Бандлик вазирлиги ҳузуридаги дирекция собиқ мудирининг қилмишлари ошкор бўлди
У тадбиркор билан бетон аралаштирувчи қурилиш ускунасини ижарага бериш бўйича шартнома тузишга эришиб, катта маблағни ўзлаштириб юборган.

Жиноят ишлари бўйича Бувайда туман суди, очиқ суд мажлисида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги жамоат ишлари дирекциясида хўжалик ишлари собиқ мудири иши кўриб чиқилди. Суд иши Platina.uz ихтиёрида мавжуд.
Маълум бўлишича, А.Ю.Бандлик вазирлиги ҳузуридаги жамоат ишлари дирекциясида хўжалик ишлари мудири лавозимида ишлаб келгани ҳолда, жамоат ишлари жамғармаси Фарғона вилоят бошқармаси бош мутахассиси лавозимида ишлаб келган шахс билан тил бириктирган.
А.Ю тадбиркор Д.Т. билан Жамоат ишлари жамғармаси ўртасида Жамоат ишлари балансидаги 1 дона 328.000.000 сўмлик бетон аралаштирувчи қурилиш ускунасини ижарага бериш бўйича шартнома тузишга эришиб, жамғарма томонидан унга ишониб топширилган ускунани етказиб бермаган. Натижада, бюджетнинг 328.000.000 сўмлик жуда кўп миқдордаги маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-тарож қилинган.
А.Ю. жинояти учун судда айбига тўлиқ иқрор бўлди.
Якуний суд ҳукмига кўра, А.Ю ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми "а" банди билан айбли деб топилди. Унга ўташ учун 1 йил муддатга мансабдорлик лавозимлари ва моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил 5 ой 18 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазоси қолдирилди.
Иш бўйича етказилган зарар қопланган.
Суд иши Олий суд порталидан олинди.
