Ё чикка, ё пукка: Трампдан катта таваккалчилик
АҚШ бошлаган савдо уруши ўзига қарши ишлаши ё фойда келтириши, Россияга эса имкониятлар эшигини очиши мумкин. Ўзбекистонга қандай таъсири бор?

2 апрел куни АҚШ президенти Доналд Трамп 183 мамлакатдан импорт қилинадиган товарларга қўшимча божхона божлари жорий этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Ушбу янги тарифлар "камайтирилган ўзаро" деб таърифланиб, фармоннинг ўзи "иқтисодий мустақиллик декларацияси" сифатида баҳоланди. Айрим мамлакатлар учун янги божлар 50 фоизга етган. Хусусан, Хитойдан келадиган товарларга амалдагиларга қўшимча равишда 34% қўшимча бож жорий этилди. Қозоғистон учун бу ставка 27%, Ҳиндистон, Жанубий Корея ва Япония учун тахминан 25%, Европа Иттифоқи мамлакатлари учун 20%, Ўзбекистон, Озарбайжон ва бошқа кўплаб мамлакатлар учун эса 10% миқдорида белгиланди.
Трампнинг мақсадлари ва янги тарифлардан кутилаётган фойда
Доналд Трамп бу ҳаракатларини энг аввало ўзаро паритет, яъни тенгликка асосланганини таъкидлади. Яъни бошқа давлатлар АҚШ товарлари учун, айтайлик, 20 фоиз бож киритган, Америка эса худди шу давлатларнинг товарларини деярли божсиз ёки ўша 20 фоиздан кам тариф билан импорт қилмоқда. Трамп шу адолатсизликка барҳам берганини билдирди.
Шунингдек, Трампнинг айтишича, янги тариф сиёсати АҚШнинг савдо балансини яхшилаш, ички ишлаб чиқаришни рағбатлантириш ва иш ўринларини кўпайтиришга қаратилган. Унинг фикрича, бу тарифлар орқали хорижий товарлар нархи оширилиб, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга рақобатбардошлик устунлиги яратилади. Шунингдек, Трамп бу тарифлардан тушадиган даромадлар орқали солиқларни камайтириш ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштиришни режалаштирмоқда.
Тарифларни жорий этишнинг асосий мақсадлари ва эҳтимолий фойдалари
Трамп ҳукумати янги тарифларни қўллаш орқали бир нечта стратегик мақсадларга эришишни кўзламоқда.
Жумладан, АҚШ ишлаб чиқарувчиларини ҳимоя қилиш кўзда тутилган. АҚШ президентининг фикрича, АҚШ ишлаб чиқарувчилари хорижий рақобатчиларнинг босими остида қийналмоқда. Унинг мақсади – АҚШда ишлаб чиқаришни ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга имтиёз яратиш ва ички иқтисодиётни мустаҳкамлашдир.
Шунингдек, АҚШнинг ташқи савдо баланси анча йиллардан бери салбий бўлиб келган. Яъни, мамлакат ташқи бозорлардан кўпроқ товар импорт қилиб, ўз экспорт ҳажмининг пастлиги туфайли иқтисодий мувозанатни йўқотмоқда. Янги тарифлар орқали импортни камайтириш ва АҚШнинг савдо балансини яхшилаш режалаштирилмоқда.
Бундан ташқари, Трамп маъмурияти Хитой ва бошқа давлатларни АҚШ бозорида ноқонуний ёки ноҳақ савдо амалиётларидан фойдаланишда айблаб келади. Хусусан, Хитойнинг экспортни ҳаддан ташқари қўллаб-қувватлаши ва миллий валютаси нархини сунъий равишда пасайтириши АҚШ ишлаб чиқарувчиларига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Трамп маъмурияти янги тарифлар АҚШдаги ишлаб чиқарувчилар учун чет эл маҳсулотлари билан рақобатда устунлик беришига ишонишади. Бу эса АҚШдаги ишлаб чиқариш корхоналарининг ўсишига, янги иш ўринларининг пайдо бўлишига ва ички иқтисодий ўсишга хизмат қилади.
Қолаверса, янги тарифлар орқали АҚШ бюджетига қўшимча маблағлар тушади. Импорт маҳсулотлар учун тўланаётган қўшимча божлар давлат бюджетига тушадиган даромад манбалари сифатида қаралиши мумкин. Тўғри, бу маблағлар жуда оз бўлиши, кейинчалик эса янада пасайиб кетиши прогноз қилинмоқда.
Қолавреса, бу тарифлар – фақат иқтисодий чора эмас, балки ташқи сиёсатда ҳам самарали восита бўлиши мумкин. АҚШ ушбу воситадан фойдаланиб, савдо ҳамкорлари билан янги шартларни келишиб олиш, глобал савдо муносабатларини ўз манфаатларига мослаштиришга интилмоқда.
Трампнинг фикрича, у киритган янги тариф сиёсати АҚШнинг стратегик тармоқларини ҳимоя қилишга ҳам ёрдам беради. Масалан, юқори технологияли маҳсулотлар, металлургия, автомобилсозлик ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари божхона ҳимоясидан фойдаланиши мумкин.
Аслида қандай бўлади?
Кўплаб иқтисодий таҳлилчилар ва мутахассислар янги тариф чораларининг салбий оқибатлари ҳақида огоҳлантирмоқда. "Reuters" агентлигининг хабар беришича, Moody’s агентлиги узоқ муддатли тарифлар натижасида АҚШда ишсизлик даражаси 2027 йилга бориб 7.3 фоизга етиши ва фонд бозорлари 25 фоизга тушиши мумкинлигини прогноз қилмоқда.
Шунингдек, тарифлар истеъмол товарлари нархларининг ошишига олиб келиши мумкин, бу эса инфляциянинг ўсишига сабаб бўлади. "The Guardian" газетасига кўра, бизнес етакчилари ва иқтисодчилар бу чораларнинг натижасида истеъмолчилар учун нархлар ошиши ва иқтисодий ўсишнинг секинлашиши мумкинлигидан хавотирда.
Ўзбекистонлик эксперт Юлий Юсуповнинг фикрларига кўра, Трамп божхонa божларини жорий этишда жуда оддий мантиққа таянган: агар импорт маҳсулотлар қимматлашса, товарларни АҚШ ичида ишлаб чиқариш фойдали бўлиб қолади. Демакки, хорижлик инвесторлар ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун Америкада бизнес қилиш осонроқ ва фойдалироқ ҳисобланади. Ўз маҳсулотларини АҚШ бозорида сотишга уринган хорижий компаниялар ҳам бу ерда ўз заводларини очишга мажбур бўлади.
Бироқ иқтисодиёт фани нуқтаи назаридан бу мантиқ нотўғри: бу сиёсат халқаро меҳнат тақсимоти ва Америка ишлаб чиқарувчилари учун муҳим глобал етказиб бериш занжирларини бузади. Натижада, жаҳон иқтисодиёти самарадорлигининг тушишига олиб келади. АҚШда вужудга келиши мумкин бўлган янги ишлаб чиқариш объектлари рақобатбардош бўлмаслиги эҳтимоли катта. Бу эса нархларнинг ошишига ва нафақат америкаликлар, балки бошқа мамлакатлар аҳолисининг ҳаёт даражаси пасайишига олиб келади.
Эҳтимол, Трампнинг иқтисодий тасаввури “муайян ҳажмга эга пирог” моделига асосланган. Яъни кўпроқ ейиш учун қўшнидан “юлиб олиш” керак. Аммо аслида замонавий иқтисодиёт “кенгаювчи пирог” тамойилига асосланган: кооперация ва ихтисослашув орқали барча кўпроқ даромадга эришади – бир-бирига зарар етказмаган ҳолда. Трамп ўз ҳаракатлари билан бу механизмни йўқ қилмоқда.
Юсуповнинг айтишича, худди шундай сиёсатни (импорт ўрнини босиш сиёсати) ўзбекистонлик амалдорлар 1996 йилдан буён амалга оширишга ҳаракат қилмоқда. Лекин ҳаммамиз унинг натижасини кўриб турибмиз. Тўғри, АҚШда импорт ўрнини босиш сиёсати Ўзбекистонга нисбатан бироз кўпроқ муваффақият қозониши мумкин. Чунки Америка иқтисодиёти – дунёдаги энг йирик иқтисодиёт ва халқаро меҳнат тақсимотига камроқ боғлиқ.
Трамп импичмент ва судни хоҳлаяптими?
Тарихдан маълумки, ҳали ҳеч қачон тарифларни ошириш ва протекционизм иқтисодиётнинг ривожланишига олиб келмаган. Трамп АҚШда заводлар қайта ишга тушишини ва америкаликлар маҳаллий маҳсулотларни харид қилишини кутмоқда, чунки бошқа барча товарлар нархи ошади.
Аммо реал воқеликда, замонавий жаҳон меҳнат тақсимоти бундай сценарийни эҳтимолдан холи қилади. Агар аввал АҚШга товар етказиб бериш тарифлар туфайли фойдали бўлган бўлса, энди ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларини географик жиҳатдан яқинроқ бозорларга сотишни афзал кўради.
Натижада, глобал таъминот занжирлари бузилади. Замонавий технология маҳсулотлари шунчалик кўп қисмлардан ташкил топганки, уларни тўлиқ АҚШда ишлаб чиқариш ҳар қандай ҳолатда ҳам имконсизга айланади.
Бу эса нафақат чет эл маҳсулотлари, балки барча товарлар нархининг ошиб кетишига олиб келади. Инфляциядан чарчаган америкаликлар ўз харажатларини камайтириши, ҳатто айрим харидлардан бутунлай воз кечиши мумкин. АҚШда рецессия эҳтимоли ортиб бормоқда.
Нархларнинг ўсиши ва инфляция аҳоли норозилигини кучайтиради. Бу эса ўз навбатида, Эрон билан бўлажак янги уруш, Илон Маскнинг хатти-ҳаракатлари ва бошқа омиллар билан биргалашиб, мамлакатда кескин норозиликлар юзага келишини тезлаштиради.
Натижада, республикачилар 2026 йилда Конгресс сайловларида ютқазади ва бу Трампнинг имкониятларини жиддий чеклайди. Кейин у ёки ўз муддатини тугатиб, президентликдан кетади, ёки лавозимидан четлатилиб, судга тортилиши мумкин.
Янги тарифларнинг Европа давлатлари учун таъсири
Салбий оқибатлар
Европа Иттифоқи мамлакатлари учун 20 фоизли тарифлар экспортга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Германия, Франция ва Италия каби давлатлар учун АҚШ муҳим савдо ҳамкори бўлгани сабабли бу чоралар иқтисодий ўсишнинг секинлашишига олиб келиши эҳтимоли бор. Бу йирик экспортчиларга жиддий зарба беради. Масалан, Германиянинг АҚШга экспорт ҳажми 2024 йилда 156 миллиард долларни ташкил қилган бўлса, янги тарифлар бу кўрсаткични 10-15 фоизга камайтириши мумкин.
Бундан ташқари, ишлаб чиқариш ва таъминот занжирларининг узилиши ва қайта шаклланиши кутиляпти. Аввало Европа компаниялари учун АҚШга экспорт қилинувчи маҳсулотларга бож тўловларининг ошиши логистика ва ишлаб чиқариш таннархини кўтаради. Автомобил ва технологик маҳсулотлар ишлаб чиқаришдаги қийинчиликлар сабабли Европа компаниялари АҚШ бозоридаги рақобатбардошлигини йўқотиши мумкин.
Шунингдек, Европа Комиссиясининг маълумотларига кўра, янги тарифлар сабабли Европа Иттифоқи ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) ўсиши 2025 йилда 1,8 фоиздан 1,2 фоизга тушиши мумкин.
Ижобий оқибатлар
Бундай тушкун прогнозларга қарамасдан, Трамп тарифлари айрим ижобий оқибатларга ҳам олиб келишини тасаввур қилиш мумкин. Аввало, АҚШ бозорида рақобатбардошлик пасайиши натижасида Европа Иттифоқи ички бозорида маҳаллий маҳсулотларга талаб ошиши мумкин. Европа Иттифоқи мамлакатлари АҚШнинг ўрнига Осиё ва Лотин Америкаси давлатлари билан савдо алоқаларини кучайтириш имкониятига эга бўлади.
Ишлаб чиқариш занжирларини қайта шакллантиришга уриниш эса Хитой ва Россия билан ҳамкорликни оширишга эҳтиёж туғдиради. Масалан, Германия ва Франциянинг Хитой билан савдо ҳажми 2025 йилда 10 фоизга юқорилаши кутилмоқда.
Осиё давлатлари учун оқибатлар
Осиё мамлакатлари, жумладан Хитой, Япония ва Жанубий Корея учун ҳам янги тарифлар катта муаммолар келтириб чиқариши мумкин. Хитойнинг АҚШга экспортига 34 фоизлик бож қўйилиши бу мамлакатнинг иқтисодий ўсишига салбий таъсир кўрсатиши кутиляпти. Бундан ташқари, Жанубий Корея ва Япониянинг АҚШга экспорт қилинадиган смартфонлар, электроника, автомобил қисмлари ва тўқимачилик маҳсулотларининг қимматлашишига олиб келади. Биргина Хитойнинг АҚШга экспорт ҳажми 2024 йилда 536 миллиард долларни ташкил этган бўлса, 2025 йил якунида бу рақам 20-25 фоизга камайиши мумкин.
Бундан ташқари, Трампнинг янги тариф сиёсатидан сўнг Хитой ишлаб чиқарувчилари учун реэкспорт йўлини ёпиб қўяди. Вьетнам каби реэкспортчи давлатларга 46 фоизлик, Камбоджа эса 49 фоизлик тариф жорий этилган, бу эса Хитой маҳсулотларини Вьетнам ёки Камбоджа орқали етказиб бериш имкониятларини кескин чеклайди.
Япония ва Жанубий Корея маҳсулотлари учун тариф 25% этиб белгилангани Toyota, Samsung ва Sony каби йирик корпорациялар учун жиддий иқтисодий зарар келтириши мумкин. Хусан, Кореянинг экспорт ҳажми 2025 йилда 12-15 фоизга камайиши мумкин. Шунингдек, энг ёмон сценарийларда Ҳиндистон ва Тайваннинг технология соҳасидаги экспорт ҳажми камайиши ва АҚШ билан савдо ҳажмининг пасайишига олиб келади.
Ижобий сценарийларда бу ўзгариш янги имкониятлар ва янги бозорлар очилишидан дарак бермоқда. Жумладан, Осиё давлатлари Европа, Россия ва Африка бозорлари билан савдо муносабатларини кучайтиришга ҳаракат қилиши, 2025 йилда Осиё ва Европа давлатлари ўртасидаги савдо ҳажми 8-10 фоизга ошиши мумкин.
Россия учун янги имконият очилдими?
Қизиғи шундаки, оширилган тарифлар жорий этилган давлатлар рўйхатида Россия йўқ. Буни Трамп АҚШ ва Россия ўртасида савдо айланмаси шундай ҳам жуда озлигини сабаб қилиб кўрсатган. Бироқ бу Москванинг Украинага очган урушига жавобан Ғарб киритган санкциялар натижаси экани инобатга олинмагандек кўринади.
Лекин нима бўлганда ҳам, Россиянинг эътибордан четда қолгани унга қўшни давлатларни ўз маҳсулотларини Россия орқали, яъни “Made in Russia” ёрлиғи билан экспорт қилишга ундаши мумкин. Бир пайтлари Россия санкциялар боис ўз энергетик хомашё ресурслари ва бошқа маҳсулотлар экспорт-импортини ўз сателлит постсовет республикалари орқали амалга оширган бўлса, энди Москвага санкцияларни айланиб ўтишга ёрдам берган давлатлар Россиядан фойдаланиши мумкин. Бу эса пировардида Россиянинг иқтисодий ва сиёсий қудратини юксалтириши, демакки, истилочилик иштаҳасини ҳам янада очиб юбориши мумкин.
Жаҳон иқтисодиётига узоқ муддатли таъсирлар
Трамп киритган янги тариф урушлари жаҳон миқёсида савдо урушига олиб келиши ҳам мумкин. Чунки АҚШнинг тариф сиёсати бошқа давлатларнинг жавоб чораларини қўллашига сабаб бўлади, бу эса халқаро савдонинг секинлашишига олиб келади. Қолаверса, бу сиёсат импорт товарларининг қимматлашуви, АҚШ ва бошқа мамлакатларда инфляциянинг ошишига сабаб бўлиши мумкин. Европа ва Осиё давлатлари эса АҚШнинг янги тарифларига жавобан янги савдо иттифоқлари ва алянсларини тузишга ҳаракат қилади.
Fitch Ratings агентлигининг АҚШ бўйича бош иқтисодчиси Олу Сонола янги тарифлар жаҳон иқтисодиёти учун "ўйинни ўзгартирувчи" каби самара бериши ва кўплаб мамлакатларни рецессияга олиб келиши мумкинлигини таъкидлади. Шунингдек, бу тарифлар АҚШда истеъмолчилар учун нархларни ошириб, инфляцияни кучайтириши ва иқтисодий ўсишни секинлаштириши мумкин.
Янги иқтисодий тартиботнинг Ўзбекистонга таъсири
Трамп имзолаган ҳужжатга кўра, Ўзбекистон, Қозоғистон, Озарбайжон ва бошқа Марказий Осиё давлатлари учун 10-27 фоизлик божлар жорий этилган. Бу мамлакатларнинг АҚШга экспорт қилинадиган маҳсулотларининг нархи ошиб, рақобатбардошликни пасайтириши мумкин. Шу билан бирга, АҚШ бозорига чиқиш мураккаблашади, демак, янги савдо йўналишларини излашга олиб келади.
Бироқ шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик сўнгги йилларда изчил ривожланиб келаётган бўлса-да, АҚШ билан савдо айланмаси умумий ташқи савдо ҳажмида катта улушга эга эмас. 2024 йил якунларига кўра, Ўзбекистоннинг умумий ташқи савдо айланмаси 65,93 миллиард долларга етган бўлиб, асосий савдо шериклари сифатида Хитой, Россия, Қозоғистон, Туркия ва Жанубий Корея қайд этилган. Шундай бўлса-да, АҚШ билан савдо муносабатларидаги ўзгаришлар айрим соҳаларга таъсир қилиши мумкин.
Масалан, бу чоралар Ўзбекистон маҳсулотларининг АҚШ бозоридаги рақобатбардошлигини пасайтиради. Бу айниқса тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва саноат товарлари экспортига салбий таъсир кўрсатишини киритиш мумкин.
Шунингдек, экспорт ҳажмининг камайиши маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга таъсир қилиб, айрим соҳаларда иш ўринларининг қисқаришига олиб келиши мумкин. Экспортдан келадиган даромаднинг камайиши эса мамлакатнинг валюта захираларига салбий таъсир кўрсатади, бу эса миллий валюта барқарорлигига хавф туғдириши кутилмоқда.
Эҳтимолий салбий оқибатларнинг олдини олиш учун эса янги бозорларни ўзлаштириш ва мавжуд бозорлардаги улушни ошириш орқали экспортни диверсификация қилиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга давлат томонидан имтиёзлар бериш ва рақобатбардошликни ошириш чораларини кўриш, бошқа давлатлар билан эркин савдо келишувларини имзолаш орқали экспорт имкониятларини кенгайтириш тавсия этилади.
Эксперт Юлий Юсуповнинг фикрларига кўра, Ўзбекистон ва бошқа Марказий Осиё давлатларининг АҚШ билан савдо айланмасининг ҳажми жуда кичкина. Ўзбекистон асосан хомашё экспорт қилади, бу эса бошқа бозорларда ҳам осонгина сотилиши мумкин. Шу сабабли, Трампнинг божхона божлари бевосита Ўзбекистонга катта таъсир кўрсатмайди. Аммо билвосита таъсир муҳим аҳамиятга эга. Жаҳон савдо уруши глобал иқтисодий инқирозга олиб келиши мумкин. Бу эса ўз навбатида, дунё бозорларида савдо қилинадиган хомашё нархларининг тушишига сабаб бўлади. Шунингдек, жаҳонда инвестицион фаолият пасайиши кузатилиши эҳтимоли бор, бу эса бевосита Марказий Осиёга ҳам таъсир қилади.
Қўрқинчли истиқбол
Хулоса қилиб айтганда, Трамп жорий этган янги тарифлар яхшиликка олиб келмайди. Бу дунё миқёсида иқтисодий инқироз ва рецессияга, турли йўқотишларга олиб келиши мумкин. Натижада АҚШнинг ўзига ҳам худди бумеранг каби катта зарба беради. Бундай инқироз сабаблари ва омиллари бартараф этилса-да, янги ишлаб чиқариш ва таъминот занжирлари тузилса-да, мазкур эҳтимолий инқироздан ўнгланиб олиш учун бир неча йил талаб этилади.
Трампнинг янги тарифлари ҳозирданоқ ўз салбий самарасини бера бошлади: АҚШ ва жаҳон фонд бозорларида пасайиш, кўплаб йирик компанияларнинг акциялари нархида тушиш кузатилди. Биткоин ва бошқа кўплаб криптовалюталар нархи ҳам пастга қуламоқда. Фақатгина энг ишончли захира тимсоли, бироқ инқироздан қочиш тимсоли бўлмиш олтин нархи янада ўсган холос.
Умуман олганда, АҚШнинг янги тарифлари Ўзбекистон учун айрим қийинчиликларни яратиши мумкин, аммо бу вазиятни янги имкониятларга айлантириш учун стратегик чоралар кўриш зарур.
Абулфайз Сайидасқаров