
Ўзбекистонлик профессионал боксчи Шаҳрам Ғиёсов (17-0, 10 КО) ярим ўрта вазн тоифасида (66,7 кг гача) WBA камари учун мажбурий даъвогар мақомини муваффақиятли ҳимоя қилди ва аргентиналик Франко Максимилиано Окампони (17-3, 8 КО) муддатидан олдин мағлуб этди.
Биринчи раунд тугашига бир неча сония қолганида Ғиёсов чап томондан зарба бериб, Окампони нокдаунга учратди. Аммо 4-раундда ўнг қўлда гавдага берилган аниқ зарба Окамппони жангни давом эттира олмайдиган ҳолга олиб келди. Шу тариқа Шаҳрам нокаут билан ғалаба қозонди.
Ғиёсов мажбурий даъвогар мақомини сақлаб қолди ва Жарон Эннис (33-0, 29 КО) – Эймантас Станёнис (15-0, 9 КО) ўртасидаги кечанинг марказий жанги ғолиби билан тўқнаш келиши мумкин.
Шаҳрам Ғиёсов ушбу жангни бир ой олдин кам учрайдиган мия касаллигидан вафот этган икки ёшли қизига бағишлаганини айтганди.
"Бу жанг – қизим учун. Бу ғалаба унинг учун. Кейинги жанг… Қизимга ваъда бераман – жаҳон чемпиони бўламан. У менга ишонарди. Мен шундай қилдим. Мен буни биламан. Менга имконият беринг ва мен буни қиламан".