Олтин васвасаси ёхуд тилла нархи нега ошиб кетяпти?
Бутун дунёда бу қимматбаҳо метални захиралаш жараёни кетаётган бир пайтда Ўзбекистон экспортни кўпайтирмоқда.

Жорий йил март ойининг ўрталарида олтин нархи тарихда биринчи марта бир унция (28,3495 грамм) учун 3000 доллардан ошиб кетди. Олтин нархи 2008 йилнинг бошида 1000 доллар чегарасини босиб ўтган эди. Шундай қилиб, 17 йил ичида олтин нархи уч бараварга қимматлашди.
Швейцариянинг “UBS“ банки таҳлилчиларига кўра, 2025 йилнинг IV чорагига келиб, олтин фючерслари хавфсиз активларга бўлган талаб ошиши фонида бир унция олтин нархи учун 3200 минг АҚШ доллари таклиф қииниши мумкин.
"DoubleLine Capital" асосчиси ва бош инвестиция директори Жефри Гундла эса ундан ҳам юқори – унциясига 4000 долларлик прогноз берди.
“Олтин биз сўнгги бир неча йилдан бери гапириб келаётган пойгасини давом эттирмоқда, – деди “облигациялар қироли“ лақабини олган инвестор. – Шундай тахмин қилишга асосим бор: олтиннинг бир унцияси нархи тез орада 4000 долларга чиқади”, дея қўшимча қилган директор.
Ўзбекистонда ҳам март ойи ўрталарида қуйма олтинлар нархи рекорд даражада қимматлади – 1 грамм олтин нархи 1 272 000 сўмга чиқди. Шу тариқа, 100 гр олтин қуймалари нархи биринчи марта 127 миллион сўм бўлди. Айни пайтда эса (27 март) Ўзбекистонда 1 унция олтин нархи 3056,9 АҚШ долларига баҳоланмоқда. Таҳлилчилар олтин нархи йилнинг иккинчи ярмида 3500 долларгача чиқишини прогноз қилишяпти.
Нега олтин нархи тушмаяпти?
Мутахассисларнинг фикрича, олтин нархининг ўсиш сабаби – АҚШ Федерал резерв тизими ставкалари ўзгариши фонида инвесторларнинг кутилмалари билан боғлиқ. Олтин нархи ракетадек тез юқори кўтарилмоқда. Бунинг асосида геосиёсат эмас, балки АҚШдаги инфляция кўрсаткичларининг жуда яхши бўлиши ётади. Ишлаб чиқарувчилар нархлари индекси мутахассислар кутгандан паст бўлиб чиқди ва ҳамма дарҳол Федерал захира тизимига ставкаларни пасайтириш учун эркин йўл берилди, деган хулосага келди. Ҳозиргача регулятор пул-кредит сиёсати борасида танаффус олган эди, аммо ҳозирги инфляция иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун ставкаларни пасайтиришга имкон бермоқда.
Bloomberg’нинг Macquarie Group таҳлилчиларига таяниб ёзишича, олтин 2025 йилнинг учинчи чорагида унцияси рекорд даражадаги 3500 долларгача етиши мумкин, чунки у ҳимоявий актив сифатида жозибадорликка эга. Умуман, йил бошидан бери олтин нархи 12 фоиздан кўпроқ қимматлади. Таҳлилчиларнинг хабар беришича, бунинг сабаби геосиёсий ноаниқлик ва Доналд Трампнинг тариф сиёсати билан боғлиқ. Шунингдек, қимматбаҳо металл нархи қайси валютада белгиланиши ҳам муҳим аҳамиятга эга. Инвесторлар олтинни физик шаклда жамғараётгани эътиборга молик. Агар инвестор уни сотиб олаётган бўлса, бу фақат депозитларни мусодара қилиш хавфи сабабли катта йўқотишга учрашдан қўрққани учун шундай қилмоқда. Бугун яхши бўлган нарса, эртага ёмон бўлиши мумкин. Яъни, АҚШда вазият кескин ўзгарган ва худди шу нарса ҳозир Евроиттифоқда ҳам содир бўлмоқда. Демак, хавфлар шунга мутаносиб равишда ортган.
Нега қимматбаҳо металлга талаб ошди?
Дунёда олтин қуймалар тақчиллиги ортиб бормоқда. Financial Times’нинг ёзишича, сўнгги ҳафталарда олтин Трампнинг “энг даромадли битими”га айланди. Ўтган ой Жанубий Корея банклари “мисли кўрилмаган” талаб фонида қимматбаҳо металларни сотишни тўхтатди. Лондонда эса қуймалар етишмовчилиги ҳақида баёнот берилди. Бу ваҳиманинг сабаби – АҚШда олтин импортига боғлиқ бож жорий этилиши ҳақидаги миш-мишларга бориб тақалади. Оқ уй раҳбари ўз чиқишларида қимматбаҳо металларни тилга олмаган бўлса-да, таҳлилчилар олтин нархи прогнозларини қайта кўриб чиқа бошлади. Goldman Sachs ўз прогнозларини йил охиригача унцияси учун 3,1-3,3 минг долларгача оширди.
Трамп сайловда ғалаба қозонганидан сўнг, жаҳон олтини АҚШга оқиб кела бошлади. Ўшандан бери Ню-Йоркдаги захиралар икки баробар ошиб, 106 миллиард долларга етди. Comex маълумотларига кўра, фақат феврал ойида JPMorgan Chase фючерс шартномалари орқали Ню-Йоркка 4 миллиард долларлик олтин етказиб беришни режалаштирган.
Тарифлар уруши
Ўтган ой Доналд Трамп металл саноатига нисбатан 25 фоизлик импорт божларини жорий этгани ҳақида эълон қилди. Энди трейдерлар ушбу чора-тадбирлар олтинга ҳам тегишли бўлиши мумкинлигидан хавотир олишмоқда. Бу металлга бўлган кучли талаб пандемия давридаги 2020 йилни эслатади. Ўшанда Ню-Йорк бутун дунёдан олтин қуймаларини “сўриб” олган эди. Янги рекордлар фонида, кўплаб “қоғоз олтини” харидорлари реал металл етказиб беришни талаб қила бошлашди.
Тариф уруши ҳам муҳим омил бўлиб қолмоқда. Балки яқин истиқболда олтин импортига бож жорий этилиши мумкин. Бундай вазиятда оқилона ёндашув – олтинни олдиндан захира қилишдан иборат бўлади.
Илон Маскнинг ҳиссаси
Шу билан бирга, Трампнинг маслаҳатчиси Илон Маск Форт-Нокс ҳарбий базасида аудит ўтказишни талаб қилди, у ерда АҚШ олтин захираларининг ярми – 4,5 минг тоннадан ортиқ тилла сақланади. Илон Маск ўзига тегишли Х ижтимоий тармоғида ушбу захиранинг борлигига ишонч ҳосил қилмоқчи эканини билдирган.
Newsweek’нинг ёзишича, агар текширув ўтказилса, захира билан ҳужжатлардаги рақамлар ўртасидаги ҳар қандай фарқ жаҳон бозорларида шокка олиб келиши мумкин. 2025 йилда Ню-Йоркда олтин фючерслари 11 фоизга ошгани ҳам бунга замин яратади.
Таҳлилчиларнинг фикрича, “олтин васвасаси” АҚШ йўлга қўядиган янги тренд бўлиши мумкин. Олтин давлат эҳтиёжлари учун кредитлаш воситаси сифатида фаол қўлланилади. Бутун дунё марказий банклари ҳам олтинга бўлган талабни сақлаб туришмоқда, чунки улар доллардан узоқлашишга интилишмоқда. “Жаҳон олтин кенгаши” маълумотларига кўра, охирги уч йил ичида харидлар ҳажми 1000 тоннадан ошган. Бу хусусий инвесторлар ишончини ҳам оширади.
Жаҳон инвесторлари Доналд Трампдан ҳимояланмоқда
Bank of America кузатувлари тарихидаги энг катта ҳафталик маблағлар жаҳон инвесторлари томонидан олтинга йўналтирилди. Инвесторлар ўз сармояларини ошириб, АҚШ президентининг савдо ҳамкорлари билан тариф уруши ва сиёсий ноаниқлик оқибатларидан ҳимояланмоқда. Emerging Portfolio Fund Research (EPFR) маълумотларига кўра, халқаро инвесторлар олтин харидларини жадал равишда оширмоқда.
Ўзбекистон эса олтин экспортини кўпайтирмоқда
Бутун дунё олтин йиғишга қизиқаётган бир пайтда Ўзбекистон олтин сотиш ҳажмини пасайтирмаяпти. Ўзбекистон ички бозорга ҳам олтин сотишни йўлга қўйди. Жумладан, Марказий банк 2025 йил 17 январдан бошлаб оғирлиги 100 грамм бўлган олтин қуймаларни сотувга чиқарди. Улар аввалги 5, 10, 20 ва 50 граммли қуймаларга қўшимча сифатида тижорат банклари орқали сотилади.
Айни пайтда Ўзбекистон экспортида олтин савдоси муҳим ўрин эгаллаб турибди. Жумладан, Ўзбекистон 2024 йилда хорижга деярли 7,5 миллиард долларлик олтин етказиб берди. Тўғри, бу кўрсаткич 2023 йилга нисбатан 8,3 фоизга кам бўлиб, умумий экспортнинг 27,8 фоизи қимматбаҳо металлар улушига тўғри келади.
Шундай бўлса-да, Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари йил бошидан бери 19,1 фоизга ўсиб, 2024 йилни 41,2 миллиард доллар билан якунлади. Бу давр мобайнида захиралар 34,6 миллиард доллардан 6,6 миллиард долларга кўпайди. Захиралардаги олтин улуши, сўнгги маълумотларга кўра, 32 миллиард долларни ташкил этмоқда.
Шундай қилиб...
Олтин бозоридаги кескин ўзгаришлар глобал иқтисодий ва сиёсий жараёнлар билан чамбарчас боғлиқ. АҚШ Федерал резерв тизимининг ставкаларни пасайтиришга тайёрлиги, геосиёсий ноаниқликлар, тарифлар уруши ва инфляцияга қарши кураш – буларнинг барчаси олтинни янада жозибадор активга айлантирмоқда. Жаҳон марказий банклари ва хусусий инвесторлар олтинга бўлган талабни оширар экан, нархларнинг янада ўсиши эҳтимоли юқори.
Ўзбекистон учун бу жараёнлар икки томонлама аҳамиятга эга. Бир томондан, олтин нархининг ўсиши мамлакатнинг экспорт даромадларини ошириш имконини берса, иккинчи томондан, ички бозордаги талабни қондириш масаласи долзарб бўлиб қолмоқда. Мамлакат олтин-валюта захираларининг ўсиши ва ички бозорда олтин савдосининг ривожланиши иқтисодий барқарорликни таъминлашда муҳим рол ўйнайди.
Ҳозирда олтин бозоридаги динамика турли омилларга боғлиқ бўлиб, уларнинг ривожланиши нархларга таъсир кўрсатади. Бироқ таҳлилчиларнинг фикрига кўра, жаҳон бозорида олтиннинг аҳамияти ортиб боради ва унинг нархи яқин йилларда янги рекордларга эришиши мумкин.
Абулфайз Сайидасқаров