Wi-Fi’ни ихтиро қилган актриса: Ҳолливуд, торпедалар ва симсиз алоқа
Унинг гўзаллигидан ҳатто Уолт Дисней ҳам илҳомланиб, “Оппоғой” мултфилми бош қаҳрамонини чизган. Ҳатто актёр Жорж Сандерс шундай деган: “Ҳеди Ламарр хонага кирганида ҳамма унинг гўзаллигидан ҳайратга тушиб жим бўлиб қолади”.

“Нега трамвайлар ҳаракат қилади?”: актрисанинг болалик даври
Ҳеди Ламарр 1914 йили Австрияда таваллуд топган. Унинг ҳақиқий исми Ҳедвига Ева Мария Кислер эди, аммо АҚШдаги актёрлик фаолияти бошланганидан сўнг у исмини ўзгартиришга мажбур бўлган. Унинг отаси банк бошқарувчиси, онаси эса пианиночи бўлган.

Оила моддий жиҳатдан яхши таъминланган бўлиб, қизларига санъатга бўлган меҳрни шакллантириш имконига эга эди. Ҳеди мусиқа ва рақс билан шуғулланган, шунингдек, техник фанларга ҳам қизиққан. У беш ёшидаёқ мусиқий сандиқчанинг механизмларини бутунлай бузиб, қайта йиғишни уддалаган. Отаси билан саёҳат қилишганида у муҳандислик ечимлари ҳақида саволлар берарди: “Нега трамвайлар ҳаракат қилади? Электр энергияси қаердан келади?”. Лекин бу даврда аёллар учун муҳандис ёки олим бўлиш имкониятлари жуда чекланган эди.

Ҳеди Ламаррнинг биринчи ва шармандали филми
16 ёшида Ҳеди ота-онасининг уйини тарк этиб, театр мактабига кирди ва кинога туша бошлади. Бир неча кинопробалардан сўнг у чех режиссёри Густав Махатининг “Экстаз” филмида бош ролни ўйнаш имкониятига эга бўлди. Бу филм 1933 йили намойиш этилган ва Ҳедини машҳур қилган, аммо ундаги уят саҳналар боис қатор мамлакатларда тақиқланган, ҳатто Рим Папаси уни қоралаб чиққан.
1933 йили Ҳеди ўзидан 30 ёш катта австриялик миллионер ва қурол савдогари Фриц Манделга турмушга чиқди. Мандел ўта рашкчи эди ва унинг ҳар бир ҳаракатини назорат қиларди. У Ҳедини филмларда қатнашишини тақиқлаб, ўзи билан турли учрашувларга олиб юрарди. Ҳеди бу суҳбатларда омба ва торпедалар муҳокамасидан гўёки зерикиб ўтирар, аммо барча маълумотларни хотирасига муҳрлаб борарди. Айни шу учрашувлар унга торпедалар бошқаруви ҳақида тушунча берди.
Ҳеди 1937 йили турмуш ўртоғидан қочиб, Лондонга йўл олди. У ерда Луис Майер – Metro-Goldwyn-Mayer кинокомпаниясининг асосчиси билан танишди. У Ҳедини ўз компаниясида рол ўйнашга таклиф қилди, лекин жуда кам маош таклиф этгани учун Ҳеди АҚШга йўл олди. Тасодифан у билан бир кемада қайтиб келаётган Майер Ҳеди билан келишувни ўзгартиришга мажбур бўлди. У Ҳедига 500 доллар маош бериш ва олти ой ичида инглиз тилини ўрганиш шарти билан шартнома таклиф қилди.
Майер унга номини ўзгартиришни айтди. Унинг аёли Барбара Ла Марр номи билан машҳур актрисанинг мухлиси бўлгани учун Ҳеди ўз исмини шу фамилияга ўзгартирди ва Ҳеди Ламаррга айланди.
Ҳолливуддаги муваффақият
1938 йили “Жазоир” филми намойиш этилди ва Ҳеди Ламарр Ҳолливуд юлдузига айланди. Унинг гўзаллигидан ҳатто Уолт Дисней ҳам илҳомланиб, “Оппоғой” мултфилми бош қаҳрамонини чизган. Ҳатто актёр Жорж Сандерс шундай деган: “Ҳеди Ламарр хонага кирганида ҳамма унинг гўзаллигидан ҳайратга тушиб жим бўлиб қолади”.
Бироқ Ҳеди фақат кинода қолиб кетишни истамади. У ўзининг болаликдаги қизиқишини эслаб, ихтирочиликка қайтди.
Торпедалар ва Wi-Fi: Ҳеди Ламарр ихтиролари
Ҳеди актёрлик фаолияти давомида турли ихтиролар устида ишлади. У механика китобларини ўқиб, муҳандислик ечимларини излади. Унинг ишланмалари орасида салфетка қутиси учун махсус механизм, қоронғуда нурланувчи ит нўхтаси ва газировка тайёрлаш учун эритиладиган таблетка бор эди. У бир интервюда айтган: “Ихтиро қилиш мен учун табиий ҳолат, ғоялар ўз-ўзидан келади”.
Иккинчи жаҳон уруши бошлангач, Ҳеди эвакуация кемасига қилинган ҳужум ҳақида эшитди. Кемада 77 бола ҳалок бўлган. Бу хабар уни қаттиқ ташвишга солди. У собиқ эрининг ҳарбий мижозлари билан қилган учрашувларини эслади ва торпедалар радиобошқарувидаги муаммоларни тушуниб етди. Агар душман сигнални йўқ қилса, торпеда ўз нишонидан адашиб кетар эди. Яъни бир кема сувга ташлаган ракетача тўлқин орқали бошқарилар, агар унинг тўлқин частотасини душман сезиб қолса, уни ўзгартириб, торпеда назоратдан четда қолар эди.
Ҳеди бу ғоя борасида авангард композитор Жорж Антейлга мурожаат қилди. У 16 та механик пианиноларни бир вақтнинг ўзида синхронлаштириш технологиясини яратган. Улар шу асосда “тўлқин сакраши” (frequency hopping) усулини ишлаб чиқдилар. Агар торпеда ва унинг контроллери тасодифий частоталарда биргаликда ҳаракат қилса, душман бу сигналга халақит бера олмас эди.
Содда қилиб тушунтирганда, оддий қурилмаларни бошқаришда фақат битта частота, масалан, 100 МГц дан фойдаланишади. Душман дарров бу частотага тушиб, уни бўғиши ёки торпеда нишонини ўзгартириб юбориши мумкин.
Энди тасаввур қилингки, торпеда ва бошқарув пулти бараварига, синхрон равишда, гоҳ 100, гоҳ 110, 132, 100, 90 МГц каби тасодифий (!) частоталарни тинимсиз алмаштириб, “сакраб” юради. Буни душман кузата олмайди. Чунки ҳамма частотани бўғиш ёки халақит бериш мумкин эмас.


Қисқа қилиб айтганда, Ҳеди бу алоқаларнинг хавфсизлигини таъминлаш йўлини топди. Аслида эса бу технологияга ўхшаш ечимлар бир неча йил аввал Никола Тесла томонидан ҳам таклиф этилган, бироқ ўша пайтдаги муҳандислик тараққиёти бу ихтирони қўллаш учун тайёр бўлмаган.
1942 йили Ҳеди ва Антейл ушбу технологияга патент олишди, аммо АҚШ ҳарбийлари ҳам уни “амалга татбиқ этиш учун мураккаб” деб қабул қилишмади. Кейинчалик, 1950-йилларда Sylvaniа инженерлари ушбу ғояни ишлаб чиқиб, уни сувости кемалари билан хавфсиз алоқа учун қўлладилар.

1990-йиллар охирида Wi-Fi, GPS, Bluetooth ва GSM каби технологияларда айнан Ҳеди Ламарр ишлаб чиққан усуллар қўлланила бошланди.
Тан олиш ва мерос
Ҳеди ўз ихтиросидан молиявий фойда кўрмаган. Чунки унинг пихтиролари патентлари муддати ўтгач, ҳаётга татбиқ этилган. Уни фақат 1997 йили Electronic Frontier Foundation томонидан Pioneer Award мукофоти билан тақдирлашди холос.
2000 йил 19 январда Ҳеди Ламарр 85 ёшида вафот этди. 2005 йилдан бошлаб Германия, Австрия ва Швейцарияда 9 ноябр – унинг таваллуд куни – Ихтирочилар куни сифатида нишонланади. 2014 йили Ҳеди АҚШнинг Миллий ихтирочилар шараф залига киритилди.
Шундай қилиб, Ҳеди Ламарр нафақат гўзаллик тимсоли, балки замонавий симсиз алоқа технологияларига асос солган аёл сифатида ҳам тарихда қолди.
Абулфайз Сайидасқаров