Қирғизистон пойтахти кўчирилиши мумкин
Депутатлар бундан ташқари мамлакат мадҳиясини ўзгартириш масаласини ҳам муҳокама қилишмоқда.
Қирғизистонда депутатлар пойтахтни бошқа жойга кўчириш ва Вазирлар Маҳкамасини шу ерда жойлаштиришни таклиф қилмоқда, деб ёзади “24.kg”.
Ташаббусни депутат Бахитбек Марипов Жогорку Кенеш йиғилишида илгари сурган.
Унинг фикрича, Бишкекдаги смог ва тирбандлик муаммоси жуда узоқ вақтдан бери давом этмоқда ва уни ҳал қилиш қийин.
“Бишкекда икки бошли мэр пайдо бўлса ҳам, у пойтахтдаги тутун ва тирбандлик муаммосини ҳал эта олмайди”, деди парламент аъзоси.
Марипов пойтахт ва Вазирлар Маҳкамасининг Бишкекдан кўчирилиши уни кўплаб инфратузилма муаммоларидан халос этишига ишонади. Яъни, тирбандлик бўлмайди. Унинг эслатишича, темир йўлни Бишкекдан кўчириш 550 миллион доллар, айланма йўл қуриш эса 1 миллиард доллардан ошади.
Депутат янги пойтахт сифатида Иссиқкўл вилоятида барпо этилаётган замонавий Асман шаҳрини таклиф қилди. Ҳукумат у ерга 10 миллиард доллар сармоя киритмоқчи.
Депутатлар пойтахтни кўчиришдан ташқари, куздан бери мамлакат мадҳиясини ўзгартириш масаласини муҳокама қилишмоқда.