Президент ўнга яқин давлат парламентлари раҳбарларини қабул қилди
Тошкентда Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси бўлиб ўтмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 7 апрель куни Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеясида Россия делегациясига раҳбарлик қилаётган Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раиси Валентина Матвиенкони қабул қилди.
Учрашув аввалида давлатимиз раҳбари Валентина Матвиенкони таваллуд куни билан самимий табриклаб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва катта муваффақиятлар тилади.
Федерация Кенгаши Раиси Ўзбекистон етакчисига самимий миннатдорлик билдириб, Россия Президенти Владимир Путиннинг саломи ва тилакларини етказди.
Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.
Парламентлараро алоқалар самарали бўлаётгани юксак баҳоланди.
Олий даражада эришилган келишувлар ижроси устидан парламент назорати бўйича фаол ҳамкорликни давом эттириш муҳим экани таъкидланди.
Савдо-иқтисодий шериклик суръатини таъминлаш, саноат кооперацияси лойиҳалари ва гуманитар алмашинув дастурларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Шавкат Мирзиёев 7 апрель куни Парламентлараро иттифоқ Ассамблеясининг 150-сессияси доирасида Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси Раиси Соҳиба Гафаровани қабул қилди.
Учрашув аввалида юқори мартабали меҳмон Ўзбекистон етакчисига Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Ўзбекистон билан Озарбайжон ўртасидаги дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Иқтисодий ҳамкорлик йили доирасида биргаликда самарали ишлар амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди. Товар айирбошлаш ҳажми ортмоқда, иқтисодиётнинг турли тармоқларида кооперация лойиҳалари фаол паллага кирган. Маданий-гуманитар тадбирлар мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Эришилган келишувлар ижросини назорат қилиш ва бўлажак олий даражадаги саммитлар учун янги таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида парламентлар ўртасида яқин амалий ҳамкорликни ва фаол алмашинувларни давом эттириш муҳим экани таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 7 апрель куни Парламентлараро иттифоқнинг 150-Ассамблеяси доирасида мамлакатимизда бўлиб турган Беларусь Республикаси Миллий Мажлиси Республика Кенгаши Раиси Наталья Кочановани қабул қилди.
Учрашув аввалида Беларусь делегацияси раҳбари Ўзбекистон етакчисига Президент Александр Лукашенконинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Кўп қиррали Ўзбекистон-Беларусь муносабатларини янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Товар айирбошлаш ҳажми жадал ортиб бораётгани, саноат ва қишлоқ хўжалигида кооперация лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилаётгани, ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорлик самарали бўлаётгани, маданият, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги алмашинувлар фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди.
Фаол парламентлараро мулоқотни давом эттириш, шу жумладан олий даражада эришилган келишувларнинг парламент назоратини таъминлаш ва ўз вақтида бажарилишига кўмаклашиш муҳим экани таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 7 апрель куни Парламентлараро иттифоқнинг 150-Ассамблеясида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Марказий Осиё мамлакатлари парламентлари делегациялари раҳбарларини қабул қилди.
Қўшма учрашувда Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажлиси Раиси Ерлан Кошанов, Қирғиз Республикаси Жогорку Кенеши Торағаси Нурланбек Турғунбек ўғли, Тожикистон Республикаси Мажлиси Намояндагон Раиси Файзали Идизода ва Туркманистон Мажлиси Раиси Дунёгўзал Гулманова иштирок этди.
Юқори мартабали меҳмонлар Ўзбекистон Республикаси Президентига ўз мамлакатлари етакчиларининг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказдилар, минтақамизда илк бор ўтказилаётган ушбу халқаро тадбирнинг аҳамиятини алоҳида таъкидладилар.
Қардош мамлакатлар ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
4 апрель куни Самарқанд шаҳрида ўтган "Марказий Осиё - Европа Иттифоқи" биринчи саммити ва Иқлим форумининг самарали натижалари юксак баҳоланди.
Олий ва юқори даражадаги фаол мулоқотлар алоҳида мамнуният билан қайд этилди. Яқинда минтақада ўтказилган учрашувлар, жумладан, чегараларни делимитация қилиш масалалари тўлиқ тартибга солингани ҳамда Хўжанд шаҳрида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги шартнома имзолангани тарихий аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Кейинги йилларда минтақа мамлакатлари ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми кўп карра ошди, чегараолди савдо зоналари ташкил этилмоқда.
Иқтисодиётнинг турли тармоқларида, шу жумладан мамлакатларимиз ҳудудларида кооперация лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда. Маданият ва таълимда тадбирларга бой дастурлар рўёбга чиқарилмоқда.
Учрашувда мамлакатларимиз ва халқларимизни янада яқинлаштириш, қўшма кооперация ташаббуслари ва лойиҳаларини илгари суриш, ҳудудлараро алоқалар ва гуманитар алмашинувни кенгайтириш мақсадида парламентлараро мулоқотни, шу жумладан қўмиталар даражасида мустаҳкамлаш муҳим экани таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 7 апрель куни Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси доирасида Туркия Республикаси Буюк миллат мажлиси Раиси Нуман Куртулмуш бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашув аввалида Туркия парламенти раиси давлатимиз раҳбарига Президент Режеп Таййип Эрдоғаннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги дўстлик ва кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Икки томонлама ҳамкорликда юксак даражага эришилгани катта мамнуният билан қайд этилди. Ўзаро товар айирбошлаш ва инвестиция кўрсаткичлари ўсмоқда, муваффақиятли қўшма лойиҳа ва корхоналар сони, тўғридан-тўғри парвозлар кўпаймоқда. Икки давлат ва халқни яқинлаштиришга қаратилган муҳим маданий тадбирлар ўтказилмоқда.
Парламентлараро алоқаларни янада ривожлантиришга, Ўзбекистон-Туркия шериклигининг янги кун тартибини шакллантириш, ҳудудлараро ҳамкорликни фаоллаштиришда, шунингдек, олий даражадаги келишувлар ижроси устидан назоратни таъминлашда дўстлик гуруҳларининг иштирокига алоҳида эътибор қаратилди.