Гигантлар жангги: Visa ва Mastercard
Улар замонавий тўлов тизимларининг асосий устунларидан бўлиб, глобал иқтисодиётнинг ажралмас қисмига айланган.

Замонавий дунёда тўловларни нақд пулсиз амалга ошириш тобора кенг тарқалмоқда. Бу борадаги илк қадамлар банк карталари чиқарилиши бўлса, бутун дунё бўйлаб тўлов эркинлигини таъминлаб берган тизим, ҳеч шубҳасиз, Visa ва Mastercard туфайли шаклланган.
Ҳозир ҳам Visa ва Mastercard ҳақиқий молиявий гигантлар ҳисобланиб, глобал иқтисодий динамикани белгилаб бермоқда. Ҳар икки компания ҳар куни миллиардлаб транзакцияларни таъминлаб, фойдаланувчиларга қулайлик, хавфсизлик ва тезкор ҳисоб-китоб имконини тақдим этади.
Visa ва Mastercard XX асрнинг иккинчи ярмида АҚШда пайдо бўлиб, бугунги кунда энг йирик халқаро тўлов тизимларига айланди. Уларнинг ишлаш модели ўхшаш бўлса-да, улар ўртасида муҳим фарқлар мавжуд. Масалан, Visa жаҳонда кўпроқ банк карталарини қўллаб-қувватлайди, Mastercard эса мижозларга мослашувчан имтиёз дастурлари ва технологик инновацияларни, хусусан, биометрик идентификациянинг кенгайтирилган функцияларини таклиф этади.
Ибтидо
Бу гигантларнинг тарихи XX асрнинг ўрталаридан, дунё нақд пулдан нақдсиз тўлов усулларига, аввал чеклар ва кейинроқ банк карталарига ўта бошлаган даврдан бошланади. 1958 йилда Bank of America (“Америка банки”) BankAmericard деб номланган илк оммавий кредит картасини тақдим этди. Бу картанинг муваффақияти шунчалик катта бўлдики, бир неча йил ўтиб, банк ўз лойиҳасини АҚШ ҳудудидан ташқарига ҳам кенгайтиришга қарор қилди. Шу тарзда 1976 йили Visa ташкил этилди. Унинг номи глобал очиқлик ва ҳаракат эркинлигини англатар эди.
Mastercard эса бошқа йўлни танлади. 1966 йили бир нечта Америка банклари бирлашиб, ўз тўлов тизимини яратишга қарор қилдилар. Шу тариқа Interbank ташкил этилди, 1979 йилда эса у Mastercard деб қайта номланди.
Тўлов тизимлари қандай ишлайди?
Ҳар икки тизим битта вазифани бажаради – улар харидор, сотувчи ва банк ўртасида пул ўтказиш жараёнини таъминлайди. Бу жараён бир неча сония ичида амалга ошади, аммо бир нечта босқичларни ўз ичига олади:
Энг аввало, сиз картангизни терминалга яқинлаштирасиз ёки онлайн-харид учун унинг маълумотларини киритасиз.
Кейин дўкон ҳисобингизда айни шу тўлов учун керакли маблағ борми-йўқми, аниқлаб бериш ҳақида банкка сўров юборади.
Навбатдаги босқичда банк балансингизни текширади ва тўловни тасдиқлайди.
Кейин эса банк дўкон сўрови асосида ҳисобингиздан керакли пулни сотувчининг ҳисобига ўтказади, сиз эса тўлов тасдиғи – чекни оласиз. Мана шу барча жараён атиги бир неча сония вақт олади.
Банклардан қандай фарқ қилади?
Банклар тўғридан-тўғри пул билан ишлайди – улар омонатларни сақлайди, кредитлар беради, ҳисобрақамлар очади. Visa ва Mastercard эса фақат тўловларнинг хавфсиз ўтишини таъминлайди.
Visa ва Mastercard ўзи карталарини чиқармайди, ҳисобрақамлар очмайди ва кредит бермайди – бу иш билан банклар шуғулланади. Улар фақат воситачи сифатида ҳаракат қилади ва пул мақсадли манзилга тез ва хавфсиз етиб боришини кафолатлайди.
Шу боис турли банклар Visa ёки Mastercard тизимида ишловчи банк картасини чиқарганида шу тизим логотипини картага туширган бўлади.
Visa ва Mastercard ўртасидаги фарқлар
Бу икки тизим, бир қарашда, деярли бир хил, аммо баъзи фарқлар мавжуд.
Географик таъсир доираси жиҳатидан Visa АҚШда анча кучлироқ позицияга эга, Mastercard эса Европада мустаҳкам мавқега эга.
Валюта айирбошлаш комиссияси борасида ҳам тафовут мавжуд. Чет элда харид қилинганда, Visa кўпинча бироз қулайроқ курсни таклиф этади, бироқ бу фарқ унчалик катта эмас.
Шу билан бирга, Mastercard асосан чегирма ва кэшбэкларга эътибор қаратади, Visa эса суғурталар ва харидларни ҳимоя қилиш хизматларини кўпроқ таклиф қилади.
Аммо амалиётда кўпчилик фойдаланувчилар ушбу карталар ўртасидаги фарқни сезмайди – иккаласи ҳам тенг қулай ва ишончли ва дунё бўйлаб кенг тарқалган.
Маркетинг стратегиялари
Visa ва Mastercard ўртасидаги маркетинг рақобати – молиявий соҳадаги кескин курашнинг классик намунасидир. Ҳар икки компания ўз карталарини бозорда устун қилиш учун агрессив реклама стратегияларини ишга солган. Уларнинг реклама кампанияларида асосан қулайлик, хавфсизлик ва рақобатчиларга нисбатан афзалликларга диққатни тортишга ҳаракат қилинган.
Охирги ўн йилликларда Visa ва Mastercard нақд пулсиз тўловларни оммалаштириш бўйича фаол рақобат олиб бормоқда. Уларнинг реклама ва маркетинг кампаниялари тўлов тизимларининг замонавийлиги, қулайлиги ва хавфсизлигини тарғиб қилишга қаратилган.
Масалан, Visa ўз реклама стратегияларида глобал қамровининг кенглиги ва қулайлигига урғу беради. Visa карталари билан исталган жойда – дўконлар, ресторанлар ва интернетда тўлов қилиш мумкинлиги таъкидланади.
Қолаверса, инновацион технологияларнинг татбиқ этилишига кенг эътибор қаратилади. "Visa payWave" кампанияси контактсиз тўловларнинг тезлиги ва қулайлигини реклама қилган.
Mastercard рекламаларида эса бироз бошқача тактикалардан фойдаланилади.
Масалан, "Priceless" (Бебаҳо) кампанияси 1997 йилда бошланган бўлиб, у моддий нарсалар ва ҳаётдаги бебаҳо лаҳзалар (оила билан вақт ўтказиш, саёҳат) ўртасидаги фарқни кўрсатиб берган.
Шунингдек, Mastercard охирги йилларда хавфсизлик технологиялари ва биометрик аутентификацияни тарғиб қилиши билан кўзга ташланмоқда.
Маркетинг борасида ҳам мазкур икки гигант бироз фарқли стратегиялардан фойдаланади.
Айтайлик, Visa муайян мамлакатларда ўз карталарининг кўпроқ қабул қилинишини таъкидлаган. Mastercard эса жаҳон футболи чемпионати каби йирик спорт тадбирлари билан ҳамкорлик қилиб, ўз брендини оммалаштирган.
Visa узоқ вақт Олимпия ўйинларининг расмий тўлов ҳамкори бўлиб келди.
Mastercard эса бошқа йирик спорт ташкилотлари, масалан, UEFA Champions League футбол турнирлари билан ҳамкорлик ҳақида шартномалар тузди. Бундай қадамлар спорт мухлислари орасида ҳам бренднинг оммалашувини таъминлади.
Технологик пойга ва молиявий рақамлар
Visa ва Mastercard фақат мижозлар учун курашмаяпти, балки инновациялар борасида ҳам рақобатлашмоқда:
2004 йили Mastercard биринчи бўлиб PayPass контактсиз тўлов тизимини жорий этди, Visa эса 2007 йилда Visa payWave’ни тақдим этди.
2014 йилда ҳар икки тизим ҳам Apple Pay сервисини қўллаб-қувватлашни бошлади.
2022 йилга келиб Mastercard биометрик тўловлар учун Biometric Checkout тизимини ишга туширди.
Аммо бошқа рақамлар Visa’нинг устунлигини кўрсатади. Мисол учун 2023 йилда Visa 192,5 миллиард транзакцияни қайта ишлади. Mastercard эса 132,6 миллиард транзакцияни қайта ишлади.
Visa'нинг умумий транзакция ҳажми 8,3 триллион долларни ташкил этади. Mastercard'нинг транзакция ҳажми ҳам катта бўлиб, 7,7 триллион долларга тенг.
2022 йилда дебет карталар сегментида Visa'нинг транзакциялар улуши 38,78% ни ташкил этди, бу эса унинг бозордаги етакчи ўрнини кўрсатади.
Visa карталари орқали 14 триллион доллар айланма кузатилди, Mastercard’да эса бу кўрсаткич 8 триллион доллар атрофида бўлди холос.
Visa ва Mastercard ҳар йили катта даромад олади. Visa'нинг 2024 йилдаги даромади 32,5 миллиард долларни ташкил этди, бу ўтган йилга нисбатан 10,2% ўсишни кўрсатади. Mastercard эса 2024 йилда 22,2 миллиард доллар даромадга эришди, бу эса 11,2% ўсишни англатади. Кўриниб турибдики, даромад борасида ҳам Visa ҳозирча устунликни бой бергани йўқ.
Бугунги кунда 200 мамлакатда 3,4 миллиарддан ортиқ Visa карталари муомалада, Mastercard эса 210 мамлакатда 2,5 миллиарддан ортиқ картага эга.
Рақобат келажаги
Visa ва Mastercard ўртасидаги рақобат молиявий технологиялар (fintech), рақамли тўловлар ва криптовалюта бозори тараққиёти билан янада кучайиши мумкин. Ҳар икки компания янги технологиялар ва инновациялар орқали бозордаги устунлигини сақлаб қолишга интилади.
Рақамлаштириш ва мобил тўловлар
Бугунги кунда Visa ва Mastercard мобил тўловлар, NFC-технология ва блокчейн орқали хизматларни такомиллаштиришга катта эътибор қаратмоқда. Apple Pay, Google Pay ва Samsung Pay каби тизимлар билан интеграция қилиш уларнинг хизматларини янада оммалаштирмоқда.
Криптовалюта ва блокчейн
Mastercard ва Visa криптовалюталар билан ҳамкорликни кучайтирмоқда. 2021 йилда Mastercard криптовалюта билан боғлиқ тўловларни қўллаб-қувватлашини эълон қилди. Visa эса USDC каби криптовалюталар билан интеграция жараёнларини ўтказмоқда.
Хавфсизлик ва ҳимоя
Ҳар икки компания молиявий транзакцияларни ҳимоялаш учун сунъий интеллект ва машинали ўрганиш технологияларидан фойдаланмоқда. Бу уларга фирибгарликка қарши курашиш ва мижозларга хавфсизлик кафолатини бериш имконини яратади.
Тариф ва комиссия сиёсати
Айрим мамлакатлар Visa ва Mastercard комиссия ставкалари юқорилиги сабабли, уларга қарши антимонопол тадбирларни амалга оширмоқда. Масалан, Европа Иттифоқи ва Хитойда тўлов тизимларига нисбатан янги қоидалар жорий этилган. Бу ҳолат компанияларни янги бозор стратегияларини ишлаб чиқишга мажбур қилмоқда.
Янги ва жиддий рақобатчилар
Visa ва Mastercard узоқ йиллардан буён жаҳондаги энг йирик тўлов тизимлари бўлиб келмоқда. Бироқ сўнгги йилларда янги рақобатчилар пайдо бўлиб, уларнинг бозордаги ҳукмронлигини синовдан ўтказмоқда.
Хитойнинг UnionPay тизими
UnionPay Хитойдаги энг катта тўлов тизими бўлиб, ҳозирда жаҳондаги энг кўп карталарни чиқарувчи компания ҳисобланади. Хитой ҳукумати UnionPay'ни ташқи бозорларда кенгайтиришга интиляпти ва бу Visa ва Mastercard учун жиддий рақобатчи бўлиб қолмоқда.
Рақамли тўлов гигантлари: PayPal, Apple Pay ва Google Pay
Мобил тўловлар ўсиб бораётгани Visa ва Mastercard'га катта босим ўтказмоқда. Масалан, PayPal, Venmo, Apple Pay ва Google Pay бевосита банк карталарисиз ҳам тўловларни амалга оширишга имкон яратади. Бу Visa ва Mastercard'нинг анъанавий бизнес моделларига таҳдид солиши мумкин.
Криптовалюта ва марказлашмаган молия (DeFi)
Блокчейн технологиялари орқали тўловлар амалга оширувчи DeFi платформалари анъанавий тўлов тизимлари учун яна бир таҳдиддир. Bitcoin Lightning Network, Ethereum базасидаги тўлов тизимлари ва криптовалюталар Visa ва Mastercard'нинг бозордаги мавқеига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Visa ва Mastercard'нинг келажакдаги стратегиялари
Visa ва Mastercard ўз ҳукмронлигини сақлаб қолиш учун бир неча йўналишда фаолият олиб бориши кутилмоқда:
Криптовалюталар ва блокчейн технологияларини ўзлаштириш
Ҳар икки компания криптовалюталарни қўллаб-қувватлаш ва DeFi билан интеграция қилиш орқали ўз экотизимларини кенгайтиришга ҳаракат қилмоқда.
Фирибгарликка қарши AI ва машинали ўрганишдан фойдаланиш
Ҳар йили миллиардлаб доллар фирибгарлик ва хакерлик ҳужумлари сабабли йўқотилади. Шунинг учун Visa ва Mastercard хавфсизлик тизимларини кучайтиришга катта эътибор бермоқда.
Бозордаги улушни сақлаб қолиш учун банклар билан янги ҳамкорлар
Янги тўлов технологияларига қарамай, Visa ва Mastercard банк карталарининг асосий тўлов тизими бўлиб қолмоқда. Уларнинг банклар билан узоқ муддатли ҳамкорлик шартномалари рақобатга бардош бериш имконини беради.
Хулоса
Visa ва Mastercard ҳали ҳам глобал тўлов тизимлари орасида етакчиликни сақлаб келмоқда. Бироқ улар UnionPay, PayPal, Apple Pay, Google Pay ва криптовалюталар билан рақобат қилишга мажбур. Бозорда ҳукмронлигини сақлаб қолиш учун ҳар икки компания рақамли технологияларни ўзлаштириши, криптовалюталарга интеграция қилишни тезлаштириши ва янги хавфсизлик тизимларини жорий этиши керак бўлади. Бу рақобат молиявий технологиялар бозорини янада инновацион ва динамик қилишга ёрдам беради.
Visa ва Mastercard нафақат жаҳон молия бозорининг энг йирик ўйинчилари, балки рақобат ва инновация муҳитини шакллантирадиган етакчи компаниялардир. Улар замонавий тўлов тизимларининг асосий устунларидан бўлиб, глобал иқтисодиётнинг ажралмас қисмига айланган.
Ҳар икки тўлов тизими ишончли, хавфсиз ва кенг миқёсда қўлланилади. Шунинг учун фойдаланувчилар учун уларнинг қайси бирини танлаш катта фарқ қилмайди – Visa ҳам, Mastercard ҳам молиявий операцияларни тез, қулай ва хавфсиз амалга ошириш имконини беради.
Абулфайз Сайидасқаров