platina.uz

Трампнинг савдо урушлари: сабаб ва оқибатлар

Ўзбекистонга қайси жиҳатлар билан таъсир қилади? Долларнинг кейинги мавҳум тақдири нима бўлади?

Таҳлил
10 февраль, 9:11
Трампнинг савдо урушлари: сабаб ва оқибатлар
Фотоколлаж: Platina.uz

2025 йил AҚШнинг янги президенти Доналд Трампнинг можароли фармонлари ва режалари билан старт олди. Жумладан, Трамп глобал иқтисодий муносабатларни ўзгартиришга қаратилган савдо урушларини бошлади. Бу ҳаракатлар халқаро ҳамжамиятда кенг норозиликка сабаб бўлган вазият – Канада, Мексика ва Хитойдан импорт қилинадиган маҳсулотларга сезиларли бож тарифлари жорий этишни ўз ичига олади.

Ваъдалар ва белгиланган мақсадлар

Доналд Трамп янги тарифларни жорий этишни ноқонуний иммиграцияга қарши кураш, Мексика ва Канада билан чегаралар орқали фентанил импортининг олдини олиш, AҚШ савдо камомадини камайтириш ва маҳаллий ишлаб чиқаришни рағбатлантириш зарурлиги билан асослади. Мексика ва Канададан (10% тарифга эга Канада энергетикасидан ташқари) барча товарларга 25 фоизлик божлар, шунингдек, Хитойдан импорт қилинадиган маҳсулотларга 10 фоизлик бож жорий этилди.

Aмалга оширилган чора-тадбирлар

2025 йилнинг 1 февралида Трамп юқоридаги тарифларни жорий этиш тўғрисидаги фармонларни имзолади. Янги тарифлар шу йилнинг 4 февралидан кучга кирди. Канада ва Мексика билан олиб борилган музокаралар натижасида тарифларни жорий этиш 30 кунга кечиктирилди. Мазкур музокаралар натижасида Мексика гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашиш учун чегарага 10 000 аскарини юборадиган бўлди. Шунингдек, гиёҳвандлик картелларини террорчи ташкилотлар деб тан олишга ваъда берди.

Ҳақиқий мотивлар ва мақсадлар

Таҳлилчиларнинг қайд этишича, Трамп ўзининг расман эълон қилган мақсадларидан ташқари, ушбу тарифлардан хорижий ҳамкорларга босим ўтказиш воситаси сифатида фойдаланиб, AҚШнинг жаҳон савдосидаги ўрнини мустаҳкамлашга интилмоқда. Иқтисодий миллатчиликнинг бу намойиши амалдаги савдо келишувларини Қўшма Штатлар фойдасига қайта кўриб чиқишга ва маъмуриятнинг миллий манфаатларни ҳимоя қилиш қатъиятини намойиш этишга қаратилган.

Натижалар ва оқибатлар

Тарифлар Канада ва Мексиканинг жавоб чоралари кўришига сабаб бўлди. Канада 30 миллиард Канада доллари миқдоридаги Aмерика товарларига 25% тариф белгилади. Бу чегара кейинчалик 155 миллиард долларгача кўтарилиши мумкин.

Мексика ҳам айрим АҚШ товарлари импортига божларни оширди.

Хитой Aмерика товарларига, жумладан, нефт, кўмир ва суюлтирилган газга нисбатан жавоб божларини жорий қилди. Кейинроқ эса АҚШнинг бундай ҳаракатлари устидан Жаҳон савдо ташкилоти ва халқаро судларга шикоят қилинишини билдирди.

Иқтисодчиларнинг огоҳлантиришича, бундай тарифлар мамлакатлар ўртасидаги савдо-сотиқни жиддий равишда бузиши, таъминот занжирларини беқарорлаштириши ва истеъмолчилар учун нархларни ошириши тахмин қилиняпти. Трампнинг бундай қадамлари савдо оқимларини қайта тақсимлаши ҳамда таъминот занжирлари қайта кўриб чиқилишига сабаб бўлиши ҳамда глобал бозорда янги иттифоқлар яратиши мумкин.

AҚШ аҳолиси учун қандай салбий оқибатлар кутилмоқда?

Тарифлар импорт қилинадиган товарлар, хусусан, автомобиллар, электроника ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қимматлаштиради, бу эса америкалик истеъмолчиларга салбий таъсир қилади. Озиқ-овқат ва маиший техника нархлари ошиши, натижада инфляция даражаси ортишига сабаб бўлади. Асосан импортга таянадиган кичик корхоналар харажатларнинг ошишига дуч келади, бу эса заводларнинг ёпилишига ва иш ўринлари йўқолишига олиб келиши айтилмоқда. Бу узоқ муддатда аҳолининг харид қобилияти пасайишига ва ижтимоий норозиликнинг кучайишига олиб келиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.

Янги тарифларнинг жорий этилиши AҚШ сиёсий манзарасига таъсир қилади. Трампнинг ядро базаси унинг сиёсатини қўллаб-қувватласа-да, нархларнинг сезиларли даражада ошиши унинг маъмуриятининг мустақил сайловчилар орасида машҳурлигига путур етказиши мумкин. Демократлар аллақачон савдо урушларини Трампнинг иқтисодий сиёсатига қарши аргумент сифатида ишлатиб, уларнинг ўрта синфга эҳтимолий зарарига ишора қилишяпти. Республикачилар партияси ичида ҳам бўлиниш бор, айрим бизнес ва эркин савдо тарафдорлари тарифларнинг салбий таъсиридан хавотир билдиришмоқда.

Трампнинг бу қарорларидан кейин AҚШ иқтисодиёти қандай ўзгаради?

Айни пайтда бу борада турлича иқтисодий прогнозлар эълон қилинган. Бир томондан, тариф сиёсати импорт қилинадиган товарлар таннархини ошириш орқали мамлакат ичида ишлаб чиқаришнинг ўсишини рағбатлантириши прогноз қилинмоқда. Бироқ, шерикларнинг жавоб тарифлари туфайли юзага келган ортиқча ва юқори харажатлар америкалик ишлаб чиқарувчиларнинг ташқи бозорларда рақобатбардошлигига путур етказади. Aйниқса, қишлоқ хўжалиги ва саноат тармоқларида экспорт ҳажмининг пасайиши кутилмоқда. Бундан ташқари, юқори нархлар истеъмол талабини камайтиради, бу эса иқтисодий ўсишнинг секинлашишига олиб келади. Узоқ муддатли истиқболда, агар савдо можаролари ҳал этилмаса, AҚШ иқтисодиёти ҳатто таназзулга юз тутиши тахмин қилинмоқда.

Савдо урушларининг глобал иқтисодиётга таъсири

AҚШ савдо урушлари глобал бозорларга сезиларли таъсир кўрсатади. Юқори тарифлар ноаниқликнинг кучайишига, инвестицияларнинг пасайишига ва бутун дунё бўйлаб иқтисодий ўсишнинг секинлашишига олиб келади. Европа Иттифоқи мамлакатлари учун AҚШ тарифларининг жорий этилиши инфляциянинг ошишига ва AҚШга экспортнинг пасайишига олиб келади, оқибатда инқироз йилларидан кейин иқтисодий тикланиш секинлашишига гувоҳ бўламиз.

Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон учун савдо урушларининг оқибатлари турлича бўлиши кутиляпти. Бир томондан, Хитой ва Қўшма Штатлардан товарларга талабнинг пасайиши хомашё нархининг пасайишига олиб келади, бу эса минтақадан нефт, газ ва металлар экспортига таъсир қилади. Бошқа томондан, Ўзбекистон ва унинг қўшнилари хавфларни минималлаштиришга интилаётган Aмерика ва Хитой компанияларига муқобил бозорларни таклиф этиш орқали вазиятдан фойдаланиб қолиши, яъни Хитой ўрнини эгаллашга уриниши ҳам мумкин. Хусусан, Тошкент Европа ва БРИКС давлатлари билан савдо алоқаларини мустаҳкамлаши, саноат ва логистика соҳасига кўпроқ сармоя жалб қилиши айни муддао бўлади.

Йирик компаниялар AҚШга қайтадими?

Трампнинг асосий ваъдаларидан бири – йирик ишлаб чиқарувчиларни AҚШга қайтариш эди. Бироқ, ҳақиқат шундаки, ишлаб чиқариш глобал таъминот занжирларига боғлиқ бўлиб қолмоқда ва кўтарилган тарифлар корхоналарнинг оммавий қайтишини кафолатламайди. Компаниялар ишлаб чиқаришни АҚШга қисман кўчиришлари эҳтимолдан холи эмас, лекин бу катта харажатлар ва вақтни талаб қилади. Бундан ташқари, Қўшма Штатлардаги юқори меҳнат харажатлари ва қатъий қоидалар бундай ўтишни иқтисодий жиҳатдан имконсиз қилиб қўяди. Эҳтимол, баъзи ишлаб чиқарувчилар Хитойдан кетиб, Вьетнам, Ҳиндистон ёки Мексика каби арзон нархлардаги бошқа мамлакатларга кўчиб ўтиши мумкин, аммо AҚШга эмас. Натижада, савдо урушларининг AҚШ саноат ишлаб чиқаришига ижобий таъсири камроқ бўлади ва бу иш ўринларининг кенг кўламли ўсишига олиб келмайди.

Доллар гегемонлигига таъсири

Савдо урушлари АҚШ долларининг глобал иқтисодиётдаги ҳукмрон ролига ҳам салбий таъсир қилиши кутилмоқда. Тариф босими ва санкциялар сиёсатининг кучайиши кўплаб мамлакатларни халқаро ҳисоб-китоблар учун муқобил валюталарни излашга олиб келади. Масалан, Хитой ва Россия ўзаро савдода юан ва рублдан фойдаланишни фаол тарғиб қилмоқда, БРИКС мамлакатлари эса муқобил тўлов механизмларини яратиш устида ишламоқда. Бундай қилинса, Трамп бу мамлакатларга ҳам молиявий жазолар кўришини айтиб таҳдид қилди.

Бундан ташқари, Европа Иттифоқи AҚШ санкцияларини четлаб ўтиш учун INSTEX тизимини ишлаб чиқмоқда. Aгар бундай тенденциялар кучайса, долларнинг глобал таъсирини заифлаштириши ва AҚШ давлат облигацияларига бўлган талабни камайтириши мумкин, бу эса AҚШ учун қарз олиш харажатларининг ошишига ва мамлакат иқтисодиётига қарз юкининг ошишига олиб келади.

Шунга ўхшаш тенденциялар тарихда аввал ҳам кузатилган: 1970-йиллардаги нефт инқирози даврида айрим давлатлар валюта захираларини диверсификация қилишга уринган, 2000-йилларда эса Эрон нефтни доллар ўрнига еврога сотишга уринган эди. Aгар бундай жараёнлар кучайиб кетса, долларнинг глобал таъсирини сусайтириши ва AҚШ давлат облигацияларига бўлган талабни камайтириши мумкин.

Прогнозлар

Мутахассисларнинг прогноз қилишича, савдо урушларининг давом этиши глобал иқтисодий ўсиш суръатларининг секинлашувига ва инфляция даражасининг ўсишига олиб келади. Россия учун бундай ўзгаришлар истиқболда экспорт қилинадиган ресурсларга бўлган талабнинг қисқариши билан боғлиқ хавфларни ҳам, савдо оқимларини унинг фойдасига қайта тақсимлаш билан боғлиқ имкониятларни ҳам яратиши тахмин қилинади.

Зеро, Трамп шу пайтгача эришилган келишув ва мавжуд тартибларга зид бормоқда, уларни ўйлаб ўтирмасдан бузмоқда. Кўпчилик халқаро ташкилотлардан чиқиб кетишга ҳам журъат қилмоқда. Нафақат халқаро сиёсат, балки жаҳон иқтисодиётида ўрнатилган статус-квони ўзгартиришга қаратилган бундай қадамлар кенг кўламли молиявий ва савдо урушларини, эҳтимол, халқаро иқтисодий инқирозларни ҳам келтириб чиқариши мумкин. Шундан кейингина ёхуд Трампнинг қўрқинчли 4 йилллик президентлик муддати якунига етганидан кейин, янги тартибот ва келишувлар вужудга келиб вазият бирмунча барқарорлашувидан умид қилса бўлади.

Образли қилиб айтганда, Трамп нисбатан тинч сузиб кетаётган жаҳон савдо тизимидан қониқмай, уни чайқалтира бошлади. Бундай уриниш ёки қайиқнинг чўкиши, ёхуд Трамп, яъники АҚШнинг сувга йиқилишига олиб келишини назардан соқит қилиб бўлмайди.

Умуман олганда, Трампнинг 2025 йилда бошланган савдо урушлари жаҳон иқтисодиётига таъсир этувчи муҳим омилга айланади ва уларнинг кейинги ривожланиши томонларнинг ўзаро муросага келиш ва янги шароитларга мослашиш қобилиятига бевосита боғлиқ бўлади.

Абулфайз Сайидасқаров

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+