Google эффекти ёки рақамли амнезия: унга қарши қандай курашиш керак?
Интернетга қарам одамлардан ақлли эмас, кучли, оғир меҳнатга чидамли, сабр-бардошли, қўшиқ ва рақсга қобилияти бор, хўжайинларининг кўнглини, нафсини ва хирсини қондира оладиган қулваччалар туғилади.

Ҳозирги замонавий дунёни рақамли технологияларсиз тасаввур қилиш қийин. Турли смартфонлар, иловалар, нейротармоқлар ва интернетга қарамлик ортиб бормоқда. Бироқ, бу қулайликлар билан бирга, бир қатор муаммолар ҳам юзага чиқа бошлади. Шулардан бири – рақамли амнезия, яъни технологик паришонхотирлик ҳисобланади.
Хўш, рақамли амнезия нима дегани? Улар қандай юзага келади ва уларга қарши қандай курашиш керак?
Рақамли амнезия қандай юзага келади?
Рақамли амнезия – бу янгича феномен. Баъзида “Google эффекти” деб ҳам аталади. Иккаласи кўпинча синоним сифатида қўлланилади, аммо улар орасида фарқ мавжуд.
Рақамли амнезия – бу шунчаки рақамли қурилмаларда сақланаётган маълумотни (эслатмалар, телефон рақамлари, хариталар ва йўналишлар, иш рўйхатлари ва ҳоказо) ёдда сақлашдаги муаммодир.
Google эффекти эса ҳар қандай маълумотни интернетдан бир зумда топиш мумкинлигини англаган ҳолда, умуман ёдда сақлашга ҳожат йўқ, деган тушунчага асосланади.
“Рақамли амнезия” атамаси 2015 йилда илм-фанга киритилган ва у инсонларнинг смартфон ёки бошқа рақамли қурилмаларда сақлаётган маълумотларни унутиш ҳолатини ифода қилиш учун ишлатилган.
Ҳозирга келиб, бу муаммо фақат Google билан боғлиқ бўлмай қолди. Энди ChatGPT каби нейротармоқлар (сунъий интеллект), тармоқда ўйналадиган PUBG каби видеоўйинлар ва бошқа вақт кушандаларининг тури ҳам кўпайиб кетган.
Рақамли амнезиянинг асосий сабаблари:
1. Рақамлашув – интернет ва қидирув тизимлари, смартфонлар ва ноутбуклар ҳар бир хонадонда бор. Болалар болаликданоқ гаджетлардан фойдаланишади ва уларсиз ҳаётларини тасаввур қила олмайдилар. Аммо катта ёшдагилар ҳам смартфонларга боғланиб қолишган, чунки улар кўпроқ маълумот ёдда сақлаши ва кўп вазифаларни бажариши керак бўлади.
2. Гаджетларга қарамлик – ҳозир барча муҳим ва унчалик муҳим бўлмаган маълумотларни рақамлаштиришга уринамиз: тақвимдаги учрашувлар, иш чатларидаги мулоқотлар, вазифалар рўйхати, суратлар ва скриншотлар... Илованинг чексиз хабарномалари диққатни жамлашга халал беради, ижтимоий тармоқлар эса шундай тузилганки, соатлаб уларда қолиб кетиш мумкин. (Айтганча, Facebook ижтимоий тармоғини такомиллаштиришда психологлар билан маслаҳатлашилган. Улар одамнинг руҳиятидан келиб чиқиб, ўта қулай ва эътиборни тинимсиз ва кучли торта оладиган ранглар, шакл ва тизимни яратишга ёрдам беришган.) Баъзан телефонни фақатгина ҳамкасбга ёзиш учун оламиз, лекин икки соат давомида янгиликлар тасмасини ўқиб қолганимизни ҳис қиламиз.
3. Хавотир ва стресс – ташвишли инсонлар кўп ҳолларда шошилишади ва муҳим нарсани унутиб қўйишдан қўрқишади. Улар ўз хотираларидан кўра интернетга ва смартфонга кўпроқ ишонишади. Стресснинг ўзи ҳам хотирага салбий таъсир кўрсатади – маълумотни хотирада сақлаш қийинлашади. Натижада одам телефонсиз юра олмайдиган бўлиб қолади. Ҳатто ҳожатхонага телефонини олиб киради.
Рақамли амнезия қанчалик хавфли?
Смартфонларга ҳаддан зиёд носоғлом тарзда қарам бўлиб қолган инсонларда “телефон – бу хотирам” деган ишончни шакллантиради. Унга маълумотни ишонч билан топширишади ва у ёдда сақлаш қобилиятининг ўрнини босади, деб ўйлашади. Уни миясининг бир қисми деб қарашади.
2015 йили “Лаборатория Касперского” компанияси Opinion Matters агентлигига рақамли амнезия феномени бўйича тадқиқот ўтказишни буюртма қилган. Тадқиқот доирасида 16 ёшдан 65 ёшгача бўлган 6 000 киши орасида ижтимоий сўровнома ўтказилган. Натижалар қуйидагича бўлган:
Респондентларнинг учдан бири (32%) смартфонни ўз миясининг давоми деб ҳисоблайди. Смартфонда улар учун муҳим барча маълумотлар сақланган – демак, у хотира вазифасини бажаради.
Сўралганларнинг тўртдан уч қисми эса (79%) беш йил олдинга нисбатан ҳозир рақамли қурилмаларга маълумотни топишда кўпроқ таянади.
Респондентларнинг ярми (53%) смартфонда эслатиш функциясидан фойдаланади, учдан бир қисми (30%) эса ўзларига электрон хатлар, СМС ёки тақвимда ёзувлар юборишади.
Фақат 21% инсонгина маълумотни ёдда сақлашда фақатгина хотирасига суянади.
Иштирокчиларнинг 64 фоизи учун смартфон орқали “маълумотни эслаб қолиш” уларга бошқа муҳимроқ ишларга диққат қаратиш имконини беради.
43% одам маълумотни олган заҳоти ўқиб чиқади ва кейинчалик унга қайтиб, шундагина иш кўришга ўтади.
Ҳар бешинчи инсон (18%) қурилмасидаги маълумотларни умуман ўчирмайди.
35 ёшдан кичик респондентларнинг қарийб ярми (49%) қурилмаларга бўлган қарамликлари ҳақида хавотирда юришади. 35 ёшдан катта одамлар орасида эса бу хавотир даражаси 35 фоизни ташкил қилади, улар асосан технологиялар ривожининг келажагидан қўрқишади.
2022 йилда рақамли амнезия ва ёшлар орасидаги соматик тиббий аломатлар ўртасидаги боғлиқликни ўрганиш бўйича тадқиқот ўтказилди. Унда 18 ёшдан 25 ёшгача бўлган 326 нафар ёшлар иштирок этган.
Тадқиқот натижасида олимлар рақамли амнезия эътиборсизлик ва диққатни жамлашдаги қийинчиликлар, асабийлик, тажовузкорлик, когнитив ва ақлий ривожланишда тўсқинликлар, уйқу бузилиши, тушкунлик, хавотир каби муаммоларга олиб келиши мумкинлигини аниқладилар:
Катта ёшдагиларнинг рақамли амнезияга чалиниши эса деменция: хотира ва ўрганиш қобилиятининг ёмонлашиши, ақлнинг пасайиши хавфини пайдо қилади.
Яъники, смартфонларга қарамлик инсоннинг фикр юритиш, эслаб қолиш, ҳис-туйғуларни бошқариш ва дам олиш қобилиятига салбий таъсир кўрсатади.
Ижобий жиҳатлар
Шу билан бирга, рақамли тафаккурнинг айрим ижобий томонлари ҳам бор. Илгариги каби мактаб ва университетларда саналар, фактлар, исмлар, формулаларни ёдлаш талаб этилмасдан, ҳозирги кунда маълумотни топа олиш ва уни таҳлил қилиш – яъни мустақил фикр юритиш кўникмалари муҳимроқ ҳисобланади. Бу эса танқидий тафаккурнинг ривожланишига ёрдам беради.
Доктор Спарроунинг 2011 йилдаги “Google’нинг хотирага таъсири: маълумот қўл остида бўлганидаги когнитив оқибатлар” мавзусидаги тадқиқотига кўра, қидирув тизимлари давридаги таълим усуллари ўзгариши керак.
Жумладан, Ню-Йорк шаҳридаги Колумбия университети томонидан нашр этилган бир мақолада шундай дейилади:
“Таълим билан шуғулланувчи ҳар қандай шахс – университет профессори, шифокор ёки бизнес етакчи бўладими – энди билимларни ёд олишга эмас, балки ғоялар ва фикрлаш усулларини чуқурроқ тушунишга эътибор қаратар. Ва, эҳтимол, ўқувчилар фактларга эмас, балки кенгроқ англаш масалаларига кўпроқ қизиқиш билдиришар.”
Рақамли амнезияга қарши курашнинг 5 усули
Албатта, замонавий дунёда гаджетлар ва интернетдан тўлиқ воз кечиш мумкин эмас. Айниқса, агар ишингиз digital соҳаси билан боғлиқ бўлса. Лекин рақамли ҳаёт билан реал ҳаёт ўртасидаги соғлом мувозанатни сақлаш учун қуйидаги йўллар фойдали бўлиши мумкин:
1. Тайм-менежмент усуллари. Мисол учун, “помидор” техникасига мувофиқ равишда мунтазам рақамли танаффуслар қилинг. Бу нафақат дам олишга, балки уйқу сифатини яхшилашга ҳам ёрдам беради.
2. Қоғозга ёзиб қўйиш одатини тикланг. Илтимослар, ёднома ва режаларни телефонда эмас, қоғозга ёзинг. Бу маълумотни яхшироқ эслаб қолишга ёрдам беради.
3. Танқидий ёндашув ва танқидий тафаккурни ривожлантиринг. Савол туғилгани заҳоти Goоgle’дан қидириш ўрнига, уни мустақил ҳал қилишга урининг. Бу борада “5 та “нима учун” саволи?” ва “12 савол” каби танқидий тафаккур техникаларини қўллаш мумкин.
4. Хотира ва ақлни машқ қилдиринг. Масалан, бошқотирмалар ва кроссвордлар ечинг, интеллектуал викториналарда иштирок этинг, кўрилган филм ёки ўқилган китоб ҳақида рецензия ёзинг, калкуляторсиз ҳисоб-китоб қилинг, пазл тўпланг ва ҳоказо.
Бир нарсани билингки, янги машғулотлар янги нейрон алоқаларни ҳосил қилади. Масалан, ишдан қайтган заҳоти ижтимоий тармоқларга “ёпишиб қолиш” ўрнига бирор жисмоний ёки ақлий меҳнат билан шуғулланиш мумкин.
5. Жамиятда фаол бўлинг. Яқинларингиз ва дўстларингиз билан шахсан, юзма-юз кўришинг, корпоратив учрашувларда, маърузалар ва анжуманларда иштирок этинг, волонтёрлик қилинг. Зеро, бутун бўш вақтимизни интернет ва гаджетларда сарфласак, ҳаёт охирида ростанам муҳим бўлган нарсаларга етарли вақт ажратмаганимиздан афсусланиб қолишимиз мумкин.
6. Ҳар куни онлайн дунёдан узилишни одат қилинг. Ҳар куни камида бир неча соатга digital-detox (рақамли парҳез) қилинг. Буни дам олиш кунларида ҳам амалга ошириш фойдалидир.
Ижтимоий тармоқларга “шўнғиб кетиш” ўрнига жисмоний фаоллик, сайрлар, китоб ўқиш, тўлиқ ва соғлом уйқу билан шуғулланинг. Буни осонлаштириш учун кераксиз иловалар, қизиқарсиз обуналар, беқарор чатлардан воз кечиш ва тез-тез ишлатиладиган хизматларга чегара ўрнатиш тавсия этилади.
Антиутопик дунё ва деградация яқин!
Шу пайтгача Google эффекти ёки рақамли амнезия одамларнинг хотирасини ишсиз қолдириб, паришонхотир қилиб қўйган бўлса, эндиликда ChatGPT ёки Deepseek каби сунъий интеллект дастурлари ўйлаш ва тафаккур қилишнинг ҳам ўрнини босяпти гўёки. Аввал маълумотни қидиришга эринган одамлар, энди маълумотни топиш, саралаш, танқидий ёндашиш, таҳлил қилиш, мантиқий боғлиқлик ва қонуниятларни топиш ва хулосалар чиқаришга ҳам дангасалик қилмоқда. Яъни одам миясининг батамом рақамли технологияларга қарам бўлиб қолиш хавфи кучаймоқда, тафаккур қилишга ва онгли бўлишга эҳтиёж камайиб кетмоқда.
Бу кетишда фақат дастурчилар ва ақлли инсонлар, ўзини рақамли амнезиядан сақлай оладиган, парҳезга ва меҳнатга иродаси ета оладиган инсонлар “чўкмай” қолади.
Бошқалар эса худди ҳайвонга айланади. Улар қандай қилиб 10 тонна ош пишириб рекорд ўрнатиш, қандай қилиб мечкай каби кўпроқ овқат ейиш, қандай қилиб арзонроқ “дача”га бориш усуллари ҳақида баҳслашиш, ўйин-кулги, куй-қўшиқ ҳамда ялтир-юлтир, темир-терсак, латта-путталар йиғиш ва улар билан мақтаниш, ким каттароқ тўй қилишда пойга ўйнаш, бойлар, отарчилар, спортчилар ва раҳбарларга ҳавас қилиб, маддоҳлик қилиш, уларнинг оёғини ўпиш ва сиғинишда мусобақалашиш, спорт ўйинларида ким баландроқ бўкиришда беллашиш ва буни “ватанпарварлик” деб аташ, золим хўжайини ўлиб қолса, ҳўнграб йиғлаш ва ҳоказолар билан ўралашиб қолишади. Уларни ким бошқаряпти, қандай бошқаряпти, ҳаётда яшашдан мақсад нима, улар яшаётган давлатнинг ерусти ва ерости бойликларини нима қилишяпти – ҳеч кимнинг иши бўлмайди. Худди охурига ем солинган қўй овқат ейиш билан овора бўлиб, тепага, дунёда нима ишлар бўлаётганига қарашга вақти ва эҳтиёжи бўлмаганидек.
Кейин эса рақамли қуллик даври бошланади. Кимда ирода, ақл ва билим бўлса – хўжайинга айланади. Ўйин-кулги, овқат ва фаҳш билан ўралашиб қолган одамлар уларнинг қулига айланади. Ақлли, тўғрироғи, пухта ва маккор одамлар – “элита” эса бу “рақамли қуллар”га қилган ишининг ярмига аранг етадиган овқат беради, эшакдек ишлатади, қўрага (кўп қаватли уйларга) қамаб қўйиб, бироз дам олдиради. Уларга билим бериш сифатини эмас, давомати, тартиб-интизом ва кийиниши, фикр ва гаплари назорат қилинади. Фикрлашга вақти бўлмаслиги учун турли аҳмоқона мажлис, тадбирбозлик ва ўйин-кулги билан чалғитиб қўйилади.
Ҳурфикр – хўжайинлар чизган чегарадан чиқиб ўйлайдиган одамлар, эрксевар ва тафаккур эгалари намойишкорона йўқ қилинади (бошқалар қўрқиб қолиши учун). Илмий-тадқиқот институтлари, билим даргоҳлари, лабораториялар ўрнига концерт заллари, ресторан ва тунги клублар ҳамда стадионлар қуришга кўпроқ эътибор берилади. Элита ОАВ ва Интернет орқали “рақамли қуллар”нинг онги ва орзуларини бошқаради, айтганини қилдиради, истаган кўйига солади.
Эҳтимол, ақлли хўжайинлар, худди XVIII асрдаги Америка қулдорлари каби, бу “қорин бандалари” бўлмиш рақамли қулларни селекция ҳам қилишади. Яъни, бақувват қулларни бақувват аёллар билан чатиштиришади, бақувват қулбаччалар туғилишини таъминлашади. Яъни кимнинг кимга уйланиши ва неччи ёшда уйланишини ҳам назорат қилишади. Ақлли эмас, кучли, оғир меҳнатга чидамли, сабр-бардошли, қўшиқ ва рақсга қобилияти бор, афти-ангори чиройли қулбаччалар, хуллас, хўжайинларининг кўнглини, нафсини ва хирсини қондира оладиган, ўйин-кулги ва спортга мойил қулваччалар туғилишидан манфаатдор бўлишади. Қўшиқ танловлари ва спорт мусобақаларини кенг тарғиб қилишади. Чунки ақлли ва билимли болалар фақат “хўжайинлар элита”сидан чиқишини исташади.
Албатта, кучли ва соғлом бўлиш нафақат илм-фан, балки дин талаби ҳам. Аммо бу ақл ва тафаккурни четга суриб қўйиш эвазига бўлмаслиги керак.
Яқин-яқингача АҚШда шундай эди: қора танли одамларга “сен фақат қизиқчилик ва масхарабозлик қилишга, қўшиқ айтиб, рақс тушишга, бокс, футбол ёки волейбол ўйнаб, “оқ танли” хўжайинларнинг кўнглини овлашга қобилиятинг бор холос. Агар булар қўлингдан келмаса, ана, бориб қора меҳнат қил. Шулардан бирини танла”, дейишган...
Хуллас, ҳар доим ақлли одамлар – кучли одамларни, китоб ўқиганлар телевизор кўрадиганларни, тафаккур эгалари эса яллачи ва отарчиларни бошқариб-ишлатиб келган. Одам эшакдек чидамли ва ҳўкиздек бақувват бўлиши мумкин, аммо ақлли ва билимли одамнинг қўлида тансоқчи бўлиб ишлашдан ёки мардикорлик қилишдан бошқасига ярамаслиги мумкин. “Билаги зўр бирни, билим зўр мингни йиқади”, деган халқимиз нақадар ҳақ!
Абулфайз Сайидасқаров