Ўзбекистонда доллар курси тарихий чегарани босиб ўтди
Иқтисодий ўсиш суръатлари кучайишига қарамасдан, миллий валютанинг заифлашуви ҳамма соҳаларга ўз таъсирини ўтказмоқда.

Феврал ойи Ўзбекистон иқтисодиёти учун янги воқеаларга бой бўлди. 2025 йилнинг 14 февралида долларнинг Марказий банк эълон қилган расмий курси илк бор 13 000 сўмлик психологик чегарадан ошиб, 13 003,95 сўмга етди. Долларнинг расмий курси кетма-кет тўртинчи кун кўтарилди. Бундан аввал доллар курси кетма-кет уч кун кўтарилиб, 12 989,07 сўм бўлган эди. Бу ҳодиса нафақат иқтисодчилар, балки оддий фуқаролар орасида ҳам қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.
Доллар курси кўтарилишининг асосий омиллари
Аввал шуни таъкидлаш керакки, курс ошишининг асосий сабаби – бу бозор иқтисодиётининг талаб ва таклиф қонунига мувофиқ, АҚШ долларига бўлган талабнинг ошиб бориши билан боғлиқ. Маълумки, Ўзбекистонда хорижий валюталарнинг курси сузувчи, яъни фонд биржасидаги талабга кўра белгиланади. Бирор валютага талабнинг ортиши унинг номинал қиймати ортишига сабаб бўлиши табиий жараён.
Зеро, Ўзбекистон иқтисодиёти йил сайин глобал бозорга янада чуқурроқ кириб бормоқда. Импорт ҳажмининг ошиши эса долларга бўлган талабни кучайтирмоқда. Кўплаб компаниялар товар ва хомашёни хориждан сотиб олишда доллардан фойдалангани учун миллий валюта босим остида қолмоқда.
Қолаверса, мигрантлар юборган пул ўтказмаларининг камайиши ҳам доллар курсининг ортишига сабаб бўлиши мумкин. Бу одатда мавсумий характерга эга бўлади. Мигрантлар Ўзбекистонга келиб дам оладиган ва кунлар илиб, янги мавсум очилишини кутадиган муддатда хориждан пул жўнатмалари камайиб кетади. Ички бозорда АҚШ доллари ҳажми камаяди. Чунки Ўзбекистон иқтисодиёти учун хориждаги меҳнат мигрантлари томонидан юборилган маблағлар жуда муҳим рол ўйнайди. Охирги ойларда Россия ва бошқа давлатларда иқтисодий ноаниқликлар юзага келиши, Россияда мигрантларга нисбатан талабларнинг қаттиқлашуви натижасида Ўзбекистонга келаётган валюта ҳажми камаяди, деган прогнозлар ҳам мавжуд эди.
Бироқ мигрантларнинг камайиши ҳисобига уларга талаб ҳам ортмоқда ва Россияда меҳнат ҳақининг 2-3 бараваргача ортгани кузатилмоқда. Қолаверса, хорижий меҳнат бозорининг диверсифакация қилиниши, яъни меҳнат муҳожирларимиз Россиядан бошқа, маошлари нисбатан юқори давлатларда ишлаётгани хорижий ўтказмалар ҳажмининг пасайишига эмас, ортишига хизмат қилмоқда. Масалан, ўтган йили қарийб 11 миддиард долларни ташкил этган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткичнинг 14 миллиарддан ортиши кутиляпти.
Шу боис, мазкур омилни доллар курси кўтарилганига таъсир қилди дейиш қийин.
Бундан ташқари, инфляция ва ички иқтисодий жараёнларга ҳам эътибор қаратиш лозим. Чунки ҳар қандай миллий валюта қадрсизланишида инфляциянинг таъсири катта. Сўнгги пайтларда нарх-наво ошиб бораётгани ва ишлаб чиқариш харажатлари ортиши ички бозорда сўмнинг қадрига салбий таъсир кўрсатди. Иқтисодий ўсиш суръатлари кучайишига қарамасдан, миллий валютанинг заифлашуви ҳамма соҳаларга ўз таъсирини ўтказмоқда.
Келажакда нималар кутилмоқда?
Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг прогнозларига кўра, 2025 йил давомида долларнинг ўртача курси 13 250 сўм атрофида бўлиши кутилмоқда. Бу 2024 йилга нисбатан 4,8% ўсиш деганидир. Айрим мустақил таҳлилчилар эса йил охирига бориб доллар курси 13 700 – 13 800 сўмгача етиши мумкинлигини таъкидлашмоқда.
Шу билан бирга, Марказий банк раиси Тимур Ишметовнинг маълум қилишича, 2025 йилда номинал валюта курсида кескин ўзгариш бўлиши кутилмаяпти. 2024 йилда сўм долларга нисбатан 4,7 фоиз қадрсизланган. 2023 йилда сўм АҚШ валютасига нисбатан 9,7 фоизга, 2022 йилда 3,94 фоизга қадрсизланганини қайд этиш жоиз.
Албатта, юқорида таъкилангандек, доллар курсининг кўтарилишида Марказий банкни айблаш ёки ундан прогноз кутиш нотўғри. Чунки Марказий банк валюта курси бўйича прогноз бермайди. Мазкур регулятор фақат молиявий барқарорликни таъминлаш, кескин ўзгаришларнинг олдини олиш учун жавобгар.
Шундай бўлса-да, Марказий банкда хоржий валюталар номинал қиймати ўзгаришининг инфляцияга таъсири ўрганиб борилади. Эълон қилинган энг янги маълумотларга кўра, валюта курсининг 1 фоизга қадрсизланиши инфляцияга 0,3–0,4 фоиз таъсир кўрсатиши мумкин.
Табиийки, бундай шароитда ҳукумат сўм кескин қадрсизланишининг олдини олиш учун турли чоралар кўрилади. Жумладан, валюта бозорида давлат иштирокини кучайтириш, инфляцияни пасайтириш ва экспортни рағбатлантириш каби йўналишларда фаол иш олиб борилади. Агар доллар курси кескин кўтарилиб кетса, Марказий банк ички бозорга валюта интервенция қилиш, яъни сотиладиган доллар ҳажмини кўпайтириш орқали таклифнинг кўпайишига ҳисса қўшади. Бу эса ўз-ўзидан курсни “жиловлаб”, беқарорлигининг олдини олади.
Қандай ўзгаришлар арафасида турибмиз?
АҚШ доллари, умуман хорижий валюталар номинал қийматининг ортиши импорт нархларининг ошиб кетишига сабаб бўлади. Чет элдан келаётган маҳсулотлар, хусусан, маиший техника, дори-дармон ва озиқ-овқат маҳсулотлари янада қимматлашиши мумкин. Бу эса истеъмолчилар учун жиддий муаммолар туғдириши эҳтимолдан холи эмас.
Шунингдек, мазкур вазият ташқи қарзлар юкининг ортишига олиб келади. Давлат ва хусусий сектор томонидан олинган ташқи қарзлар долларда эканини инобатга олсак, сўм қадрсизланиши натижасида уларга хизмат кўрсатиш харажатлари ортади, яъни уларни тўлаш қийинлашади.
Бироқ доллар курсининг ортишидан манфаат топадиган қатлам ҳам мавжуд. Масалан, экспортчилар учун бу қулай ҳамда фойдали вазият. Миллий валютанинг заифлашиши маҳаллий маҳсулотларни халқаро бозорда рақобатбардош қилади. Яъни, Ўзбекистондан экспорт қилинадиган тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги ва саноат маҳсулотлари ташқи бозорларда арзонроқ кўриниш олади, бу эса ишлаб чиқарувчилар учун фойда келтиради.
Умумуан олганда, доллар курсининг ошиши – иқтисодиётнинг табиий жараёни. Бу Ўзбекистон иқтисодиётининг халқаро бозор билан янада чамбарчас боғлиқ бўлиб бораётганини кўрсатади. Ҳукумат ва иқтисодий мутахассислар сўмнинг кескин қадрсизланишининг олдини олиш устида иш олиб бораётган бўлса-да, инфляция ва ташқи омиллар ўз таъсирини давом эттириши мумкин. Шундай экан, иқтисодий барқарорликни таъминлаш учун ҳар бир тадбиркор, инвестор ва истеъмолчи ўз молиявий режаларини мукаммаллаштириши лозим.