Кўринмас фронт жангчилари: радиоактив қотиллик
Путин ўз сиёсий мухолифлари, Чеченистон озодлиги учун курашчилар ҳамда мусулмонларга қарши репрессиялар бошлаш учун ўзи атайлаб портлашлар уюштириб, шу гуруҳларни айбдор қилган.

Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) собиқ зобити ва Кремл танқидчиси Александр Литвиненко 2006 йил 23 ноябрда Лондонда заҳарланиш оқибатида вафот этди. Унинг сирли ўлими халқаро ҳамжамиятда катта шов-шувга сабаб бўлди ва Россия ҳукуматига нисбатан жиддий айбловларни келтириб чиқарди.
Литвиненко ким бўлган?
Александр Валтерович Литвиненко 1962 йил 4 декабр куни Россиянинг Воронеж шаҳрида туғилган. Совет ва россия давлат хавфсизлик хизматининг оператив ходими, подполковник. 1988-1999 йиллар давомида КГБ-ФХХ тизимида терроризм ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш соҳасида хизмат қилган.
1998 йилда Литвиненко ўз раҳбарияти уни ва ҳамкасбларини бизнесмен ва сиёсатчи Борис Березовскийни ўлдиришга буюрганини оммага маълум қилди. 2000 йилда Россияда унга қарши бир неча жиноят иши қўзғатилгандан сўнг, оиласи билан бирга Буюк Британияга қочди. Британия ҳукумати унга сиёсий бошпана берди.
Литвиненко Британиянинг MI6 махсус хизмат агентларидан бирига айланди, шунингдек, Испания разведка хизмати ва Испания прокуратураси билан ҳамкорлик қилди. У Европадаги рус мафияси ва унинг россиялик амалдорлар билан боғлиқлиги ҳақида маълумотлар узатиб турган.
Россия ҳукумати сиёсатини ва шахсан Владимир Путинни қатъий танқид қилган, уни кўплаб жиноятларда, жумладан, коррупция ва гомосексуал педофилияда айблаган.
У “ФХХ Россияни портлатади” номли китобнинг ҳаммуаллифи ва “Лубянка жиноий гуруҳи” номли китоб муаллифи сифатида танилган. Бу асарларда у Россия махсус хизматларини 1999 йилдаги Россиядаги турар жой биноларидаги портлашлар ва бошқа террорчилик ҳаракатларини Владимир Путин рейтинги ва унинг ҳокимиятга келишини таъминлаш мақсадида ташкил этганликда айблаган. Яъни, Литвиненконинг айтишича, Путин ўз сиёсий мухолифлари, Чеченистон озодлиги учун курашчилар ҳамда мусулмонларга қарши репрессиялар бошлаш учун ўзи атайлаб портлашлар уюштириб, шу гуруҳларни айбдор қилган.
Заҳарланиш ва унинг оқибатлари
Путин ўз душманларини унутадиган раҳбар эмас. У деярли барча душманларини йўқ қилган. Литвиненконинг озодликда юриши унинг ғашига тегиши тайин эди. Шунинг учун уни йўқ қилиш махсус операция тайёрлангани эҳтимолдан холи эмас.
...2006 йил 1 ноябрда Литвиненко Лондондаги "Millennium" меҳмонхонасида собиқ ҳамкасблари Андрей Луговой ва Дмитрий Ковтун билан учрашган. Учрашувдан сўнг, у ўзини ёмон ҳис қила бошлаган ва бир неча кун ичида касалхонага ётқизилган. Шифокорлар дастлаб заҳарланиш сабабини аниқлай олмадилар, аммо кейинчалик унинг организмида кучли радиоактив модда – полоний-210 мавжудлигини аниқлашди. Бу модда жуда камёб бўлиб, унинг ишлаб чиқарилиши ва тарқатилиши қаттиқ назорат қилинади.
Илк тахминларга кўра, унинг собиқ ҳамкасблари ўзлари билан олиб келган радиоактив моддани билдирмасдан Литвиненконинг чойига аралаштириб юборишган.
Полоний-210 ва унинг хавфи
Полоний-210 – кучли алфа-нурланиш чиқарадиган радиоактив модда бўлиб, инсон организмига тушганда ички аъзолар ва тўқималарни жиддий зарарлайди. Бу модда табиатда жуда кам учрайди ва унинг ишлаб чиқарилиши махсус ядро реакторларида амалга оширилади. Профессор Норман Домбининг маълумотларига кўра, Литвиненкони заҳарлаш учун ишлатилган полоний-210 Россиянинг Саров шаҳридаги "Авангард" заводида ишлаб чиқарилган бўлиши мумкин.
Литвиненко нега ФХХ ва Путин билан келишмай қолган?
1997 йили Александр Литвиненко ФХХнинг Жиноятчилик уюшмалари фаолиятини аниқлаш ва тўхтатиш бошқармасининг (УРПО) 7-бўлимига катта оператив ходим, бўлим бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаш учун ўтказилди. Унинг ва бир неча ҳамкасбларининг баёнотларига кўра, УРПОда ишлаётган даврида уларга бир неча ноқонуний буйруқлар берилган: ФХХнинг собиқ ходими Михаил Трепашкинни ўлдириш, чечен миллатига мансуб бизнесмен Умар Жаброиловни ўғирлаш ва Борис Березовскийни ўлдириш. Литвиненко Березовский билан учрашиб, унга шу буйруқ ҳақида маълум қилди. Шунингдек, Литвиненко ҳарбий прокуратурага расмий ариза берди, натижада жиноят иши қўзғатилди. Ордан кўп ўтмай, УРПО тугатилди ва ФХХ раҳбари Николай Ковалёв лавозимини тарк этди. Бирор шахсга нисбатан айблов қўйилмади.
Литвиненконинг сўзларига кўра, 1998 йил июл ойида у ФХХнинг янги раҳбари Владимир Путин билан учрашган ва унга ФХХдаги коррупция ҳамда жиноий гуруҳлар фаолияти ҳақида маълум қилган, аммо бу маълумотлар Путинда қизиқиш уйғотмаган.
1998 йил октябр охирида Березовскийни ўлдиришга қасд қилиш бўйича жиноят иши тугатилди. Шундан сўнг Березовский бу ҳолатни оммага айтишга қарор қилди. 13 ноябр куни у ФХХ раҳбари Владимир Путинга очиқ мактуб йўллади. 17 ноябр куни Путин унга омма олдида салбий жавоб қайтарди. Ўша куннинг ўзида Литвиненко матбуот анжуманида ҳамкасблари билан биргаликда чиқиш қилиб, раҳбарият уларга Березовскийни ўлдириш буйруғини берганини айтди ва ФХХдаги бошқа ноқонуний ишлар ҳақида ҳам баёнот берди. Березовскийга тегишли марказий телеканал 1998 йил апрелда Сергей Доренко томонидан ёзиб олинган интервюдан лавҳаларни намойиш қила бошлади.
Декабр ойида Литвиненко ва унинг ҳамкасблари ФХХдан ҳайдалди. Ундан кейин Литвиненко Березовский раҳбарлик қилган МДҲ Ижроия котибияти хавфсизлик хизмати бошлиғи сифатида фаолият юритди.
Жиноий таъқиб
1999 йил март ойида Литвиненко ваколатларини суиистеъмол қилганлик айблови билан ҳибсга олинди ва ФХХнинг “Лефортово” тергов изоляторига жойлаштирилди. 1999 йил ноябрда суд томонидан оқланди, аммо суд залиданоқ ФХХ томонидан иккинчи жиноят иши бўйича қайта ҳибсга олиниб, Бутирка тергов изоляторига ўтказилди. 1999 йил декабрда унга нисбатан уйдан чиқмаслик тўғрисида тилхат асосида озод этилди.
2000 йилда иккинчи жиноят иши жиноят таркиби мавжуд эмаслиги сабабли прокурор томонидан ёпилди. Бироқ шу куниёқ унга қарши учинчи жиноят иши қўзғатилди. Литвиненко унга суиқасд қилишларидан хавфсираб, Буюк Британияга қочиб кетди. Кейинчалик унга нисбатан тўртинчи жиноят иши ҳам қўзғатилди. 2002 йил май-июн ойларида Литвиненко Россияда сиртдан суд қилинди ва 1996 йилда хизмат ваколатини суиистеъмол қилиш, 1997 йилда портловчи моддаларни ўғирлаш, шунингдек, ноқонуний равишда ўқотар қуроллар ва ўқ-дориларни сақлашда айбланиб, 3,5 йиллик шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Унга бир йиллик синов муддати белгиланди.
Тергов ва халқаро муносабатлар
Британия ҳукумати ўтказган тергов натижаларига кўра, Литвиненконинг ўлимида Россия давлат органлари айбдор деб топилди. Европа инсон ҳуқуқлари суди ҳам 2021 йил сентябр ойида худди шундай хулосага келиб, Россияни жавобгар деб топди ва Литвиненконинг рафиқаси Маринага 100 минг евро миқдорида компенсация тўлашга ҳукм қилди. Суднинг таъкидлашича, полоний-210 каби ноёб ва хавфли моддани қўлга киритиш ва қўллаш фақат давлат иштирокида амалга оширилиши мумкин.
Германиядаги тергов ишлари
Литвиненконинг заҳарланиши билан боғлиқ ҳолда Германияда ҳам тергов ишлари олиб борилди. Дмитрий Ковтуннинг Ҳамбургдаги фаолияти текширилди ва собиқ рафиқасининг уйида ҳамда уни олиб юрган машинада полоний-210 излари топилди. Бироқ далиллар етарли бўлмагани сабабли, 2009 йилда Гамбург прокуратураси терговни тўхтатди.
Дафн маросими
Литвиненко ўлимидан аввал ислом динини қабул қилган эди.
Шу сабабли, ФХХнинг собиқ ходими Литвиненконинг дафн маросими Лондоннинг шимолида жойлашган Хайгейт қабристонининг мусулмонлар қисмида амалга оширилди. Жасад дафн этиладиган жой полиция томонидан белгилаб қўйилди ва айнан полиция уни тезроқ дафн этиш зарурлигини таъкидлади. Литвиненконинг жасади ёриб кўрилганида унда радиоактив полоний-210 моддасининг катта миқдори аниқлангани сабабли, у маҳкам ёпиқ тобутда дафн этилган ва мусулмонлар учун анъанавий бўлган ғассол хизматидан фойдаланилмаган.
Хулоса
Александр Литвиненконинг ўлими ва унга олиб келган воқеалар халқаро муносабатларда жиддий кескинликларга сабаб бўлди. Бу ҳодиса давлатлар ўртасидаги ишонч ва хавфсизлик масалаларида янги саволларни кўтарди. Шунингдек, радиоактив моддаларнинг тарқалиши ва улардан фойдаланиш бўйича халқаро назоратнинг мустаҳкамланиши зарурлигини кўрсатди.