Acacia drepanolobium акация дарахти жирафалар ва филларнинг ҳужумидан кўп азият чекади. Шу боисдан мазкур акация дарахти ўзидан махсус ширин нектар ажратиб чиқаради. Crematogaster mimosae турига мансуб ўткир қоринли чумолилар эса бу ширанинг ҳидини олиб, акацияни эгаллаб олишади ва унинг танаси ҳамда тиканларидаги бўшлиқларга кириб яшай бошлайди. Чумолилар пастга деярли тушмайди. Нектар худди наркотик каби уларни ўзига ўргатиб олади. Қолаверса, ширин ва тўйимли овқат ҳамда тайёр уя турганида, ҳудуд ва озиқ-овқат учун жанг қилиш ва овқат қидириб тентираб юришдан фойда йўқ.

Шу билан бирга, бу нектар чумолиларнинг хулқ-атворини ўзгартириб, уларни ҳужумкор ва “жаҳлдор” қилиб қўяди. Чумолилар акацияни ўз инлари, нектарни эса озиқ-овқат манбаи, деб ҳисоблайди. Бирор организм (замбуруғ ва ҳоказо) ёки ҳайвон ушбу акация дарахтига тажовуз қилса, чумолилар дарҳол унга ҳужум қилиб, талаб ташлайди ва қочишга мажбур қилади. Натижада, ҳам акациянинг хавфсизлиги таъминланади, ҳам чумолиларнинг эса меҳнат қилмасдан, беғам яшаши кафолатланади.

Айни даврда бошқа давлатларга қарз бериб “ёрдам кўрсатаётган” Хитойни нектар билан чумолиларни ўзига ўргатиб олган ана шу акация дарахтига ўхшатиш мумкин. Бироқ акациядан фарқли ўлароқ, Хитой хавфсизлик эмас, бошқа мақсадларни кўзлайди. Ва Хитой акация каби ўзаро тенглик ва беғараз ҳамкорликни назарда тутмайди...

Хитойнинг “ёрдами” охир-оқибат қарздор давлатни ёки ҳудудидан айралишига ёки сиёсий-ҳирбий мустақиллигини йўқотиб қўйишига олиб келади. Хитой билан ҳамкорлик қилган давлатлар секин аста танауззулга юз тута бошлади. Покистон ҳам шундай давлатлардан бири. Хитойнинг нохолис ёрдамини ана шу мамлакат мисолида кўриб чиқиш вазиятни яққол очиб беради.

Йирик давлатнинг муаммолари ҳам йирик бўлади

Тасаввур қилинг, уйингизда номаълум муддатгача электр энергияси ўчирилади, чунки давлатда газ ва кўмир харид қилишга пул йўқ. (Шахсан биз - буни тасаввур қилишга қийналмаймиз - муаллиф)

Тасаввур қилинг, фақат бир ой ичида доллар ва евро 33 фоизга қимматлашади, миллий валюта қадрсизланади, натижада бензин ва барча дўкон маҳсулотлари икки баробаргача ошади. Фақатгина маошлар ошмайди, улар ўзгаришсиз қолади. Ва бу жараён тўхтамайди. Янги ой — янги нархлар, янги муаммолар. Покистон иқтисодиётининг қулаши ана шу белгилар билан бошланган эди.

Покистон давлатининг ҳудуди катта – 881 минг 913 км² бўлиб, дунёда ер майдони бўйича 33-ўринда туради, жаҳон океанига чиқа олади. Қудратли армияга ҳамда ядро қуролига эга. Покистон буғдой етиштиришда бутун Африка давлатларининг умумий ҳосилидан ҳам кўпроқ ишлаб чиқаради. Аммо аҳоли арзон ун учун километрлик навбатларда туришга мажбур.

Покистон дунёдаги энг йирик пахта ишлаб чиқарувчилардан бири ҳисобланади. Лекин тадбиркорларда бу пахтани йиғиш учун комбайнларга бензин қуйиш учун пул йўқ.

Шаҳар четларида одамлар электр энергияси ўчирилиши эҳтимолига қарши дизелли генераторлар ўрнатмоқда, сув тўхтаб қолишидан эҳтиёт бўлиб, махсус сув идишларини тайёрлаб қўймоқда. Аммо муаммо шундаки, генераторлар учун дизель ёқилғи керак — лекин у ҳам танқис.

Покистон — дунёдаги энг кўп аҳоли яшайдиган мамлакатлардан бири. Унинг аҳолиси 241 миллион кишидан зиёд бўлиб, бу борада дунёда 5-ўринда туради. Ишлашга лаёқатли аҳоли сони — 75 миллион нафар. Уларнинг қарийб чорак қисми - ишсиз. Покистон бир томондан в- беқарор Афғонистон билан, иккинчи томондан эса ўзининг асрий душмани Ҳиндистон билан чегарадош.

Хўш, Покистон иқтисодиёти нега инқирозга чуради. Бу фақат Покистонга хос муаммоми ёки бундай вазият исталган давлатда юзага келиши мумкинми?

Сабаблар ва омиллар

Кўпчиликнинг фикрига кўра, Покистондаги инқирознинг триггерлари иккита:

Биринчиси — COVID-19 пандемияси бўлиб, бу даврда мамлакатда ишлаб чиқариш кескин қисқарди.

Иккинчиси — ўтган йилги ёмғир мавсумида келиб чиққан табиий офатлар. Ўшанда иқтисодиётнинг умумий йўқотиши 30 миллиард долларни ташкил этган, 8 миллиондан зиёд инсон бошпанасиз қолган эди. Ушбу офат оқибатлари ҳалигача бартараф этилмаган. Аммо бу фақат триггер бўлган, холос. Асосий сабаблар йиллар давомида йиғилиб келган.

Шу ўринда айтиш жоиз, Покистон тарихини ҳарбийлар ва куч ишлатар тузилмаларнинг яққол ҳукмронлигининг тарихи деса ҳам бўлади. Албатта, расман мамлакатдаги энг юқори лавозимларда фуқаролар турса-да, амалда барча назорат куч тузилмалари қўлида. Яъни Покистонда ўзига хос стратократия (юнонча στρατός «армия, қўшин» + κράτος «ҳукмронлик, ҳокимият») ўрнатилган.

Бу эса — салбий ҳолат. Чунки ҳарбийлар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари бошқа вазифаларни бажариши керак. Масалан, мамлакат хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлаши лозим. Лекин куч ишлатар тузилмаларнинг ҳаддан ташқари қаттиқ назорати ҳар қандай демократияни бўғиб қўяди. Натижада аҳоли давлат бошқарувида ўз вакилларига эга бўлмайди. Давлат раҳбарияти билан халқ ўртасида узилиш юз беради.

Лекин бу —муаммонинг фақат ярми. Дунёда шундай давлатлар борки, у ерда қаттиқ режим бор, лекин ҳарбийлар иқтисодиётга аралашмайди. Покистонда эса бундай эмас. Ҳозирги ва илгариги кўплаб ҳарбий амалдорлар иқтисодиётга таъсир кўрсатувчи йирик корпоратив лавозимларни эгаллаб туришибди. Ҳар қандай соҳани олинг — авиациями, тиббиёт, телекоммуникация ёки қурилишми — барчасига амалдаги ёки собиқ ҳарбийлар раҳбарлик қилмоқда. Буни тушуниш мумкин — мамлакат етарлича камбағал. Фойда кўриладиган соҳалар кам. Катта бизнес эса ўз ўйинларини ўйнайди. Покистондаги кўплаб йирик компаниялар халқ уёқда турсин, ҳаттоки ҳукумат олдида ҳам жавобгар эмас. Уларнинг фаолияти фақат кичкина бир гуруҳ манфаатларига хизмат қилади холос. Расман бу — капитализмдек кўринсада, амалда эса — феодализм тузуми ҳукмрон.

Аммо энг ёмони бу ҳам эмас! Муаммо шундаки, ҳарбийлар давлат ҳукуматини армия ва куч тузилмаларини молиялаштиришга улкан маблағлар ажратишга мажбур қилмоқда. Бу маблағларнинг катта қисми талон-тарож қилинади, оқибатда барча харажатни оддий халқ тўлашга мажбур бўлади.

Таълимдан армия устун

Покистон ЯИМнинг атиги 2,4 фоизини таълимга сарфлагани ҳолда, ҳарбий-саноат комплексига ЯИМнинг 17,8 фоизини йўналтирилади. Покистондаги таълимга эътибор кўрсаткичи ҳатто Жанубий Осиё давлатлари орасида ҳам энг паст кўрсаткич ҳисобланади. Бундан ташқари, ҳарбий иқтисодиёт кўплаб яширин харажатлар билан боғлиқ — шулар жумласидан таниш-билиш капитализмини илгари суриш ва эркин бозор иқтисодиётининг ўсишига тўсқинлик қилиш ҳам бор. Яъни ҳарбий соҳага ажратилган пулларнинг катта қисми коррупция туфайли раҳбарнинг шахсий кармонига кириб кетади.

Албатта, Покистон шундай қоидалар асосида яшовчи ягона мамлакат эмас. Таиланд, Индонезия ва Бразилияда ҳам шунга ўхшаш ҳолатларни кўриш мумкин. Бу давлатларда ҳам ҳарбийлар ва куч тузилмалари таъсири катта. Лекин бразилияликлар бу вазиятдан чиқиш йўлини топа олдилар. Мамлакат иқтисодиёти фаол ривожланаётган пайтда ҳарбийлар уни бошқаришга аралашган, аммо иқтисод барқарор ўсиш кўрсата бошлаганидан кейин, ҳарбийлар молиявий бошқарувдан аста-секин четланишган. Ачинарлиси шундаки, Покистонда бу жараён аксинча кечмоқда — хазина ўмариш кучаймоқда, хазина эса бўшаб қолмоқда. Бу ерда ҳатто мамлакат парчаланиши эҳтимоли бор — бу эса бутун дунё учун хавфли, чунки бундай ҳолатда ядровий қурол экстремистлар қўлига тушиб қолиши мумкин.

Иқтисодий инқироз илдизлари

Покистондаги иқтисодий инқироз учун замин анча олдин яратилган. Бунга мамлакатнинг географик жойлашуви ҳам сабабчи. Чунки Покистон икки йирик саноат давлат — Хитой ва Ҳиндистон орасида жойлашган. Ҳиндистон билан муносабатлар жуда таранг. Хитой эса жануби-ғарбий қўшнисининг иқтисодий юксалишидан манфаатдор эмас, чунки у тўғридан-тўғри рақобатчи.

Покистон, асосан, аграр ва хомашё ишлаб чиқарадиган давлат. Экспортнинг асосий соҳалари — қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва тўқимачилик. Покистон матолари дунё бўйлаб қадрланади. Лекин қишлоқ хўжалиги асосан ғарб технологиялари ҳисобига ривожланган. Хусусан, суғориш каналларининг катта қисми Британия мустамлака даврида қурилган. Чет эллик инвесторлар эса завод қуришга унчалик қизиқиш билдирмаяпти. Чунки сиёсий жиҳатдан анча барқарор қўшни Ҳиндистонни афзал кўришади.

Албатта, Покистонда айрим хорижий корхоналар ҳам мавжуд. Масалан Suzuki ва Honda каби автозаводлар Покистонда фаолият юритади. Лекин улар асосан автомашиналарни йиғиш билан чекланади. Натижада Покистон арзон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва тўқималарни экспорт қилади, қолган барча нарсаларни эса импорт қилади.

Ажабланарлиси, ҳатто покистонликларнинг севимли ичимлиги бўлмиш чойнинг ҳам каттагина қисми импорт қилинади, нефть ва газ ҳақида айтмай қўя қолайлик!

Ташқи қарз ўсиб бормоқда

Тасаввур қилинг, чорак миллиард аҳолига эга мамлакат учун қанча нефть керак бўлади?! Валюта баланси — яъни мамлакат ишлаб топган ва сарфлаган валюта фарқи — манфий бўлиб келмоқда. Бу эса давлатни қарз олишга мажбур қилган ва қарз эса йил сайин ўсиб боряпти.

1999 йилда генерал Мушарраф ҳукмронлиги даврида Покистоннинг ташқи қарзи 3,06 триллион рупийни ташкил этган. 2018 йилда, Имрон Хон даврига келиб эса, бу кўрсаткич 62 триллион рупийдан ошиб кетган. Ташқи қарз ҳар йили 14–15 фоизга ошган, ЯИМ эса атиги 3 фоизга ўсган. Бу вазиятни ўзгартириш учун ҳеч қандай аниқ қадамлар қўйилмаган.

Хитой тимсолидаги “қутқарувчи”

Бу жараёнлар давомида Покистон ҳукуматининг ягона “муваффақияти” — Хитой билан Хитой–Покистон иқтисодий коридорини ташкил қилиш бўйича битим тузилиши бўлди. Хитойга Покистон керак эди, чунки у орқали Европа бозорига товар етказиб бериш йўлини қисқартириш ва Ҳинд океанига чиқиш имконияти пайдо бўлар эди. Шу мақсадда замонавий автомагистраллар, темир йўллар, портлар ва аэропортлар қурилиши керак эди — ва Хитой буларнинг барчасини молиялаштиришни зиммасига олди.

Бир қарашда, бу Покистон иқтисодиётини юксалтиришга туртки бўлади, деб ўйлаш мумкин. Чунки хитойликлар жуда катта маблағ сарфлашган: Гвадар портига 300 миллион доллар, Ист-Бей автомагистралига 179 миллион, Гвадар аэропортига 230 миллион, Каракорум шоссесининг реконструкциясига 1,3 миллиард, “Мултан–Суккур” йўлига эса деярли 3 миллиард доллар беришган. Ва бу ҳали улкан келишувнинг фақатгина бир қисми. Умуман олганда, Хитой Покистон иқтисодиётига ўнлаб миллиард доллар инвестиция киритган.

Аммо бу ерда бир неча “лекин”лар бор. Биринчидан, бу каби ҳамкорлик Ҳиндистон, Европа ва Америка учун мутлақо манфаатсиз. Чунки бу Хитойнинг минтақадаги таъсирини кучайтиради. Иккинчидан эса — Покистондаги барқарор коррупция сабабчи!

Беғараз бўлмаган ёрдам

«Хитойлик билан нимагадир келишсанг, бироз тин ол ва у сени қаерда алдаганини ўйлаб кўр», деган нақл бор. Покистонликларни эса ёш боладек алдашди — ўзаро келишувлар Покистон учун жуда ноқулай шартларда тузилган эди. Энг асосийси, маблағларнинг каттагина қисми қарз сифатида берилди.

Гарчи Хитой Покистонга ёрдам бергандек кўринган бўлсада, ўз манфаатларига мос келадиган транспорт тизимини қурди. У шу орқали пул ишлаб топади ва қурилишга сарфлаган маблағларини ҳам қайтариб олади. Аммо бу ҳаммаси эмас.

Покистон учун бундай кенг кўламли қурилиш лойиҳаси катта фойда келтириши мумкин эди. Ўзингиз тасаввур қилинг: қанча одам иштирок этиб, иш ҳақи олиши мумкин эди! Аммо қурилиш ишларини асосан хитойликлар олиб борди ва иш ҳақини ҳам ўша улар олди. Бугунги кунда ҳам қурилган иншоотларни хитойликлар бошқаради, фақат учдан бир қисмидагина покистанликлар ишламоқда, қолган мутахассислар — хитойликлар. Ва яна ўша хитойликлар катта иш ҳақи олмоқда.

Бунинг устига, қурилган объектларнинг хавфсизлигини ҳам Покистоннинг ўзи таъминлаяпти. Масалан, Панжобда уларни 8 минг полициячи ва 12 минг ҳарбий қўриқлаяпти. Бунинг барчаси — покистонлик солиқ тўловчилар ҳисобига. Фойдани эса хитойликлар кўряпти.

Лекин бу ҳаммаси эмас! Хитой маҳсулотлари нархи покистонлик маҳсулотларга нисбатан анча арзон. Янги қурилган савдо йўллари хитойликлар учун Покистон бозорига йўл очиб берди ва натижада кўплаб маҳаллий ишлаб чиқарувчилар банкрот бўлди.

Албатта, барча покистонликлар лойиҳадан фойда кўрмади деб айтсак, адолатликсизлик бўлар эди. Мамлакат элитаси албатта, даромад олди. Лекин бу даромад ўз юртини Хитойга боғлиқ қарз домига тушириш ҳисобига эди.

Кутилмаган инқироз - COVID-19

Шу пайтда COVID-19 билан боғлиқ инқироз келиб чиқди. Экспорт кескин қисқарди, Хитойда иқтисодий муаммолар бошланди. Покистонга сармоялар камайди, бироқ импорт маҳсулотларини харид қилиш зарурияти сақланиб қолди. Аҳолига маош бериш керак эди. Лекин ўғри элита талгани боис хазина бўм бўш. Маошларни бериш ва бошқа эҳтиёжлар учун яна хоирждан қарз олишга мажбур бўлишди. Хитой вақтинча ноқобил бўлгани боис Халқаро валюта жамғармасидан (ХВЖ) яна қарз олишга мажбур бўлишди.

2019 йилда бош вазир Имрон Хон ХВЖ билан кредит масаласида музокаралар олиб борди. ХВЖ эса мамлакат олдига қаттиқ иқтисодий шартлар қўйди, жумладан, ёқилғи маҳсулотлари нархини давлат томонидан тартибга солишни бекор қилиш талаб этилди. Имрон Хон ушбу шартларни бажарди, натижада инфляция жадаллашди. Аммо ваъда қилинган пул берилмади.

2022 йилда эса Россия Украинага бостириб кирди. «Покистоннинг бу урушга нима алоқаси бор?» дейишингиз мумкин. Лекин ушбу можаро оқибатида нефть нархи кескин ошиб кетди. Покистон эса уни сотиб олиш учун зарур маблағга эга эмас эди.

2022 йил 19 май куни Покистон ахборот вазири Марям Аврангзеб мамлакат рупия курси ва давлат захираларини барқарорлаштириш, шунингдек, инфляцияга қарши курашиш мажбуриятини олганини маълум қилди. Шу куниёқ мамлакатга ҳашамат маҳсулотларни импорт қилиш тақиқланди. Ҳукумат фикрига кўра, бу валюта захираларини сақлаб қолиши мумкин эди. Лекин бу тақиқлар, албатта, иш бермади. Қандай қилиб иш берсин? Ахир мамлакат орқали ҳар қандай товарни олиб кириш мумкин бўлган кучли транспорт артерияси қурилганку!

ХВЖнинг фойдасиз ёрдами

Инфляция янада авж олди. Қаерга мурожаат қилиш керак? Албатта, яна ХВЖга. Улар эса айнан шундай мурожаатни кутаётгандек эди. Қўйилган талаблар яна бир хил: энергия нархларини ошириш, солиқларни кўпайтириш, давлат бюджети харажатларини қисқартириш. Бу талаблар ҳам бажарилди. Натижада — корхоналар оммавий равишда ёпила бошлади. Чунки улар учун энергия ҳаётий муҳим омил эди.

2022 йилда Покистонда 1600 дан ортиқ корхона ёпилди — бунинг ичида ҳам маҳаллий, ҳам чет эл компаниялари бор эди. Хусусан, Suzuki ва Honda заводлари фаолиятини тўхтатди. Япониялик тадбиркорлар учун бу жуда катта йўқотиш бўлмаслиги мумкин, лекин маҳаллий аҳоли учун бу улкан фожиа! Ўн минглаб одамлар ишсиз қолди. Ҳатто аҳвол шу даражада ёмонлашдики, ҳукумат халқдан кундалик чой истеъмолини бир стакангача камайтиришни талаб қилди.

Охир-оқибат, ХВЖдан қарз олинди, аммо бу ҳам эндиликда ҳеч қандай ёрдам бермади. Мамлакатнинг валюта захиралари тарихий энг паст даражага тушди. Инфляция ошиб борарди. Масалан, 2022 йил март ойида 1 доллар 188 рупийга тенг эди, декабрга келиб эса 220 рупийгача чиқди.

2023 йил январь ойида валюта бозоридаги сунъий нарх чеклови бекор қилинди ва бир неча кун ичида рупия 20 фоизга қийматини йўқотди. 2023 йил бошидан буён умумий пасайиш 33 фоизни ташкил этди.

Асосий истеъмол товарлари нархи қишлоқ жойларда 50%, шаҳарларда эса 47% га ошди. Ўртача инфляция даражаси — 38%. Бу эса ишсизлик ўсиб бораётган, энергетика нархи эса ХВЖ талабига биноан 16 фоизга кўтарилган шароитда рўй берди.

Бугунги вазият

Moody’s агентлигининг баҳолашича, ҳозирги пайтда Покистоннинг рейтинг даражаси "трипл 7 минус" бўлиб, бу деярли дефолт ҳолатини англатади. Шу шароитда мамлакатда яна сиёсий нотинчликлар юзага келди — ҳокимият алмашди ва янги ҳукумат қийин аҳволда 2019 йилда ваъда қилинган 6 миллиард долларлик ХВЖ қарзини сўраб ҳаракат бошлади. Аммо пуллар йўқ ва ХВЖ мамлакатдаги иқтисодий ҳолат ҳамда сиёсий беқарорликни қабул қилмаётгани сабабли, бу маблағлар ҳам бўлмайди.

Шу сабабли ҳозирги кунда Покистоннинг асосий кредитори — Хитой ҳисобланади. Расман, улар мамлакатни молиялаштираётгандек, амалда эса фақат "иқтисодий коридор"ни. Чунки Хитой учун Покистонда фуқаролик уруши чиқиши манфаатсиз — бу савдо логистикасини йўққа чиқаради. Лекин Хитой билан ҳазиллашиш яхши эмас — Покистон кредит қопқонида тобора чуқурроқ ботиб бормоқда. Энг қимматли иншоотлар амалда аллақачон Хитойга тегишли. Ва Хитой ўз манфаатларини ҳимоя қилишни яхши билади.

Бунга яна табиий офатларни ҳам қўшсангиз, ишонч билан айтиш мумкин: мамлакат ҳалокат ёқасида турибди. Ва бунинг сабаби — нотўғри бошқарув, коррупция ва мураккаб ташқи сиёсий ўйинларидир.

Айримлар ХВЖнинг инфляцияни кучайтириб, ҳеч қандай ёрдам бермаслиги ортида Хитойга муаммо яратиш, Хитой–Покистон иқтисодий коридорини заифлаштириш мақсади турган бўлиши мумкин, деган гумонни билдирмоқда. Чунки бу транспорт йўлаги ҳамма учун ҳам манфаатли эмас.

Воқеалар қандай ривожланишини яқин орада билиб оламиз. Лекин ростини айтганда, Покистоннинг келажаги борасида умид жуда кам. Айниқса, шу кунларда асосий ҳомий — Хитойнинг ўзи ҳам оғир иқтисодий муаммоларга дуч кела бошлаган. Энди Хитой ҳукумати 250 миллион аҳолига эга, лекин унга керак бўлмаган қўшни мамлакатни молиялаштиришга маблағи етармикин? Ёки, эҳтимол, Хитой Покистонда аҳолини камайтиришни истаб қолар? Турли вариантлар бўлиши мумкин. Ҳолатнинг қай тарзда якун топиши эса яқин орада маълум бўлади.

Акация мавзусига қайтиб

Мақола аввалида акация ва чумолиларнинг симбиоз – ўзаро манфаатли ҳамкорлиги борасида ҳикоя қилинган эди. Гап шундаки, бу ҳамкорликнинг чумолилар учун ёмон жиҳати ҳам бор: акация ажратадиган ва чумолилар истеъмол қиладиган нектар таркибида махсус фермент ҳам бўлиб, у чумолиларнинг овқат ҳазм қилишида ўзгариш ясайди – чумолилар бошқа фруктоза, глюкоза ёки сахарозани ҳазм қила олиш қобилиятидан мосуво бўлади. Яъни акацияни тарк этиб, бошқа озиқларни истеъмол қила олмайди. У фақат акациянинг нектарига қарам бўлиб қолади. Акар акация қуриса, чумолилар ҳам ҳалок бўлади. Чунки бошқа овқатни ея олмай олган бўлади...

Хитой бераётган қарз ва иқтисодий ёрдамни ҳам ана акация нектарига ўхшатиш мумкин – у давлатларни ўзига қарам қилиб олади. Ҳар қандай қарамликнинг оқибати эса фалокатли тугайди. Инсоният қоидалари ҳам, табиат қоидалари ҳам ўхшаш.

Абулфайз Сайидасқаров

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+