"Payme" устун мавқега эга деб топилди
Рақобат қўмитаси ушбу тизимни онлайн тўловлар бозорида устун мавқега эга деб эътироф этди.

"Payme" электрон тўлов тизимлари бозорида устун мавқега эга деб топилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 1 майдаги 256 сонли қарори 2 иловаси билан тасдиқланган Рақамли платформа операторининг устун мавқеини ва устун музокара кучини эътироф этиш тартиби тўғрисидаги Низомда рақамли платформа операторининг устун мавқега эга деб эътироф этишнинг мезонлари белгиланган.
Ушбу Қарорга мувофиқ, Рақобат қўмитасининг тегишли буйруғи билан онлайн тўлов тизимлари бозорида "Payme" АЖ устун мавқега эга рақамли платформа оператори деб эътироф этилди.
Асос: "Payme" АЖ томонидан онлайн тўлов тизимлари бозорида устун мавқега эришганлиги тўғрисида Рақобат қўмитасига тақдим этилган хабарномаси.
Аввал Yandex ва Uzbekistan Airways ҳам устун мавқега эга деб топилганди.
Маълумот учун, устун мавқе — бу товар ёки молия бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёхуд шахслар гуруҳининг рақобатлашувчи хўжалик юритувчи субъектларга боғлиқ бўлмаган ҳолда унга ўз фаолиятини амалга ошириш ва рақобатнинг ҳолатига ҳал қилувчи таъсир кўрсатиш, тегишли бозорга бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг киришини қийинлаштириш ёхуд уларнинг иқтисодий фаолият эркинлигини бошқача тарзда чеклаш имкониятини берадиган ҳолат.
Агар компания ёки шахслар гуруҳининг бозор улуши 40 фоиз ёки ундан юқори бўлса, шунингдек, бошқа ҳолларда маҳсулот ёки молия бозоридаги устун мавқе тан олинади.
