platina.uz

Ипакчилик ва жун саноати қўмитаси тугатилади

Унинг вазифа ва функциялари турли идораларга бўлиб берилади.

Жамият
5 кун аввал, 19:18
Ипакчилик ва жун саноати қўмитаси тугатилади

Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси тугатилади. Бу ҳақда “Яйловларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишнинг замонавий механизмларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармонида сўз боради.

Ипакчилик қўмитасининг вазифа ва функциялари қуйидаги қўмита ва вазирликларга ўтказилади:

  • яйловларни бошқаришга оид вазифа ва функциялари – Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасига;
  • пилла етиштириш ва ипакчилик соҳасини ривожлантиришга оид вазифа ва функциялари – Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда “Ўзбекипаксаноат” уюшмасига;
  • Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти ҳамда Бухоро чўл-яйлов озуқабоп ўсимликлар уруғчилиги илмий-ишлаб чиқариш маркази – Ветеринария қўмитаси тизимига;
  • Ипакчилик илмий-тадқиқот институти ва Ўзбекистон табиий толалар илмий-тадқиқот институти – Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимига.

Шунингдек, фармон билан қуйидагилар ташкил этилади:

  • Ветеринария қўмитаси муассислигида Қорақалпоғистон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд ва Сурхондарё яйлов хўжаликлари (ҳудудий яйлов хўжаликлари);
  • Ветеринария қўмитаси марказий аппарати тузилмасида Яйлов хўжалигини ривожлантириш бошқармаси;
  • Яйлов ерларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш ва уларни муҳофаза қилиш, қоракўлчилик, тери ва жун саноати соҳаларини янада ривожлантириш бўйича республика комиссияси.

Ҳудудий яйлов хўжаликлари яйлов ерларини бошқариш ва улардан фойдаланиш, ўзларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан берилган яйловларни ижарага бериш соҳасида ўрмон хўжаликлари учун белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятлардан фойдаланади.

Яйловлар чорвачилик ва бошқа хўжаликларга Республика комиссиясининг қарорига асосан тўғридан-тўғри 49 йилга ижарага берилиши мумкин.

2025 йил 1 декабргача яйловлардан самарали фойдаланишни назарда тутувчи “E-yaylov” электрон платформаси ишга туширилади.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+