platina.uz

Аҳолини доимий даромадли қилиш учун 7,7 трлн сўмлик кредит ажратилади

“Микрокредитбанк” ўтган йилни сарҳисоб қилди ва бу йилги режаларини очиқлади.

Бизнес
24 февраль, 14:22
Аҳолини доимий даромадли қилиш учун 7,7 трлн сўмлик кредит ажратилади

24 феврал куни Миллий матбуот марказида “Микрокредитбанк” акциядорлик тижорат банки томонидан 2024 йилда амалга оширилган ишлар натижадорлиги ҳамда 2025 йил учун белгиланган устувор вазифалар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда банк раҳбарияти, ОАВ вакиллари, блогерлар ва иқтисодий таҳлилчилар иштирок этди.

Банк томонидан ўтган 2024 йилда 7 трлн сўмдан зиёд кредитлар ажратилди. Шундан, 1,9 трлн сўмлик инвестиция лойиҳалари амалга оширилди, 2,4 трлн сўмлик кредитлар оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастуридан молиялаштирилди, 2 трлн сўм кичик бизнес субъектларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилди ҳамда 1,5 трлн сўмлик микромолиявий хизматлар кўрсатилди.

Натижада банкка бириктирилган 1230 та маҳаллада уларнинг ривожланиш драйверларига асосан жами 232,7 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланди, уларнинг 113,7 минг нафари доимий ишга жойлаштирилди.

Хусусан, “Сайхунобод” тажрибаси асосида хонадонбай ишлаш орқали 7273 та хонадонга 136,5 млрд сўмлик “молиявий пакет”лар жойлаштирилди.

Шу билан бирга, 1,2 трлн сўм банк кредити ҳисобига 42 048 та микролойиҳалар амалга оширилиб, 73,1 мингта иш ўрни яратилди.

“Уйчи” тажрибаси асосида 996 та учрашувларда кўтарилган 8,3 мингта мурожаат ҳал қилиниши натижасида 31,4 мингта иш ўринлари яратилди.

2024 йилда банк томонидан халқаро молия институтларидан 124 млн долл. ресурс олиб келинди, аҳоли ва тадбиркорлардан 1,1 трлн сўм депозит, 609 млрд сўм омонат жалб қилинди.

Шунингдек, хотин-қизлар тадбиркорлигини молиявий қўллаб-қувватлаш борасида 2024 йилда банк томонидан 89 592 нафар хотин-қизларнинг айнан бизнесини молиялаштириш учун 1 трлн 604 млрд сўм имтиёзли кредитлар йўналтирилди ва 92 200 нафар аёл бандлиги таъминланди.

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш ва бандлигини таъминлаш учун жами 2 трлн 397 млрд сўм кредитлар ажратилди.

Мазкур кредитларнинг 1 трлн 196 млрд сўми ёки 50 фоизи 78 836 нафар хотин-қизнинг ташаббусларини имтиёзли шартларда молиялаштиришга йўналтирилди.

Шу билан бирга, ПҚ-122-сонли қарор асосида 19 370 нафар хотин-қизларга 2024 йилда 253,2 млрд сўм кредитлар ажратиб берилди.

Банк 2025 йилги вазифаларини Президентимизнинг 2024 йил 16 декабр куни видеоселектор йиғилишида тижорат банклари олдига қўйган устувор вазифалар ва топшириқлари доирасида ташкил қилмоқда.

Жумладан, Бош банкда маҳаллабай ишлаш бўйича алоҳида департамент, ҳудудий бошқармаларда бўлинмалар ва БХО, БХМларда маҳалла секторлари ташкил қилинди. Банкка бириктирилган 1121 та маҳаллага янги тизим асосида 332 та “маҳалла банкири” штати очилиб, малакали ва ташаббускор ходимлар билан бутланди.

Маҳалла секторлари, маҳалла банкирлари ва ёрдамчи агентлари томонидан жорий йилда кичик ва ўрта бизнесга 5,4 трлн сўм ва дастурлар доирасида 2,9 тлрн сўм кредит ажратиш белгиланган.

Шундан, ПҚ-312 сонли қарор доирасида 1 трлн сўм, “Бизнесга биринчи қадам” доирасида 315 млрд сўм, оилавий тадбиркорлик дастури доирасида 1,5 трлн сўм, ҳамроҳ дастури доирасида 57 млрд сўм маблағ ажратилади.

Банк томонидан 2025 йилда барча имкониятларни ишга солиш орқали 320 минг кишининг бандлиги таъминланади, уларнинг 131 минг нафари доимий даромадли ишга жойлаштирилса, 189 минг нафари тадбиркорликка жалб этилади.

Бунинг учун барча манбалар ҳисобидан 7,7 триллион сўмлик кредитлар ажратилади.

Кредит маблағларининг асосий қисми, яъни камида 50 фоизи кичик бизнес субъектларига йўналтирилади. Бу мақсадга эришиш учун жорий йилда халқаро молия институтларидан 260 миллион доллар маблағ жалб қилиш режалаштирилган. Мазкур маблағларнинг 50 миллион доллари “молиявий оммабоплик” дастури доирасида микролойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилади.

Аҳолига ижарага берилган 1756 гектар ер майдонларида “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида 160 та намунали лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Бу мақсадда 160 та агрегатор танлаб олинди.

Дастлабки экин сифатида 5400 нафар аҳоли кооперативларга аъзо бўлган полиз ва сабзавотлар етиштириш учун агрегаторларнинг 3,8 млрд сўм кредитга талаби аниқланди.

“Супер лойиҳа” доирасида “етиштириш – қайта ишлаш – сотиш” занжирини яратиш учун 105 гектар ер майдонида 7 та намунавий лойиҳа шакллантирилди.

Мисол учун, Қорақалпоғистон Республикаси, Чимбой тумани, “Тазғара” ОФЙда ёшларга 15 гектар ер майдони ижарага берилди. Биринчи экинда – помидор, иккинчи экинда – кўкатлар экилиши режалаштирилган.

Январ-феврал ойларида “Уйчи” тажрибаси асосида банк мижозлари билан ўтказилган учрашувлар натижасида 5857 нафар тадбиркорлар билан 482 маротаба учрашув ўтказилиб, унда кўтарилган 2 118 та мурожаат ижобий ҳал қилиниши натижасида 2 188 та янги иш ўрни яратилди.

Жумладан, 1 823 тасига 63 млрд сўм кредит ажратилди, 8 тасини 20 млрд сўмлик кредит қарздорлиги муддати узайтирилди, 287 та бошқа масалалар ҳал этилди.

“Микрокредитбанк” жамоаси юртимизда кичик бизнес, хусусий ва якка тартибдаги тадбиркорликни ривожлантириш, ҳунармандчилик ҳамда касаначиликни қўллаб-қувватлаш йўли билан янги иш ўринларини яратиш, айниқса, қишлоқ жойларда микромолиявий хизматларни кенгайтириш борасидаги фаолиятини давом эттиради.

Банк Ахборот хизмати

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+