“Микрокредитбанк” Европа инвестиция банки билан меморандум имзолади
Бу орқали барқарор ривожланишга қаратилган молиявий маҳсулотлар ва хизматлар таклиф этилиши, минтақадаги экологик ва ижтимоий барқарорликка ижобий таъсир кўрсатиши кутилмоқда.

“Микрокредитбанк” АТБ Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммити доирасида Ўзбекистондаги тижорат банклари орасида биринчилардан бўлиб Европа инвестиция банки билан қиймати 40 млн еврога тенг меморандум имзолади.
Ушбу келишув “Микрокредитбанк”нинг халқаро майдондаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўлида муҳим ташаббуси, дейиш мумкин.
Европа инвестиция банки билан ҳамкорлик “Микрокредитбанк”нинг халқаро майдондаги ишончлилигини ошириб, уни глобал инвесторлар учун янада жозибадор молиявий институтга айлантиради. Бу эса банк учун янги стратегик шериклик имкониятларини очади.
“Микрокредитбанк” АТБ ушбу меморандум орқали ЭСГ (Экологик, Ижтимоий ва Корпоратив бошқарув) тамойилларига мувофиқ фаолият юритиш борасидаги саъй-ҳаракатларини кучайтиради. Банк томонидан барқарор ривожланишга қаратилган молиявий маҳсулотлар ва хизматлар таклиф этилиши, минтақадаги экологик ва ижтимоий барқарорликка ижобий таъсир кўрсатиши кутилмоқда.
Меморандум “Микрокредитбанк” учун Европа Иттифоқи ҳукуматлари ва халқаро донор ташкилотлари билан ҳамкорликда турли лойиҳаларни амалга ошириш имконини тақдим этади.
Бундай ташаббуслар банкнинг халқаро ҳамкорлар билан янада яқин ишлашига, янги молиявий дастурларда иштирок этишига йўл очади.
Банк Ахборот хизмати