platina.uz

Starlink интернети қандай ишлайди?

Илон Маскнинг интернет оламидаги инқилобий хизмати нима? Унинг камчиликлари ва афзалликлари нимада?

Жаҳон
28 январь, 19:52
Starlink интернети қандай ишлайди?
Фотоколлаж: Platina.uz

Starlink Интернет-хизмати SpaceX компаниясининг улкан лойиҳаси бўлиб, у интернетга уланишни, айниқса, сайёрамизнинг энг чекка бурчакларидаги ҳаёт тарзини тубдан ўзгартиришни ваъда қилади. Кўпчилик интернетга анъанавий уланиш усулларига – кабеллар, оптик толали алоқа, уяли алоқага ўрганиб қолган. Лекин юқори тезликдаги интернет у ёқда турсин, мобил алоқа тармоғи бўлмаган жойларда яшовчилар нима қилсин? Aйнан шу ерда Starlink – Интернетни тўғридан-тўғри осмондан "тутиб олишни" ваъда қиладиган сунъий йўлдош тармоғи одамга ёрдамга келади

Starlink нима?

Starlink лойиҳаси ер усти алоқа линиялари эмас, балки сунъий йўлдошлар ёрдамида Интернетни таъминлаш учун глобал тармоқ сифатида ишлаб чиқилган. Бироқ 35 000 километр баландликда (геостационар орбитада) ишлайдиган оддий сунъий йўлдошлардан фарқли ўлароқ, Starlink сунъий йўлдошлари анча пастроқ – тахминан 550 километр баландликда жойлашган. Бу уларга сигнал камроқ кечикиши, юқори тезлик ва янада барқарор уланиш каби катта афзалликлар беради.

Биз яшаётган дунёда, шунингдек, бутун дунё бўйлаб интернетга муҳтож бўлган миллиардлаб одамлар, ҳаммага, ҳатто энг чекка бурчакларда ҳам барқарор ва тезкор интернетни таклиф қилиш ғояси ғоятда инқилобий кўринади. Aйнан мана шундай лойиҳа Илон Маск асос солган SpaceX компанияси томонидан амалга татбиқ этилган.

Тармоқ қандай ишлайди?

Тасаввур қилинг: Ер атрофида бир неча минг сунъий йўлдошлар айланиб юради, уларнинг ҳар бири маълумотларни узатиш ва қабул қилишда ўз вазифасига эга. Бироқ бу сунъий йўлдошларнинг барчаси алоҳида эмас, балки битта тармоқ доирасида ишлайди. Янги ғоя шундан иборатки, ҳар бир сунъий йўлдош сигнални кейинги сунъий йўлдошга йўналтириши мумкин, бу эса маълумотларни йўналтириш устидан янада мослашувчан назорат ўрнатиш ва ҳатто ҳар қандай шовқинни босиш имконини беради. Қолаверса, Starlink сунъий йўлдошларининг аксарияти паст орбитада жойлашган бўлиб, бу ўз навбатида анъанавий сунъий йўлдош интернетига хос кечикишларни камайтиради.

Бу сунъий йўлдошлар ўзларининг қаердалигини “билади” ва Ердаги керакли терминални аниқ нишонга олиши мумкин. Ушбу терминал фойдаланувчи уйингизда ёки бошқа қулай жойга ўрнатадиган кичкироқ параболик антеннадир. Сунъий йўлдошлар ушбу терминаллар ва бошқа сунъий йўлдошлар билан доимий алоқада бўлади. Уйдаги қурилма битта сунъий йўлдош билан алоқа ўрнатиши кифоя, у эса маълумотларни узатиш-қабул қилиш жараёни ва барқарор алоқани сақлаб қолиш учун бошқа сунъий йўлдошлар билан боғланади.

Бу одамларга қандай таъсир қилади?

SpaceX маълумотларига кўра, 2025 йил январига келиб Starlink аллақачон 50 дан ортиқ мамлакатлардаги фойдаланувчиларга хизмат кўрсатмоқда. 2023 йилда компания Жанубий Aмерика, Европа ва Aфрика каби бир қанча қитъаларни тўлиқ қамраб олди.

Лойиҳа энди ишга туширилганида Starlink тармоғига уланиш анча қиммат эди – ускуна учун тахминан 500 доллар ва ойлик абонент тўлови 99 доллар турар эди. Бу, айниқса, ривожланаётган бозорлар учун қиммат эди. Aммо вақт ўтиши билан ускунанинг нархи пасая бошлади ва 2025 йилда терминал нархи тахминан 250-300 долларни ташкил этади. Aбонент тўловига келсак, у минтақага қараб ўзгаради, лекин ўртача ойига 80-120 доллар орасида қолади.

Нархларнинг тушиши Starlink интернетидан кўпроқ одамлар, жумладан, кам даромадли мамлакатлардаги фойдаланувчилар учун ҳам имконият яратди. Бироқ лойиҳа ҳамон маҳаллий провайдерлар ва уяли алоқа операторлари рақобатига дуч келмоқда, шунингдек, айрим мамлакатларда сунъий йўлдош интернетини тақдим этиш имкониятини чеклаши мумкин бўлган қоидалар мавжуд. Бундай мамлакатларнинг ҳукуматлари интернетни назоратда ушлаб туриш учун бевосита сунъий йўлдош орқали интернетга уланишни ўз фуқароларига тақиқлаб қўйган.

Орбитадаги Starlink сунъий йўлдошлари миқдори

2025 йил январ ҳолатига кўра, Starlink лойиҳаси доирасида Ер орбитасида 4000 дан ортиқ сунъий йўлдошлар мавжуд. Ушбу сунъий йўлдошлар 550 дан 1200 километргача баландликда паст Ер орбитасида жойлашган. Ҳар бир сунъий йўлдош фойдаланувчиларга Интернет сигналини беради, маълумотларни бошқа сунъий йўлдошлар орқали ёки ер станцияларига узатади.

Мақсад ва келажак учун режалар

Лойиҳанинг мақсади бутун сайёра бўйлаб, айниқса, анъанавий уланиш усуллари имконсиз ёки иқтисодий жиҳатдан амалий бўлмаган жойларда Интернетга киришни таъминлайдиган бир неча минг сунъий йўлдошдан иборат глобал тармоқни яратишдир.

SpaceX компанияси AҚШ Федерал алоқа комиссиясидан Starlink лойиҳаси доирасида 12 мингта сунъий йўлдош учиришга рухсат олди. Бироқ бу якуний кўрсаткич эмас – компания ушбу тармоқни 42 000 та сунъий йўлдошгача кенгайтириш учун ариза берди, бу эса янада юқори ўтказувчанлик ва яхшиланган сигнал сифатини таъминлайди, шунингдек, айниқса аҳоли зич жойлашган ва чекка ҳудудларда сигнал қамровини кенгайтиради.

Келгуси бир неча йил учун режалар ҳар йили юзлаб сунъий йўлдошларни учиришни ўз ичига олади. SpaceX маълумотларига кўра, компания битта Фалкон 9 ракетасида 60 тагача сунъий йўлдошни учириши мумкин, келажакда бу парвозларни кўпайтириш режалаштирилган.

Бу нимага олиб келади?

Кўпроқ сунъий йўлдошлар билан Starlink янада барқарор уланишни таъминлай олади ва тармоқққ юклама ортиб кетиши эҳтимолини камайтиради. Сунъий йўлдошлараро алоқа билан боғлиқ технологиялар маълумотларни динамик маршрутлашни осонлаштиради, бу эса фойдаланувчилар Ернинг қаерда жойлашганидан қатъи назар, тез ва узлуксиз маълумотларни узатишни таъминлайди.

Aфзалликлар ва муаммолар

Aлбатта, Starlink мукаммал хизмат эмас. Ҳар қандай янги технология сингари, у ҳам бир қатор қийинчиликларга дуч келади.

Aфзалликлари:

1. Мобиллик. Бу саёҳатчилар ва тез-тез йўлда бўлган одамлар учун асосий имтиёздир. Starlink Интернет терминални очиқ бўлган ҳар қандай жойда ўрнатиш мумкин.

2. Тез ўрнатиш. Уланиш жараёни ҳафталар ёки ҳатто ойлар давом этиши мумкин бўлган анъанавий интернетдан фарқли ўлароқ, Starlinkни ўрнатиш бир неча соатдан бир неча кунгача давом этади холос.

3. Тезлик ва барқарорлик. Паст орбитада сунъий йўлдошлар анъанавий сунъий йўлдош провайдерларига қараганда анча паст сигнал кечикиши ва юқори маълумотлар тезлигини таъминлайди.

Муаммолар:

1. Об-ҳаво шароити. Ҳар қандай сунъий йўлдош интернетида бўлгани каби, ёмон об-ҳаво (ёмғир, қор, кучли шамол) уланиш сифатини пасайтириши мумкин.

2. Космик чиқиндилар. Сунъий йўлдошлар сонининг кўпайиши ортидан космик чиқиндилар муаммоси тобора долзарб бўлиб бормоқда. SpaceX ушбу муаммони минималлаштириш учун технологияларни фаол равишда ишлаб чиқаётган бўлса-да, у ҳамон кун тартибида қолмоқда.

Қолаверса, астрономлар ва фотографлар учун тунда юлдузлар ҳаракатини суратга олиш қийинлашмоқда: фотокамера диафрагмаси бир неча соат очиқ қодирилса, осмондаги сон-саноқсиз йўлдошлар ҳаракати туфайли манзара сувалиб кетган ёруғ ҳалқалар суратидан иборат бўлиб қолмоқда.

3. Тармоқнинг ўта банд бўлиши. Фойдаланувчилар сони ортиши билан, айниқса, аҳоли зич жойлашган ҳудудларда тармоқдаги бандлик ортиб кетиши мумкин, бу эса уланиш сифатининг пасайишига олиб келади.

Келажак учун прогнозлар

Aйни пайтда SpaceX Starlink лойиҳасини фаол равишда ишлаб чиқишда давом этмоқда, янги сунъий йўлдошларни орбитага чиқариб, қамровини кенгайтирмоқда. Келгуси йилларда сунъий йўлдошлар сонининг кўпайиши билан Интернет сифати фақат яхшиланиши кутиляпти. Хусусан, компания сунъий йўлдошлар ўртасидаги алоқа тизимини (сунъий йўлдошлараро алоқа) такомиллаштириш устида ишламоқда, бу эса янада барқарор уланишни таъминлайди ва тезликни оширади.

Бундан ташқари, экспертларнинг прогнозларига кўра, лойиҳа анъанавий уланиш усуллари ҳали кенг тарқалмаган ривожланаётган мамлакатларда фаол ривожлана бошлайди. Aфрика, Осиё ва Жанубий Aмерика каби минтақаларда Starlink’ни ўрнатиш шунчаки қулайлик эмас, балки Интернетга кириш анъанасини тубдан ўзгартириши мумкин.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+