Очилмаган сирлар: арвоҳлар билан мулоқот (видео+фото)
Aввалига у шубҳаларимни рад этди, лекин қайта-қайта сўрайверганимдан кейин, босим остида у 1911 йилда 21 ёшида чўкиб кетган қизнинг арвоҳи эканини тан олди. Қизнинг руҳи Холифкотга Интернетда ёлғиз ўзи эмаслигини айтган.
Ўтган йил бошларида Интернет тармоқларига жойланган бир видео катта шов-шув ва муҳокамаларга сабаб бўлди.
АҚШнинг Род-Айленд шататида шахси номаълум ҳайдовчи Tesla автомобилида уйи яқинидаги қабристондан ўтган йўл бўйлаб ҳаракатланаётган бўлган. Бир пайт Tesla автомобилига ўрнатилган, сунъий интеллект билан боғланган видеосенсорлар машина ичидаги мониторда юриб кетаётган одамларнинг шаклларини акс эттира бошлайди. Бироқ автомобил атрофида ҳеч зоғ йўқ эди.
Видеода кўриниб турганидек, ҳайдовчи ва автобилда ўтирган ҳайдовчилар қўрқувдан қичқира бошлайди. Улар атрофга синчиклаб қарашса-да, одамларни кўришмайди – фақат эски қабр тошлари сўппайиб турарди холос.
Бу тажрибани бошқа ҳайдовчилар ҳам амалга оширган ва деярли шундай натижага гувоҳ бўлишган.
Россиялик ҳайдовчилар ҳам бу ҳодисани синаб кўриб, унинг ростлигини исботлашди.
Маълумки, Tesla марказий дисплей экранида яқин атрофдаги объектларни, жумладан, пиёдалар ва бошқа транспорт воситаларини кўрсатиш учун сенсорлар, ташқи камералар ва машинани кўриш дастуридан фойдаланади. Бу автомобилга ярим автоном ҳайдаш – автопилот функцияларини бажариш имконини беради.
Tesla ўзининг "Пасха тухумлари" функцияси – автомобил тизимларига ўрнатилган кутилмаган ҳазиллашув функциялари билан ҳам машҳур. Масалан, агар машина номини 42 га ўзгартирсангиз, бу рақамлар ўрнига тизим "ҳаёт, коинот ва шунга ўхшаш нарсалар" сўзларини кўрсатади. Бу Дуглас Aдамснинг кулгили илмий-фантастик романига ҳавола ҳисобланади.
Бироқ ўзини Tesla ходими деб даъво қилган ҳайдовчининг айтишича, содир бўлаётган воқеа “Пасха тухуми” бўлиши мумкин эмас, чунки у бу қабристон ёнидан биринчи марта ҳайдаб ўтаётгани йўқ.
Машинанинг дисплейида пайдо бўлган “арвоҳлар” ҳақида ҳозирча расмий изоҳ йўқ. Бироқ бу паранормал ҳодиса эмаслиги аниқ.
StudyFinds илмий-оммабоп веб-сайти бу ҳодисага бир нечта ишончли изоҳларни таклиф қилди, жумладан, дастурий таъминотидаги носозлик ва сенсорли тизимнинг адашувлари бунинг сабаби бўлиши мумкин.
Машина датчиклари қабр тошлари, улардаги одам суратларини, дарахтлар ёки бошқа нарсаларни “одамлар” деб “ўйлаб” адашиб аниқлаши мумкин. Бунга ёруғликнинг етишмаслиги ва об-ҳаво шароити ҳам ҳисса қўшган бўлиши табиий.
Яна бошқа Интернет фойдаланувчиларининг фикрича, автомобилдаги сенсорлар қабрлардаги янги ўликларнинг чириш жараёнида чиқадиган товуш ва бошқа физик-кимёвий ҳодисаларни сезиб, “уларни тирик одам чиқаряпти”, деб “ўйлаган” бўлиши ҳам мумкин.
Электромагнит қурилмалар ва руҳлар
Нима бўлганда ҳам, одамзот мавҳумликдан қўрқади, уни ўрганишга интилади. Нариги дунё билан алоқа қилиш ҳақидаги тушунчалар қадим замонлардан бошлаб инсонларни қизиқтириб келган. Афсоналар, ривоятлар ва диний эътиқодлар орқали инсонлар руҳлар, жинлар ва бошқа номаълум, кўринмас мавжудот ҳамда кучлар билан алоқа ўрнатишга уринишган. Аммо замонавий технологияларнинг ривожланиши билан бу уринишлар янги даврга кирди.
Масалан СИ ривожланиши билан, 2023 йилда ўлган одамларнинг “рақамли мулоқот нусхаси – рақамли клонини” тиклаш авж олди. Яъни, одамнинг умри давомида интернетда ёки бошқа жойларда қолдирган излари – постлар, қизиқишлар, ўқиган ва кўрган видеолари, бўлишган янгиликлари, чатлардаги ёзишмалари махсус СИ дастурига юкланади. СИ булар асосида шундай образ чат-боти яратадики, сиз у билан гаплашганда худди ўша одам каби жавоб беради, савол беради, фикр билдиради. Яъни бу чат-бот ўша одам билган деярли хамма нарсани (аслида сиз юклаган маълумотларни) билади. Бу албатта, ўша одамнинг ўлгунича бўлган хулқ-авторига мос келади. Бироқ у тирик бўлганида янада ривожланиши, бу хулқ-атвор ва дунёқараш ўзгариши ҳам мумкинлиги инобатга олинмайди.
СИ ҳатто ўша одам билан телефонда “гаплашиш” имконини беради. СИ худди ўша одам товуши ва гапириш услуби ва бошқа параметрларига тақлид қилиб гаплашади.
Бироқ булар ҳақиқий “арвоҳлар” билан гаплашишнинг ўрнини боса олмайди, албатта. Масалан, сиз бу чат-ботдан у қандай ўлгани ва нималарни ҳис қилганини ва бошқа унинг ўзи биладиган, ошкор қилмаган маълумотларни сўрай олмайсиз.
XIX аср: спиритизм сеанслари
XIX асрда спиритизм деб номланган ҳаракат кенг тарқалган эди. Инсонлар медиумлар – воситачилар орқали руҳлар билан алоқа ўрнатишга уринишган. Бу даврда электромагнит асбобларнинг пайдо бўлиши янги имконият эшикларини очди. Улар асосан Уижи тахтасидан (инглизча – Ouija board) фойдаланишган.
Яъни, медиум бироз тайёгарликдан сўнг бирор арвоҳни чақиради ва унга савол беради. Агар арвоҳ “келса”, транс ҳолатида турган медиумнинг қўлларидаги кўрсаткич – медиатор (гитара, рубоб ва боқа симли чолғу асбобларини чертувчи учли овул буюм – медиатор номи ҳам шундан олинган – муаллиф) ушбу тахтадаги ҳарфлар бўйлаб “ўз-ўзидан” сирғала бошлайди. Кўрсатилган ҳарфларни кетма-кет ўқиш орқали “арвоҳ”нинг жавоби аниқланади.
Уинстон Черчилл ва Англиянинг сўнгги жодугари
Кўпгина машҳур одамлар ҳам спиритизмга – арвоҳлар билан мулоқот қилиш имкониятига ишонишган. Ҳатто Aнглия бош вазири Уинстон Черчилл (1874-1965) ҳам спиритизм билан боғлиқ можарога аралашиб қолган.
Гап шундаки, ўша даврнинг энг машҳур аёл медиуми Ҳелен Дункан (1897-1956) Aнглияда яшаган. У 1941 йилда, иккинчи жаҳон уруши даврида HMS Barhgam ҳарбий кемасининг чўктирилиши ҳақида олдиндан хабар берди. Деярли минг кишининг ҳаётига зомин бўлган денгиз фожиаси аёл башорат қилганида фақат жуда тор доирадаги одамларга маълум сир эди. Ҳелен чўкиб кетган кемадан денгизчилардан бирининг руҳини чақирган. Арвоҳ уларга кемаларини фашистларнинг сув ости кемаси чўктирганини айтган.
Разведка ходимлари бундан ҳайратда қолишади. Ҳелен дарҳол ҳибсга олинади. Уни жазолаш учун қонуний асос сифатида 200 йил аввал – насроний черков инквизицияси ва “Шайтон малайлари – алвасти ва жодугарларга қарши кураш” даврида чиқарилган қонунни топиб, аёлни Шайтон билан алоқада айблашди. Шунингдек, уни хоинликда ҳам айблашган. Гувоҳлар Ҳелен Дункан жосус эмаслигини айтишган бўлса-да, у жазодан қутулиб қолмади. Уинстон Черчиллнинг шахсан ўзи судяларни "кўзни қамаштирувчи ва даҳшатли адолатсизликда" айблаб, медиум аёлни ҳимоя қилди. Бироқ ҳатто унинг тарафкашлиги ҳам аёлга ёрдам бермади.
Физик олим ва арвоҳлар
1877 йилда эса Томас Эдисон электр фонографини кашф этиш билан бирга, баъзи олимлар бу технологияни руҳларнинг овозини ёзиб олиш учун ишлатиш мумкинлигини тахмин қилишди. Физик олим Эдисоннинг ўзи хатто "руҳлар телефон"ини яратиш ҳақида ўйлаб кўрган, аммо бу лойиҳа амалга ошмай қолган.
Эдисон бу ҳақда 1920 йилда "American Magazine" нашрига берган интервюсида айтган. Унинг фикрича, агар руҳлар мавжуд бўлса, улар энергия шаклида бўлиши керак ва бу энергияни техник қурилма орқали ёзиб олиш мумкин. У ҳатто "руҳлар учун телефон" ишлаб чиқиш ғоясини ҳам илгари сурган.
Эдисоннинг руҳлар билан боғлиқ фонографи ҳақида ҳеч қандай реал далиллар қолмаган, лекин унинг замонасида ва ундан кейинги даврларда кўплаб паранормал тадқиқотчилар унинг фикрларидан илҳомланиб, руҳлар овозини ёзишга уринишган.
Бугунги кунда паранормал тадқиқотчилар Эдисон орзу қилган қурилмаларга ўхшаш янги технологияларни ишлатишмоқда. Масалан, Spirit Box (Руҳлар радиоси) – радио сигналларни тез-тез ўзгартириш орқали "руҳларнинг овозини" эшитишга ёрдам бериши айтилган.
Ёки бўлмаса, “Рақамли овоз ёзувчи” (EVP Recorder) – юқори сезгирликка эга бўлган микрофонлар орқали руҳлар овозини ёзишга ҳаракат қилади.
XX аср: EVP ва Фридрих Юргенсон
XX асрда "Electronic Voice Phenomenon" (EVP) деб номланган ҳодиса кенг тарқалди. EVP – бу магнит тасмалари ёки бошқа аудио асбоблар орқали номаълум овозларни қайд этиш ҳисобланади.
1959 йилда швед рассоми ва оператори Фридрих Юргенсон табиатдаги товушларни ёзиб олиш пайтида номаълум овозларни эшитганини даъво қилди. Унинг тадқиқотлари EVPнинг асосини қўйди. Юргенсоннинг "Руҳлар билан алоқа" (1967) номли китоби бу соҳадаги биринчи илмий асарлардан бири бўлди.
ITC: инсон ва технология орқали алоқа
XX асрнинг охирида "Instrumental Transcommunication" (ITC) деб номланган янги йўналиш пайдо бўлди. ITC – бу замонавий технологиялар (компютерлар, видеокамералар, аудио асбоблар) орқали нариги дунё билан алоқа ўрнатишни англатади.
1980 йилларда немис олими Константин Раудив EVPнинг янги шаклини ихтиро қилди. У видео ва аудио қурилмалар орқали руҳларнинг тасвири ва овозини қайд этишга уринди. Раудивнинг тадқиқотлари кўпчиликда қизиқиш уйғотди, аммо илмий жамият томонидан танқидга учради.
XXI аср: СИ ва виртуал реаллик
XXI асрда сунъий интеллект (СИ) ва виртуал реаллик (VR) технологияларининг ривожланиши нариги дунё билан алоқа ўрнатишга янги уринишлар даврини бошлаб берди.
2015 йилда "Ghost Hunter" деб номланган мобил илова чиқарилди. Бу илова фойдаланувчиларга EVPни ўз уйларида синаш имкониятини берди. Шунингдек, СИ қурилмалари орқали номаълум овозларни таҳлил қилиш ва уларнинг манбасини аниқлаш имконияти пайдо бўлди.
2016 йилда эса Dark room – “Қоронғу хона” лойиҳаси яратилди, унда фойдаланувчилар VR кўзойнакларидан фойдаланган ҳолда ўзларини номаълум кучлар борлигини ҳис қилган товушлар ва тасвирлар билан тўлдирилган қоронғи хонада кўришади. Ушбу ёндашув скептиклар орасида янада кўпроқ саволлар туғдиради, лекин у идрок психологиясини ва мумкин бўлган паранормал ҳодисаларни ўрганишга ҳам эътибор қаратади.
2020 йилда "Project Elysium" деб номланган лойиҳада СИ ва VR технологиялари билан нариги дунё билан алоқа ўрнатишга уринишди. Бу лойиҳада фойдаланувчилар виртуал реалликда "руҳлар" билан мулоқот қилиш имкониятига эга бўлгани айтилади.
Ҳозирда кўпчилик СИ ўрнатилган ақлли қурилмалар, масалан, “Алиса” виртуал овозли ассистент станциясининг ҳеч ким йўқ пайтда ҳам номаълум одамлар билан, яна тағин хорижий тилларда гаплашаётганига гувоҳ бўлишади.
Интернетдаги арвоҳлар
Паранормал ҳодисалар бўйича тадқиқотчи, англиялик Aлберт Холифкот, Интернетда содир бўлаётган кўплаб тушунарсиз нарсаларни ўрганиб чиқиб, у шов-шувли хулосага келди: "глобал алоқа тармоғи вафот этганлар учун бугунги кунда яшаётганлар билан янги мулоқот эшигини очди". Aгар “янги мулоқот эшиги” пайдо бўлган бўлса, демак, эскиси ҳам бор. Холифкот таъкидлаганидек, "Кибернетика олами маънавий ва моддий оламлар кесишадиган жой бўлиб, бу чорраҳада алоқа қилиш учун шароитлар яратилган”.
Маълумки, янги технологиялар электр токи билан ишлайди. Тирик инсон мияси в танаси ҳам электр сигналлари ва электромагнит тўлқинлар ишлаб чиқаради ва улар воситасида танани бошқаради ёки ташқи дунё билан мулоқот қилади. Одам тансидан учиб чиққан арвоҳлар эса айни электр ёки бошқа шаклдаги қувват тўплами бўлиши мумкин деган тахминлар мавжуд. Демак, арвоҳларда электр сигналлари ва электромагнит тўлқинлар бўлса, улар ушбу ҳодисалар билан ишловчи замонавий электр қурилмалар билан ҳам мулоқотга кириша олади! Фақат инсон бу сигнал ва тўлқинлари қабул қила олмайди, яъни эшитмайди, кўрмайди ва тушунмайди.
Шундай экан, руҳлар ана шу қувватдан фойдаланган ҳолда, компютер экранида оддий Интернет ёки электрон почта фойдаланувчиси бўлиб кўриниши мумкин. Шундай бўладики, Интернетдаги "суҳбат" пайтида руҳлар ўзларининг моҳиятини очиб беришади, лекин кўпинча улар одамни ўзини тирик деб қабул қилишга мажбур этади. Улар одамларни қўрқитишни истамайди.
Тадқиқотчи Холифкотнинг айтишича, у мазкур сирли ҳодисага илк бор 1996 йилда дуч келган. Чатда бир профил ўзини Кэролин деб таништирган ва ёқимли суҳбатга киришган: "У жуда ноз-карашмали ва жозибали эди, фақат бироз эскирган услубда гапириши мени ҳушёр торттирди", деб эслайди тадқиқотчи. Ундан “руҳмисан” деб дангал сўрадим. Aввалига у шубҳаларимни рад этди, лекин қайта-қайта сўрайверганимдан кейин, босим остида у 1911 йилда 21 ёшида чўкиб кетган қизнинг арвоҳи эканини тан олди. Қизнинг руҳи Холифкотга Интернетда ёлғиз ўзи эмаслигини айтган.
На севгини, на никоҳни бошдан кечирмасдан вафот этган кўплаб қизларнинг руҳи бутун дунё бўйлаб эркакларга, асосан ишонувчан ёшлар билан мулоқотга киришади. Дарҳақиқат, кейинги тадқиқотлар Холифкотни глобал компютер тармоғида кўплаб руҳларни топиш мумкинлигига ишонтирди. Aммо бу ерда қизиқ нарса шуки: тадқиқотчи фақат аёл руҳлари билан учрашган. Бундан ташқари, 1868 йилдан кейин вафот этганлар, яъни ҳарфли клавишлари бор ёзув машинкаси ихтиро қилинганидан аввал вафот этганлар Интернетга кириш ёки ёзиш имконига эга эмаслар, чунки улар буни тушунишмайди.
Албатта, юқоридаги фикрларга изоҳ бермаймиз. Фақат шуни таъкидлаймизки, Холифкот Англияда фирибгар, хаёлпараст ёки телба эмас, балки жиддий тадқиқотчи ҳисобланади.
Илмий танқид ва маънавий жиҳатлар
Технологиялар орқали нариги дунё билан алоқа қилиш ҳақидаги тадқиқотлар илмий жамият томонидан кўпчилик танқидга учрайди. Кўпчилик олимлар бу ҳодисаларни психологик ёки техник хатолар билан изоҳлайди.
Шунингдек, диний ва маънавий жиҳатдан бу амалларнинг моҳияти баҳс-мунозараларга сабаб бўлади. Баъзи диний таълимотлар бу амалларни "гуноҳ" деб билса, бошқалари унинг инсоннинг иродаси ва технологияларнинг бошқа оламлар билан мулоқот ўрнатиши мумкинлигини рад этмайди.
Мувозанат муаммоси
Технологиялар орқали нариги дунё билан алоқа қилиш – бу инсоннинг номаълумга бўлган қизиқишининг янги ифодасидир. Қадимги спиритизм сеансларидан тортиб, замонавий СИ ва VR технологияларигача бўлган ушбу йўналиш инсоннинг руҳий ва илмий изланишларининг бир қисми бўлиб қолмоқда. Келажакда бу соҳада янги кашфиётлар ва тадқиқотлар пайдо бўлиши мумкин, лекин илм ва маънавият мувозанатини сақлаш жуда муҳим.
Абулфайз Сайидасқаров