Истило механизми: услублар турлича, мақсад ўзгармас
Инсон ҳуқуқлари, матбуот эркинлиги ва шаффофликка чек қўйилади. Бундай шароит ўғри ҳукуматнинг бемалол ўғирлик қилиши ва миллий ресурсларни арзон-гаровга хорижга пуллашларига ҳеч ким норозилик билдира олмаслиги ва қарши чиқмаслигини кафолатлайди.

Инсон умри давомида вақти ва кучини ҳаёт кечириши учун зарур бўлган қулай шароит ва муҳит ҳамда ресурслар қидиришга сарфлайди. Кимлардир маҳсулот ёки хизматлар тақдим этиб, бу ресурсларни олишга уринади. Кимлардир эса меҳнат қилмасдан, зўравонлик билан бошқаларнинг ресурсларини тортиб олишга ҳаракат қилади. Тор ижтимоий доираларда бу жиноят ўғрилик ва босқин деб аталади. Халқлар ва давлатлар миқёсида эса истилочилик деб номланади.
Истилочилик – бу турли даврларда турли кўринишда мавжуд бўлган ижтимоий ҳодиса.
1. Империялар даври: қиличлар гапирганда
Кадимги дунёда истилочилик асосан ҳарбий йўл билан амалга оширилар эди. Босиб олинган ерларда аҳоли зўрлик билан бўйсундирилар, қулга айлантирилар, маҳаллий тил, дин ва маданият йўқ қилинар, қулликка асосланган ҳарбий маъмурият жорий этилар эди.
Рим империясининг Британияни забт этиши (43-84 йиллар)
Буюк Британия Рим империяси томонидан 43 йилда император Клавдий даврида босиб олинди. Римликлар ҳокимиятни мустаҳкамлаш учун ҳарбий йўллар қурди, маҳаллий қабилаларни бўйсундирди ва римча ҳуқуқ тизимини жорий қилди.
Чингизхон юришлари (XII-XIII асрлар)
1206 йилда Чингизхон мўғуллар империясини тузди ва тез орада бутун Осиё ва Европага юришларни бошлади. 1219-1221 йилларда у Марказий Осиёни, жумладан, Хоразмшоҳлар давлати (ҳозирги Ўзбекистон ҳудудини) босиб олди. Мўғуллар ниҳоят шафқатсизлиги ва ҳайвон каби бефаросатлиги билан ажралиб турган: шаҳарлар вайрон қилинган, аҳолининг катта қисми қириб ташланган ёки асирга олинган. Урушларда олдинги сафларда – душман ҳужумининг биринчи ва энг оғир зарбасини қабул қиладиган қаторда туришга мажбурланган. Қалъаларни қамал қилишда улар деворларга чирмашган. Рақиб тараф уларнинг устидан қайноқ сув, қизиган мой ва бошқа хавфли буюмлар тўкиб юборишган. Уларнинг нарвонларини итариб, ағдариб юбориб ўлдиришган.
Мўғуллар илк даврларда ўзлари босиб олинган ерларнинг меъморчилиги, деҳқончилик ёки кулолчилиги билан қизиқмаган. Улар ўз отлари ва чорвалари ўтлаши учун майсалари бўлиқ дала ҳамда яйловларга қизиқишган.
Аввалбошда мўғуллар одамларга шунчаки қул ва аскар сифатида қарашган. Уларнинг билими ва ҳунарлари деярли эътиборга олинмаган.
Масалан, ҳозирги Қарши шаҳри яқинида аввал Насаф (Нахшаб) шаҳри бўлган. Мўғуллар бостириб келиб, ўрнашгач, шаҳарда яшашни истамаган. Улар чорвалари учун ўтлоқлари кенг майдонни танлаб, ўша ерда ўтов тикишган. Кейинчалик лашкарбоши учун сарой қуриш бошланган. Насафликлар Қаршидан 20 километрча узоқ ерга қатнаб, бу қурилишда иштирок этган. Сарой эса мўғул тилида “Қарши” дегани. Насафликлар бирин-кетин янги шаҳарга кўчиб ўта бошлаган. Шу тариқа Қарши шаҳри пайдо бўлган.
2. Колониализм: хўжайинлар ва мустамлакалар
XVII-XIX асрларда Европа давлатлари мустамлакалар орқали иқтисодий ва сиёсий таъсирларини кенгайтиришди.
Буюк Британиянинг Ҳиндистонни босиб олиши (1757-1858 йиллар)
1757 йилда Британиянинг “Ост-Индия” (Шарқий Ҳиндистон) компанияси Ҳиндистоннинг катта қисмини назоратга олди. 1858 йилда эса Британия расман Ҳиндистонни мустамлакага айлантириб, “Британия тожининг дурдонаси” деб аталди. Ҳинд халқи меҳнат ресурслари сифатида қўлланилди, миллий саноат йўқ қилинди.
Франция ва Жазоир (1830-1962 йиллар)
Франция 1830 йилда Жазоирни босиб олди ва бу мамлакатни тўлиқ мустамлакага айлантирди. Жойлардаги араб ва бербер аҳолиси ўз ерларидан маҳрум қилинди, французлар эса қишлоқ хўжалиги ва тижорат соҳасини тўлиқ назоратга олди.
3. XX аср: геосиёсий ўйинлар ва мафкуравий истилочилик
XX асрда истилочилик анъанавий ҳарбий йўллардан ташқари, мафкуравий ва иқтисодий воситалар орқали амалга оширила бошланди.
Совет иттифоқи ва Шарқий Европа (1945-1991 йиллар)
Иккинчи жаҳон урушида совет иттифоқи Германияни мағлуб этгандан сўнг, Шарқий Европани ўз таъсири остига олди. Полша, Чехословакия, Венгрия, Болгария ва Руминияда коммунистик ҳукуматлар ўрнатилди. Совет иттифоқи бу давлатларнинг иқтисодий ва сиёсий мустақиллигини чеклади, уларни Варшава шартномасига мажбурий қўшилган ҳолда “темир парда” ортида сақлади.
АҚШ ва Маршалл режаси (1948-1952 йиллар)
Иккинчи жаҳон урушидан сўнг АҚШ Европани иқтисодий жиҳатдан назорат қилиш учун Маршалл режасини амалга оширди. Германия, Франция, Италия каби давлатларга катта маблағ ажратилди. Бу ёрдам ташқи қарамликка айланиб, АҚШ таъсири кучайишига олиб келди.
4. Замонавий истилочилик: сиёсат, иқтисод ва ахборот қуроли
Бугунги кунда ҳудудларни қўшин билан эгаллаш ўрнига, давлатлар сиёсий, иқтисодий ва ахборот технологиялари орқали бошқаларга таъсир ўтказмоқда.
Иқтисодий босим
Хитойнинг “Бир камар, бир йўл” сиёсати (2013 йилдан ҳозиргача)
Хитой Африка, Осиё ва Европа давлатларига йирик инфратузилма кредитлари беради. Аммо баъзи давлатлар қарзини тўлай олмай, Хитойга иқтисодий қарам бўлиб қолмоқда. Масалан, Шри-Ланка 2017 йилда қарзини тўлай олмай, Хамбантота портини 99 йилга Хитойга ижарага берди. Шу тариқа Хитой дунёни эгалламоқда.
Айрим таҳлилчиларнинг тахмин қилишича, бу жараён Пекиннинг давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Турли давлатлар билан визасиз муносабатлар ўрнатилаётгани ҳам фақат Хитой манфаатларига хизмат қилади.
Шунингдек, хорижда бизнес қилишни истаган фуқароларга фоизсиз ёки ўта паст, рамзий миқдордаги фоизга эга, жуда катта миқдорда кредитлар берилади. “Боринглар ва дунёни эгалланглар” дейилади гўё. Кейин эса бу янги бой хитойликлар дунёнинг турли чеккаларига тарқалиб, барча бино, бизнес ва ерларни сотиб ола бошлайди. Пора бериб, маҳаллий ҳукуматларни қўлга олади. Хитойликларни кўчириб олиб боради.
Хитойликлар иқтисодий истилочилигининг асосий устунларидан бири бу – демпинг сиёсати. Масалан, қалам ишлаб чиқарадиган хитой компанияси хорижий давлатга кириб келди, дейлик. У ўз қаламларини ўта арзон нархда, ҳаттоки таннархидан ҳам паст нархда, зарарига сота бошлайди ва бошқа рақобатчиларини бозордан чиқариб юборади. Унинг зарарини эса Хитой ҳукумати субсидия шаклида тўлаб беради. (Бу борада Европа ва АҚШда реал кейслар мавжуд). Фақат Хитой компанияси маҳаллий бозорда монопол бўлиб қолгач, ўзи истаган шарт ва баланд нархларда сота бошлайди. Кимдир бундан фойдаланиб, бозорга кирмоқчи бўлса, уни яна демпинг билан чиқариб юбориб, аввалги схемани такрорлашади.
Ёки бўлмаса, бирор мамлакатга доимий иқтисодий-сиёсий ёрдам бериш орқали уни ўзига қарам қилиб қўйиш мумкин. Ёхуд диний ва маданий ўхшашликларни манипуляция қилиш орқали бўйсундириш ҳолатлари ҳам учрайди. Кучли давлат кучсиз давлатни босиб олмаса-да, унинг раҳбариятини ўз қўғирчоғига айлантиради ёки қайсар ҳукмдорларни, ўз қўғирчоғини олий мансабга ўтирғизиб қўяди. Кейин эса унинг ресурсларидан фойдаланишга киришади.
Масалан, Эроннинг Яқин Шарқдаги прокси шиа давлатлари ва гуруҳлари, шунингдек, Россиянинг сателлит давлатлари билан муносабатлари бунга мисол бўлади.
Ёхуд Трампнинг Украинани оғир танлов қаршисида қўйиб, унинг нодир метал конлари устидан назорат ўрнатишга интилаётганини ҳам қайд этиш мумкин.
Ахборот уруши
Россия ва 2016 йилдаги АҚШ президентлик сайловлари
Россиянинг АҚШ сайлов жараёнига киберҳужумлар ва ижтимоий тармоқлардаги тарғибот орқали аралашгани ҳақида кенг муҳокамалар бўлди. Кремл АҚШ жамоат фикрини ўзгартиришга уриниб, оммавий ахборот воситалари орқали таъсир ўтказгани айтилади.
Киберҳужумлар
2020 йилда SolarWinds ҳужуми
Россиянинг хакерлик гуруҳлари АҚШ ҳукумати ва йирик корпорацияларнинг маълумотлар базаларига ҳужум қилди. Бу ҳодиса кибер истилочилик қанчалик жиддий таҳдидга айланганини кўрсатиб берди.
Шаклан ўзгарса-да, моҳиятан ўзгармас жараён
Истилочилик тарихи шундан далолат берадики, унинг шакллари даврга қараб ўзгариб борган, аммо мақсад доимо бир хил: ҳокимиятни ва ресурсларни тортиб олиш ёки назорат қилиш бўлган.
Кези келганда айтиш жоиз, барча даврларда барча истилочилар бирор халқни босиб олиб бўйсундиришни истаса, аввал уни она тилидан маҳрум қилиб, ўз тилини ўрганиш ва қўллашга мажбур этади. Кейин эса динидан маҳрум қилади. Асосан қадимги маданияти ва миллий этнографик колониализм қадриятларига урғу беради.
Масалан, қозоғистонлик таҳлилчининг айтишича, бир пайтлар сон жиҳатдан қирғизлар билан тенг бўлган Сибир туркий халқлари ҳозир деярли 90 фоизга камайиб кетиб, 100 минг атрофида қолган. Қирғизлар эса айнан Ислом дини самарасида ўзлигини сақлаб қолиб, 10 миллион кишига яқинлашмоқда.
Айтайлик, Россия Чукотка ва бошқа Сибир ҳудудлари халқларини босиб олганида, руслар аввал уларни тилидан ва динидан айирди. Кейин эса исмларини ҳам русча қўйишга мажбурлади. Бундай ёндашув натижасида Россияда миллий озчиликлар йил сайин камайиб, йўқликка маҳкум бўлмоқда.
Ҳозирги даврда айрим қудратли давлатлар ҳам бошқа кичикроқ давлатларни босиб олмаса-да, ўзига тобеъ қилишда шу усулни қўллаяпти.
Бунинг учун кичик давлатнинг кўзи оч, мол-дунёга ўч ва ўғри ҳукмдорлари пул эвазига сотиб олинади. Кейин улар ёрдамида халқни тилидан маҳрум қилишади. Инсон ҳуқуқлари чекланади, матбуот эркинлиги ҳамда шаффофликка чек қўйилади. Бундай шароит ўғри ҳукуматнинг бемалол ўғирлик қилиши ва миллий ресурсларни арзон-гаровга хорижга пуллашларига ҳеч ким норозилик билдира олмаслиги ва қарши чиқа олмаслигини кафолатлайди.
Навбатдаги босқичда эса халқнинг динига ҳужум бошланади. Бундай ҳужум халқни ўзини идентификация қилиш қобилияти, бирдамлик ҳамда ягона ғоя атрофида бирлашув хислатини йўқ қилади, давр ва маданиятлар чорраҳасида ориентация олиш қобилиятига путур етказади. Халқдаги курашувчанлик ва жасоратни, миллий ғурурни йўққа чиқаради.
Хулоса қилиб айтганда...
Бугунги замонавий дунёда ҳарбий юришлар ўрнига, сиёсий, иқтисодий ва ахборот қуроллари кенг қўлланилмоқда. XXI асрда мустақиллик фақат ҳарбий ҳимоя билан эмас, ахборот ва иқтисодий мустақиллик билан таъминланиши керак. Миллатлар ўз мустақиллигини ҳимоя қилиш учун бу механизмларни тушуниши ва уларга қарши тегишли чоралар кўриши шарт. Акс ҳолда кеч бўлади. Акс ҳолда шу халқ фарзандлари келажакда бошқа бир давлат ва миллатга тобеъ бўлади, унинг хизматини қилади. Истилочи миллатга ҳавас билан яшайди, ўз миллати ва динидан уялиб яшайди.
Халқни бу аҳволга туширган ўғри ҳукуматлар эса хорижда аввалдан сотиб олган виллаларига қочиб кетишади. Ёхуд янги хўжайинлари уларни сотқинлиги учун тақдирлаб, махсус имтиёз ва моддий бойлик билан сийлашади. Бундай бўлиши аниқ, чунки неча минг йилдан бери шу ҳолат такрорланиб келмоқда. Истило механизми шаклан ўзгарса-да, унинг механизми ўзгармай қолаверади. Лекин ҳар доим ҳам бу ҳақиқат тўғри англашилмайди, тарихдан тегишли сабоқ чиқарилмайди. Ҳамма муаммо шунда!
Рамазон Абдуллаев