platina.uz

Ўзбекистонликлар даромади қандай ўзгармоқда?

Pinkod нашри бу ҳақда таҳлилий мақола эълон қилди. Тошкент шаҳри аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадлар бўйича деярли барча ҳудудлардан икки баробар олдинда бормоқда. 

Иқтисод
7 февраль, 8:53
Ўзбекистонликлар даромади қандай ўзгармоқда?

Ўзбекистонликлар даромади қандай ўзгармоқда?

Наманган, Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё вилояти ва қолган еттита вилоятда аҳолига жон бошига тўғри келувчи даромад мамлакат бўйича ўртача даражадан паст бўлмоқда.

Умумий даромадлар ва ўсиш суръатлари

2024 йилнинг январь-декабрь ойларида Ўзбекистон Республикаси аҳолиси умумий даромадлари 896,3 триллион сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткич 2023 йилга нисбатан номинал жиҳатдан 18,5 фоизга ва реал жиҳатдан 8,1 фоизга ўсди. Инфляция ҳисобга олинган ҳолда аҳоли даромадлари ошгани кузатилмоқда. Бироқ, ҳудудлар бўйича аҳоли даромадлари бир текис тақсимланмаган бўлиб, иқтисодий фаоллик даражаси минтақалар кесимида сезиларли фарқ қилмоқда.

Тошкент шаҳри аҳолисининг даромади қолганларга нисбатан тезроқ ўсмоқда

Республика бўйича аҳоли жон бошига умумий даромад 24,1 миллион (+5,9% реал ўсиш) сўмни ташкил этди. Ҳудудлар бўйича даромадлар тақсимотига назар ташласак, Тошкент шаҳри энг юқори кўрсаткич билан етакчилик қилмоқда. Бу ҳудудда аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад 60,6 миллион (+15,4%) сўмни ташкил этди. Бу деярли барча ҳудудлардан икки баробар юқори кўрсаткич деганидир. Ўртача ойлик маош ҳисобида ҳам Тошкентда истиқомат қилувчилар ойлик маоши тезроқ ўсмоқда.

Ундан кейинги ўринларда Навоий вилояти 38,1 миллион (+7,9%) сўм, Бухоро вилояти 27,5 миллион (+2,4%) сўм ва Тошкент вилояти 25,1 миллион (+6,4%) сўм билан жойлашган. Ушбу ҳудудларда саноат, савдо ва хизмат кўрсатиш тармоқларининг ривожланганлиги аҳолининг даромад даражасига ижобий таъсир қилмоқда.

Бошқа томондан, аҳолининг жон бошига энг паст даромадга эга ҳудудлар қаторига Наманган, Қорақалпоғистон Республикаси ва Сурхондарё вилояти киради.

Наманган вилоятида бу кўрсаткич 16,8 миллион сўмни, Қорақалпоғистонда 16,9 миллион сўмни ва Сурхондарё вилоятида 17,9 миллион сўмни ташкил этди.

Меҳнат фаолиятидан олинган даромадлар

Аҳоли даромадларининг асосий қисмини меҳнат фаолиятидан олинган маблағлар ташкил этади. Ҳудудлар бўйича меҳнат даромадлари ўсиш суръати бўйича ҳам Тошкент шаҳри олдинда бормоқда. Пойтахтда бу кўрсаткич 26,8 фоизга етиб, энг юқори ўсиш суръатига эга бўлди. Самарқанд вилоятида меҳнат даромадлари 19,2 фоизга, Жиззах вилоятида эса 17,4 фоизга ўсди.

Шу билан бирга, энг паст меҳнат даромадлари ўсиш суръати Наманган, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида кузатилди. Наманган вилоятида меҳнат даромадлари ўсиши 0,5 фоизни, Сурхондарёда 0,2 фоизни ва Фарғонада эса 1,1 фоизни ташкил этди.

Мустақил равишда олинган даромадлар

Мустақил равишда банд бўлишидан олинган даромадлар ҳам иқтисодий ўсишда муҳим роль ўйнайди. 2024 йил давомида бу даромадлар 15,9 фоизга ошган бўлиб, умумий даромадларнинг 35 фоизини ташкил этди. Жиззах вилоятида бу кўрсаткич умумий даромаднинг ярминии, Бухорода 47,4 фоизини, Қашқадарё ва Сурхондарёда эса 44,8 фоизни ташкил этди. Ушбу ҳудудларда кичик тадбиркорлик ва норасмий секторнинг ривожланганлиги сабабли мустақил даромад манбалари юқори ҳисобланади. Тошкент шаҳрида эса бу улуш 9,6 фоиз бўлиб, бу ерда иш ҳақи асосий даромад манбаи бўлиб қолмоқда.

Трансферт ва мол-мулк даромадлари

Трансфертлардан олинган даромадлар умумий даромадларнинг 26 фоизини ташкил этиб, 13,7 фоизга ошди. Ушбу даромадлар таркибида пенсиялар, нафақалар ва стипендиялар 36,6 фоизни ташкил этган бўлса, бошқа турдаги жорий трансфертлар, жумладан, чет элдан келаётган пул ўтказмалари 63,4 фоизни ташкил этди.

Мол-мулкдан олинган даромадлар эса 3,3 фоиз улушга эга бўлиб, 30,1 триллион сўмни ташкил этди. Ушбу даромадларнинг 63,5 фоизи Тошкент шаҳрига тўғри келган.

Ўзбекистон иқтисодиёти умумий ўсишда давом этаётган бўлса-да, ҳудудлар ўртасидаги сезиларли даромад тафовутлари сақланиб қолмоқда.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+