21 март – бутун дунёда байрам
“Шоҳнома”да Наврўз айёмига яқин қолганида чоршанба оқшоми (йилнинг охирги сешанбаси кеч пайтда) олов ёқилиб базмлар ўтказилганлиги, ўзига хос маданият ва расм-русумлар тўғрисида қимматли маълумотлар учрайди.

Наврўз дунёдаги энг кўҳна байрам. Маълумотларга кўра, 3 минг йилдан ортиқ тарихга эга. Кўплаб тарихий адабиётлар, манбаларда ҳам Наврўз ҳақида, унинг Шарқ халқлари ҳаётида тутган ўрни ҳақида қизиқарли маълумотлар қайд этилган. Aбу Райҳон Берунийнинг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”, Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғоти-т-турк”, Фирдавсийнинг “Шоҳнома”, Умар Хайёмнинг “Наврўзнома”, Aбу Бакр Наршахийнинг “Бухоро тарихи” асарлари бунга яққол мисол.
Хусусан, “Шоҳнома”да Наврўз айёмига яқин қолганида чоршанба оқшоми (йилнинг охирги сешанбаси кеч пайтда) олов ёқилиб базмлар ўтказилганлиги, ўзига хос маданият ва расм-русумлар тўғрисида қимматли маълумотлар учрайди.
Бугунги кунда Наврўз ўзининг умуминсоний ғоялари билан башарият ҳаётидан тобора чуқур ўрин эгалламоқда. У ер юзининг катта ҳудудлари, жумладан, Хитойдан то Болқон давлатларига қадар чўзилган минтақада истиқомат қилиб келаётган халқлар томонидан бирдек нишонланади. Бу эса байрамнинг давлатлараро муносабатларга ижобий таъсир қилишини англатади.
Эронликлар Наврўзни табиатнинг уйғониши, боғу бўстонларнинг яшнаши ҳамда халқ қувончи ва умидининг бошланиш палласи деб биладилар. Уларнинг эътиқодича, инсон Наврўзда табиатнинг яшнаши билан уйғун тарзда янги кийимлар кийиб, янгича руҳият ва нигоҳ билан янги ҳаётни бошлаши керак.
Низомий Ганжавий “Ҳафт пайкар” достонида деганидек, “Жома нав кун, ки фасли Наврўз аст” (Мазмуни: Кўйлагингни янгилагин, чунки Наврўз кириб келди).
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қарори билан 21 март – Халқаро Наврўз куни деб эълон қилиниши, байрамнинг ЮНЕСКО томонидан инсоният номоддий маданий мероси сифатида тан олиниши ҳам сайёрамизда истиқомат қилувчи ҳар бир инсонни халқаро байрамнинг тўлақонли иштирокчисига айлантирмоқда.
Бугунги кунда Ер юзидаги 500 миллионга яқин аҳоли Наврўзни кенг нишонлайди. Наврўз умумхалқ байрами сифатида аҳиллик, ўзаро бирдамлик, меҳр-оқибат каби инсоний фазилатларни кучайтириш ва инсонларни ватанпарварлик, меҳнатсеварлик, тинчликсеварлик, миллатлараро тотувлик руҳида тарбиялашга хизмат қилиши билан ҳам ҳаётимизда муҳим ўрин тутади.
Акмал Жумамуротов,
журналист